СТИВЕН ХОКИНГ ЎЛИМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН

21111

Куни кеча йирик физик, ҳамфикрларининг таъбири билан айтганда замона даҳоси Стивен Хокинг ҳақиқий абадий борлиққа равона бўлди. “Коинот вужудга келишида Аллоҳга эҳтиёж йўқ эди!” деган иддао эгаси Аллоҳнинг ҳукми олдида иложсиз қолиб, “Худо йўқ” деб эътиқод қилувчи ўртоқларини ташлаб кетди.

Ижтимоий тармоқни “портлатиб” юборган бу хабар ортидан Стивен Хокинг ўлимига муносабат билдирганлар жуда кўп бўлди. Уларнинг энг фаолларини асосан уч тоифага ажратиш мумкин:

1. Ҳаётда оғир дард билан олишиб яшаган йирик олимнинг вафотини ўзлари учун катта йўқотиш ва оғир мусибат деб қабул қилган Ислом динига умуман эътиқод қилмайдиганлар тоифаси;

2. Хокинг гарчи мусулмон бўлмасада, унинг инсоният учун фойдали ихтиролари билан уни оқлаб, ҳатто уни жаннатга кириши мумкин деб фикрловчи бир қисм мусулмонлар тоифаси;

3. Хокингнинг ўлимини хушхабар сифатида қабул қилиб, унинг ортидан тинимсиз лаънатлар ёғдирган, унинг кўримсиз манзарада олинган фотосуратларини жамоатчилик орасида ёйиб, Хокинг тарафдорларини мазах ва масхараларга кўмиб ташлаган ўзларини Исломга содиқ ҳисобловчи бир қисм мусулмонлар тоифаси.

Оддий мусулмон сифатида камина ходимингиз ҳам ўша Стивен Хокинг ўлимига ва унинг ортидан тоифаларга ажраб олган мусулмон биродардларимга диёнат нуқтаи назаридан холисона фикрларимни билдириб ўтишга жазм қилдим. Хокинг билан ҳамфикр Ислом динига эътиқод қилмайдиган одамларга эса, танбеҳларимиз аҳамиятсиз бўлгани учун ҳеч нарса демадим. Шунчаки, уларга Аллоҳдан иймон тилаб қоламан холос!

2-тоифага танбеҳ!

Стивен Хокингни катта олим сифатида улуғлаб инсоният учун фойдали ихтиролари жаннатга тушишига етарли бўлиши мумкин деб, унга жаннат тилаган иккинчи тоифа азадор мусулмонлар жамоаси нисбатан олганда озчиликни ташкил қилсада, уларнинг фикрлари хатолигига алоҳида эътибор қаратиб қўйиш барибир муҳим, деб ўйлайман.

Жаннат фақат мўминлар учун! Унда кофир ва мунофиқларга асло жой йўқ, киритилмайди ҳам! Йирик илоҳиётчи олим Ибн Жамоа айтган: инсонлар икки тоифа: кофир ва мўмин. Кофирлар шубҳасиз жаҳаннамда абадий ёнади. Мўминлар эса иккига бўлинади: итоатгўй ва осий. Аллоҳга итоатли мўминлар шубҳасиз жаннатда абадий роҳатда яшайди. Осийлар эса иккига бўлинади: тавба қилган ва бетавба кетганлар. Тавба қилганлар шубҳасиз жаннатда абадий роҳатланади. Бетавба кетганлар эса Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола. Аллоҳ хоҳласа уларни кечириб жаннатга дохил қилади, хоҳламаса гуноҳига яраша жазолаб, сўнгра иймони туфайли жаннатга чиқаради.

Аҳли сунна вал-жамоа таълимотига кўра, ҳар бир ақлли инсон гарчи унга ислом даъвати етиб бормаса ҳам борлиққа тафаккур назари ила боқиб, ақлини ишлатиб мукаммал даражадаги тартиб интизомли коинотни ягона илоҳий қудрат бошқариб турганини англаши ва шунга эътиқод қилиши шарт. Агар шундай қилмаса, охиратда унга жаннат йўқ.

Бу қарор гарчи машойихлар орасида ихтилофли бўлсада, лекин кўпчилик ҳанафийлар (мотуридийлар) шу фикрни илгари сурган. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг “ҳеч кимнинг ўз яратувчи холиқини билмаслигига, танимаслигига узри қабул қилинмайди”—деган сўзлари “ал-Мунтақо”да ривоят қилинган. Шунингдек, яна мазҳаббошимизнинг “агар Аллоҳ таоло расул ва пайғамбарларни юбормаганида ҳам, инсоният ўз ақли билан Аллоҳни англаши ва эътиқод қилиши вожиб бўлаверарди”—деган сўзлари ҳам ривоят қилинган. Зоҳир ривояда эса Агар даъват етиб бормаган инсон Аллоҳни танимасдан ўлса, у жаҳаннамда абадий қолади, дейилган.

Баъзи донолар айтган экан:

فى كل شيء له اية * تدل على انه واحد

Ҳар бир нарсада Аллоҳнинг ягоналигини билдириб турувчи белги бордир!

Шундай экан, Аллоҳ таолонинг борлиги ва ягоналигини англаши учун инсондан кўп нарса талаб қилинмайди. Исломий муҳит, даъватчи устоз, ёки катта кашфиётчи олим бўлиши ҳам шарт эмас. Шунчаки борлиққа қараб таҳлилий назар қилишига етарли бироз ақли бўлса кифоя. (ақлан соғлом 4-7 ёшли болалар даражасида).

Яна шуни ҳам билиш лозимки, илм – бу воқеликка тўлиқ мувофиқ маълумотлардир. Асл воқеликка мос маълумотлар эга одамни олим дейилади. Жаҳолат – бу воқеликка тескари маълумотлардир. Кимдаги шундай маълумотлар бўлса у олим эмас, жоҳил ҳисобланади.

Аллоҳ таолонинг борлиги ва танҳолиги энг улкан ва буюк ҳақиқатдир! Бутун коинот, вужудият инсониятни шу ҳақиқат сари етаклайди. Бунинг учун бироз инсоф билан соғлом тафаккур бўлса етарли. Аллоҳ таолонинг борлиги ва танҳолигини инкор этган шахс дунёда ҳар қанча донолиги ила шуҳрат қозонган бўлсин, замонанинг даҳоси бўлсин, ўхшаши йўқ танҳоси бўлсин, у барибир Ислом нуқтаи назаридан жоҳил бўлиб қолаверади. У Стивен Хокинг бўлсин ё бошқаси… барибир!

3-тоифага танбеҳ!

Тармоқда энг кўпчиликни ташкил қилган учинчи тоифа – Хокингнинг ўлимидан шодланган ва унинг мухлислари ғазабини қўзғаб хузурланган мусулмон биродарларимга шуни танбеҳан айтаманки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда қуйидагича таълим беради:

 وَلاَ تَسُبُّواْ الَّذِينَ يَدْعُونَ مِن دُونِ اللّهِ فَيَسُبُّواْ اللّهَ عَدْواً بِغَيْرِ عِلْمٍ كَذَلِكَ زَيَّنَّا لِكُلِّ أُمَّةٍ عَمَلَهُمْ ثُمَّ إِلَى رَبِّهِم مَّرْجِعُهُمْ فَيُنَبِّئُهُم بِمَا كَانُواْ يَعْمَلُونَ

Аллоҳдан ўзгага ибодат қиладиганларни сўкманг. Бас, улар билмасдан, зулм ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар. Шундай, ҳар бир умматга ўз амалини зийнатлаб қўйганмиз. Сўнгра эса, қайтиб борадиган жойлари Роббиларигадир. Бас, у қилиб юрган ишларининг хабарини берур. (Анъом/108).

Мусулмон, нафақат мусулмон биродарини ҳатто кофир мушрикларни ҳам ҳақорат қилиб сўкиши, нафсониятига оғир ботувчи сўзлар айтиб камситиши, шахсиятига доир сирларини ошкор этиб эл олдида хижолатга қўйиши, унинг хилқатидаги нуқсонларига урғу бериб ерга уриши мутлақо мумкин эмас! Ҳаромд амалдир!

Негаки Аллоҳ ҳар бир тоифа одамларнинг ўз эътиқоди, амали, ҳаёт тарзи, юриш-туришини ўзи учун тўғри ва яхши деб кўрсатиб қўйган. Ҳар қандай дин, ҳар қандай эътиқод эгаси ўз диний ва дунёвий мафкурасини яхши ва энг тўғри деб ўйлайди. Шундай экан, уларга нисбатан айтилган ҳақоратомуз сўзлар акс садо бериб, улар тарафдан Аллоҳга нисбатан ҳақоратомуз сўзлар айтилишига асос бўлади. Ана шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мусулмонларни кофир мушрикларни сўкиб ҳақоратлашдан қайтарган!

Бу танбеҳ Стивен Хокинг мухлисларини ҳақоратлаган мусулмон биродарларимдан ташқари, ижтимоий тармоқда кўплаб қимматли вақтларини атесит-даҳрийларни мазахлаб устидан кулиш билан ўтказаётган бошқа мусулмон дўстларимга ҳам таалуқлидир! Улар атеситлар билан олишиб, уларнинг даҳоларини масхаралаб юришибди. Даҳрийлар эса жавобига Аллоҳ, шариат, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаънларига қабиҳ сўзларни ёзиб ётишибди.

Мусулмон ва кофирлар орасида адоват қўзғатувчи ҳар қандай ҳаракат исломга фойдадан кўра, кўпроқ зиён келтиради. Шуни унутмаслигимиз керак!

Аллоҳ бутун дунё мусулмонларига иззат, шараф, ҳидоят берсин! мусулмонлар ҳамиша бирдам бўлсин! Ихтилоф, тафриқабозлик, оқимпарастлик каби иллатлар йўқолсин! Илоҳим Ватанимиз тинч ва осуда бўлсин!

Ботиржон қори

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *