№12. Суннатни тирилтириш – Пайғамбар алайҳиссаломни севиш демакдир

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

«Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлган ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Росулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди», дея марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

(Эй Муҳаммад) «Агар Аллоҳни яхши кўрсаларингиз, менга эргашинглар, Аллоҳ сизларни яхши кўради ҳамда гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ мағфиратли, раҳмлидир», деб айт»ишга чақирилган Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафога саловат ва саломларимиз бўлсин!

Аллоҳ таоло башариятга ўз бандаси қандай бўлиши керак эканлигини пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали кўрсатиб бергандир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам том маънода комил банда, муккаммал инсон, саййидул муқтадо эдилар.

У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига висолга эришишимиз учун ўзларидан суннат деган «из» қолдирдилар. Демакки, мусулмон кишининг кундалик ҳаётида энг кўп аҳамият берадиган нарсаси Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қолдирган мана шу «из»ларига эргашишидир. Бу «из» эса Аллоҳ субаҳанаҳу ва таолонинг муҳаббатига етаклайди.

Бу ҳақда Ҳасан Басрий айтадилар: «Инсонларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатларининг аломати Росулининг суннатига эргашиш бўлди».

Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ эса: «Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатнинг аломати Унинг Ҳабиби солллаллоҳу алайҳи васалламга ахлоқларида-ю ишларида, буйруқлари-ю суннатларида эргашишдир» деб айтганлар.

Мусулмон кишининг Аллоҳ таолонинг наздидаги мартабаси Унинг Пайғамбарига эргашиши билан ўлчанади. У суннатни қанчалик кўп татбиқ этса, Аллоҳ таолонинг наздида шунчалик олиймақом ва мукаррам бўлади.

Суннатни маҳкам ушлаган киши ўзи учун диний ва дунёвий фойдаларга эришади. Шулардан биринчисига етадиган фойдалар қуйидагилардир:

— Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлади;

— фарзлардаги камчиликларнинг ўрнини тўлдиради;

— бидъатга берилиб кетишдан сақланади;

— Аллоҳ таолонинг шариатини улуғлаган бўлади.

Шу билан бирга суннатни ўз ҳаёти йўлига қўйган кишининг яшаш тарзи қулайлашади. Дарҳақиқат, суннат билан ҳаётимиз қулай, фаровон ва осуда кечади.

Ҳаром ишларни қилиш қийинлашиб, ҳалол ишларни қилиш енгиллашади.

Умуман олганда, инсоннинг жисми, руҳи, қалби пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан боғланишга нақадар мухтождир. Бу боғланиш эса Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари билан хулқланиб, уларнинг суннатларини ҳаётга татбиқ қилиш орқали бўлади.

Биз мусулмон уммати учун энг маҳбуб инсон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлиб, У зотга бўлган муҳаббатимиз оддийгина баланд парвоз ҳиссиёт бўлиб қолиши керак эмас. Бу муҳаббат бизнинг ҳаёт тарзимизга айланиши лозим. Тун-у кун пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан боғлиқликни қалбимиз билан ҳис қилган ҳолда уларнинг суннатларига амал қилишимиз лозим. Чунки киши ҳамма вақт Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қалбан бирга эканлигини ҳис қилса суннатни ҳаётга татбиқ қилиши осон кечади.

Бугунги кунга келиб ҳаётимизда бутун борлиғимиз билан мухтож бўлган суннатлар тушиб қоляпти. Хусусан, жамиятимиз тинчлиги, аҳил-иноқлигини таъминловчи инсонларнинг ўзаро муомаласидаги амал қилиниши лозим бўлган бир қатор суннати саниялар йўқолиб бормоқда. Қуйида уларнинг баъзилари билан баҳолиқудрат танишиб чиқамиз.

Инсонларга йўлиққандаги суннатлар:

1. Энг аввал салом бериш.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Энг яши мусулмончилик қайси?» деб сўралди. Шунда У зот «Таом улашишинг ҳамда таниган-танимаганингга салом беришинг», дедилар. Бухорий ва Муслим ривоятлари.

2. Кўришган киши билан хайрлашаётганда ҳам салом бериш.

Абу Довуд ва Термизий келтирган ривоятларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Сизлардан бирортангиз бир мажлисга келса, салом берсин, қайтмоқчи бўлса, яна салом берсин. Биринчи салом иккинчисидан ҳақли эмас». Яъни, иккинчи саломнинг аҳамияти биринчиникидан кам эмас.

Мусулмон киши бир кун мобайнида уйга кириб-чиқишида, йиғинларда, кўча-кўйда, иш жойида, телефондаги мулоқот ва ҳоказоларда ушбу суннатга неча марта рўбарў бўлади? У ҳар доим мазкур суннатга амал қилиб юрса, бир куннинг ўзида ўнлаб суннатга амал қилаётган, юзлаб савобларга эга бўлаётган бўлади. Агар аксинча бўлса, шунча суннатни тушириб қўяётган ва шунча савобдан маҳрум бўлаётган бўлади.

3. Табассум билан рўбарў бўлиш.

Термизий келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу дедилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан зиёда табассум қиладиган бир зотни кўрмадим. Яъни, кулишларидан табассумлари зиёда эди, ёки ўзлари нақадар ғамда бўлсалар ҳам, саҳобаларга табассум билан мулоқот этар эдилар».

Ҳа, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай Зот эдилар!

Ўзлари дин, охират, умматнинг ғамида бўлсалар ҳам сира атрофидагилардан табассумларини аямаганлар.

Бизни ҳолимизчи? Маиший, ижтимоий арзимас нарсаларга асабийлашиб, жаҳлимизни атрофимиздагиларга сочамиз. Наҳотки, бизнинг бир чақалик арзимас ўткинчи ғам-қайғуларимиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғамларидан устун бўлса! Йўқ, асло! Шундай экан инсонларга табассум билан хушмуомала бўлайлик. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Яхши амалдан бирор нарсани арзимас санама, ҳатто бир биродарингга очиқ чеҳра билан йўлиқишни ҳам». Муслим ривояти.

4. Икки қўл билан кўришиш.

«Икки мусулмон бир-бирларига йўлиқиб, қўл бериб кўришар экан, улар ҳали ажралмай туриб, албатта, уларнинг гуноҳлари мағфират қилинади». Абу Довуд, Термизий ва ибн Можалар ривоят қилганлар.

Шундай экан, биз ҳар бир инсон билан унга салом бериб, табассум қилган ҳолда, икки қўл билан кўришар эканмиз, шу лаҳзанинг ўзида учта суннатни бажариб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан боғланаётган бўламиз.

5. Гўзал сўз.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) бандаларимга дегинки, энг гўзал нарсани айтсинлар. Албатта, шайтон уларнинг ораларини бузар. Албатта, шайтон инсонга очиқ-ойдин душмандир». Исро сураси, 53-оят.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Яхши сўз садақадир». Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Яхши сўзлар деганда зикр, дуо, салом-алик, чиройли хулқлар, яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш каби хайрли сўзлар тушунилади.

Имом Термизий ўзларининг «Шамоили Муҳаммадия» номли асарларида пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлашлари ҳақида қуйидаги ҳадисни келтирганлар:

«Имом Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумо дедилар: Мен ўз тоғам Хинд ибн Аби Ҳола розияллоҳу анҳудан сўрадим: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай сўзлар эдилар? Менга баён қилинг. Тоғам дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доим охират ғамида машғул эдилар. Ҳамиша уммат фикрида бўлардилар. Шунинг учун у зотда ором ва роҳат деган нарса бўлмас эди. Аксари, хомуш юрар эдилар. Ҳожати йўқ сўзларни гапирмас эдилар, ва сўзларини Аллоҳ номи билан бошлаб, Аллоҳ номи билан тамом қилар эдилар. Сўзласалар, бутун оғизлари билан сўзлар эдилар. Лабларининг учи билан сўзлаб қўя қолмас эдилар. Сўзларининг лафзлари оз, маънолари кўп бўлар эди. Сўзлари бир-биридан ажралган бўлар эди. На унда хожатдан зиёда алфоз ва на камчилик бўлар эди. Ўзлари тез мижоз ва бошқани хор қиладиган зот эмас эдилар. Неъмат қанчалик ҳақир бўлсин, уни хурмат қилар эдилар. Уни ёмон демас эдилар. Мисол учун, бир таомни на мазаммат ва на мадҳ қилар эдилар. Дунё ё дунёвий нарсалар учун ҳаргиз ғазаблари келмас эди. Яъни, дунёни хеч бир нарса санамас эдилар, балки, қачон бир киши ҳақдан тажовуз қилса, у ҳолда ғазабларини хеч бир нарса босолмас эди. Ундан интиқом олмай қўймас эдилар. Ўз жонлари учун бир кишидан хафа ҳам бўлмас эдилар ва интиқом ҳам олмас эдилар. Қачон бир тарафга ишора қилмоқчи бўлсалар, бармоқлари билан эмас, балки, бутун кафтлари билан ишора қилар эдилар. Қачон бир нарсадан таажжуб қилсалар, кафтларининг орқасини кўрсатар эдилар. Қачон сўз қилсалар, гоҳо-гоҳо кафтларини қимирлатар эдилар. Гоҳо ўнг кафтларини чап бош бармоқларининг ичига урар эдилар ва қачон ғазаблари келса, юзларини ўгирар ва беилтифотлик кўрсатар эдилар ё афв этар эдилар. Қачон хуш бўлсалар, хаёдан муборак кўзларин юмган каби кўринур эдилар. Аксари, кулишлари беовоз, табассум эди. Кулсалар муборак тишларининг доналари дур каби оқ ва жилвалик кўринар эди. Соллаллоҳу алайҳи васаллам».

Биз — мусулмонларнинг асосий мусибатимиз шундан иборатки, биз суннатдан кўра мол — дунёни кўпроқ улуғлайдиган бўлиб қолганмиз. Фараз қилайлик, агар «Ким бир суннатга амал қилса, унга мана шунча маблағ берилади», дейилса, одамларнинг эртаю кеч ҳар қандай ҳолатда суннатга амал қилаётганларини кўрар эдик. Кошкийди, ана шундай ваъда эвазига амал қилинган суннат кетидан эришилган мол — мулк қабрга қўйилиб, устимизга тупроқ тортилгандан сўнг бирор фойда берса. «Балки сизлар ҳаёти дунёни ортиқ кўрасизлар. Ваҳоланки охират яхшироқ ва боқийроқдир». (Аъло сураси, 16 — 17-оятлар)

Аллоҳдан бизларга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан ҳаёт кечириш ҳамда вафот этишни, охиратда эса у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишни насиб этишини сўраб қоламиз.

Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Одил Раҳимов тайёрлади.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...