«ЖИҲОД» ТУШУНЧАСИ ҲАҚИДА

shutterstock_378357649-pic905-895x505-23433

Динимизни тўғри англашимиз, эътиқодимиз соғлом бўлиши, дин, жамият ва мусулмонларга зараримиз тегишидан омонда бўлишимиз ва айниқса, охират куни Аллоҳ таолонинг хузурида юзимиз ёруғ бўлиши оят ва ҳадисларни, шариат аҳкомларини тўғри фаҳмлашимизга чамбар-час боғлиқ десак хато бўлмайди. Бугун «жиҳод» тушунчаси ҳақида жуда кўпчиликда ўта тор тушунча шаклланиб қолди. Аксарият ёшларнинг фикри «Жиҳод бу — қўлга қурол олиб жанг қилиш» деган қолиб ичида қотиб қолди. Аслида эса ҳақиқат бошқачароқ. Бир ҳадис шарҳи асосида ёзилган ушбу қисқа мақолада сиз азизларга исломда жиҳод тушунчасига доир маълумот беришга ҳаракат қилинди. Ва яна мақола сўнггида жиҳод ҳақида батафсилроқ бошқа мақолага ҳавола ҳам берилди. Вақт топиб ўқиб чиқсангиз, албатта фойда оласиз деган умиддамиз.
Ҳадис қуйидагича: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Ҳаж ҳар бир заифнинг жиҳоди, аёл кишининг жиҳоди эса эрига итоат қилмоғидир”.

Шарҳ: Ҳадисни Ибн Можа Умму Салама розияллоҳу анҳо онамиздан ишончли ровийлар исноди билан ривоят қилган бўлиб, ҳасан даражасида.

Маъноси: Аслида жиҳод Аллоҳнинг сўзини олий қилиш мақсадида бўлиб, бу мақсадга қурол, (қурол билан амалга ошириладиган шаръий жиҳод ҳақида мақола остида берилган ҳаволада батафсил ўқийсиз)  илм ва ҳужжат билан эришилади. Заиф, кучсиз, илмсиз ва ҳужжатлашишга ожиз кимсаларда юқоридаги мақсад сари юриш имкони йўқ бўлади. Бироқ улар ҳаж қилиш орқали жиҳод мақомини топишлари мумкин экан. Чунки ҳажда инсон ўзига яраша машаққат чекади, ички олийҳимматлик сари ундовчи катта жамоат билан бирга ибодат қилади ва натижада Аллоҳ таолонинг сўзини олий қилиш нияти пайдо бўлади. Худди шу нуқтаи назардан ҳаж заифларнинг билвосита жиҳоди саналади.

Аёллар эса эрига итоат қилиш, розилигини олиш, хизматларини чиройли қилиш йўли билан жиҳоднинг савобини олади. Ҳадисга мувофиқ, эрга итоат қилиш аёллар учун жиҳод мақомидаги ибодатдир.

Ҳадисдан ойдинлашадики, аслида “жиҳод” тушунчаси, баъзи интернетдаги жиҳод тарғиботчилари бот-бот такрорлаётганларидек фақатгина қўлга қурол олиб жанг қилишгина эмас экан! Балки, соф ислом таълимотини қалам билан тарқатиш ҳам, яъни китоб ва рисолалар ёзиш орқали, иймонли-инсофли шогирдлар тарбиялаб етиштириш ҳам, халққа ваъз-насиҳат қилиб динни етказиш ҳам, аёллар эрларининг розилигини топишлари, фарзандларига гўзал тарбия беришлари ҳам “жиҳод”нинг маънолари экан.

Жиҳод ҳақида батафсил ўқиш учун ушбу ҳаволага ўтинг: http://ahlisunna.uz/siz-jihodning-nimaligini-bilasizmi-ozi/

Андижон шаҳар «ҒИШТЛИ» жоме масжид имоми,

СММ ислом ўрта махсус билим юрти мударриси

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

 

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...