ҚОН ОҚИШИ ТАҲОРАТНИ СИНДИРАДИ! 2

eabdb222-25a1-4a28-be91-f0619f9a4f47(Иккинчи мақола)

Биз олдинги мақоламизда бемазҳабларнинг юртимизда чиқараётган янги бир фитнаси ҳақида сўз юритган эдик. У ҳам бўлса, бадандан қон оқиши таҳоратни синдирмайди, деган гаплари эди. Улар ўзларича ушбу асоссиз гапларига бир қанча далилларни рўкач қилишади. Бироқ, олдинги мақоламизда кўриб чиққанимиздек, уларнинг энг катта ва энг биринчи айтадиган далиллари асоссиз ва пуч экан. Уларнинг бошқа далилларини ҳам кўриб чиқамиз.

Бемазҳабларнинг иккинчи далили:

Бу далил ҳам “Саҳиҳи Бухорий”нинг ўша жойида келган ривоят бўлиб, бу аввалгисидан ҳам ажабланарлироқ. У Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилинган:

مَا زَالَ الْمُسْلِمُونَ يُصَلُّونَ فِي جِرَاحَاتِهِمْ

“Мусулмонлар жароҳатли ҳолларида ҳам намоз ўқишда бардавом бўлганлар” (Бухорий, 176-ҳадисдан олдинги сарлавҳада келтирилган).

Бемазҳабларнинг бу гапни қон оқса ҳам янги таҳорат олиш шарт эмас, қон таҳоратни синдирмайди, дейишларига далил қилишлари мусулмонларни чалғитишдан бошқа нарса эмас! Зотан, жароҳати бор дегани қон оқиб турибди, дегани эмас. Жароҳати билан намоз ўқиди дегани, жароҳатдан кейин таҳорат олмай ҳам намоз ўқийверди, дегани ҳам эмас.

Биринчидан, бу ерда Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ баданнинг покиза жойларига қон оқмайдиган жароҳатларни кўзда тутганлиги аниқ. Бизнинг айнан шундай дейишимизга далилимиз бор. У ҳам бўлса  “Мусаннаф Ибн Абу Шайба”да Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ҳақидаги саҳиҳ санад билан келтирилган нақлдир:

إِنَّهُ كَانَ لَا يُرَى الْوُضُوءَ مِنَ الدَّمِ اِلَّا مَا كَانَ سَائِلًا

“Ҳасан Басрий фақат қон оқсагина таҳорат олинади, дердилар” (Ибн Абу Шайба, 1/1468).

Демак, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ жароҳатнинг устида қотиб қолган қон таҳоратни синдирмайди, қон танага оқсагина таҳорат синади, деб эътиқод қилганлар. Бунга биз ҳам иқрормиз: қон оқадиган бўлса, таҳорат синади, қон жароҳатнинг устида туриб қолса, баданнинг пок жойига оқмаса, таҳорат синмайди, деймиз.

Иккинчидан, “Саҳиҳи Бухорий”даги: “Мусулмонлар жароҳатли ҳолларида ҳам намоз ўқишда бардавом бўлганлар” деган ривоят аслида қон оқиши таҳоратни сидирадими ёки йўқми деган масала тўғрисида эмас, балки жароҳатли ҳолатда уни латта билан боғлаб ёки боғламай туриб, уни ювмасдан ҳам унга масҳ қилиш мумкин экани борасида десак, тўғрироқ бўлади. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бу гапни жароҳатли бўлиш бугунги кундаги айрим намозхонларга ўхшаб намозни қолдириб туришга сабаб бўла олмаслигини, балки таҳорат олиб, жароҳатни ювиш зарар қиладиган бўлса жароҳатнинг ўзига ёки унинг устидаги латтага масҳ тортиб ҳам намоз ўқилавериши кераклигини таъкидлаш учун айтганлар.

Бемазҳабларнинг учинчи далили:

Бемазҳаблар саҳоба ва тобеинлар ҳам қон таҳоратни синдирмаслигини айтишган, деб туриб, улардан баъзи ривоятларни далил сифатида келтирадилар. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳам Товус ибн Кайсон, Муҳаммад ибн Али – Имом Боқир ва Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳумуллоҳ кабилардан “таълиқ” қилиб, яъни ҳеч қандай санадсиз ривоятни келтирганлар. Бемазҳаблар шу ривоятга ҳам суянадилар, лекин аслида у бизга ҳам далил бўлади:

وَقَالَ طَاوُسٌ وَمُحَمَّدُ بْنُ عَلِيٍّ وَعَطَاءٌ وَأَهْلُ الْحِجَازِ لَيْسَ فِي الدَّمِ وُضُوءٌ

“Товус, Муҳаммад ибн Али, Ато ва Ҳижоз аҳли: “Қон сабабидан таҳорат шарт эмас”, дейдилар” (Бухорий, 176-ҳадисдан олдинги сарлавҳада келтирилган).

Лекин, инсоф нуқтаи назаридан қаралса, энг аввало, ушбу зотлар тобеинлар бўлиб, уларнинг ижтиҳодлари ўзлари қатори мужтаҳид Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ зиддига ҳужжат бўла олмайди. Зотан, тобеиннинг гапи “марфуъ” ҳадислар муқобилига ҳужжат бўла олмайди. (Ўша “марфуъ” ҳадисни кейинроқ ўз ўрнида келтирамиз). Иккинчидан, у зотлардан келган ривоятлар икки тарафга ҳам ҳужжат бўла олади: таҳоратни синдиришига ҳам, синдирмаслигига ҳам. Уларни биз ҳам ҳужжат қиламиз. Яъни, оқувчи қон таҳоратни синдиради, оқмайдиган қон таҳоратни синдирмайди, деймиз.

Бемазҳабларнинг тўртинчи далили:

Қон таҳоратни синдирмайди, деювчилар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг бир амалларидан ҳам далил олишади. Лекин, адолат билан қаралса, у бу гапга ҳақиқий далил бўла олмайди. Ўзингиз ўйланг, “Саҳиҳи Бухорий”даги қуйидаги гапни далил қилиб қон таҳоратни синдирмайди, дейиш мумкинми?!

وَعَصَرَ ابْنُ عُمَرَ بَثْرَةً فَخَرَجَ مِنْهَا الدَّمُ وَلَمْ يَتَوَضَّأ

“Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳуснбузарни сиққандилар, ундан қон чиқди, лекин таҳорат олмадилар” (Бухорий, 176-ҳадис олдидан).

Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг бу иши бемазҳабларга эмас, бизга далил-ку! Ҳуснбузардаги қон оқиш даражасида бўлмайди, шу билан бирга уни Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ўзлари сиқиб чиқарганлар, яъни ўзи оққан эмас, шу сабабдан уни сиққанда таҳорат синмайди.

 “Шарҳи Виқоя” ва унинг ҳошиясидаги ушбу масалага эътибор беринг:

وَ كَذَا (لَا يَنْقُضُ الْوُضُوءَ) إِذَا عُصِرَ الْقُرْحَةُ فَتَجَاوَزَ وَ كَانَ بِحَالٍ لَمْ يُعْصِرْ لَمْ يَتَجَاوَزْهُ

وَ حَاصِلُهُ أنَّهُ إِذَا كَانَتِ الْقَرْحَةُ بِحَالٍ لَوْ لَمْ يُعْصِرْهُ أَحَدٌ لَمْ يَخْرُجْ مِنْهُ شَئٌ فَعَصَرَهَا بِالْإِصْبَعِ فَخَرَجَ مِنْهَا دَمٌ اَوْ صَدْىٌ وَ تَجَاوَزَ الْمَخْرَجَ لَمْ يَنْقُضِ الْوُضُوءَ لِأَنَّهَا إِخْرَاجٌ وَ النَّاقِضُ إِنَّمَا هُوَ الْخُرُوجُ وَ هَذَا عِنْدَ بَعْضِ الْمَشَائِخِ مِنْهُمْ صَاحِبُ الْهِدَايَةِ

“Шунингдек, сиқилмасдан олдин ўз ҳолича турганида жароҳат жойидан ташқарига оқиб кетмайдиган ярани сиқилганда гарчи жароҳат жойидан оқиб ўтиб кетса ҳам таҳорат синмайди.

Бу гапнинг хулосаси шуки, агар ярадан уни ҳеч ким сиқмасдан олдин ўз ҳолича турганида бирор нарса чиқмаса, кейин уни бармоқ билан сиқиб қон ёки йиринг чиқарилса ва жароҳат жойидан ташқарига оқиб кетса ҳам таҳорат синмайди. Чунки у [атайин] чиқаришдир. Таҳоратни синдирувчи эса [бундай ҳолатларда] ўзи чиқишидир. Бу айрим машойихлар фикри бўлиб, “Ҳидоя” соҳиби ҳам шулар қаторидадир” (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Шарҳ ал-Виқоя маъа ҳошиятиҳи Умдат ар-риъоя ли-Абдулҳай ал-Лакнавий. 1-жилд. – Карочи: Оромбоғ, 1908. – Б. 70).

Бу ерда яна шу нарса аниқки, Ибн Умар розияллоҳу анҳу сиққан ҳуснбузардан чиққан қон оқувчи эмас эди, у оқмаган. Гап шундаки, бу ривоят “Саҳиҳи Бухорий”да қисқартириб берилган. Унинг муфассал вариантини Имом Бухорий раҳимаҳулоҳнинг устози муҳаддис Ибн Абу Шайба раҳимаҳуллоҳ бу тариқа келтирганлар:

حَدَّثَنَا عَبْدُ الْوَهَّابِ، عَنِ التَّيْمِيِّ، عَنْ بَكْرٍ، قَالَ: رَأَيْتُ ابْنَ عُمَرَ عَصَرَ بَثْرَةً فِي وَجْهِهِ فَخَرَجَ شَيْءٌ مِنْ دَمٍ، فَحَكَّهُ بَيْنَ إصْبَعَيْهِ، ثُمَّ صَلَّى وَلَمْ يَتَوَضَّأْ

“Ибн Умар розияллоҳу анҳуни юзидаги ҳуснбузарни сиқққанини кўрдим. Қондан бир нарса чиқди, уни икки бармоқлари билан артиб ташлаб, сўнг намоз ўқидилар, таҳорат олмадилар” (Ибн Абу Шайба, 1/1478).

Демак, “Ҳидоя” соҳиби Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳ ва “Шарҳ ал-Виқоя” соҳиби Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий раҳимаҳуллоҳ сингари ҳанафийларнинг ёзганлари Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг маслагига тўғри келар экан.

Иккинчидан, агар фаразан Ибн Умар розияллоҳу анҳу қон оқиши таҳоратни синдирмайди, деб эътиқод қилганлар, деб ўйлаган тақдиримизда ҳам, бу у зотнинг ўз ижтиҳодлари бўлиб қолади. Яъни, у зотнинг бу фиқҳий қарашлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “қон оқиши таҳоратни синдиради”, деган маънодаги “марфуъ” ҳадисларига қарши тура олмайди.

Бемазҳабларнинг бешинчи далили:

“Саҳиҳи Бухорий”да келган кейинги санадсиз, “таълиқ” қилиб келтирилган ривоят яна бемазҳабларга эмас, биз ҳанафийларга далил бўлади:

وَبَزَقَ ابْنُ أَبِي أَوْفَى دَمًا فَمَضَى فِي صَلَاتِهِ

“Ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу қон тупирдилар-да, намозга ўтавердилар” (Бухорий, 176-ҳадисдан олдинги сарлавҳада келтирилган).

Бу ерда Ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳунинг қанча миқдорда қон тупирганлари айтилган эмас. Қон тупукка ғолиб келсагина у ҳанафийларга қарши далил бўла олар эди, лекин бу ерда эса ундай бўлгани аниқ эмас.

Энди эса, машҳур “Мухтасар ал-Виқоя”даги масалага боқинг:

وَالْقَيْءُ دَماً رَقِيقاً إِنْ احْمَرَّ بِهِ الْبُزاقُ لَا إِنِ اصْفَرَّ بِهِ

“Суюқ қон қусиш агар тупук қизарса таҳоратни синдирувчидир, уни сарғайтирса, ундай эмас” (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон: Харитонов, 1911. – Б. 3).

Иккинчидан, бу ердаги “Ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу қон тупирдилар-да, намозга ўтавердилар”, деган хабарда саҳобанинг ҳолати аниқ баён этилмаган. У зот узрли бўлган бўлиши мумкин. Яъни, агар қон оқиши бир намоз вақти ўтгунча тўхтамайдиган бўлса, у одам “соҳиби узр” саналади. Ундай одам қон оқиб турса-да намоз ўқийверади. Масалан, тиш олдирган одамнинг тиши икки кунгача қонаши ёки қон келиб туриши ҳам мумкин. “Соҳиби узр” масаласи фиқҳий китобларнинг деярли барчасида муфассал баёнини топган. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنِّى كُلَّمَا تَوَضَّأْتُ سَالَ – “Ё Расулаллоҳ! Мен таҳорат олсамда қон тўхтамай оқаверади”, деди. Шунда, у зот бундай деб марҳамат қилганлар:

إِذَا تَوَضَّأْتَ فَسَالَ مِنْ قَرْنِكَ إِلَى قَدَمِكَ فَلاَ وُضُوءَ عَلَيْكَ

“Агар таҳорат қилган бўлсанг-у, бошингдан то қадамингача қон оқса ҳам энди сенга таҳорат шарт эмас” (Дорақутний, 1/603).

Шунинг учун, “соҳиби узр” масаласи билан оддий ҳолатдаги қон оқиши ва таҳоратнинг синиши масаласини чалкаштирмаслик керак.

Учинчидан, яна таъкидлаб айтамизки,  саҳобанинг ёки тобеиннинг ўз ижтиҳоди ва фиқҳий қараши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “қон оқиши таҳоратни синдиради”, деган маънодаги “марфуъ” ҳадисларига қарши ҳужжат бўла олмайди.

Демак, “Ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу қон тупирдилар-да, намозга ўтавердилар”, деган гап “Саҳиҳи Бухорий”да келган саҳиҳ ҳадис дейиш ва шуни далил қилиб қон оқиши таҳоратни синдирмайди, деб туриб олиш нотўғри иш. Чунки, “таълиқ” тарзида келтирилган гап тўлиқ ва мукаммал далил ҳисобланмайди.

Бемазҳабларнинг олтинчи далили:

“Саҳиҳи Бухорий”да яна бир санадсиз, “таълиқ” шаклида келган ривоят бор бўлиб, унинг зоҳиридан қон оқиши таҳоратни синдирмайди, дегувчиларни қувонтириб юборади:

وَقَالَ ابْنُ عُمَرَ وَالْحَسَنُ فِيمَنْ يَحْتَجِمُ لَيْسَ عَلَيْهِ إِلَّا غَسْلُ مَحَاجِمِه

“Ибн Умар розияллоҳу анҳу ва Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳ ҳижома қилдирган кишига ҳижома қилинган жойларни ювишдан бошқа нарса лозим эмас, деганлар” (Бухорий, 176-ҳадисдан олдинги сарлавҳада келтирилган).

Қизиқ, бу ерда гап таҳорат синиш-синмаслиги тўғрисида эмас, ғусл вожиб бўлиш-бўлмаслиги ҳақида кетмоқда-ку?! Шунинг учун, “Ҳижома қилинган жойларни ювишдан бошқа нарса лозим эмас”, дейилган.

Агар таҳорат синмаслиги ҳам назарда тутилган, дейилса, юқоридаги айтган гапимизни яна такрорлаймиз: саҳобанинг ёки тобеиннинг ўз ижтиҳоди ва фиқҳий қараши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “қон оқиши таҳоратни синдиради”, деган маънодаги “марфуъ” ҳадисларига қарши тура олмайди

“Саҳиҳи Бухорий”даги мазкур нақл аслида ғусл борасида эканини англатадиган бир қанча ривоятлар мавжуд. Жумладан, “Мусаннаф Ибн Абу Шайба”да саҳиҳ бир ривоят келади:

حَدَّثَنَا الْفَضْلُ بْنُ دُكَيْنٍ، عَنْ إسْرَائِيلَ، عَنْ جَابِرٍ، عَنْ سَالِمٍ، وَالْقَاسِمِ، وَعَامِرٍ، وَطَاوُوس ؛ قُلْتُ: أَغْتَسِلُ مِنَ الْحِجَامَةِ؟ قَالُوا: لاَ، قَالَ أَبُو جَعْفَرٍ: اغْسِلْ أَثَرَ الْمَحَاجِمِ

“Жобир, Солим, Қосим, Омир ва Товус розияллоҳу анҳумдан: “Ҳижомадан сўнг ғусл қилайми?”, деб сўрадим. Улар “Йўқ!”, дейишди. Абу Жаъфар: “Ҳижома қилинган жойни ювиб қўй”, дедилар (Ибн Абу Шайба, 1/479).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: إذَا احْتَجَمَ الرَّجُلُ فَلْيَغْتَسِلْ، وَلَمْ يَرَهُ وَاجِبًا – “Агар киши ҳижома қилдирса, ғусл қилсин, лекин уни вожиб санамасин!” деганлар (Ибн Абу Шайба, 1/487).

Бу асарлардан “Саҳиҳи Бухорий”да келган мазкур ривоят таҳорат синиш-синмаслиги тўғрисида эмас, ғусл вожиб бўлиш-бўлмаслиги борасида экани ўз-ўзидан равшандир.

Лекин, бу дегани ҳижома қилдирганда кўп қон оқса таҳорат синмайди, дегани эмас. Ҳижома қилдирганда таҳорат сингани учун қайта таҳорат олинади:

حَدَّثَنَا قَبِيصَةُ، عَنْ هِشَامِ بْنِ عُرْوَةَ، عَنْ أَبِيهِ، قَالَ: كَانَ يَحْتَجِمُ فَيَغْسِلُ أَثَرَ الْمَحَاجِمِ، ثُمَّ يَتَوَضَّأَ وُضُوءَهُ لِلصَّلاَةِ، فَيُصَلِّي

“Урва розияллоҳу анҳу ҳижома қилдириб, ҳижома жойидаги қон асарини ювиб ташлар, кейин эса намозга таҳорат олгандек таҳорат қилиб, намоз ўқир эдилар” (Ибн Абу Шайба, 1/480).

Бемазҳабларнинг ёлғони:

Шуни қаттиқ таъкидлаб айтамизки, бемазҳаблар: “Қон оқиши таҳоратни синдирмайди дейиш – жумҳур уламоларнинг гапи”, деб ёлғон айтмоқдалар. Чунки бу мавзу “Саҳиҳи Бухорий”да: مَنْ لَمْ يَرَ الْوُضُوءَ  – “Таҳоратни лозим кўрмаган киши” бобида келтирилган бўлиб, ундан Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг ўзи ҳам уларнинг фикрига қўшилмагани англашилади.

Шу билан бирга ал-Хаттобий раҳимаҳуллоҳ ўзлари шофеъий мазҳаб муҳаддиси бўлсалар-да, “Маолим ас-сунан” асарида бундай деганлар:

وَ قَالَ أَكْثَرُ الْفُقَهَاءِ سَيْلَانَ الدَّمِ مِنْ غَيْرِ السَّبِيلَيْنِ يَنْقُضُ الْوُضُوءَ وَ هَذَا أَحْوَطُ الْمَذْهَبَيْنِ وَ بِهِ أَقُولُ

“Фақиҳларнинг кўпчилиги [бадандаги] икки йўлдан бошқа жойдан қон оқишини таҳоратни синдиради, дейишган. Шуниси икки йўлнинг энг эҳтиётлисидир. Уни мен ҳам айтаман!” (Абу Сулаймон ал-Хаттобий. Маолим ас-сунан. 1-жилд. – Ҳалаб: Илмия, 1932. – Б. 70).

ХУЛОСА

шуки, бемазҳабларнинг “Қон оқиши таҳоратни сидирмайди. Қон оқиши билан таҳорат синади, дейдиган мазҳабнинг гапи хато”, деган гапларининг қатъий бир далили, мантиқий ва асосли ҳужжати йўқ. Буни биз биргина улар суянган “Саҳиҳи Бухорий”даги “таълиқ” тарзида келтирилган ривоятларни кўриб чиқиш орқали билиб олдик.

Бемазҳабларнинг далиллар орасида довдирашидан уларнинг усули фиқҳдан бехабар, илмий жиҳатдан оқсоқ ва ўта уқувсиз эканликлари англашилади. Ривоятларнинг ўзигагина суяниб, қарши томоннинг ҳужжатларини ўрганмасдан туриб, шу мавзудаги барча ривоятларни ўқиб-ўрганмай, уларни мантиқий бир асосда таҳлил қилиб кўрмасдан шаръий ҳукм айтиш ва фиқҳий масала қўзғаш мумкин эмас. Бу иш комил шайхларнинг эмас, балки нокомил кимсаларнинг иши бўлиб қолади. Бўлиб ҳам, мазҳаббошиларнинг энг пешқадами бўлмиш Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабларига таъна ва эътироз билдириш ўзига жуда ортиқча баҳо беришдан бошқа нарса эмас. Агарчи  ўзига “Абу Ҳанифа” деб ном қўйиб олган тақдирда ҳам, буюк имомга таъзим этиб, ўзини шу зотнинг мазҳабида эканидан фахрланиб ўтган миллионлаб уламоларни писанд қилмасдан: “Сизларнинг илмингиз шунга етмабди”, деган одамдан нимани умид қилиш мумкин?! Қайси мақомга эришибдики, бундай журъат қила олади?! Бу эса ўзини ўзи шарманда қилишдан бошқа нарса эмас.

Ҳамидуллоҳ Беруний,

Ботиржон Хўжазода.

(Қон оқиши таҳоратни синдириши тўғрисидаги биз ҳанафийларнинг далилларини кейинги мақолада кўриб чиқилади, иншааАллоҳ).

 

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...