ҲИЖРАТ ҲАҚИДА ҚИСҚА ВА ЛЎНДА

 

photo_2023-03-15_22-17-55Бундан олдинги «Ҳадислар шарҳи» асосида эълон қилинган мақолада таъкидланганидек, динимизни тўғри англашимиз диний атама ва истилоҳларни тўғри англашимизга боғлиқ. Бугун сиз азизларга «ҳижрат» сўзининг шаръий маъноси ҳақида қисқа ва лўнда тушунча беришга ҳаракат қиламиз. Зеро бу атама жуда кўпчиликка таниш бўлсада, унинг асл маъноси ва ҳукмини жуда ҳам озчилик билади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар:

“Муҳожир бу – Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни тарк этган киши”.

Шарҳ:

Ҳадисни имом Қудоъий ўз “Муснад”ида Абдуллоҳ ибн Амр ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумалардан ривоят қилган. Даражаси саҳиҳ. Шунингдек, имом Бухорий, Абу Довуд ва Насоъийлар Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бўлиб, уларда келтирилган лафз маъноси қуйидагича: “Муҳожир бу – Аллоҳ қайтарган нарсаларни тарк этган кишидир”.

Маъноси: ҳижрат аслида икки тур бўлиб, биринчиси ўз динига ошкора эътиқод қилишга кучи етмай қолганларнинг куфр диёридан ислом диёрига ватанларини тарк этиб кетишлари. Иккинчи ҳижрат эса ботиний ҳижрат бўлиб, бунда инсон Аллоҳ қайтарган ишларни тарк этади. Мана шу иккинчи тур ҳижрат иймон даражалари ичида энг олийси саналади. Шарҳу китоб аш-шиҳоб. 411 — ҳадис.

Юқоридаги ҳадис ва унинг шарҳидан ойдинлашадики, бугунги кунда баъзи ўзбекзабон интернет даъватчилари тарафдан “барчага ҳижрат фарз бўлди, ҳижрат қилмаганлар кофир бўлади, Шомга (сурия) ҳижрат қилинглар” каби кенг тарқатилаётган чақириқлар аслида шариатда белгиланган “ҳижрат”га, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати ва салафлар манҳажига мутлақо зид экан!

Ислом шариатига кўра, ҳижрат икки хил: зоҳирий ва ботиний. Зоҳирий ҳижратга қачонки инсон яшаб турган ватанида динини ошкор этишга кучи етмай қолар даражада қаршиликка учрасагина рухсат этилади. Ботинийси эса – аслида ҳижратнинг бу тури зоҳирийсидан ҳам олийроқ – Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан воз кечиб, ҳалоллик, поклик, беозорлик, суннат ва шариатга тобелик йўлига ўтмоқ бўлиб, у ҳамиша фарздир!

Биз юқорида тилга олган интернет даъватчилари эса, фарз ҳижрат қолиб, ҳатто ҳали рухсат даражасига ҳам етмаган, ўзларининг ҳаёлларидаги “ҳижрат”га даъват этишмоқда ва исломий тушунчалари тўла шаклланиб улгурмаган ёшларни алдаб йўлдан уришмоқда! Динни бузишмоқда! Эътиқодни бузишмоқда! Аллоҳ ва Расулига хиёнат қилишмоқда!

Андижон шаҳар «ҒИШТЛИ» жоме масжид имоми,

С.М.М. Ислом ўрта махсус билим юрти мударриси

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...