Мардикорни ишлатиб, эвазига шу иши маҳсулидан ишҳақи бериш

Lotin alifbosida

Мардикорни ишлатиб, эвазига шу иши маҳсулидан бир қисмини ишҳақи сифатида беришнинг шаръий ҳукми

Ҳанафий ва шофиъий фақиҳларининг фатволарига кўра, мардикор томонидан бажариладиган ишнинг маҳсулидан шу мардикорга ишҳақи тўланишини шарт қилиш шаръан нодуруст ҳисобланади. Буни ислом фиқҳий манбаларида «Тегирмончининг паймонаси» масаласи, («Масъалат қафиз ат-таҳҳон») деб номланган. Масалан, бир кимса тегирмончига бир қоп буғдой олиб бориб, шуни ун қилиб беришини, буғдойни ун қилгани учун унинг ҳаққини мана шу ундан бир паймона (аниқроғи, маълум бир миқдор) ҳақ беришни келишиб ишлатса, бу шаръан жоиз бўлмайди. Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳ каби таниқли тобеъин ҳам бу хилдаги мардикорчиликни жоиз бўлмайди, деган қарашда бўлган.
Мардикорни ишлатиб, унга ўзи ишлаган ишнинг маҳсулидан бир қисмини ишҳақи сифатида бериш мумкин эмаслигининг сабаби оқибат тушунмовчилик, алдов, ғаразли мақсад ва ички норизоликнинг юзага келиши мумкинлигидир. Масалан, тегирмончининг ўзи торган ундан унга ишҳақи бериш келишилса, у ундан кўпроқ олиш мақсадида унга кепак қўшиб ёки нави ёхуд сифатини ўзгартириб, уни кўпайтиришга ҳаракат қилиши эҳтимоли мавжуд. Маҳсулотнинг ҳақиқий бозор нархи борасида ҳам келишмовчилик ёки ички норозилик юзага келиши мумкин.

Ҳанафийликнинг энг эътиборли фиқҳий манбаси бўлмиш «Мухтасар ал-Виқоя»да қуйидагича қайд қилинган: ولا اجارة الرحى ببعض دقيقه و نحوه – «Тегирмоннинг ижараси уннинг баъзи қисми ёки шунга ўхшашидан берилмайди» (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 107).

Абу Бакр ал-Косоний раҳимаҳуллоҳ «Бадойеъ ус-санойеъ» асарида ижаранинг саҳиҳ бўлиши шартлари борасида қуйидагича ёзади:

و منها ان لا ينتفع الأجير بعمله فان كان ينتفع به لم يجز لانه حينئذ يكون عاملا لنفسه فلا يستحق الاجر … فينتفع الاجير بعمله فلا يستحق الاجر و على هذا يخرج ما اذا استأجر رجلا ليطحن له قفيزا من حنطة بربع من دقيقها او ليعصر له قفيزا من سمسم بجزء معلوم من دهنه انه لا يجوز لان الاجير ينتفع بعمله من الطحن و العصر فيكون عاملا لنفسه

«Ушбу шартлардан бири, мардикор ўз иши маҳсулидан фойдалана олмасин. Агар фойда оладиган бўлса, ижара жоиз бўлмайди. Чунки, бу ҳолатда ўзи учун ишлаган бўлиб қолади. Бунда ҳаққа мустаҳиқ бўлмайди. Демак, мардикор ўзи ишлаган ишдан манфаат оладиган бўлса, ҳаққа мустаҳиқ бўла олмайди. Шунга кўра, қуйидаги масала саҳиҳ ижарадан чиқарилади: бир кимсани ун тортиб беришга ёлласа, унга буғдой унининг тўртдан биридан бир паймона беришга келишилса ёки кунжутни ёғ қилиб сиқишга ёлласа-ю, унга ёғнинг маълум бир қисмини беришга келишилса, булар жоиз бўлмайди. Чунки, мардикор тортиш ва сиқишда ўз ишидан фойда олган бўлиб чиқади, бу эса ўзига-ўзи ишлаган бўлиб қолади» (Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ас-санойеъ фий тартиб аш-шаройеъ. 4-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, (йили кўрсатилмаган). – Б. 192).

«Дурр ул-мухтор» ва унинг ҳошия-шарҳи «Радд ул-муҳтор»да қуйидагилар ёзилган:

و لو دفع غزلا لآخر لينسجه بنصفه اى بنصف الغزل او استأجر بغلا ليحمل طعامه ببعضه او ثورا ليطحن برّه ببعض دقيقه فسدت فى الكل لانه استأجره بجزء من عمله

«Агар бошқа бировга ипнинг ярмини беришга келишиб ип йигиришни топширса, ёки эшаги билан таом ташиб беришга, шу ташилган таомдан баъзисини олиш шарти билан ёлласа ёки ҳўкизда буғдойини ун қилиб беришга, шу тортилган уннинг баъзисини олиш шарти билан қилса, буларнинг ҳаммаси фосид – бузуқ ижара бўлади. Чунки, буларнинг ҳаммасида ўзи ишлаган ишнинг бир қисмини ижарага олган бўлади» (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор ъла Дурру ал-мухтор. 9-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 78-79).

Шофиъий мазҳаб олимларидан Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Равзат ут-толибин» асарида қуйидагиларни ёзади:

لا يجوز ان يجعل الأجرة شيئا يحصل بعمل الاجير كما لو استأجر السلاخ ليسلخ الشاة بجلدها او الطحان ليطحن الحنطة بثلث دقيقها او قاطف الثمار بجزء منها بعد القطاف او لينسج الثوب بنصفه فكل هذا فاسد

«Мардикорнинг амали билан ҳосил бўладиган нарса билан ҳақ тўланиши жоиз бўлмайди. Чунончи, қассобни қўйни теридан чиқаришга шу тери эвазига ёлланса; тегирмончини буғдойни ун қилишга шу уннинг учдан бири эвазига ёлланса; мева терувчини шу терилган меванинг бир қисми эвазига ёлланса; кийим тўқувчини шу тўқилган кийимнинг ярми эвазига ижарага олинса – буларнинг ҳаммаси фосиддир!» (Абу Закариё Яҳё ибн Шараф ан-Нававий. Равзат ат-толибин. 4-жилд. – Риёз: Дору олам ал-кутуб, 2003. – Б. 251).

Фақиҳларнинг юқоридаги фатволарига сабаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан айтилган кўрсатмадир. Имом ад-Дорақутний раҳимаҳуллоҳ ва Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг суннат тўпламларида қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қилганлар:

عن ابى سعيد الخدرى رضى الله عنه قال نهى عن عسيب الفحل زاد عبيد الله و عن قفيز الطحان

«Ҳайвон қочирганга ҳақ олишдан қайтарилди. Ровийлардан Убайдуллоҳ: «Яна тегирмончи тортган унидан паймона олишдан қайтарилди», деган гапни зиёда қилди» (Дорақутний, 3/195; Байҳақий, 5/339).

Шунингдек, ушбу ҳадисни Абу Яъло раҳимаҳуллоҳ ўз муснадида ҳамда ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ «Мушкил ал-асор» асарида ҳам ривоят қилганлар (Абу Яъло, 2/1024; Таҳовий, 2/607).

Мазкур ҳадиси шарифнинг исноди борасида Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ «Талхис ал-ҳабир»да қуйидагиларни ёзиб қолдирган: «Иснодда Ҳишом Абу Кулайб бор. У Ибн Абу Нуаймдан, у эса Абу Саид разийаллоҳу анҳудан қилган ривояти танилган эмас. Уни Ибн ал-Қаттон раҳимаҳуллоҳ ва аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ айтганлар. Ва «Унинг ҳадиси инкор қилинган», деб зиёда ҳам қилган. Муғлатоий раҳимаҳуллоҳ эса уни ишончли ровий деган. Демак, ишонч билдирган кимсаларга қаралади. Сўнг унинг номини мен Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳнинг ишончли ровийлар ҳақидаги китобида топдим» (Талхис ал-ҳабир. 3/60; 1286-ҳадис).

Бироқ, мазкур ҳадис иснодининг мадори Ҳишом Абу Кулайб раҳимаҳуллоҳ билан чекланган эмаслигини таъкидлаш керак. Ато ибн ас-Соиб раҳимаҳуллоҳ томонидан ҳам ушбу ҳадис ривоят қилинган. Унинг “мутобеъ”сини Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Мушкил ал-асор» асарида Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳ “тариқ”идан ривоят қилганлар:

عن النبى صلى الله عليه و سلم انه نهى عن عسب التيس و كسب الحجّام و قفيز الطحان

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилиндики, ул зоти шариф ҳайвон қочирганга ҳақ олишдан, қон олдириш касби билан шуғулланишдан ва тегирмонга ўзи тортган унидан паймона олишдан қайтардилар» (Таҳовий, 2/606).

Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ бунинг санадини «жаййид», деб тавсифлаганлар (Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. Эъло ус-сунан. 15-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 2002. – Б. 7457).

Ушбу “мутобеъ”ни Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ «Иттиҳоф ал-хийарат ал-маҳара» асарида Холид ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ “тариқ”ида зикр қилган («Иттиҳоф ал-хийарат ал-маҳара», 3/2850). Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ «ал-Матолиб ал-олия» асарида эса ушбу “тариқ”ни «мурсал-ҳасан», деган («ал-Матолиб ал-олия», 1/1407).

Хуллас, мазкур ҳадиси шариф билан ҳужжатланиш жоиз. Мардикорга ўзи томонидан бажариладиган ишнинг маҳсулидан ишҳақи тўланишининг макруҳ эканлигини бошқа ҳадиси шариф ҳам қувватлайди. Ушбу масалага биноан қассобга сўйдирилган жонлиқ гўштидан сўйганлик ҳаққи берилмайди. Имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда айтилишича, қаҳратон қиш кунларидан бирида Умар ибн ал-Хаттоб разийаллоҳу анҳу, Амр ибн ал-Осс разийаллоҳу анҳу, Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ разийаллоҳу анҳу ва Авф ибн Молик разийаллоҳу анҳу каби буюк саҳобалар ҳамроҳ бўлган сафарда бир қишлоқдан ўтаётганларида, қишлоқ аҳолиси уларга туя сўйдириб қолишни хоҳлашади. Авф ибн Молик разийаллоҳу анҳу уларга: «Туяни сўйиб, гўштларини майдалаб бераман, хизмат ҳаққи эвазига бизга ҳам гўштдан берасизлар!», дейди-да, уларнинг туясини сўйиб берадилар. Унинг туяни сўйиб, гўштини чиройли қилиб майдалаб берганидан сўнг, унга ишҳақи сифатида ўша сўйилган гўштдан беришади. Ушбу гўшт пишириб олиб келтирилганда, Умар ибн ал-Хаттоб разийаллоҳу анҳу унинг қаердан келганини суриштиради. Авф ибн Молик разийаллоҳу анҳу воқеани гапириб берадилар. Шунда Умар ибн ал-Хаттоб разийаллоҳу анҳу ҳам, Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ разийаллоҳу анҳу ҳам гўшт ейишдан бош тортадилар. Гўштни туя эгаларига олиб бориб берадилар. Кейинчалик Макка фатҳи кунларида шу воқеани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана ўша қассобга келишилган шарт бекор бўлгани боис энди ҳеч нарса берилишини айтмайдилар (Байҳақий, «ас-Сунан ал-кубро», 6/11987; «Далоил ан-нубувват», 5/1747).

Юқоридаги ривоятларга биноан фиқҳий манбаларда қурбонлик сўйдирилганда, қурбонлик қилинган жонлиқнинг териси ёки калла-почаси ёхуд гўштини қассобнинг ишҳақи сифатида берилмайди, деб фатво берилган (Маълумот учун қаранг: Шамсиддин ал-Қўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 2-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 366).

Моликийлар ва ҳанбалийлар фикрича, мардикорга бериладиган ҳақ шу мардикорнинг ўз амали билан қилинадиган бўлса, ижара фосид бўлмайди, фақат ўша ишҳақи аниқ бўлиши шарт. Агар ҳақ аниқ маълум бўлмаса, ушбу икки мазҳаб вакиллари ҳам ҳанафий ва шофиъийларга ўхшаб ижарани дуруст эмас, деганлар. Шунинг учун улар буғдойни ун қилдирганда уннинг бир соъ (тахминан, 4 кило) ёки шу хилдаги маълум қисмини тегирмончига ҳақ сифатида берса бўлади, бироқ, қассобга терини ҳақ сифатида бериб бўлмайди, чунки, терининг сифати номаълумдир, дейдилар. Аслида, ҳанбалийлар фиқҳий манбаларидан маълум бўладики, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг бир ривоятида мардикор томонидан бажариладиган нарсадан шу мардикорга ишҳақи тўланишини жоиз дейилган бўлса, ал-Буҳутий раҳимаҳуллоҳ томонидан қилинган ривоятида ножоиз дейилган (Ибн Қудома. «Ал-Муғний маъа аш-Шарҳ ал-кабир». – Байрут: 5/119; 6/72; ал-Буҳутий. «Шарҳ Мунтаҳий ал-иродот». – Байрут: Дор ал-фикр. 2/354).
Ҳанафийликнинг зоҳири ривоят ва зоҳири мазҳабига кўра гарчи мардикор томонидан бажариладиган нарсадан шу мардикорга ишҳақи тўланишини шарт қилиш шаръан нодуруст ижара деб ҳисобланса ҳам, бироқ, бу, асосан, «Тегирмончининг паймонаси» масаласи («Масъалат қафиз ат-таҳҳон»)да қатъий қўлланилади. Бунга ҳадиси шариф борлиги учундир. Насир ибн Яҳё раҳимаҳуллоҳ ва Муҳаммад ибн Салама раҳимаҳуллоҳ сингари Балх ҳанафийлари томонидан бундан бошқа масалаларда, жумладан, тўқувчига тўқиган нарсасидан иш ҳақи берилса ва шу хилдаги ишларда қилувчига ўзи қилган нарсадан ҳақ бериладиган бўлса жоиз, дейилган. Бунинг шарти агар урф-одат ва таомул ҳамда ҳожат бўлганда жоизликдир. Чунки, урф-одат ва таомул бўлганда қиёс тарк қилиниши мумкинлиги ҳанафийлик усулига мувофиқ келади. Зотан, урф-одат ва таомул насс – далилни хослаш ҳисобланади, уни мутлақо тарк қилиш эмас. «Тегирмончининг паймонаси» масаласида ҳадис бўлгани боис, уни жоиз эмас, деймиз. Таомул сабабли насс (далил)ни хослаш мумкин бўлгани боис, масалан, тўқиш масаласида эса таомулга амал қилиб уни жоиз, деб биламиз, дейилади. Бу худди ҳунармандлар билан қилинадиган шартнома – «истисноъ» таомулини жоиз саналганга ўхшайди. Ҳунармандлар ҳали ишламаган ишлари учун олдиндан ҳақ олиб ўрганганлар. Чунки, аслида қўлида йўқ нарсани сотиш ҳадисларга биноан жоиз эмас, бироқ, ҳунармандлар ҳали ишламаган нарсасини ишлаб бериш мақсадида олдиндан ҳақ олишлари урф-одатга кўра жоиз бўлади. Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Шарҳ уқуди расм ал-муфтий» рисоласида бу ҳақида батафсил тўхталиб ўтганлар (Муҳаммад Амин ибн Обидин. Шарҳ уқуди расм ал-муфтий. – Ҳайдаробод, 1976. – Б. 42).

Бироқ, Имом ал-Ҳаскафий раҳимаҳуллоҳ «Дурр ул-мухтор»да Балх машойихларининг ушбу урф-одат билан қиёсни хослаш мумкинлигини рад қиладилар. Чунки, қиёсни хослашга кучи етадиган урф-одат бир шаҳарнинг эмас, балки ҳунармандларнинг таомулига ўхшаган барча ўлкаларнинг урф-одати бўлмоғи керак (Ибн Обидин. Радд ал-муҳтор ъла Дурру ал-мухтор. 9-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 79-80).

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ бу фикрларни ўзларининг рисолалар тўпламидаги урф-одат ҳақидаги тадқиқотида ҳам давом қилдирганлар (Ибн Обидин. Нашр ал-ъарф фий бинои баъз ал-аҳком ъала-л-урф // Мажмуату расоилу Ибн Обидин. 2-жилд. – Байрут: Дор эҳё турос ал-арабий, (йили кўрсатилмаган). – Б. 114).

Демак, агар оммавий равишда урф-одатга кўра мардикорга ўзи ишлаган ишининг бир қисмини ишҳақи сифатида бериш жорий бўлган бўлса, бир неча ҳанафийларнинг фатволарини инобатга олиб, фақат тегирмончининг ишидан бошқа ишларда дуруст дейиш мумкин. Бироқ, оммавий урф-одатда бу нарса кузатилмайдиган бўлса, жумҳур уламо ва фақиҳларнинг фатволарига кўра, мардикорга ва муддатли ишловчига қуйидаги усулда ишҳақи бериш, юқорида келтирилган саҳиҳ ҳадиси шарифга биноан шаръан дуруст бўлмайди:

1) Тегирмончига буғдойни ун қилгани ёки кунжутни ёғ қилиб бергани эвазига ўша ун ёки ёғдан ишҳақи берилмайди. Чунки, у унни ёки ёғни кўпайтиришга, навини ёки сифатини ўзгартиришга ҳаракат қилиши мумкин. Маҳсулотнинг ҳақиқий бозор нархи борасида ҳам келишмовчилик ёки ички норозилик юзага келиши мумкин.

2) Ип йигирувчи ва тўқувчига ўзи йигирган ип ёки тўқиганидан ишҳақи берилмайди. Чунки, у ипнинг ёки тўқилган нарсанинг навини ёки сифатини ўзгартиришга ҳаракат қилиши мумкин. Маҳсулотнинг ҳақиқий бозор нархи борасида ҳам келишмовчилик ёки ички норозилик юзага келиши мумкин.

3) Қассобга сўйган қўй ёки буқасидан гўшт ёки тери, калла-почасини ишҳақи сифатида берилмайди. Чунки, у гўштга норози бўлиши, ёки кўпроқ олишга ҳаракат қилиши мумкин. Шунингдек, гўштнинг қаеридан олиш масаласида келишмовчилик ва ички норизолик юзага келиши мумкин. Қассоб яхши деб олган гўшт бўлаги сўйилган жонлиқнинг энг яхши жойи бўлиб, бунинг ҳақиқатидан жонлиқ эгаси бехабар бўлиши ҳам мумкин.

4) Кийим тикувчиларга ўша тиккан кийимларидан ишҳақи қилиб берилмайди. Чунки, у ўзи олмоқчи бўлган кийимнинг навини ёки сифатини ўзгартиришга ҳаракат қилиши мумкин.

5) Даладаги ёки боғдаги ҳосилни йиғиштириб бериши эвазига ҳосил йиғувчига ана ўша ҳосилдан бир қисмини ишҳақи қилиб берилмайди. Чунки, у дала ёки боғдаги ўзи йиғиштираётган ёки тераётган ҳосилни кўпайтиришга ёки навини ёхуд сифатини ўзгартиришга ҳаракат қилиши мумкин. Маҳсулотнинг ҳақиқий бозор нархи борасида ҳам келишмовчилик ёки ички норозилик юзага келиши мумкин.

6) Картошкани ёки қулупнайни териб бериши эвазига терувчига терилган ана ўша картошка ёки қулупнайдан ишҳақи қилиб берилмайди. Чунки, у тераётган ҳосилни кўпайтиришга ёки навини ёхуд сифатини ўзгартиришга ҳаракат қилиши мумкин. Маҳсулотнинг ҳақиқий бозор нархи борасида ҳам келишмовчилик ёки ички норозилик юзага келиши мумкин.

7) Беда ёки шунга ўхшаш ўтларни ўришга ишчи ёлланса, ишчилар ўрган беда ёки ўтдан уларга ишҳақи берилмайди. Чунки, у ўзига ишҳақи қилиб олишни кўзлаётган қисмни тозалаб, сифатини яхшилаб ўриши ёки бедабоғининг катта-кичиклиги борасида норозилик юзага келиши мумкин.

8) Завод ва фабрикада ишловчиларга ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлардан ишҳақи қилиб берилмайди. Чунки, у ишлаб чиқараётган маҳсулот навини ёки сифатини ўзгартиришга ҳаракат қилиши мумкин.

9) Новвот, торт, конфет ёки шоколад ишлаб чиқарувчи ходимларга ўзлари ишлаб чиқараётган новвот, торт, конфет ёки шоколаддан ишҳақи қилиб берилмайди. Чунки, улар ишлаб чиқараётган маҳсулот навини ёки сифатини ўзгартиришга ҳаракат қилишлари мумкин. Маҳсулотнинг ҳақиқий бозор нархи борасида ҳам келишмовчилик ёки ички норозилик юзага келиши мумкин.

10) Шампунь ёки косметик маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ходимларга ўзлари чиқараётган шампунь ёки косметик маҳсулотлардан ишҳақи берилмайди. Чунки, улар ишлаб чиқараётган маҳсулот навини ёки сифатини ўзгартиришга ҳаракат қилишлари мумкин.

11) Ғишт қуювчи усталарга ўзлари қуйган ғиштлардан ишҳақи берилмайди. Чунки, улар ишлаб чиқараётган маҳсулот навини ёки сифатини ўзгартиришга ҳаракат қилишлари мумкин.

12) Балиқчига балиқ тутиб бергани учун ишҳақи сифатида ўша тутган балиғидан бир қисмини берилмайди. Чунки, у кўпроқ ишҳақи олиш учун балиқдан ҳаддан ташқари кўпроқ тутиши ёки ўзига қайсидир балиқ туридан кўпроқ олиб қолишга уруниши мумкин.

13) Сотувчи ишга ёлланса, сотувчининг ишҳақига ўзи сотаётган маҳсулотлардан берилмайди. Чунки, у ишҳақи олиш мақсадида сотиш керак бўлган маҳсулотни сотмай ушлаб туришга ҳаракат қилиш ёки бошқа қандайдир усуллар қўллашга ҳаракат қилиши мумкин. Масалан, супермаркет ишчиларига сотувдан қолган маҳсулотларни ишҳақи сифатида берилмайди. Мукофот тарзида берса, бўлади. Чунки, улар маҳсулотлардан кўпроқ ундириш мақсадида уларни пештахталарнинг яхши кўринмайдиган жойларига қўйишга, пештахталардан муддатидан илгарироқ олиб қўйишга ёки кўнгилларидан “Илоҳим, сотилмасин!”, деган таъмагирона дуоибад ўтишига сабабчи бўлиши мумкин.

14) Юк ташувчи, ортувчи ва туширувчи ҳаммолларга ўзлари кўтарган, ташиган, ортган ва туширган ўша юкдан ишҳақи берилмайди. Чунки, улар ўзлари олмоқчи бўлган юкни охирига қўйишга ҳаракат қилишлари, шунингдек, юкнинг ҳақиқий бозор нархи борасида келишмовчилик ёхуд ички норозилик юзага келиши мумкин.

15) Цемент ишлаб чиқарувчиларга ишҳақи сифатида цемент берилмайди. Чунки, улар ўзлари ишҳақига олмоқчи бўлган цемент навини ёки сифатини ўзгартиришга ҳаракат қилишлари мумкин.

16) Шлакобетон ҳамда шлакоблок ва шунга ўхшашларни ишлаб чиқарувчиларга ишлаб чиқарилаётган шлакобетон ва шлакоблоклардан ишҳақи берилмайди. Чунки, ходимлар ишҳақига олмоқчи бўлаётган шлакобетон ва шлакоблоклар навини ёки сифатини ўзгартиришга ҳаракат қилишлари мумкин.

17) Шелуха ва шулха ишлаб чиқарувчиларга шу чиқараётган шелухаларидан ишҳақи берилмайди. Чунки, улар шелуханинг навини ёки сифатини ўзгартиришга ҳаракат қилишлари мумкин.

Мусулмонлар ҳар бир ишни шариатга мувофиқ, Аллоҳ ва унинг расули буюргани ва кўрсатганига биноан бажаришга одатланганлар. Улар мардикорни ишлатиб, эвазига шу ишидан бир қисмини ишҳақи сифатида беришнинг шаръий ҳукмини ҳам яхши билиб, тушуниб олиб, шунга асосан амал қилсалар, дунё ва охиратлари обод бўлишига шак-шубҳа йўқ. Халқимиз шариатнинг бу кўрсатмасига ҳам асрлар давомида имконқадар амал қилиб келмоқдалар. Жумладан, ҳар йили қурбонлик қилаётганлар қассобга ўша қурбонликка сўйиб берган жонлиқ гўштидан ишҳақи қилиб берилмаслигига қатъий билиб, амал қилиб келаётибдилар. Бироқ, айримлар қурбонлик ҳақидаги бу ҳукмнинг бошқа барча амалиётларга ҳам тааллуқли эканини билмайдилар. Бунга далил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан айтилган, саҳиҳ ва амал қилиш керак бўлган ҳадиси шарифлари, яъни, тегирмончига ўзи тегирмонида тортиб берган буғдой унидан унга ишҳақи қилиб берилмаслиги кераклиги ҳақидаги кўрсатмаларидир. Шунингдек, буюк саҳобаларнинг туя сўйганлик эвазига берилган гўштни емаганликлари ҳам бунга яққол далилдир. Демак, мусулмонлар булардан бошқа амалиётларда ҳам агар мардикор ёки ходим ишлатсалар, ана ўша мардикор ёки ишчига ўзи ишлаган иши маҳсулидан бир қисмини ишҳақи қилиб бермаганлари маъқул ва матлуб, лозим ва лобуддир. Бироқ, ходимларга ўзлари ишлаган ишларидан маълум бир қисмини мукофот тарзида бериш мумкин, албатта.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *