Сайтимизда динимизга оид бошланғич маълумотларни ҳам бериб боришни мақсад қилдик. Дин ва шариат илмларини ўрганишда аввало Аҳмад Ҳодий Мақсудийнинг «Ибодати исломийя» китобини ўқиш Юртимизда кенг урф-одатга айланган. Мазкур китоб ҳанафий мазҳаби асосида жуда кўп масалаларни ўқувчига содда, тушунарли ҳамда ёдлаб сингдириб олишга жуда қулай қилиб ёзилган. Аксар кишилар бошланғич диний таълимни шу китобдан ўрганганлар. Ана шу анъанага кўра сайтимиз ҳам ушбу китобдан кичик парчаларни, дин илмини энди ўрганишни бошлаган сайтимиз ўқувчиларига ҳавола қилмоқда.
ДИН ВА ШАРИАТ
– Дин ва шариат нима?
— Аллоҳ таолонинг бандаларига юборган ҳукмлари тўплами.
— Аллоҳ таоло бандаларига қандай ҳукмлар юборган?
— Бандаларига дунё ва охират роҳатларига етишмоқлари учун тўғри йўл-йўриқлардан иборат ҳукмлар юборган.
— У ҳукмларда қандай ишларнинг баёни бор?
— Банда қилиши лозим бўлган ва қилиши таъқиқланган вазифаларнинг баёни бор.
— Аллоҳ таоло дин ва шариат ҳукмларини бандаларига қайси йўл билан билдирди?
— Аллоҳ таоло бандалари ичида энг лойиқларини пайғамбар этиб сайлади ва ўша пайғамбарларга фаришта Жаброил (а.с.) воситасида дин ҳукмларини ўргатди. Сўнгра пайғамбарлар бу ҳукмларни одамларга етказдилар.
ИМОН ВА ИСЛОМ
— Имон нима?
— Аллоҳ таолодан келган ҳақ динга ишонмоқ имондир.
— Ислом нима?
— Аллоҳ таолодан келган ҳақ диндир. Бу динга ишониб, шу динда буюрилган вазифаларни бажаришга интилиш барча бандаларнинг бурчидир.
— Бизлар қайси пайғамбарнинг умматларимиз?
— Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларимиз. Муҳаммад алайҳиссаломга келган динга ишониб, ўша динда буюрилган амалларни қиламиз, унда таъқиқланган амалларни тарк этамиз.

