“ЖАМОАТ” КИМ, БИЛАСИЗМИ?

Lightbulbs-only-one-lit-among-severalАқидавий мавзуда ёзилган асарларда  жамоатни лозим тутиш ҳақида муҳим кўрсатмаларга учраймиз. Масалан бир ҳадисда “катта жамоатни лозим тутинг” – деган мазмунда буйруқ бор. Яна бир ҳадисда эса, “жамоатдан ажраган жаҳаннамга ажрапти” — деган мазмунда хабар бор.

Шу “жамоат” атамасини қандай тушунамиз? Луғат нуқтаи назаридан келиб чиқиб кўпчиликни ташкил этувчи тарафми ёки бошқа истилоҳий маъноси борми? Масалан шундай жойлар борки аҳолисининг аксарияти аҳли бидъатлар. У ердагилар ҳаққа тобе бўлиш учун аксарни ташкил этувчи бидъатчиларга эргашадими? Ёки ёлғиз ўзи қолса ҳам ҳақ деб билган эътиқодида собит турадими? Агар кўпчиликка эргашмаса хато қилган  бўлмайдими? Баъзи илм аҳлларини кўрамиз: айрим эътиқодлари туфайли кўпчилик тарафдан яккалаб қўйилган бўлишади. Улар ҳақми ё кўпчилик ҳақми?

Келинг, шу масалага ойдинлик киритамиз:

Имом Абу Шома раҳимаҳуллоҳ “ал-Ҳаводис вал-бидаъ” номли асарида жамоатни лозим тутиш ҳақидаги буйруққа муносабат билдирар экан, жумладан шундай дейди:

فالمراد به لزوم الحق و اتباعه و إن كان المتمسك به قليلا و المخالف له كثيرا لأن الحق هو الذى كانت عليه الجماعة الاولى من عهد النبى صلى الله عليه و سلم و اصحابه و لا نظر الى كثرة اهل البدع

“Жамоатни лозим тутмак”дан мурод  бу – ҳақни лозим тутиш ва унга эргашишдир! Гарчи ҳақни маҳкам тутган тараф озчиликни, унга мухолифлар эса кўпчиликни ташкил этса ҳам. Чунки ҳақ йўл деб аслида аввалги жамоат – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар давридаги дастлабки жамоатнинг йўли назарда тутилади. Кейинги даврларда пайдо бўлган бидъатчиларнинг кўплигига эътибор берилмайди. (Ал-боис ъала инкор ил-бидаъ вал-ҳаводис. 91 – Б).

Тобеинлардан Амр ибн Маймун ал-Авдий айтади. Мен Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга Яман шаҳрида талаба бўлдим. Унинг умри поёнига етиб, Шомда тупроққа топширгунимизча хузуридан жилмаганман.

Кейин ўша даврнинг энг фақиҳи Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга шогирд бўлдим. У киши кўпинча таъкидлаб айтар эди: “Ўзингизга жамоатни лозим тутинг. Чунки Аллоҳнинг Яди жамоат узрадир!”. (Аллоҳнинг ризолиги жамоат тарафда). Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шу гапни кўп такрорлар эдилар.

Бир куни у кишининг шундай деганини эшитиб қолдим: “Яқинда бошингизга намозни вақтидан кечиктириб юборадиган бошлиқлар келади. Ўшанда намозни ёлғиз ўзларинг бўлса ҳам вақтида ўқинглар. Чунки намозни вақтида ўқиш фарздир. Улар билан ҳам ўқийверинглар, униси нафл бўлади”.

Бу гапдан таажжубланиб савол бердим:

— Эй Муҳаммад алайҳиссаломнинг саҳобалари, сизларни тушунмай қолдимку? У киши:

— Нимасини тушунмадинг? – деди.

— Жамоат этагини тутишга чақирардингиз, яккаланиб олишдан қайтарардингиз. Энди эса, ёлғиз намоз ўқисанг фарзни адо қиласан, жамоат билан ўқиганинг нафл бўлади, деяпсиз…

— Эй Амр ибн Маймун, мен сени шу қишлоқнинг энг фақиҳи, деб билардим. Жамоат нималигини билмайсанми?

— Йўқ. Тушунтириб беринг. Шунда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

— Жамоат бу – ёлғиз бўлсада ҳақ тарафда тура олган кишидир! – деди.

Яна бир ривоятда бундай келган:

— Сонимга бир урдида, кейин: Ҳолингга вой бўлсин! Одамлар ёппасига жамоатдан ажраб кетишди. Жамоат Аллоҳ азза ва жалланинг тоатида турганлардир! (Рисолатул мустаршидин 129- Б).

Абу Нуайм ибн Ҳаммод айтган: Агар жамият бузилиб кетган бўлса, улар бузилишдан олдин қандай эътиқодда бўлган бўлса, сен битта ўзинг қолсанг ҳам, ўша эътиқодга содиқ қолгин. Чунки бундай вазиятда жамоат ёлғиз сен бўласан! (Байҳақий ривояти).

Иълам ал-мувқиъинда мавзумизга доир қуйидаги гап бор:

Баъзи одамлар суннат ва маъруф аҳли озчиликни ташкил қилгани учун суннатни бидъат, маъруфни мункар деб ўйлашади. Улар яна “жамоатдан ажраган жаҳаннамга ажрайди”—деб ўзларини ҳақлигини исботламоқчиям бўлади. Валҳол улар англашмайдики, жаҳаннамга ажраган деб ҳаққа мухолиф бўлганни айтилади. Битта одам қолиб, бошқа ҳамма инсонлар ҳаққа қарши турса, уларнинг ҳаммаси жаҳаннамга ажраб олган шоззлар, ҳалиги битта одам эса ёлғиз ўзи жамоатдир! (Иълам ал-мувқиъин. 3 – Ж. 409 -Б).

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал замонида одамларнинг аксари ботил тарафда жамлашиб жаҳаннам сари шоз бўлишган эди. Аҳмад ибн Ҳанбал бошлиқ жуда оз кишилар ўшанда жамоат эдилар. Ўша давр жамиятида Аллоҳнинг каломи Қуръон махлуқ (яратилган) деган ақида ҳукмрон эди. Қозилар, муфтилар то халифа ва унинг атрофидаги мулозимларигача ҳаммаси ёппасига шу бузуқ эътиқод билан шоз. Имом Аҳмаднинг ёлғиз ўзи эса Аллоҳнинг каломи ҳодис бўлиши мумкинмас, деган ҳақ ақида билан жамоат эди.

Одамлар айтишарди, наҳотки халифа ва унинг аъёнлари, юртнинг шунча илмли қози ва муфтилари ноҳақ бўлиб, битта имом Аҳмад ҳақ бўлса… Бу ақлга тўғри келмайди, бўлиши мумкинмас, деб имом Аҳмаддан юз ўгиришарди.

Бизнинг бугунги давримиз ҳам имом Аҳмад ибн Ҳанбал замонидан қолишмайди. Жамиятда қанча-қанча бидъат амаллар борки, суннат тусини олган. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, фақатгина ҳақни маҳкам тутгани учун жамиятдан ажратилиб яккалаб қўйилган жамоатлар ҳам йўқ эмас! Аллоҳ ҳамиша ҳақ узра бўлган жамоатни ғолиб қилсин!  Сони қанча кўп бўлмасин, аслида шоз бўлган бидъат-ҳурофотчиларни йўқ қилсин!

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид ноиби

ТИИ сиртқи бўлим иккинчи босқич талабаси

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *