(Охирги пайтларда одамларни масжидлардан кўнглини совутиш ҳаракатига тушиб қолган айрим “салафий”ларга эслатма)
Бир эмас, бир неча танишларимнинг гувоҳлик беришларига кўра, замонамиз “салафийлари” тарафдан хозирги имомларни иқтидога яроқсиз деган иддао баҳонасида одамларни масжиддан қайтариш, жамоат намозига беписандлик руҳиятини сингдириш ҳаракатлари кузатиляпти экан. Шу ҳолатдан келиб чиқиб, аввало барчага, хусусан ўша янги “салафий”ларга бир эслатма бўлсин деб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва баъзи саҳобаларнинг масжидларни обод қилиш фазилати ҳақида айтган ҳадисларини таржима қилиб эълон қилишга жазм қилинди.
- Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
إذا رأيتم الرجل يعتاد المسجد فأشهدوا له بالإيمان
“Масжидга одатланган кишини кўрсангиз, уни иймони бор деб гувоҳлик бераверинглар. Аллоҳ таоло:
إِنَّمَا يَعْمُرُ مَسَاجِدَ اللّهِ مَنْ آمَنَ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَأَقَامَ الصَّلاَةَ وَآتَى الزَّكَاةَ وَلَمْ يَخْشَ إِلاَّ اللّهَ فَعَسَى أُوْلَـئِكَ أَن يَكُونُواْ مِنَ الْمُهْتَدِينَ
«Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қиларлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар» – деган. (Имом Аҳмад, Доримий, Термизий, Ибн Можа, Ибн Абу ҳотим, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Ибн Мардувайҳ, Байҳақий).
- 2. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
إن الله سبحانه يقول: إِنِّي لأَهِمُّ بِأَهْلِ الأَرْضِ عَذَابَاً، فَإِذَا نَظَرْتُ إِلَى عُمَّارِ بُيُوْتِي، وَالْمُتَحَابِّيْنَ فِيَّ، وَالْمُسْتَغْفِرِيْنَ بِالأَسْحَارِ،صَرَفْتُ عَنْهُمْ
“Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: “Мен Ер аҳлини азоблашни хоҳлайман ва шунда уйларимни (масжидларни) обод қилувчиларга, мен учун бир-бирини яхши кўрувчиларга, саҳарларда туриб истиғфор айтувчиларга қараб азобни Ер аҳлидан бошқа тарафга буриб юбораман”. (Байҳақий, Дайламий, ибн Адий).
- Абу Дардо розияллоҳу анҳу Салмон ал-Форсий розияллоҳу анҳуга мактуб ёзади: “Эй Биродарим, масжид сени уйинг бўлсин. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи салламнинг бундай деганларини эшитганман:
المسجدُ بيتُ كلِّ تقيٍّ ، وتكفَّلَ اللهُ لمَن كان المسجدُ بيتَهُ بالرُّوحِ والرَّحمةِ ، والجَوازِ على الصِّراطِ إلى رِضوانِ اللهِ إلى الجنَّةِ
“Масжид ҳар бир тақводорнинг уйидир. Кимнинг уйи масжид бўлса Аллоҳ унинг роҳати, раҳмати, сиротдан ўтиши, ризвони ва жаннатига кафил бўлган”. (Ибн Абу Шайба, Баззор, Тобароний, Байҳақий).
- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
إن للمساجد أوتادا الملائكة جلساؤهم إن غابوا يتفقدونهم وإن مرضوا عادوهم وإن كانوا في حاجة اعانوهم ثم قال جليس المسجد على ثلاث خصال أخ مستفاد أو كلمة محكمة أو رحمة منتظرة
“Албатта, масжидларнинг “устунлари” бўлади, фаришталар уларнинг ҳамнишинларидир. Агар кўринмай қолишса йўқлашади, бемор бўлишса бориб кўришади, бирор эҳтиёжи бўлса кўмаклашишади.” Кейин Расулуллоҳ яна шундай дедилар: “Масжидда ўтирган кишида учта хислат бўлади: фойдали биродар, ҳикматли сўз, кутилаётган раҳмат”. (Имом Аҳмад).
- Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:
إن بيوت الله فى الأرض المساجد و إن حقا على الله ان يكرم الزائر
“Аллоҳнинг Ердаги уйлари албатта масжидлардир. Аллоҳ зиёратчиларни икром қилиш ҳаққини албатта адо қилади”. (Тобароний ривояти).
- Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
إن عمار بيوت الله هم اهل الله
“Аллоҳнинг уйларини обод қилувчилар, ўшалар Аллоҳнинг аҳлларидир”. (Баззор, Абу Яъло, Тобароний ва Байҳақий ривоятлари).
- Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
إذا عاهة من السماء انزلت صرفت عن عمار المساجد
“Самодан бало туширилса, масжидларни обод қилувчилар (сабаби)дан қайтарилади”. (Байҳақий ривояти).
- Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
من الف المسجد الفه الله
“Ким масжидни яхши кўрса, Аллоҳ уни яхши кўради. (Масжидга ошно бўлганларга Аллоҳ ошно бўлади)” (Тобароний ривояти).
- Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Бобом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман, Ул зот айтардилар:
من أدمن الاختلاف إلى المساجد أصاب أخا مستفادا في الله عز وجل ، وعلما مستظرفا، وكلمة تدعوه إلى الهدى، وكلمة تصرفه عن الردى ، وترك الذنوب حياء وخشية ، أو نعمة ، أو رحمة منتظرة
“Кимки масжидга боғланиб тез-тез қатнашга одатланса, Аллоҳ учун бўлган фойдали дўст топади, гўзал ва ярашимли илмга эга бўлади, ҳидоятга чорловчи ва ҳалокатдан буриб юборувчи сўз эгаси бўлади, уялганидан ё қўрққанидан, ё Аллоҳнинг кутилган раҳмати ўлароқ гуноҳларни тарк этади” (Тобароний ривояти).
- Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
من توضاء فى بيته فأحسن الوضوء ثم اتى المسجد فهو زائر الله و حق على المزور ان يكرم الزائر
“Кимки уйида яхшилаб таҳорат олиб сўнгра масжидга келса, бас, у Аллоҳни зиёрат қилувчидир. Зиёратчи эса зиёрат қилинмиш тарафдан иззат-икром кўришга ҳақли бўлади” (Тобароний ривояти).
- Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
بشر المشائين فى ظلم اليالى الى المساجد بالنور التام يوم القيامة
“Қоронғу кечалари масжид сари юрганларга қиёмат куни мукаммал нур ҳақида хушхабар бериб қўйинг” (Байҳақий ривояти).
- Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
من مشى فى ظلمة الليل الى المساجد اتاه الله نورا يوم القيامة
“Ким тун зулматида масжидларга қатнаса, Аллоҳ унга қиёмат куни нур беради” (Ибн Абу Шайба ривояти).
- Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
بَشِّرِ المُدْلِجِينَ إلى المَساجِدِ في الظُّلَمِ بِمَنابِرَ مِن نُورٍ يَوْمَ القِيامَةِ، يَفْزَعُ النّاسُ ولا يَفْزَعُونَ
“Қоронғу кечалари масжидга борганларга қиёмат куни нурли минбарлар ҳақида хушхабар беринг. Ўша куни одамлар даҳшатга тушишади, лекин улар даҳшатга тушишмайди” (Тобароний ривояти).
- Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
الغدو و الرواح الى المساجد من الجهاد فى سبيل الله
“Эрта тонг ва тун қоронғусида масжидларга қатнашлик Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишдандир” (Тобароний ривояти).
- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
من غدا إلى المسجد أو راح، أعدَّ الله له في الجنة نُزلاً كلما غدا أو راح
“Ким масжидга тонгда ё тунда борса, Аллоҳ унга ҳар сафарида жаннатдан бир манзил хозирлаб қўяди” (Бухорий ривояти).
- Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
من بنى لله مسجدا بنى الله له بيتا أوسع منه في الجنة
“Ким Аллоҳ учун бир дона масжид қурса, Аллоҳ у одам учун Жаннатда ундан ҳам кенгроқ уй қуриб қўяди” (Имом Аҳмад ривояти).
Ботиржон ТОЖИБОЕВ

