ҚОН ОҚИШИ ТАҲОРАТНИ СИНДИРАДИ! 3

(Учинчи мақола)2CiJL

Биз мусулмонлар минг йиллардан бери бадандан қон оқса таҳорат синади, деб келганмиз. Айрим бемазҳаблар: “Қон оқиши таҳоратни сидирмайди. Бу жумҳур уламоларнинг, яъни кўпчилик фақиҳларнинг гапи” деб, туҳмат ва ёлғон гапиришдан ҳам тойишмаяпти. Уларнинг гапи ёлғон эканини мавзуга доир бўлган аввалги мақоламизда муҳаддис Абу Сулаймон ал-Хаттобий раҳимаҳуллоҳнинг асаридан иқтибос олган ҳолда исботлаган эдик. У иқтибос қуйидагича:

وَ قَالَ أَكْثَرُ الْفُقَهَاءِ سَيْلَانَ الدَّمِ مِنْ غَيْرِ السَّبِيلَيْنِ يَنْقُضُ الْوُضُوءَ وَ هَذَا أَحْوَطُ الْمَذْهَبَيْنِ وَ بِهِ أَقُولُ

“Фақиҳларнинг кўпчилиги [бадандаги] икки йўлдан бошқа жойдан қон оқиши таҳоратни синдиради, дейишган. Шуниси икки йўлнинг энг эҳтиётлисидир. Уни мен ҳам айтаман!” (Абу Сулаймон ал-Хаттобий. Маолим ас-сунан. 1-жилд. – Ҳалаб: Илмия, 1932. – Б. 70).

Абу Сулаймон ал-Хаттобий (319-388 ҳ./931-998 м.) раҳимаҳуллоҳ ўз даврининг машҳур муҳаддис ва фақиҳларидан бири бўлиб, юқоридаги иқтибос унинг “Сунани Абу Довуд”га битган “Маолим ас-сунан” номли шарҳидан олинган. Бундан ташқари, у зот “Саҳиҳи Бухорий”га ҳам шарҳ битганлар. Муҳаддисларнинг хато гап-сўзларига бағишланган машҳур “Ислоҳ ғалат ал-муҳаддисин” ёки “Ислоҳ хато ал-муҳаддисин” номли асарлари ҳам бор. Ана шу зотнинг гувоҳлик беришича, фақиҳларнинг кўпчилиги инсон танасининг қаеридандир қон оқиши таҳоратни синдиради, дейишган эканлар. Имом ал-Хаттобий раҳимаҳуллоҳ шофеъийлик мазҳаби вакили бўлиб, инсоф доирасидан чиқмасдан ҳақ гапни айтиб кетганлар. Шофеъийлар ва моликийлар қон оқса таҳорат синмаслиги ҳақидаги фиқҳий қарашга эгалар. Бироқ, улар бемазҳабларга ўхшамайдилар, бемазҳаблар каби ҳанафийларга таъна қилмайдилар. Шунинг учун, бизнинг ушбу мақолаларимиз шофеъийлар ва моликийларга қарата эмас, айнан бемазҳабларга қарата ёзилган эди. Зотан, инсофли мазҳаб аҳли ва ҳадис илми арбоблари фақиҳларнинг кўпчилиги инсон танасининг қаеридандир қон оқиши таҳоратни синдиради, дейишганини тан олганлар. Буни биз Имом Термизий раҳимаҳуллоҳнинг “Сунани Термизий”даги қуйидаги эътирофларидан ҳам билиб олсак бўлади:

وَقَدْ رَأَى غَيْرُ وَاحِدٍ مِنْ أَهْلِ الْعِلْمِ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَغَيْرِهِمْ مِنَ التَّابِعِينَ الْوُضُوءَ مِنَ الْقَيْءِ وَالرُّعَافِ وَهُوَ قَوْلُ سُفْيَانِ الثَّوْرِيِّ وَابْنِ الْمُبَارَكِ وَأَحْمَدَ وَإِسْحَاقَ وَقَالَ بَعْضُ أَهْلِ الْعِلْمِ لَيْسَ فِي الْقَيْءِ وَالرُّعَافِ وُضُوءٌ وَهُوَ قَوْلُ مَالِكٍ وَالشَّافِعِيِّ

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва улардан бошқа тобеинлардан бўлган бир қанча аҳли илмлар қайт қилиш ва бурун қонашидан таҳорат лозим бўлади, деб билишган. У Суфён ас-Саврий, Абдуллоҳ ибн ал-Муборак, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Исҳоқ ибн Роҳвайҳларнинг ҳам гапидир. Аҳли илмнинг баъзиси эса қайт қилиш ва бурун қонашидан таҳорат лозим эмас, дейишган. У Имом Молик ва Имом Шофеъийнинг гапидир” (Термизий, 1/87).

Имом Термизийнинг: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан ва улардан бошқа тобеинлардан бўлган бир қанча аҳли илмлар” ҳамда “Аҳли илмнинг баъзиси” дейишларидан саҳоба ва тобеинларнинг кўпчилиги қон оқиши таҳоратни синдиради, деб эътиқод қилганликларини ва бирор жойи қонаса, таҳорат олишга одатланганларини билиб оламиз. Демак, бемазҳаблар қилаётган даъвонинг акси ўлароқ, жуда кўпчилик уламолар қон оқиши билан таҳоратни синади, дейишган экан. Албатта, кўпчилик фақиҳлар қатори уларнинг энг улуғларидан Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳамда у кишининг мазҳабидагиларнинг барчаси оққувчи қон нажосатдир ва у таҳоратни синдиради, деган фиқҳий қарашда бўлганлар. Бу бир қанча ақлий ва нақлий далиллар тақозосига кўрадир.

  • Бадандан қон оқса таҳоратни синдиришига энг катта далил “Саҳиҳи Бухорий”да келтирилган Фотима бинти Абу Ҳубайш розияллоҳу анҳода воқеъ бўлган ҳодисадир. У зот ҳамиша қон кўрадиган аёл бўлган эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, “Мен ҳайз кўрувчи аёлман, лекин ҳеч ҳам қон тўхтаб пок бўладиган вақтим йўқ. Намозларни ўқимай қўявераманми?”, деган маънода савол сўраганлар. Маълумки, аёллар ҳар ойда ёки муайян вақтда ҳайз қони, бола туққанлари изидан эса нифос қони кўришади. Шу икки пайт улар намоз ўқишмайди, намознинг қазосини ҳам ўқишмайди. Бироқ, бу икки вақтдан бошқа пайтлари ҳам қон келавериши мумкин. Шу ҳолатда нима қилади? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: لَا إِنَّمَا ذَلِكِ عِرْقٌ وَلَيْسَ بِحَيْضٍ – “Йўқ, бу томирдир, ҳайз эмас”, деб тушунтирганлар ҳамда бундай деганлар: ثُمَّ تَوَضَّئِي لِكُلِّ صَلَاةٍ حَتَّى يَجِيءَ ذَلِكَ الْوَقْتُ – “Сўнг, то шу вақт келгунча ҳар намозга таҳорат олгин!” (Бухорий, 1/228).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ҳайз ва нифос қони эмас, балки истиҳоза (касаллик) қони экани ва унинг келиши томирга боғлиқ эканини айтганларининг сабаби, у таҳоратни бузувчи эканлигидандир. Демак, томирдан чиқадиган қонларнинг барчаси таҳоратни синдирар экан.

  • Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: الْوُضُوءُ مِنْ كُلِّ دَمٍ سَائِلٍ – “Ҳар бир оқувчи қон сабабли таҳорат лозим!”, деганлар (Ибн Адий, “ал-Комил”, 1/29; Дорақутний, 1/590).

Мазкур ривоят “ҳасан” даражада бўлиб, айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача санади етказилган “марфуъ” ривоят саналади. Шунинг учун ҳам ҳанафийлар уни далил сифатида қабул қилишади.

  • Бурун қонаши сабабли таҳорат қилиш кераклиги ҳақидаги барча ҳадислар ҳанафийларнинг кейинги далиллари ҳисобланади. Жумладан, улардан биринчисини олти саҳиҳ ҳадислар тўпламининг охиргиси “Сунани Ибн Можа”да зикр қилинган:

مَنْ أَصَابَهُ قَئٌ أَوْ رُعَافٌ أَوْ قَلَسٌ أَوْ مَذْىٌ، فَلْيَنْصَرِفْ، فَلْيَتَوَضَّأْ. ثُمَّ لِيَبِنْ عَلَى صَلَاتِهِ، وَهُوَ فِي ذَلِكَ لَا يَتَكَلَّمْ

“Кимга қайт ёки бурун қонаши ёки қусуқ ёки мазий етса, қайтиб бориб таҳорат олсин. Кейин эса намозини давом эттирсин. Бу гапирмаган пайтдадир” (Ибн Можа, 1/1221).

  • Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан келган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсан ўзлари ҳам таҳорат олганлари келтирилган:

كَانَ رَسُولُ اللَّهِ إِذَا رَعَفَ فِى صَلاَتِهِ تَوَضَّأَ ثُمَّ بَنَى عَلَى مَا بَقِىَ مِنْ صَلاَتِه

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозда бурунлари қонаган эди, таҳорат олиб, кейин қолган намозларини давом эттирдилар” (Дорақтуний, 1/588).

5) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

مَنْ قَلَسَ أَوْ قَاءَ أَوْ رَعَفَ فَلْيَنْصَرِفْ فَلْيَتَوَضَّأْ وَلْيُتِمَّ صَلاَتَهُ

“Кимки қусса ёки қайт қилса ёки бурни қонаса, бориб таҳорат олсин ва намозини тугатсин!” (Дорақтуний, 1/576-578).

6) Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

إِذَا رَعَفَ أَحَدُكُمْ فِى صَلاَتِهِ أَوْ قَلَسَ فَلْيَنْصَرِفْ فَلْيَتَوَضَّأْ وَلْيَرْجِعْ فَلْيُتِمَّ صَلاَتَهُ عَلَى مَا مَضَى مِنْهَا مَا لَمْ يَتَكَلَّمْ

“Агар сизлардан бирингизнинг намозда бурни қонаса ёки қусуқ келса, бориб таҳорат олсин ва қайтиб, модомики гапирмаган бўлса, намозидан ўтказиб юборганини тамомига етказсин” (Дорақутний, 1/579-580).

7) Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

مَنْ وَجَدَ رُعَافاً أَوْ قَيْئاً أَوْ مَذْياً أَوْ قَلَساً فَلْيَتَوَضَّأْ ثُمَّ لْيُتِمَّ عَلَى مَا مَضَى مَا بَقِىَ وَهُوَ مَعَ ذَلِكَ يَتَوَقَّى أَنْ يَتَكَلَّم

“Кимки бурун қонашини ёки қайтни ёки мазийни ёки қусуқни топса, таҳорат олсин, кейин ўтган жойини қолгани билан тугатиб қўйсин. У шу билан бирга гапирмасликка эътиборли бўлсин” (Дорақутний, 1/582).

8) Мазкур ривоят бу тариқада ҳам келтирилган:

مَنْ رَعَفَ فِى صَلاَتِهِ فَلْيَرْجِعْ فَلْيَتَوَضَّأْ وَلْيَبْنِ عَلَى صَلاَتِه

“Кимнинг намозда бурни қонаса, қайтиб таҳорат қилсин ва намозини давом эттирсин” (Дорақутний, 1/593).

9) Бурун қонаса, янгидан таҳорат олиш кераклиги ҳақидаги ҳадисни Имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳ бу тариқада ривоят қилганлар:

إِذَا قَاءَ أَحَدُكُمْ فِى صَلاَتِهِ أَوْ قَلَسَ أَوْ رَعَفَ فَلْيَتَوَضَّأْ ثُمَّ لِيَبْنِ عَلَى مَا مَضَى مِنْ صَلاَتِهِ مَا لَمْ يَتَكَلَّمْ

“Агар сизлардан бирингиз намозида қайт қилса ёки қусса ёки бурни қонаса, таҳорат олсин ва модомики гапирмаган бўлса намозининг қолганини давом эттирсин” (Байҳақий, 1/687).

10) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир саҳобанинг бурни қонаганини кўриб, أَحْدِثْ وُضُوءاً – “Таҳоратни янгила!” деганлар (Дорақтуний, 1/586-587).

11) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз уч нарса билан бузилади, деб марҳамат қилганлар:

لَا تَقْطَعُ إِلَّا لِثَلَاثٍ لِرُعَافٍ أَوْ لِإِحْدَاثٍ أَوْ لِتَسْلِيمِ الْإِنْصِرَافٍ

“Намоз фақат уч нарса билан узилади: бурун қонаши, ҳожатга чиқиш ёки тугатишдаги салом” (Абдурраззоқ, 2/3626).

Бу ерда бурун қонаши ёки ҳожатга чиқиш намозни узиб қўйишининг сабаби у гапирмасдан туриб, таҳорат қилиб келиб намозини давом эттириши мумкинлигидандир.

12) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

لَيْسَ فِى الْقَطْرَةِ وَلاَالْقَطْرَتَيْنِ مِنَ الدَّمِ وُضُوءٌ إِلاَّ أَنْ يَكُونَ دَماً سَائِلاً

“Қондан бир-икки қатрасида таҳорат лозим эмас, фақат оққувчи қон бўлса, шартдир” (Дорақутний, 1/591-592).

13) Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деганлар:

إِذَا وَجَدَ أَحَدُكُمْ فِى بَطْنِهِ رِزًّا أَوْ قَيْئاً أَوْ رُعَافاً فَلْيَنْصَرِفْ فَلْيَتَوَضَّأ ثُمَّ لْيَبْنِ عَلَى صَلاَتِهِ مَا لَمْ يَتَكَلَّمْ

“Агар сизлардан бирортангиз қорнида гуручми, қайтми ёки қон келишиними топса, қайтиб бориб таҳорат олсин, кейин эса гапирмаган бўлса намозини давом эттирсин” (Дорақтуний, 1/584).

14) Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу намозда имомнинг бурни қонаб қолса, нима қилиши кераклигини ўргатганлар:

إِذَا أَمَّ الرَّجُلُ الْقَوْمَ فَوَجَدَ فِى بَطْنِهِ رِزًّا أَوْ رُعَافاً أَوْ قَيْئاً فَلْيَضَعْ ثَوْبَهُ عَلَى أَنْفِهِ وَلْيَأْخُذْ بِيَدِ رَجُلٍ مِنَ الْقَوْمِ فَلَيُقَدِّمْهُ

“Агар бир киши қавмга имом бўлса, қорнида гуручми, қон келишими ёки қусуқми топса, кийимини бурнига қўйсин-да, қавмдан бир кишини олдинга тортсин” (Дорқатуний, 1/585).

15) Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг юқоридаги гаплари Ибн Абу Шайба раҳимаҳуллоҳ томонидан саҳиҳ санад билан келтирилган:

حَدَّثَنَا عَلِيُّ بْنُ مُسْهِرٍ، عَنْ سَعْيدٍ، عَنْ قَتَادَةَ، عَنْ خِلاَسٍ، عَنْ عَلِيٍّ، قَالَ: إِذَا رَعَفَ الرَّجُلُ فِي صَلاَتِهِ، أَوْ قَاءَ فَلْيَتَوَضَّأْ، وَلاَ يَتَكَلَّمْ، وَلْيَبْنِ عَلَى صَلاَتِهِ

“Агар бир кишининг бурни намозда қонаса ёки қайт қилиб қўйса, таҳорат олсин ва гапирмасдан туриб намозини давом эттирсин” (Ибн Абу Шайба, 2/5952).

16) Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан бир киши келиб, намозда бурни қонаб қолган кишининг масаласини сўради. Шунда, у зот бундай жавоб бердилар:

عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ؛ فِي الرَّجُلِ إِذَا رَعَفَ فِي الصَّلاَةِ، قَالَ: يَنْفَتِلُ فَيَتَوَضَّأُ، ثُمَّ يَرْجِعُ فَيُصَلِّي، وَيَعْتَدُّ بِمَا مَضَى

“Секин чиқиб кетиб таҳорат олади, кейин қайтиб келиб намозини ўқийди. Ўтган ракъатларни ҳисобга олади” (Ибн Абу Шайба, 2/5950-5951).

17) Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг бундай деганлари саҳиҳ санад билан нақл қилинган:

مَنْ رَعَفَ فِي صَلاَتِهِ فَلْيَنْصَرِفْ فَلْيَتَوَضَّأْ، فَإِنْ لَمْ يَتَكَلَّمْ بَنَى عَلَى صَلاَتِهِ، وَإِنْ تَكَلَّمَ اسْتَأْنَفَ الصَّلاَةَ

“Кимки намозда бурни қонаса, қайтиб бориб таҳорат олсин. Агар гапирмаган бўлса, намозини давом эттирсин. Агар гапириб қўйган бўлса, намозини қайта бошидан бошласин” (Ибн Абу Шайба, 2/5953).

18) Бир қанча тобеинларнинг бурун қонаганида янгидан таҳорат олиш керак деганликларини ва ўзлари ҳам шундай қилганликларини Ибн Абу Шайба ва Абдурраззоқ каби муҳаддислар бирма-бир ривоят қилишган. Жумладан, Алқама, Товус ибн Кайсон, Солим ибн Абдуллоҳ, Саъид ибн Жубайр, Имом аш-Шаъбий, Иброҳим ан-Нахаъий, Ато ибн Абу Рабоҳ, Макҳул, Саъид ибн ал-Мусайяб, Қатода ва Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий раҳимаҳумуллоҳ кабиларнинг ривоятлари мавжуд (Ибн Абу Шайба, 2/5955-5968; Абдурраззоқ, 2/3611-3625).

ҚИЁС шуни кўрсатадики, қон оқиши билан таҳорат синади. Гап шундаки, пешобга ёки катта ҳожатга чиқиш таҳоратни синдиришига жумла фақиҳлар иттифоқ қилганлар. Унинг сабаби нима? Албатта, бадандан чиқадиган нажосатлар ҳисобланади. Демак, бадандан чиқадиган барча нажосатларга таҳорат синиши керак. Масалан, тананинг бирор жойидан оқадиган йиринг, қайт-қусуқ ҳам нажосат ҳисобланади. Шундай экан, уларнинг чиқиши билан таҳорат ҳам синади. Қон ҳам барча фақиҳлар иттифоқига кўра нажосатдир. Демак, унинг оқиши билан албатта таҳорат синмоғи лозим. Шундай экан, ҳанафий ва ҳанбалий мазҳаби фақиҳларининг қон оқиши билан таҳорат синади, деган ҳукмлари ва фатволари шариатга ва қиёсий мантиққа мос келади.

ХУЛОСА

Мақолага хулоса шуки, юқоридаги ҳадиси шарифлар ва ривоятларнинг айримлари саҳиҳ, бошқалари заиф бўлишига қарамасдан, улар умумий маънода ўзаро бир-бирини қувватлаб келади. Улар қоннинг тананинг бирор жойига оқиши таҳоратни синдиради, деган фиқҳий қарашнинг тўғрилигини кўрсатади. Қиёс ҳам шуни тақозо этади. Шунинг учун ҳам ҳанафий ва ҳанбалий мазҳаби олимлари уларга суянганлар ҳамда қон оқиши таҳоратни бузади, деб фатво бериб келганлар.

Бу масала кўпчилик саҳоба ва тобеинларнинг ҳам фиқҳий қарашларига мосдир. Юқорида исботлаб берганимиздек, аслида қоннинг бадандан чиқиб атрофга оқиши таҳоратни синдиради, фаразан синдиришида гумон қиладиганлар ҳам  таҳоратим синди деб, янгидан таҳорат олиб намоз ўқисалар нима зиён кўришади?! “Эҳтиёт сари ибодат аст!” – “Эҳтиёт ибодатлар бошидир!” ҳикматига кўра тананинг бирорта жойидан қон оқса, таҳоратни синади, деб ҳукм қилиш ва янгидан таҳорат олиш эҳтиёт саналади. Тасодифан, бемазҳаблар ва баъзи бошқа мазҳабларга амал қилувчилар айтганларидек таҳорат синмаган тақдирда, янгидан таҳорат олинса нур устига нур бўлиши ва улар икки карра савобга эга бўлишларида шак-шубҳа йўқ‑ку?! Шундай экан, бемазҳабларнинг жар солишлари ва фитна қилишлари хато бўлиб, ҳанафий ва ҳанбалий уламоларининг фиқҳий қарашлари тўғри бўлиб чиқадиган бўлса, бирор жойи қонаганида янгидан таҳорат олмасдан бемазҳабларнинг гапига кириб намоз ўқийверганларнинг ҳолига вой бўлишида ҳам шак-шубҳа йўқ! Шу айтилганларни эътиборга олиб, ота-боболаримиз ихлос билан амал қилиб келган, аввал-у охир сунний мусулмонларнинг мутлақ кўпчилиги эътиқод қиладиган, миллионлаб уламолар ҳақ деб билган минг йиллик мазҳабга суяниб иш тутган кишининг иши, қасам ичиб айтамизки, эҳтиётроқдир, афзалроқдир, хайрлироқдир.

Бугунги кунда дин душманлари томонидан ҳақ мазҳабларнинг томирларига болта уриш, уларнинг эътиқодий ва фиқҳий қарашларига таъна қилиб, мусулмонларни шубҳалар гирдобига солишга уриниш каби ҳаракатлар тизимли равишда намоён бўлмоқда. Афсуски, шу мақсад йўлида ҳар хил оқимдаги касларни ва бемазҳаб кишиларни ишга солиниши жуда ачинарлидир. Аслида, аҳли суннат ва жамоат тўртта фиқҳий мазҳабга бўлинади. Аҳли суннада ундан бошқа мазҳаб йўқ. Улар ҳанафийлар, шофеъийлар, моликийлар ва ҳанбалийлардир. Қон оқиши таҳоратни синдиради, деган фиқҳий қараш ҳанафийлар ва ҳанбалийларга тегишли. Шофеъийлар ва моликийлар қон оқса ҳам таҳорат синмайди, деган фиқҳий қарашга эга. Бироқ, бемазҳаблар мазкур мазҳабларни тан олмай, балки улардаги фикрларни бир-бирига қарама-қарши қўйиб, мазҳабларнинг фиқҳий манбаларига мурожаат қилмасдан оят ва ҳадислардан ўзларича тўғридан-тўғри ҳукм олиши натижасида минг йиллик мазҳабларга тил теккизиб, гўё уларни хатога чиқариб, анъанавий исломдаги мусулмонларнинг амалларини шубҳага солиб қўймоқдалар. Сиз ихлосли мусулмон сифатида динингиз ва шариатингизни шубҳага солиб қўйманг, минг йиллик мазҳабларнинг фиқҳий қарашларига амал қилаверинг. Динимизда янги чиққан оқимлар ва қарашлар эмас, қадимдан келаётган соф мазҳаблар, мусаффо ақидавий ва фиқҳий қарашларга амал қилинг. Тавфиқ эса Аллоҳ таолодандир!

Ҳамидуллоҳ Беруний,

Ботиржон Хўжазода.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...