Сайтимиз дунё ва охиратда бароат бўлсин!

 

Lotin alifbosida

Sunny sky background

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Бизни мусулмон қилиб яратган ҳамда ақлу илм неъмати ила сийлаган Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин!

Бизга шариати исломияни мукаммал ва муфассал етказиб, икки олам саодатига мушарраф бўлмоғимиз учун рисолат ва нубувват ишини камолга етказган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга дуруди саловатлар бўлсин!

Бизларга ислом динини мукаммал ва муфассал етказишда жонфидо бўлган саҳобалар ва тобеъинлар ҳамда табъа тобеъинларга раҳматлар бўлсин!

Бизнинг шаръий илмларни осонлик ила ўрганишимиз учун тадвин ва тасниф қилиб кетган уламои киромларга ташаккурлар бўлсин!

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!

Азизлар! Бугунги кунда, исломий билимларни ўзлаштириш ҳам, ўқиб-ўрганиш ҳам жуда осон бўлиб қолди. Бутун бошли катта кутубхонанинг китобларини бир кичкина асбобга сиғдириб, ёнда олиб юриш мумкин. Исломий илмлардаги мавжуд барча маълумотлардан эса интернет орқали дарров хабардор бўлиш мумкин. Бундан унумли фойдаланмоғимиз керак. Ушбу буюк неъмати узмо, улуғ давлати кубро учун Парвардигори оламга беҳад шукрлар айтишимиз лозим!

Бироқ, ана шундай буюк неъматни суиистеъмол қилаётган кучлар ҳам мавжуд. Қуръони карим, Ҳадиси шариф, Диний манбалар сингари бош Дастурлардан иқтибослар келтириб, ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланувчи тоифалар, жамоалар, гуруҳлар, оқимлар барча даврларда бўлгани каби бугун ҳам ислом дини ҳақида нотўғри тушунчаларни, янглиш фикрларни, хато маълумотларни, вайронкор ғояларни тарқатувчилар интернет оламида кезиб юришибди. Ана шундай кучларга қарши курашмоқ, иммунитет ҳосил қилмоқ ҳар бир ўқувчига, ҳар бир мутахассисга, ҳар бир илм аҳлига имкон қадар лозим бўлади, албатта. Афсуски, интернетда бу хилдаги тоифаларнинг сон-саноғи йўқ. Уларга қарши, ҳеч бўлмаганда, 50/50 жавоб қайтарувчи кучларимиз бўлмоғи керак.

Шунинг учун, миллий-анъаналарга уйғун, анъанавий диний қадриятларга мос, ҳанафийлик ва мотуридийликка асосланган, умуман, тўрт мазҳабдан иборат аҳли суннат ва жамоат таълимотидан четга чиқмаган сайтлар ва ижтимоий тармоқларда гуруҳлар кўп бўлиши умуммақсадларимиз йўлида жуда зарурдир. Ушбу долзарбликдан келиб чиқиб, бизлар ҳам «сув бўлмаса, таяммум» деганларидек, гарчи олиму алломаликни, пешволикни даъво қилмасак-да, ўзимизда борини Сиз азизлар билан баҳам кўриб, қўлимиздан келгунича динимиз ва халқимиз учун хизматга бел боғлаб чиқдик. Албатта ўзбек тилида бу йўлда хизмат қилаётган сайтлар ва ижтимоий тармоқларда гуруҳлар мавжуд. Уларда бизнинг устозларимиз, биродарларимиз, аҳли илмларимиз, домла-имомларимиз астойдил хизмат қилмоқдалар. Уларнинг хизматлари олдида таъзим ила бош эгамиз! Биз ҳам улар сафига қўшилиб, ўзимизнинг алоҳида хизматимизни таклиф қилмоқдамиз. ИншаАллоҳ, бу хизматимиз Сиз азизларга манзур ва оламлар рабби Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога мақбул бўлажак.

Мақсадимиз диний саводхонликни ошириш, ота-боболаримиз минг йиллардан бери амал қилиб келаётган ҳанафийлик ва мотуридийликни чуқур ўрганиш, ушбу анъаналарга оғишмай амал қилиш, халқимиз, айниқса ёш авлодни ҳар хил тоифалар ва оқимлар таъсирига тушиб қолмасликнинг олдини олиш, ана шундай тоифаларга илмий ва ҳаққоний раддиялар бериб бориш, натижада ихтилоф ва қарама-қаршиликларга барҳам бериб, Сиз азизлар ила тинчик ва осойишталигимизни барқарор ва мустаҳкамлаш йўлида ҳамкорлик қилиш кабилардир.

Ушбу сайтимизни хайрли мақсадлар йўлида ислом динида алоҳида эъзозланадиган шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси – Бароат кечасида ишга тушуришга ҳаракат қилдик. Бароат кечасида ибодат қилиб тонг оттирганларга бароат – дўзахдан озодлик хати берилар экан. Ушбу сайтимиздаги маълумотларни ўқиб-ўзлаштириб, амал қилувчи мўъмин-мусулмонлар, илоҳим, дунёда ёмонликлардан омон, охиратда эса дўзахдан озод бўлсинлар!

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло барча эзгу мақсадларимизга етказсин. Кўзларимизни ва кўнгилларимизни яхшиликларга ва ибодатларга мойил қилиб қўйсин. Ёмонликлардан ва гуноҳ ишлардан Ўзи асрасин. Аҳли суннат ва жамоат ақойидида мустаҳкам, ҳанафийлик ва мотуридийликда маҳкам, дунё-ю охиратда хотиржам айласин! Омин! Ё рабб ал-оламин!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *