Шариатимизда ўзаро бир-бирига бегона чақалоқлар икки ёшигача битта онани бир марта бўлса-да эмган бўлса, иккиси насабдагидек ака-сингил бўлиб қолишади. Яъни, улар ўзаро маҳрам бўлиб, бир-бирларига никоҳи ҳам абадий ҳаром бўлади. Худди туғишган ака-сингил бирга турмуш қургандек ҳаром. Бу “Қуръон”нинг қатъий ҳукми ҳисобланади:
حُرِّمَتْ عَلَيْكُمْ… وَأُمَّهَاتُكُمُ اللَّاتِي أَرْضَعْنَكُمْ وَأَخَوَاتُكُمْ مِنَ الرَّضَاعَةِ…
“Сизларга (никоҳи) ҳаром қилинган (аёл)лар – бу,… эмизган “она”ларингиз, эмишган “опа-сингил”ларингиз…” (Нисо, 23).
Бу масалани кўпчилик билади. Лекин, ўрис ҳукмронлик даврида, кейинчалик мустақиллик даврида ҳам, ҳатто ҳозир ҳам туғруқхоналарда ёки уйларда ёш келинлар билар-билмас ёки эътиборсизлик туфайли, кўнгилчанлик қилиб бегоналарни эмизиб қўйган ҳолатлар бор. Шариатда бегонани эмизганда эридан рухсат олишга тавсия берилган. Тўғри, ўта зарурат пайти шариат эмизишга рухсат беради. Фиқҳий манбаларда эрининг изнисиз бировни эмизишнинг макруҳ экани қайд қилинган. Бунинг сабаби, ўша эмизган чақалоқнинг кимлигини билиб, эсда сақлаб қолиш ҳисобланади. Токи чақалоқлар орасида маҳрамлик ҳосил бўлгани боис кейинчалик улар бирга турмуш қуриб қўймасликларининг олдини олиш назарда тутилган. “Фатовойи Валволижия”да бундай дейилган:
وَالْوَاجِبُ عَلَى النِّسَاءِ أَنْ لَا يُرْضِعْنَ كُلَّ صَبِيٍّ مِنْ غَيْرِ ضَرُورَةٍ فَإِنْ فَعَلْنَ فَلْيَحْفَظْنَ وَلِيَتَثَبَّتْنَ إِحْتِيَاطًا
“Хотинларга вожиб шуки, ҳар хил бегона болаларни заруратсиз асло эмизмасин. Агар бу ишни қиладиган бўлса, албатта, унинг кимлигини эсида сақлаб қолсин ёки эҳтиёт юзасидан уни ёзиб қўйсин” (Заҳириддин Абдуррашид ал-Валволижий. ал-Фатово Валволижия. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 364).
Агар эмизувчи унутган бўлса, эслаб қолмаган ёки ёзиб қўймаган бўлса, энди нима қилади? Бу ҳақида фиқҳий китобларда бундай дейилган:
وَفِي الْخَانِيَّةِ صَبِيَّةٌ أَرْضَعَهَا قَوْمٌ كَثِيرٌ مِنْ أَهْلِ قَرْيَةٍ أَقَلُّهُمْ أَوْ أَكْثَرُهُمْ وَلَا يَدْرِي مَنْ أَرْضَعَهَا وَأَرَادَ وَاحِدٌ مِنْ أَهْلِ تِلْكَ الْقَرْيَةِ أَنْ يَتَزَوَّجَهَا قَالَ أَبُو الْقَاسِمِ الصَّفَّارُ إذَا لَمْ يَظْهَرْ لَهُ عَلَامَةٌ وَلَا يَشْهَدْ لَهُ بِذَلِكَ يَجُوزُ نِكَاحُهَا
“Хония”да келтирилганки, бир гўдак қизалоқни қишлоқдаги кўп (бир нечта) ёки оз (бир нафар) аёллар эмизган. Уни ким эмизгани номаълум. Бу қишлоқ аҳлидан биров унга уйланишни хоҳласа, нима қилади? Абулқосим ас-Саффор раҳимаҳуллоҳ: “Агар бунинг бирон бир белгиси бўлмаса, айнан уни эмизганига ҳеч бир гувоҳ бўлмаса, унинг никоҳи жоиз бўлади”, деганлар” (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Ал-Баҳр ар-роиқ. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1997. – Б. 387).
Бироқ, ҳаётда ҳамиша рисоладагидек бўлавермас экан. Бегоналар эмизиб қўйилган, кейинчалик бирга эмишган йигит-қиз бир-бирини ёқтириб қолган, ҳатто, афсуски, улар бирга турмуш қурган ҳолатлар чиқиб турибди. Турмуш қурилган ва ҳатто бир неча болалик бўлганда уларнинг эмикдош эканини кимдир эслаб қолаяпти. Уларни эмизган онанинг ўзи бунга иқрор бўлаяпти ёки кимдир келиб, “Сизларни онангиз эмизган эди” деб эмикдошлик ҳақида гувоҳлик бераяпти. Бу ҳолатда нима қилинади? Гап шу ҳақида:
Шариатга кўра, агар эмикдошлик ҳақиқатдан ҳам ўз исботини топса, эр-хотин абадий ажралади. Ораларида фарзанд бўлган бўлса, фарзандни боқиш ва тарбиялаш эрнинг зиммасига юклатилади. Шариатимизнинг ҳукми шу. Энди, бу қачон исботини топади?
Ҳанафий мазҳабининг улуғ фақиҳларидан бири, “Имомлар қуёши” фахрий унвонга эга олим Шамс ал-аимма ас-Сарахсий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Мабсут” асарларида қуйидагилар айтилган:
وَلَا يَجُوزُ شَهَادَةُ امْرَأَةٍ وَاحِدَةٍ عَلَى الرَّضَاعِ أَجْنَبِيَّةً كَانَتْ أَوْ أُمَّ أَحَدِ الزَّوْجَيْنِ، وَلَا يُفَرَّقُ بَيْنَهُمَا بِقَوْلِهَا، وَيَسَعُهُ الْمُقَامُ مَعَهَا حَتَّى يَشْهَدَ عَلَى ذَلِكَ رَجُلَانِ أَوْ رَجُلٌ وَامْرَأَتَانِ عُدُولٌ، وَهَذَا عِنْدَنَا
“Эмикдошликда бир хотиннинг гувоҳлиги жоиз бўлмайди. Хоҳ у бегона аёл бўлсин, хоҳ эр-хотиннинг бирининг онаси бўлсин. Унинг гапи билан эр-хотиннинг ораси ажратилмайди, уларга бирга яшаш жоиз бўлади. Токи бунга икки эркак ёки бир эркак ва адолатли икки аёл гувоҳлик бермагунча. Бу бизнинг мазҳабимиздадир” (Шамсиддин ас-Сарахсий. Ал-Мабсут. 5жилд. – Байрут: Дор ал-Фикр, 2000. – Б. 124).
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ эмикдошлик бўлганини исботлаш учун эркаклар эмас, роппа-роса тўрт аёл гувоҳлик бериши керак, деганлар. Чунки эмизганликни одатда эркаклар кўрмайди. Бироқ, бизнинг мазҳабимиз уламолари бегонани эмизишлик ўз-ўзидан содир бўлавермайди, ундан хотиннинг эри ёки боланинг отаси хабардор бўлиши ёки туғруқхонадаги эркак шифокорлар хабар топиши мумкин, шунинг учун эмикдошликка эркак кишининг ҳам гувоҳлик бериши шарт, деганлар.
Демак, йиллар ўтиб кетган, чақалоқлар улғайиб, балоғатга ҳам етиб, эр-хотин ҳам бўлиб, уларнинг тўйи бўлаётганида эса ҳеч гап чиқмаган, кейин бирга турмуш қурганларига бир неча йиллар бўлган ва ҳатто бир неча фарзандлик бўлганларидан кейин улар ўзаро эмикдош экани борасида гап чиқса, албатта уни исботлаш лозим бўлади. Ўз-ўзидан уларнинг оралари ажратиб юборилмайди. Эмикдошлик исботи эса камида бир эркак ва икки хотиннинг гувоҳлиги билан содир бўлади. Акс ҳолда, у ўз исботини топмаган ҳисобланади.
Шу ерда битта ҳадиси шариф ўртага чиқади. У “Саҳиҳи Бухорий”да Уқба ибн ал-Ҳорис разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Бир қора хотин келиб, уни ва хотинини – эр-хотинни эмизганини айтади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар беришади. Аввалига уларнинг гапларига эътибор бермаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ахири кулиб туриб: كَيْفَ وَقَدْ قِيلَ – “Қандай ажралмай бирга яшайверасан?! Гап айтилиб бўлди-ку?!” дейдилар (Бухорий, 3/2052). Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу гаплари тавсия ўлароқ айтилган эди, асло шаръий ва қатъий ҳукм эмас эди. Шунинг учун ҳам, у зот уларнинг гапларига икки бор қулоқ осмай, юз ўгирган эдилар (Ибн Ҳиббон, 10/4217; Табароний, 17/974).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кейинчалик эрнинг қалбида шак-шубҳа қолиши ва хаёли бундан паришон бўлишини билиб, “Аёлнинг ёлғон айтганини қаердан биласан? Балки рост айтаётгандир, хотинингни қўйгин” дея, уларни ажралишларига рухсат берган эдилар, у ажрим бўйича қатъий ҳукм эмасди. Чунки шак-шубҳалар гирдобидаги оилани сақлаб қолишни кўнгилга топширган маъқул. Унинг бир тавсия эканини, асло қатъий ҳукм эмаслигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алаайҳи ва салламнинг табассумларидан ва аввалига икки марта унинг гапларига қулоқ осмаганларидан биламиз. Шунинг учун, айни хилдаги ҳолатда Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳуга мурожаат қилинганда, у зот шариатнинг бу борадаги қатъий ҳукмини айтганлар:
أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ أُتِىَ فِى امْرَأَةٍ شَهِدَتْ عَلَى رَجُلٍ وَامْرَأَتِهِ أَنَّهَا أَرْضَعَتْهُمَا فَقَالَ: لاَ حَتَّى يَشْهَدَ رَجُلاَنِ أَوْ رَجُلٌ وَامْرَأَتَانِ
“Албатта, Умар ибн ал-Хаттоб разийаллоҳу анҳуга бир хотиннинг масаласи айтилди. У эр-хотинни эмизганлиги ҳақида гувоҳлик берган экан. Шунда, у зот: “Ажрим бўлмайди, ҳатто икки эркак ёки бир эркак ва икки хотин гувоҳлик бермагунча” деганлар” (Байҳақий, 2/16091).
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ҳам: لَا تَجُوزُ فِي الرَّضَاعِ شَهَادَةُ امْرَأَةٍ وَاحِدَةٍ – “Эмикдошлик масаласида битта хотиннинг гувоҳлиги кифоя қилмайди”, деганлар (Абдурраззоқ, 8/15445). Мазкур буюк тобеъин олимининг фатвосига кейинчалик ҳанафийлар амал қилишган.
ХУЛОСА шуки, аввало бир онани бир марта бўлса-да икки ёшгача эмган икки чақалоқ эмикдош ҳисобланиб, насабда ака-сингил бўлгани каби “ака-сингил” бўлиб қоладилар. Улар абадий маҳрам бўлиб, никоҳлари бир-бирларига абадий ҳаром бўлади. Аввал эмизиб қўйилган чақалоқлар кун келиб, катта бўлгандан кейин беэътиборлик туфайли ёки билмаганлик сабабли ўзаро никоҳ қилишган бўлса ва кейинчалик бу билиб қолинса, вазиятга қаралади. Шариатга кўра, эмизганлик ўз исботини топса, эр-хотин ораси ажратилади, фарзандларни боқиш ва тарбиялаш эрнинг зиммасига юклатилади. Агар эмишганлик шариатга кўра икки эркак ёки бир эркак ва икки аёлнинг гувоҳлиги билан ўз исботини топмаса, эр-хотин ораси ажратилмайди. Шунда ҳам, мабодо, эр-хотиннинг кўнгиллари бўлмай, ажралсалар – бу ўзларининг ихтиёри.
Ёш келинлар ва янги туққан оналар эътиборли бўлишлари, ҳар кимни эмизавермаслиги, эмизмоқчи бўлсалар, эрларидан рухсат олишлари ва кимни эмизганлигини аниқ билиб, эсларида сақлаб қўйишлари лозимлигини яна бир бор эслатиб қўямиз.
Аллоҳ таоло шариатга амал қилиб покиза турмуш қуришни ва Парвардигори олам рози бўладиган тарзда ҳаёт кечиришни ҳар бир муслим ва муслимага насиб қилсин!
Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

