ОВОЗ БЕРИШ ЁКИ САЙЛОВ ҲАҚҚИ

download (1)Бугун (28 04 2023) жума намозидан олдинги марузада мусулмонларнинг сиёсий жараёнларда фаол бўлиши ҳақида сўз олиб, ислом тарихида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг давлат раҳбари сифатида сайланиш жараёнини мисол қилдим ва исломдаги илк референдумлардан бири шу эди деб, мусулмонларнинг овоз бериш йўли билан ҳал қилинадиган ислоҳотларда фаол бўлишлари асли шариатда борлигини, овоз беришда иштирок этиш исломга зид эмаслигини имкон қадар тушунтиришга ҳаракат қилдим. 

Лекин баъзилар айни шу нуқтага доир сўзларимни, илмсизликларига бориб «исломга зид», деб ҳаёл қилишган ва бу қулай фурсатни ғанимат билишиб, дарҳол диктофонга овозимни ёзиб олишибди ва ҳамтовоқлари билан бўлишиб интернетда каминани масхаралаб постлар қўйиб чиқишди. Ўша жоҳиллар марҳум Шайҳ ҳазратлари қаламига мансуб қуйидаги мақолани инсоф билан ўқиб чиқишса, фаҳм-фаросатлари ишлаб кетар деган яхши гумонда ушбу мақолани эълон қилмоқдаман. Ҳурмат билан Ботиржон Тожибоев.

Кишиларнинг сиёсий ҳуқуқларидан бири давлат сиёсатида, ижрочи ҳокимиятга ўз таъсирини ўтказиш воситаларидан энг муҳими эркин сайловларда фаол иштирок этишдир. Амалдорлар, халқ томонидан эркин сайлов йўли билан мансаб поғонасига кўтариладиган бўлгандагина халқ билан муомалани яхши қилишга унинг кўнглини олишга, талабларини қондиришга ўтиши турган гап.

Ислом дини ҳудди шу услубни йўлга қўйган. Унда давлат бошлиғи ҳам омма томонидан эркин сайлов йўли билан сайланади. Бу сайловни исломий истилоҳда байъат, дейилади. Байъат луғатда савдо ахдномаси маъносини билдиради. Фуқаҳолар истилоҳида эса, ҳоким билан маҳкум орасидаги аҳдномани билдиради. Унда фуқаро ҳокимликка номзод шахсни рози бўлиб сайламоқчи бўлса, қўлини бериб унга итоат қилишга аҳд беради, ҳоким ҳам ўз вазифасини виждонан адо этишга аҳд беради. Ушбу жиҳатлари олди-сотдига ўхшаб кетган учун бу ишга «байьат» дейилган.

Биринчи байъатни Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратларидан олдин Мадинадан келган баьзи мусулмонликни қабул қилган кишилардан олганлар. Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳ таоло пайғамбар қилиб танлаб олган, у киши шундоқ ҳам бошлиқлар, нима учун байъат керак эди? Аввало Ислом иши учун фидакорлик ихтиёрий иш эканлигини билдириш учун айнан байъат керак эди. Ким хоҳласа байъат қилсин, хоҳламаган йўқ. Кейинчалик ҳам Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам Ислом учун фидокорлик зарур чоғларда қайта байъат олганлар. Байьатни ҳар бир хоҳлаган кишидан, ҳатто аёллардан ҳам олинган. Бу эса давлат раҳбарини сайлашда балоғатга етган барча аҳоли иштирок этган деганидир. Пайғамбарга ҳам айнан давлат бошлиғи васфлари ила байъат қилинган.
Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг байъат олишларидан кўзланган ҳикматлардан яна бири кишиларнинг ҳимматини ошириш, Ислом иши учун фаолроқ қатнаштириш бўлган бўлса, энг муҳим ҳикматлардан бири мусулмон халқ оммасини келажакка тайёрлаш, ўргатиш эди. Агар айтиш жоиз бўлса, Пайғамбар саллоллоҳу алайхи васалламнинг Ислом давлати раислигига номзодларини Аллоҳ таоло кўрсатган эди. Аллоҳга ишонган кишилар, у зот саллоллоҳу алайҳи васалламга байъат қилар эдилар. Аммо, кейинчалик Пайғамбар алайҳиссаломдан кейин халифага байъат қилиш бор эди. Буни у зот саллоллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ўрганиб олиш керак эди.

Дарҳақиқат, Пайғамбар саллоллоҳу алайхи васалламнинг ҳаётларидаги байъат тажрибаси кейин иш берди. У зот вафот этишлари билан дафн қилинмай туриб, халифа сайлаш учун саҳобалар тўпланишди. Ансорийлар Саъд ибн Убода розиаллоҳу анҳунинг номзодини кўрсатишди. Баъзилар муҳожирлардан битта ансорийлардан битта амир сайлайлик дейишди. Абу Бакр Сиддиқ, Умар ва Абу Убайда розиаллоҳу анҳуларнинг номзодларини кўрсатди. Кейин икковлари ўз намзодларини қайтариб олиб Абу Бакр розиаллоҳу анхунинг номзодларини кўрсатишди. Бу намзодни хақли эканлигига далиллар келтиришди. Бунга ҳамма рози бўлди ва ҳазрати Абу Бакр розиаллоҳу анҳуга Ислом давлати раиси сифатида байъат қилишди.

Биринчи халифа сайлаш энг ҳақчил-демократик йўл билан бўлгани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Сайловдан олдин умумий йиғилиш бўлган. Бир неча номзод кўрсатилган. Баъзилар ўз номзодини қайтариб олган. Номзод кўрсатганлар ўзлари кўрсатган номзодни ташвиқот қилишган. Охири номзодлар ичида кўпчиликка маъқул бўлган шахс сайланган. Ҳамма унга байъат қилган.

Халифа-давлат раҳбари сайлаш ҳақида Қуръонда хам, Суннатда ҳам ҳеч қандай бевосита кўрсатма йуқ эди. Шунинг учун шўро ҳақидаги оятга амал қилиб, саҳобалар шуро мажлиси ўтказдилар ва ўз давлатларига раҳбар сайладилар.

Халифаликка қандоқ киши намзод бўла олади?, деган саволга бир неча хил жавоблар бўлган. Лекин биринчи даврдаги тушунча ва амал халифаликка шахсий сифатлари лойиқ киши номзод бўлади, деган жавобни беради. Бу фикр ғолиб бўлиб, уларнинг тарафдорлари Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг Имом Бухорий ривоят килган:

«Агар сизга боши майизга ўхшаш Ҳабаший қул омил қилинса ҳам гапни тинглаб, итоат қилинг», деган ва шу маънодаги бошқа ҳадисларини далил қиладилар.

Шунингдек, ҳазрати Умар розиаллоҳу анҳунинг: «Агар Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солим тирик бўлганида, уни халифа қилар эдим. Агар Роббим сўраса, пайғамбарингнинг, Солим-Аллоҳга муҳаббати шиддатлидир»- деганларни эшитдим дер, эдим»-деган гаплари ҳам кучли далил. Солим розиаллоҳу анҳу асли Форс бўлиб, Истахрлик эди. Абу Ҳузайфа розиалоҳу анҳунинг хотини Салма розиаллоҳу анҳонинг қули эди. Кейинчалик озод қилиниб ораларида алоқа қолган эди. Солим розиаллоҳу анҳунинг саҳобалар ичида обрўси катта эди. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб келгунларича намозга ўша киши имомлик қилган эди. Демак, Исломда ким бўлишидан қатьий назар ҳар бир кишининг сайланиш ҳаққи бор. Бўлмаса, ҳазрати Умардек зот собиқ қул Солим розиаллоҳу анҳуни Ислом давлати раҳбарлигига номзод қилмоқчи бўлмас эдилар.

Ислом давлати раҳбарлигига номзод кўрсатишининг яна бир йўли олдинги ҳалифа томонидан бўлади. Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розиаллолоху анху ўз вафотларини ҳис этганларида, ўлим тўшагида ётиб, сиёсий, ҳарбий вазият ўта нозиклигини ҳисобга олиб, ўзидан кейинги халифа номзодини ҳал қилиб қўйишни хоҳладилар. У киши катта саҳобаларни чақириб бирма-бир маслаҳат қилиб чиқиб, Умар ибн Хаттоб розиаллоҳу анҳунинг номзодига келиб тўхтадилар ва Усмон ибн Аффон розиаллоҳуни чақириб бир қарорни ёздирдилар. Сўнгра мусулмонлар оммасига мурожаат килиб номзоддан рози ёки рози эмасликларини сўрадилар. Ҳамма розимиз деб жавоб берди. Лекин шундоқ бўлса ҳам, ҳамма шахсан байъат қилмагунича номзодни халифа деб ҳисобланмаган.

Ҳазрати Умар розиаллоҳу анҳу халифа сайлашнинг учинчи йўлини жорий қилганлар. Ўлимларига кўзлари етгандан кейин катта саҳобалардан олти кишилик гуруҳ тузиб, номзод танлашни ўша гуруҳга топширганлар. Гуруҳ ўз ишини қандоқ олиб боришини ҳам кўрсатиб берганлар. Улар Усмон ибн Аффон розиаллоҳу анҳунинг номзодларини кўрсатганлар ва мусулмонлар рози бўлиб у кишига байъат қилганлар.

Хазрати Усмон розиаллоҳу анҳу фожеали равишда қатл этилганларидан кейин, халифа сайлашда ҳам ўша ҳодисанинг таъсири бўлди. Янги номзод Али ибн Абу Толиб розиаллоҳу анҳуга воқеъа даҳшатидан қаттиқ таьсирланган баъзи кишилар дарҳол байъат қилмаган ҳоллари ҳам бўлди.

Аммо, мазкур турт рошид халифалардан кейин Ислом давлатига раҳбар сайлашда халқчиллик эркинлик шиорларидан оғиш бошланди. Бориб-бориб бу иш подшоҳликка, оилавий меросга, куч орқали босиб олинадиган нарсага айланди. Охир оқибати нимага олиб келгани ойдек равшан.

Исломнинг соф таьлимотлари асосида, дастлабки Ислом демократияси тикланиб, барча кишиларга сиёсий хуқуқлари тўлиқ берилса, ҳамма ўз юртини бошқаришда қўлидан келганича иштирок этса, ўзини масъул ҳис этсагина, бу соҳада фойдали силжиш бўлиши мумкин.
Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Исломда инсон ҳуқуқлари. 197-201 бетлар

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...