КОРОНАВИРУСДАН ҲИМОЯ

10(1)Маълумингизки, Хитойдан тарқаган тожли вирус бутун дунё аҳолисини ваҳимага солиб қўйди. Юз мингдан ортиқ одамга юқиб улгурган бу бало бугун дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатига кириб борди. Минглаб одамларнинг ёстиғини қуритмоқда. Бутун дунё тиббиёти бу балога қарши восита излаш билан банд.

Лекин, мусулмончиликда бунинг давоси бор экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қуйидагича ҳадис ривоят қилган:

قال رسول الله صلى الله عليه و سلم ما من عبد يقول فى صباح كل يوم و مساء كل ليلة بسم الله الذى لا يضر مع إسمه شيء فى الأرض و لا فى السماء و هو السميع العليم ثلاث مرات لم يضره شيء

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ҳар бир банда қачон бўлса ҳам тонгда уч марта, тунда уч марта “Аллоҳнинг номи ила (ҳар қандай балодан паноҳ тилайман) Унинг номи билан (паноҳ тиланганда) Ерда ҳам самода ҳам ҳеч нарса зиён етказа олмас ва У Аллоҳ (бандаларининг илтижоларини) эшитувчи ва (ҳолатларни) билиб турувчи Зотдир” деб айтса, унга ҳеч нарса зарар етказа олмайди”. (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).

Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади:

“Бу ҳадисни мен илмий жиҳатдан ҳам, тажриба жиҳатидан ҳам саҳиҳ деб айта оламан. Бу ҳадис менга етиб келган кундан бошлаб шу дуони ҳар тонг уйғонганимда ва ҳар тун уйқудан олдин айтиб ухлашни одат қилдим. Аллоҳнинг изни билан менга ҳеч қандай мусибат етмади. То мен шу одатимни тарк қилмагунимча ҳеч қандай зарарга учрамадим. Лекин бир кеча Мадинада мени чаён чақиб олди. Ўйланиб хулоса қилдимки, ўша тун ухлашдан олдин шу дуони ўқишни унутиб қўйган эканман. Агар ўқиб ухлаганимда чаён чақмас экан…”.

Мана шу дуо туфайли иншааллоҳ биз бугун бутун дунёни қўрқитаётган коронавирусдан ҳимояланамиз. Бунинг учун биздан кўп нарса талаб қилинмайди, суннатга мувофиқ покликка амал қилиш – таҳоратли юриш ва ҳадисда ўргатилганидек ҳар куни эрта тонг уйғонибла уч марта, кеч ухлашдан олдин ҳам уч марта шу дуони ўқишни одат қиламиз. Аллоҳнинг изни билан нафақат коронавирус, балки ундан ёмонлари ҳам бизга зарар қила олмайди!

Дуонинг арабий матнини айтишга қийналганлар ихлос билан ўз она тилида айтса ҳам бўлади!

Шаробидин МУСАБОЕВ

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид имоми

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *