ЖУМА НАМОЗИДАН КЕЙИНГИ СУННАТ

molitva-dzhamaat-namazСАВОЛ: Баъзи одамларнинг жумъанинг фарзи ўқилгандан сўнг унинг тўрт ракъат суннатини ўқимасдан чиқиб кетаётганларини кўриб қоламиз. Жумъадан кейинги суннат намозини ўқиш ҳақида ҳадиси шарифларда саҳиҳ ривоятлар келганми? Келган бўлса, нимага улар чиқиб кетадилар?

ЖАВОБ: Яхшиликка интилганда, бирор ишни қилганда баъзиларга эмас, балки, кўпчиликка қараб амал қилинади. Хусусан, бу нарса шаръий амаллар бўлса. Асрлар давомида ота-боболаримиз жумъадан кейинги тўрт ракъатни суннат, деб қолдирмай ўқиб келишмоқда. Ҳозирда ҳам миллионлаб мусулмон биродарларимиз жумъадан кейин дарҳол ўша суннат намозини ўқиб олишади. Демак, суннат дейилгандан сўнг шуни қилиш керак. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор марта ўқимаганлиги ривоят қилинган бўлса ҳам, уни биз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматлари учун ўқиб олишимиз, токи, ул зотнинг шафоатларига муяссар бўлиш учун имконият ҳосил қилишимиз даркор.

Бизнинг мазҳабимизнинг фиқҳий матн китобларининг барчасида “Жумъадан олдин ҳам, кейин ҳам бир салом билан тўрт ракъат намоз ўқиш суннатдир” деган ибора қатъий тарзда ёзиб қўйилган.

Аслида, жумъадан кейин ҳам тўрт ракъат намоз ўқиб олишга Пайғамбаримиз алайҳиссалом бизни тарғиб қилганлар. Жумладан, “Сиҳҳоҳи ситта”дан “Саҳиҳи Бухорий”дан бошқасида Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай буюрганлар:

اذا صليتم بعد الجمعة فصلوا اربعا فان عجّل بك شئ فصلّ ركعتين فى المسجد وركعتين اذا رجعت

“Қачон жумъадан сўнг намоз ўқимоқчи бўлсангизлар, бас, тўрт ракъат ўқинглар. Агар бирор нарса сени шошилтирса, бас, масжидда икки ракъат ва (уйга) қайтганингда икки ракъат намоз ўқигин!”

Мазкур ҳадиси шарифдан жумъадан сўнг тўрт ракъат намоз ўқишнинг таъкидланган суннатлиги чиқмоқда. Шунингдек, ўша тўрт ракъат намозни масжидда ўқишга ҳам ишора қилинмоқда. Агар бирорта кимса шошилаётган бўлса, у ҳеч бўмаганда масжидда икки ракъат ўқиши, уйига борганидан сўнг қолган икки ракъатини ўқиб олиши ҳам буюрилмоқда. Яъни, ўша аслан тўрт ракъат бўлган суннатни шошилган тақдирда ҳам қолдириб бўлмаслигини ўқувчилар англаган бўлса керак. Яна ҳадиси шарифдан шу нарса англанмоқдаки, жумъанинг суннатини жумъа ўқиганларнинг ҳаммаси ўқиши лозим, фақат шошилаётганлар бундан истисно қилинди, яъни, шошилган кимса шу тўрт ракъатни масжидда ва уйида бўлиб ўқийди.

Имом Муслим ҳазратлари яна Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан мана бу ҳадисни ривоят қилганлар:

من كان منكم مصليا بعد الجمعة فليصلّ اربعا

“Сизлардан кимки жумъадан кейин намоз ўқимоқчи бўлса, бас, тўрт ракъат ўқисин!”

Демак, жумъанинг фарзидан сўнг суннат намози ўқимоқчи бўлганларга тўрт ракъат ўқиш тавсия қилинмоқда. Ҳатто мазҳабимизнинг пешволаридан бири Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи жумъадан сўнг олти ракъат суннат ўқишни тавсия қилганлар. Чунки, Имом Абу Довуд ҳазратларининг ривоятларига кўра, машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу Маккага келганларида олти ракъат намоз ўқиганлар. Мадинада эса уйларига кетиб, икки ракъат ўқир эканлар. Бу ҳақда ул зотдан сўралганда, Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганликларини, зикр қилганлар.

Ушбу ривоятлардан кўриниб турибдики, жумъанинг кейинги суннатини ҳаргиз қолдириб бўлмайди. Пайғамбарини севган одам шундай қилади!

Энди, кези келганда, жумъанинг фарзидан олдин ўқиладиган суннат намози ҳақида ҳам айтиб ўтсак. Бу ҳам таъкидланган суннатлар жумласига киради. Маълуму машҳур саҳобий Ибн Аббос разийаллоҳу анҳунинг айтишига қараганда, Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жумъадан аввал орасини ажратмасдан тўрт ракъат намоз ўқиб олар эканлар. Бу ҳадисни Ибн Можжа ҳазратлари Бишр ибн Убайд разийаллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилган. Бу гапни Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳам тасдиқлаган. Имом Табароний ҳазратлари ривоятига кўра, жумъадан аввалги тўрт ракъат намоз бир салом билан (яъни, икки ракъатдан ажратилмасдан) бўлган.

Юқоридаги тақриротлардан шу нарса маълум бўлмоқдаки, мазҳабимизнинг фиқҳий китобларида келган: “Жумъанинг фарзидан аввал ҳам, кейин ҳам тўрт ракъат намоз суннатдир”, дейилган фатво саҳиҳ ҳадиси шарифларга суяниб чиқарилган! Валлоҳу аъламу бис-савоб!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *