ИМОМ АЪЗАМ АБУ ҲАНИФА АН-НЎЪМОН

1397493182_old-baghdad1-қисм
(У зотнинг ҳаётидан ўрин олган гўзал лаҳзалар)
«Оқиллик, фозиллик ва шубҳали нарсалардан парҳезкорликда Абу Ҳанифадан-да устунроқ бўлган бирон-бир кимсани кўрмадим»
[Язид ибн Ҳорун] У гўзал юзли, хуш суратли, ширинсухан, суҳбати қалбни эритадиган бир киши эди. Бўйи кўзга ташланадиган даражада новча эмаслиги ва кўримсиз даражада паст ҳам эмаслиги билан алоҳида ажралиб турарди.
Либоси нафис, талъати кўркам булган бу зотдан мудом муаттар ҳидлар уфуриб турар, одамларга рўбарў келган дамларда ҳали ўзини кўрмасдан турибоқ либосидан таралаётган беғубор ислардан уни тезда таниб олардилар.
Бу – фиқҳ дарахтининг гулкосаларини биринчилардан бўлиб чанглатиб, бойитган, сермаҳсул қилган ва унинг вужудига яширинган энг сара дурдоналарни ёругликка чикарган — Абу Ҳанифа аталмиш — Нўъмон ибн Собит ибн Марзабондир.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ умавийлар асрининг охирлари ва аббосийлар даврининг дастлабки йилларига гувоҳ бўлди. У – халифалару волийлар томонидан иқтидорли кишиларга беҳисоб равишда инъому эҳсонлар тортиқ қилиниши одат тусига кирган ва шунга кўра уларнинг ризқлари ўзлари сезмаган ҳолда ҳар томондан оқиб келадиган бир замонда умр кечирди. Бироқ, ўз илми ва нафсини бу нарсалардан иззатлади. Фақат ўз меҳнати билан эришган нарсаси билангина ҳаёт кечиришга ҳамда унинг қўли ҳар доим юқорида турадиган (берувчи) қўл бўлишига ҳаракат қилди.
Бир куни халифа Мансур Абу Ҳанифани ўз саройига таклиф қилади. Абу Ҳанифа унинг ҳузурига етиб келгач, халифа ғоят катта иззату икром билан унга пешвоз чиқиб, уни ўзига яқин жойга ўтказди. Шундан сўнг халифа билан илм пешвоси ўртасида дин ва дунё ишларига боғлиқ бир қанча масалалар хусусида савол-жавоблар бўлиб ўтди. Абу Ҳанифа кетишга тараддудланар экан, Мансур – гарчи ўзининг бахиллиги билан танилган бўлишига қарамай – ўттиз минг дирҳам солинган бир ҳамённи Абу Ҳанифага тутқазди. Шунда Абу Ҳанифа бундай дейди:
— Эй амирал-мўъминийн, мен Бағдодда ёт кишиман. Бу пулларни қўйишга жойим ҳам йўқ. Бинобарин, уларни зое қилишдан қўрқаман. Сиз уларни мен учун байтул-молда сақлаб қўйинг. Керак бўлиши билан ўзим сўраб оламан.
Мансур унинг талабини қондирди. Лекин бу воқеадан сўнг Абу Ҳанифанинг ҳаёти узоққа чўзилмади. У вафот этганда унинг уйидан подшо унга туҳфа қилмоқчи бўлган маблағга бир неча баробар келадиган турли-туман омонат моллар, анжомлар ва пуллар топилди. Мансур буни эшитганда: «Аллоҳ Абу Ҳанифани Ўз раҳматига олган бўлсин! У бизни боплаб кетипди. Мақсади биздан бирон нарса олмаслик экан-у бизни мулойимлик билан рад қилган экан», деган сўзларни айтади.
Ҳа, бунинг ажабланарли жойи йўқ. Зеро, Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) шуни яхши биларди-ки, ҳеч бир инсон ҳеч қачон ўз қўли ила касб этган ризқидан кўра покизароқ ва азизроқ бўлган луқмани ея олмас. Шу боис ҳам унинг ҳаётига назар солсак, вақтининг бир қисмини савдо-сотиқ учун ажратганининг гувоҳи бўламиз. У ипак ва жундан тўқилган кийим-кечак ва матолар билан тижорат қилар, унинг савдо моллари Ироқ шаҳарлари аро бориб-келарди. Унинг — одамлар доимо келиб турадиган — ҳаммага таниш ва маълум бўлган бир дўкони бўлиб, кишилар у ерда муомалада ҳаққонийлик, олиш-беришда омонатдорликни топардилар…
Шунингдек, у ерда юқори даражадаги дид ва нозик таъбга ҳам гувоҳ бўлганлари шубҳасиздир.
Тижорати Абу Ҳанифа учун мўл-кўл яхшиликлар манбаи эди, Аллоҳнинг фазлу карамидан унга бисёр фойдалар келтирарди. Имом молни ҳалолидан топиб, ўзининг керакли ўрнига сарф этарди. Унинг хабарларидан шу нарса маълумки, ҳар йили тижоратининг фойдаларини ҳисоблаб чиқиб, ўзининг ҳожати аслиясига етарлисини қолдирар, қолган маблағга эса қорилар, муҳаддислар, фуқаҳолар ва толиби илмларнинг эҳтиёжларини сотиб олар ҳамда уларни озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминларди…

Бундан ташқари у зот аҳли илмларнинг ҳар бири учун нақд пул ҳам ажратар эдилар. Ва уларни эгаларига тарқатар эканлар, шундай дердилар: «Булар тижоратларингизнинг фойдасидир. Аллоҳ уларни сизлар учун менинг қўлим билан рўёбга чиқарди. Аллоҳга қасамки, мен сизларга ўз молимдан ҳеч нарса бермаяпман. Балки, булар сизлар туфайли Аллоҳнинг менга берган фазлу марҳаматидандир… Зеро-ки, Аллоҳнинг ризқини топишда Аллоҳдан бўлак ҳеч кимда куч-қудрат йўқдир».
* * *
Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг саховатию олийжаноблиги, айниқса ўзининг ҳамроҳ ва ҳамсуҳбатларига нисбатан очиққўллиги ҳақидаги хабарлар шарқу-ғарбга таралиб кетган.
Бир куни Абу Ҳанифанинг танишларидан бири унинг дўконига келиб шундай дейди:
— Эй Абу Ҳанифа, менга ипакдан тўқилган кийим керак эди.
— Хўп, ранги қанақа бўлсин?
— Мана бундай, бундай бўлсин.
— Яхши, лекин бироз сабр қилиб туринг, — деди Абу Ҳанифа,- сиз сифатлаган либос қўлимга келиб тушиши билан албатта уни сиз учун олиб қўяман.
Бир хафта ҳам ўтар-ўтмас сўралган кийим Абу Ҳанифанинг қўлига келиб тушди. Бояги одам иккинчи марта дўкондан ўтганда Абу Ҳанифа: Сиз излаган нарса келди, деб унга молни кўрсатди. Мол харидорга маъқул келгач:
— Жуда соз, неча пул тўлашим керак бунинг учун? — деди.
— Бир дирҳам.
— Бир дирҳам?!..- қайтарди бояги киши ҳайрат ва таажжуб билан.
— Ҳа, бир дирҳам…
— Бу нима қилганингиз, эй, Абу Ҳанифа, — дея ўпкалана бошлади у, — сиз менинг устимдан куласиз, деб ҳеч уйламасдим.
— Мен сенинг устингдан кулмаяпман, — деди Абу Ҳанифа, — қулоқ сол: шу кийим билан яна битта худди шунақа кийимни бир савдода йигирма динор тилло-ю бир дирҳам кумушга сотиб олган эдим. Наригисини йигирма динор олтинга пуллаб юбордим. Шу билан бунисининг тани менга атиги бир дирҳам кумушга тушди. Мен ўз биродаримдан фойда олгувчи эмасман.
Бир кампир шойи либос талабида Абу Ҳанифа (р.ҳ.)нинг дўконига келди. Абу Ҳанифа сўралган либосни чиқариб, кампирнинг олдига кўйди.
Шунда кекса аёл:
“Мен қари одамман. Нарху наволарни ҳам билмайман. Нархлар эса омонатдир! (Яъни, бу аёл нархларни билмас экан деб, ўз нархидан баланд айтиш омонатга хиёнат бўлади, дейилмоқчи – таржимондан!). Кийимни ўзингизга келиб тушган нархга беринг. Майли устига озгина фойда қўйсангиз қўйинг. Чунки, мен заифаҳолман», деди.
Шунда Абу Ҳанифа шундай деди:
— Мен битта баракада иккита либос харид қилгандим. Биттасини тўрт дирҳами кам дастмояга сотдим. (Яъни тўрт дирҳами кам иккала кийимнинг нархига биттасини сотдим дейилмоқчи — тарж) Шу пулга олақолинг. (Кийимни тўрт дирҳамга олақолинг!) Сиздан фойда хоҳламайман.
* * *
Бир куни Абу Ҳанифа ҳамсуҳбатларидан бирининг устида эскириб, увадаси чиққан кийимларга кўзи тушди. Одамлар тарқалиб, мажлисда фақат Абу Ҳанифа-ю ҳалиги кишининг ёлгиз ўзи қолгач, Абу Ҳанифа унга юзланиб, деди:
— Анави жойнамозни кўтаргин-да, тагидагини ол.
Киши жойнамозни кўтарди, қарасаки, тагида минг дирҳам пул бор эди.
— Уни олиб, уст-бошингни тартибга келтир, — деди Абу Ҳанифа.
Шунда, — мен ўзимга тўқман,- деди ҳалиги киши,- Аллоҳ менга бойлик, мўлчилик ато қилган. Бу пулларингизга эҳтиёжим йўқ.
Бу сўзларни эшитгач, Абу Ҳанифа ҳалиги кишига:
— Аллоҳ таоло сенга бойлик ва фаровонлик неъматини ато қилган экан, Қани У берган неъматларнинг асари?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Албатта Аллоҳ Ўз бандасининг устида унга берган неъматининг асарини кўришни севади», — деган сўзлари сенга етиб келмаганми? Ҳамонки, шундай экан, ўзингни тартибга келтириб, уст-бошингга қараб юришинг даркор. Токи, ўз яқинларингни ғамга ботирмагайсан,- дея насиҳат қилди.
Абу Ҳанифанинг саховатпешалиги, бошқаларга нисбатан меҳрибонлигию олийжаноблиги шу даражага етдики, қачон ўз қарамоғидагиларга бирон нарса сарф қилса, унинг мислича нафақани бошқа муҳтожларга ҳам эҳсон қиларди. Агар янги кийим кийса, унинг қиймати баробаридаги кийимларни мискинларга ҳам кийдирарди. Унинг олдига таом қўйилса, ундан одатда ейдиган миқдоридан бир-неча баробар ортиғини бошқа идишга суздириб, бева-бечораларга чиқартириб юборарди.
* * *
Баъзан у Қуръоннинг ҳаммасини бир ракъатда ўқиб туширарди… Баъзида, туннинг ҳаммасини бир оят билан қоим қиларди… Ривоят қилинурки, у бир кечанинг ҳаммасини Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу сўзини такрор-такрор уқишлик билан ўтказмиш:
*بَلِ السَاعَةُ مَوْعِدُهُمْ وَالسَاعَةُ أَدْهَى وَأَمَر*
«Балки, (мангу азоб учун) уларга ваъда қилинган вақт қиёмат Соатидир! У Соат эса яна ҳам балолик, янада аччиқдир!»
Шу оятларни қайта-қайта ўкир экан, у — Аллоҳ қўркувидан — қалб торларини чок-чокидан сўкиб ташлайдиган бир йиғи ила йиғларди. Аччиқ бир ғусса томоғига қадалиб, хириллаган товуш билан юракларни эзиб ташлайдиган шаклда ҳўнграрди.
* * *
У зотнинг қарийб қирқ йил давомида узлуксиз сувратда субҳ намозини хуфтоннинг таҳорати билан ўқигани ривоят қилинган. Вафот топган жойида Қуръони Каримни етти минг марта хатм қилган эди.
Залзала сурасини ўкиганда Абу Ҳанифанинг аъзойи баданини титрок босарди. Қалбини қўркув қопларди. Ва қўли билан соқолини тутамлаганча, шундай дерди:
Эй, бир зарра мисқолича яхшиликка яхшилик билан мукофот берувчи Зот…
Эй, бир зарра мисқолича ёмонликка ёмонлик билан жазо берувчи Зот…
Қулинг Нўъмонни дўзах ўтидан асра…
Қулинг билан уни дўзахга яқинлаштирувчи нарсалар орасини узоқ қил…
Ва уни бепоён раҳматингга дохил эт, эй, раҳмлилар раҳмлиси.

Ривоят қилишларича, Абу Ҳанифа ўз каломи асносида Аллоҳ номи билан қасам ичмасликни, башарти ичадиган бўлса ҳам ҳар қасами учун бир дирҳамдан кумуш садақа қилишни ўзига мажбурият қилиб олади. Сўнгра, у киши бу ишда поғонама-поғона кўтарилиб бориб, охири Аллоҳ номига қасам ичиб юборса, ҳар бир қасам учун бир динор олтин садақа килишга ўтади. Шундан бери, рост сўзлаб туриб қасам ичса ҳам бир динор тилло садақа қиларди…
* * *
Ҳафс ибн Абдураҳмон Абу Ҳанифага унинг айрим тижоратларида шерик эди. Абу Ҳанифа унга ипак кийимлар ва матолардан иборат товарларни жиҳозлаб берар ва унга қўшиб Ироқнинг баъзи шаҳарларига жўнатар эди.
Бир сафар Абу Ҳанифа жуда катта миқдордаги молни ҳозирлаб, уларни жўнатиш арафасида Ҳафсга тайинлади: “Фалон, фалон кийимларда айблар бор. Уларни сотишдан олдин муштарийга (харидорга) улардаги нуқсонни албатта баён қил!”
Лекин, Ҳафс савдога берилиб кетиб, ҳамма молни сотиб юборди. Пировардида айрим кийимлардаги иллатни айтиш ёдидан кўтарилиб кетди. Абу Ҳанифанинг сўзлари эсига тушганда эса кеч бўлган эди. Айбли кийимларни сотиб олган харидорларни эслашга ҳаракат қилиб, ҳарчанд уринмасин, бирон натижага эришолмади.
Воқеадан воқиф бўлгач, Абу Ҳанифанинг хотиржамлиги йўқолди. Чув тушган муштарийларни аниқлашнинг ҳеч имкони бўлмагандан сўнг, ўша галги тижорат молларидан тушган пулларнинг ҳаммасини садақа қилиб юборди. Фақат шундан кейингина кўнгли таскин топди.
* * *
Булардан ташқари Абу Ҳанифа хушхулқ, хушмуомала, дилкаш киши эди. Ҳамроҳи у билан суҳбатлашса саодат топар, унга бегона бўлган эса, гарчи душмани бўлса ҳам озоридан омонда бўларди.
Унинг ёр-биродарларидан бири ҳикоя килади: Абдуллоҳ ибн Муборакнинг Суфёни Саврийга шундай деётганини эшитдим:
— Эй Абу Абдуллоҳ, Абу Ҳанифа ғийбатдан нақадар узоқ киши-а?!!.. Ҳатто душманларидан ҳам биронтасини ёмонлик билан тилга олганини эшитмаганман.
Шунда Суфён шундай деди: Чунки, Абу Ҳанифа ўз савобларининг устига уларнинг кулини кўкка совурадиган нарсани ҳукмрон қилиб қўйишдан оқилроқдир!!! (Яъни Абу Ҳанифа ўз савобларининг устига уларни йўққа чиқарадиган нарсани ҳукмрон қилиб қўядиган даражада нодон эмас.- тарж)
* * *
Абу Ҳанифа одамлар муҳаббатини овлашга ишқибоз, улар билан дўстликни бардавом этишга ҳарис эди. Ривоятлардан шу нарса маълумки, гоҳида унга нотаниш бўлган инсон имом ўтказаётган мажлис олдидан ўтиб қолар ва у билан ўлтириб ҳамсуҳбат бўлиш ёхуд илмидан истифода этиш каби мақсадларсиз шунчаки қизиқиб, даврага келиб қўшиларди. Лекин мажлис интиҳосига етганда, Абу Ҳанифа ундан ҳол-аҳвол сўрарди. Агар у камбағал бўлса, ёрдам қилар, касалманд бўлса, бориб зиёрат қилар, бирон ҳожати бўлса, раво қиларди. Бора-бора ўша бегона киши ҳам Абу Ҳанифанинг мухлисларидан бирига айланиб қолганини ўзи ҳам сезмай қоларди.
* * *
Айтилганларнинг ҳаммасидан ҳам аввал ва ҳаммасидан ташқари Абу Ҳанифа (р.ҳ.) кундузлари соим, тунлари қоим, саҳарлари истиғфорда доим эди. Қалби Қуръонга вобаста эди.
Унинг тоатга бунчалик берилишига, ибодатда бу қадар ғайрату шижоат кўрсатишига сабаб бўлган нарсалардан бири мана бу воқеадир. Бир куни у бир жамоа кишиларга дуч келди. Ва иттифоқо уларнинг ўзи ҳақида шундай деётганларини эшитиб қолди: «Сизлар кўриб турган мана бу киши тунда ухламайди!». Бу сўзлар унинг кулогига чалиниши билан у ўзига-ўзи шундай деди: Мен одамлар қошида Аллоҳ ҳузуридаги ҳолатимнинг хилофида эканман. Аллоҳга қасамки, шу соатдан бошлаб, одамлар мен ҳақимда килмайдиган ишимни гапирмагайлар. Бугундан бошлаб, то Аллоҳ билан учрашадиган онимга қадар кечаси ёстиққа бош қўймаганим бўлсин.
Ўша кундан бошлаб Абу Ҳанифа (р.ҳ.) кечанинг ҳамма қисмини ибодат-ла иҳё қилишга қунт қила бошлади… Қоронғулик ўз чойшабини борликка ёзиб, ёнбошлар ётоқларга таслим бўлиб ҳаркас уйқуга чўмган бир вақтда у ўрнидан туриб, энг яхши либосларини кияр, соқолини тарар, хушбўйланиб зийнатланар, сўнгра маҳбубининг висолига ошиққан ҳабиб мисоли виқор билан меҳробида саф тортарди. Ва туни билан хушуъ ила қиёмда тик турган, ёки қаддини эгиб мусҳафга мук тушган ва ёхуд икки қўлини илтижо билан осмонга кўтарган ҳолда тонг оттирарди.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *