ЮСУФ СУРАСИ ҲАҚИДА ЎЙЛАР

832Қуръони карим сураларининг ҳаммаси дилга маҳбуб, ҳар бирининг ўз ўрни, таъсири, ибрати ва ҳидояти бор. Ҳозир ёзмоқчи бўлганим эса Юсуф сураси ҳақида.

Бу сурани ғариблик азобини тортган, ўз яқинларидан жафо кўрган, ҳаётида турли-туман синовларга дучор бўлиб, қадди букилган, чеҳрасига маҳзунлик сиймоси соя солган ҳар қандай инсон йиғламасдан ўқий олмаса керак. Шу билан бирга бу сура аввал йиғлатиб, кейин шодлантиради, қалбга осойиш ва таскин беради.

Мазкур сурадан бошқа бирор-бир сура тўлиғича бир инсон қиссасига бағишланмаган. Юсуф алайҳиссалом қиссасидан бошқа ҳеч қайси ҳаётий қиссани Аллоҳ таоло “аҳсану-л-қасас” яъни, қиссаларнинг энг гўзали деб атамаган.

Ушбу суранинг маъносини аслий манбадан ўқиб, Аллоҳ Ўз сўзини нозил қилиш учун барча инсоний тиллар ичидан танлаб олган араб тилида тиловат қилиб, ундаги ибратларни, Аллоҳнинг Юсуф алайҳиссалом қиссаси орқали ўз бандаларига етказмоқчи бўлган рисоласини қалб билан англаш учун ҳам араб тилини ўрганиш керак. Зеро, ҳеч қандай тафсир ва таржимадан ўқиб, бундай таъсирланиш ва бундай маза топиш мумкин эмас.

Аллоҳ таоло бу улуғ сурани Ўз ҳабибига дунёдаги ҳимоячиси ва суянган тоғи бўлган амакисини йўқотган, бироз ўтиб эса умр йўлдоши, таянчи ва юпанчи бўлган энг суюкли завжаси Хадича (р.а.)дан ҳам жудо бўлиб, мислсиз дард, алам ва ҳасрат гирдобида қолган ўша оғир дамларда нозил этди. Бежизга ўша йил қайғу йили деб номланмаган эди. Пировардида, Юсуф сураси Набиййимиз қалбларига малҳам бўлди, қайғуларини аритди ва руҳларига сабот ва матонат бахш этди.

Бу сура шунга ўргатадики, хаста албатта шифо топади, узоқларга кетиб, дарбадар бўлган, оиласидан ғоиб бўлган кимса бир кун кайтиб келади, маҳзун кимса алалоқибат хурсанд бўлади, ғаму ташвишлар эса бир кунмас бир кун барҳам топади. Етарки, сабр қил, сабрни ўзингга соябон эт, у билан зийнатлан, Аллоҳнинг ёрдамини кутиб яша, умидингни узма, Раббингга ибодатда мустаҳкам бўл, дуою илтижода давом эт!..

Юсуф сураси, ўзининг лисони ҳоли ила «ўз юртингдан узоқда бўлсанг ҳам,.. сени тергайдиган, изза қиладиган кимсалар қуршовидан омонда бўлсанг-да,.. гуноҳ қилма! Ахир, Аллоҳ кўриб турибди!», дейди.

Нафақат, мусибатларга қарши, балки, гуноҳлардан тийилишдаги сабрга ҳам ўргатади. Зеро, мусофирликда гуноҳ қилиш осонроқ бўлиб қолади.

Маълумки, истилоҳий маънодаги сабр уч хил бўлади:

  1. Тоат-ибодатлардаги сабр;
  2. Гуноҳлардан тийилишдаги сабр;
  3. Ва ниҳоят, тақдирнинг аламли зарбалари қаршисидаги сабр;

Мусибатларга қарши сабр катта фазилат, аммо, тоат ибодатдаги сабр ва гуноҳлардан тийилишдаги сабр кишидан жуда катта ирода ва матонат талаб қилади.

Шунинг учун ҳам Ибнул-Қаййим (р.ҳ.) айтади: “Сабрнинг аввалги икки тури (яъни ибодатлардаги сабр ва гуноҳдан сақланишдаги сабр) банданинг ўз касбига, ҳаракатига боғлиқ, аммо учинчи тури эса банданинг касби бўлмаган нарсага сабр қилмоқдир”.

Яъни тоат-ибодатларни рисоладагидек бажаришда сабр ва матонат кўрсатиш банданинг ўзига, ҳиммат ва ғайратига боғлиқ. Гуноҳу маъсиятлардан тийилишда сабр қилиш ҳам шундай, бандадан меҳнат талаб қилади. Ҳамда мазкур нарсаларда бандада ҳукми ва натижасидан қатъи назар моддий ихтиёр бўлади. Мисол учун, сабр қилолмаса, ибодатларда камчиликка йўл қўйиши ёхуд нафсининг истагига эргашиб, фаҳш ишларни содир этиб қўйиши мумкин. Шу боис ҳам сабрнинг аввалги икки тури фазилатда, мусибатларга сабр қилишдан кўра юқорироқ ўринда туради. Ниҳоят сабрнинг сўнги тури мусибатларга сабр қилишда эса банданинг ихтиёри ўзида эмас. Мусибат келгач, хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам сабр қилишга мажбур бўлади.

Ибнул-Қаййим (р.ҳ.) давом этиб шундай дейди: “Машойихларимиздан бирининг шундай деганларини хотирлайман: «Юсуф алайҳиссаломнинг ўша вақтда ўз бекаси бўлган шаҳар ҳокими Азизнинг гўзал хотини истагига ижобат қилишдан тийилишда кўрсатган сабрлари у кишининг ўз акалари томонидан қудуққа ташланишлари, қул сифатида сотиб юборилишлари ва тақдир тақозоси билан узоқ йиллар давомида яқинларидан айри тушиб, жудолик аламларини тортишдаги сабрларидан мукаммалроқ ва афзалроқ сабр эди. Чунки, мазкур мусибатлар у кишининг ихтиёрисиз содир бўлган бўлиб, банда ўзининг бирон хатти-ҳаракати билан улар орасига мудохала қилолмайди. Банда учун бу вақтда сабрдан бўлак ҳийла ва илож қолмайди. Аммо ул зотнинг маъсиятдан сақланишдаги сабрлари ихтиёр ва ризо сабри эди, нафсга қарши кураш эди. Айниқса, ўша дамда Зулайхонинг истагига рози бўлишга куч билан ундаб турувчи сабаб ва омилларнинг бисёр бўлганлигини ҳисобга олсак, У кишининг сабри қанчалар улуғ, қанчалар муаззам сабр эканлигига ишончимиз комил бўлади.

Аввало, у киши у вақтда айни кучга тўлган навқирон ёшда эдилар, бўйдоқ эдилар, шаҳвоний ҳирсларини сўндирадиган завжалари ҳам йўқ эди. Ҳамда ғариб-мусофир эдилар. Ғариб-мусофир эса одатда ўз аҳли ва таниш-билишлари орасида қилишга ҳаё қиладиган ишларини ғурбат маконида бемалол, ҳеч уялмасдан қилади. Ундан ташқари, у киши ўша вақтда мамлук-қул эдилар. Одатда мамлук кишида озод кишилардагидек ахлоқий омиллар кам бўлади. Боз устига, зинога чақираётган аёл соҳибжамол эди, мансабдор эди, бўлиб ҳам ўз бекаси эди! Ҳамма жой қулфланган, бошқа ходимлар чиқариб юборилган, уларнинг иккиси бир орада қолган ҳамда аёл уни ўз нафсига чорлаб турипти, ўзини турли кўйларга солиб, зийнатланиб, нозу ишва қилиб, ўз жисмини унга бағишлашга ҳарис бўлиб турибди. Шу билан бирга агар Юсуф алайҳиссалом унинг талабини қондирмаса, уни зиндонга солиш билан ҳам таҳдид қиляпти. Зинога боришга ундагувчи шунча сабаблар бўлса ҳам у киши ихтиёрий равишда ва Аллоҳ таоло ҳузуридаги нарсани ийсор этиб сабр қилдилар. Энди бу сабр қайдаю, қудуққа ташланганларидаги ўз касбларига алоқаси бўлмаган мажбурий сабр қайда?!».

Қийинчиликдан сўнг енгилчилик келиши, қоронғуликнинг сўнги рўшнолик билан якун топиши анбиёлар ва солиҳ кимсалар учун илоҳий суннатдир. Ёъқуб алайҳиссалом ўғли билан ўзининг ораси мағрибу машриқнинг орасичалик узоқлашиб кетган бўлса-да, ҳар куни айрилиқ тиғи қалбини тилкалаб турса-да, чиройли сабр қилди. Бунинг оқибати, дунёда чиройли мукофот бўлди ва ўғли билан узоқ йиллик жудоликдан сўнг яна соғлигу офият ва бағри бутунликда дийдор кўришди. Охиратда эса уларни албатта бундан-да яхшироқ мукофотлар кутиб турибди.

Сура, мусибатлардан қутулиш учун сабабларни ишга солиш кераклигини ҳам ўргатади. Ахир, Юсуф алайҳиссалом зиндондан озод қилинаётган ҳамроҳларига “мени хожанг ҳузурида зикр қил!” (42-оят), дер эканлар, подшоҳ у кишининг ишини қайта кўриб чиқиб, таҳқиқ қилиб, у кишининг айбсизликларидан хабардор бўлишини ва бунинг натижасида зиндондан озод этилишларини умид қилган эдилар.

Шунингдек, сурада инсон бирор мансабга ўзидан бошқа лойиқ кишини кўрмаса, ва агар у мансабни ўзи эагалламаган тақдирда иш нолойиқлар қўлига ўтиб кетиш эҳтимоли бўлса, эзгу ишларни амалга ошириш ва халққа хизмат қилиш мақсадида ўша мансабни унга беришларини сўраши жоиз эканлигига далолат қилувчи оятлар бор. Зеро, Юсуф алайҳиссалом ҳам подшоҳга “мени шу ернинг хазиналарига устига (бошлиқ қилиб) қўйгин. Чунки, мен (уларни) сақлай оладиган ва (уларни тўғри тасарруф қилишни) биладиган кишиман” (55-оят), дедилар. Шундан келиб чиқадики, инсон ўзи эплай оладиган бирор мансабни яхши ниятда, эзгуликка хизмат қилиш учун сўраса унга Худо томонидан кўмак берилади. Аммо, ўз нафси учун мансабга талабгор бўлса у ҳолда ўша мансабга етишса ҳам, унга мағлуб бўлади ва нафсининг ҳавосига эргашиб кетади.

Юсуф сураси Аллоҳнинг банда учун энг яхши ёрдамчи, энг яхши суянчиқ, энг яхши дўст ва меҳрибон эканлигини эслатади. У кимсасизлар кимсаси, ғариблар паноҳи, чорасизлар сиғноғи, ёлғизлар ҳамроҳи эканлигини ёдга солади. У ҳеч қачон Ўзининг дўстларини қийинчилик пайтида ёлғизлатиб қўймайди. Агар ғамлар қудуғига отилган экансиз, Юсуф сурасини ўқинг, шодликлар карвони келиб, сизни «қудуқдан» чиқариб олади. Ака-укаларингиз, қариндош-уруғ ва яқинларингиз жафо қилдими, Юсуф сурасини ўқинг, унингдек олийжаноб бўлинг, уларга яхшилик ва мурувват қўлини чўзинг, кўрасиз, Аллоҳ сизни улардан олий қилиб қўяди.

Алишер Султонхўжаев

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *