КАМТАРЛИК ФАЗИЛАТИ

469922Тавозеъ ва камтарлик фазилатли ва олийжаноб  хулқлардан бўлиб, динимиз Ислом инсонларни мазкур хулқ билан безанишга чақирган. Набий алайҳиссалом бу борада барчага ўрнак бўлганлар.

У зот Одам болаларининг саййиди, оламлар раббиси Аллоҳнинг ҳабиби ва халили, пайғамбарларнинг хотималовчиси бўлсалар-да, одамларнинг энг камтари ва хулқи гўзали эдилар. Аллоҳ таоло пайғамбаримизни подшоҳ пайғамбар ёки қул пайғамбар бўлиш ўртасида ихтиёрли қилиб, икковидан бирини танлашни сўраганда, У зот қул пайғамбар бўлишни ихтиёр этгандилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини ўзлари учун ўрниларидан тик туриб, кутиб олишларини ҳам ман қилардилар. Бу ҳам бўлса, у кишининг ўта камтаринликларидан эди. Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимизга ҳасса таяниб чиқдилар. Биз У киши учун ўрнимиздан турдик, шунда у зот: “(Менга) худди ажамлар бир-бирларини улуғлаб ўринларидан туришлари каби турмангиз”, дедилар (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Ваҳоланки, баъзи мутакаббир кимсалар, агар одамлар улар учун ўринларидан турмасалар, ғазабланадилар. Бу иш нафсларига жуда оғир ботади. Бу ҳақда Набий алайҳиссалом шундай дедилар: “кимки, одамлар унинг учун тик туришларини яхши кўрса, бас, ундай одам дўзахдан ўз ўрнини таййорлайверсин” (Аҳмад, Термизий ва Абу Довуд ривоятлари).

Камтарлик хислати Набий алайҳиссалом хулқларининг ажралмас бир қисми эди. Бу нарса У кишининг юриш-туришлари, ўтиришлари, овқатланишлари ва барча ишларида кўринар эди. У зот бундай дер эдилар: “Мен бир қулман, қулдек овқатланаман ва қулдек ўтираман” (Ибн Ҳиббон ривояти).

У зотнинг маркаблари эса оддий одамлар минадиган нарсалардан бўлган. У киши ўзлари учун бир неча одамлар кўтариб юрадиган алоҳида тахтиравон қилдирмаганлар балки, туя, от, ҳатто эшак ва хачир минганлар.

Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинган ҳадисда шундай ҳикоя қилинади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, олдиларида турди ва қалтирай бошлади. Шунда Набий алайҳиссалом: “тинчлан(!), мен подшоҳ эмасман, балки, қуритилган гўштни ҳам еяверадиган қурайшлик бир аёлнинг боласиман”, дедилар (Ибн Можа ривояти).

Тавозеъ ва камтаринлик ўз соҳибини олий қиладиган хислатдир. Киши қанчалик камтар бўлса, одамлар наздида шунчалик юксалади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “(ҳеч вақт) садақа (ва хайр-эҳсон) молни камайтирган эмас, кечиримлилик билан Аллоҳ бандага азизликдан бошқасини зиёда қилмайди ва кимки, Аллоҳ учун ўзини камтар тутса, албатта, Аллоҳ уни баланд қилади” (Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло бандаларидаги тавозеъ ва камтаринликни яхши кўради, бунинг муқобилида эса манмансираган, мутакаббир ва ўзига бино қўйганларни, ўз нафси, чиройи ёхуд молу давлати ва жисмига маҳлиё бўлганларни ёмон кўради. Зеро, кибр инсонни охир-оқибатда ҳалок қиладиган ёмон хулқдир. Бир эслайлиг-а(!), шайтон алайҳиллаънанинг Аллоҳнинг ҳузуридан абадул-абадга қувилиб, абадий дўзахий қилинишига аслида нима сабаб бўлган. Бунинг асл сабаби кибр ва манманлик эди. У тавозеъли бўлолмади. Ўзини устунман деб билди. Ҳолбуки, у Аллоҳни ягона илоҳ, ягона маъбуд эканини биларди, Унга ибодат қиларди. Бироқ, бир марта кибр отига мингани уни абадийян бахтсиз қилди. Бу нарсада барча учун гўзал ибрат бор, аслида.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида аввалги умматдаги ўзига бино қўйган бир кимсанинг аянчли оқибати ҳақида гапириб берганлар. У ўзининг либоси, чиройли турмакланган сочи, ўз жисми ва дунёсига маҳлиё бўлиб, мутакаббирона ва мағрурона қадам ташлаб, солланиб кетаётганда Аллоҳ уни жазолайди. Уни бирдан ер ютиб кетади. Набий алайҳиссалом хабар берганларки, ўша одам қиёматгача ернинг ичида ҳаракатланиб, ўзидан товуш чиқариб, азобланиб турар экан.

Шу боис ҳам киши кийган кийимида бўладими, минган маркабида бўладими, қурган уйида бўладими, фахрланмаслиги, ўзини бошқалардан устун санамаслиги лозим. Акс ҳолда гуноҳкор бўлади. Чиройли кийиниш мумкин, чиройли жиҳоз ва ҳоказолардан фойдаланиш мумкин, ҳашаматли уй қуриш ва унда яшаш мумкин. Фақат ўзгалардан ажралиб туриш, улардан устунлигини намойиш қилиш ва фахрланиш учун эмас балки, шунчаки, бу неъматлардан фойдаланиб, Аллоҳга шукр қилиш учун бўлиши керак.

Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “кимки, бу дунёда шуҳрат либосини кийса, Аллоҳ унга қиёмат кунида хорлик либосини кийдиради ва ўша либосини олов билан алангалатади”.

Молик ибн Динор (р.ҳ) айтадилар: “токи, чин мўминлардан бўлишинг учун уч нарсани уч нарса билан тийиб, тўхтатиб тур: кибрни тавозеълик билан, очкўзлик ва ҳирсни қаноат билан, ҳасадни эса самимийлик билан”.

Имом Шофеий (р.ҳ) айтадилар: “одамларнинг энг қадри баланди ўзини қадрли деб билмайдиган кишидир, одамларнинг энг фазли каттаси ўзини фазилатли деб билмайдиган кишидир”. Яна дедилар: “ўз баҳоингни кўтарма, акс ҳолда Аллоҳ сени ҳақиқий қийматингга қайтариб қўяди. Қара, ким шифт учун бошини эгса, шифт унга соя ва пана беради. Ким бошини эгмай кирса, шифт унинг бошини ёради”.

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳдан камтарлик ҳақида сўрашди. У киши шундай жавоб бердилар: “Тавозеъ бу ҳаққа бўсунишдир. Ҳақни гўдак боладан эшитсанг ҳам қабул қилишинг, энг илмсиз кишидан эшитсанг ҳам қабул қилишингдир”.

Суфён ибн Уяйна (р.ҳ) шундай деганлар: “Кимнинг гуноҳ-маъсияти нафсининг хоҳиши туфайли бўлса, унинг тавбаси қабул бўлишидан умид қил. Ахир Одам алайҳиссалом ҳам нафсининг хоҳиши билан гуноҳ қилган. Кейин мағфират сўраган ва Аллоҳ кечирган. Лекин, кимнинг гуноҳи кибр туфайли бўлса, унга лаънат тушишидан қўрққин. Зеро, иблиснинг гуноҳи кибр туфайли эди, лаънатга дучор бўлди”.

Бир куни Билол разияллоҳу анҳуга одамлар уни Абу Бакрдан устун қўяётганликлари ҳақида хабар беришди. Шунда у киши: “қандай қилиб, мен Абу Бакрдан устун бўла оламан, ҳолбуки, мен унинг ҳасанотларидан бири бўлсам?!”, дедилар (“сияру аъломин нубало: 1/359”).

Айюб Сахтиёний дедилар: “қачонки, солиҳлар зикр этилса, мен улардан четда бўламан!” (сифатус сафва: 3/210).

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *