РАМАЗОН САХОВАТ РАМЗИ

giving-banner-1.pngРамазон келганда Набий алайҳиссалом рўза ва тунги намозлардан ташқари икки нарсага кўпроқ эътибор қаратганлар. У ҳам бўлса, Қуръони каримни Жибрил алайҳиссалом билан биргаликда дарс қилиш ва одамларга яхшилик ва эзгулик билан саховат қилиш.

Зотан, Набий алаҳиссалом одамларнинг энг сахийи, энг жўмарди эдилар. Бироқ, рамазон кириб келганда У зотнинг саховат ва олийжанобликлари шу қадар жўшиб кетардики, ҳатто саҳобаи киромлар буни очиқ-ойдин пайқар эдилар.

Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан муттафақун алайҳ ўлароқ ривоят қилинган ҳадиси шарифда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (рамазонда Қуръонни мудораса қилиш учун) Жаброил у киши билан учрашган кезлари эзгулик билан саховат қилишда кучли эсаётган шамолдан-да сахийроқ бўлардилар.

Қуръоннинг таржимони, умматнинг ҳабри (катта олими) ва баҳри (денгизи) бўлган, арабларнинг энг балоғатлиларидан бири ҳисобланган Абдуллоҳ ибн Аббосдек буюк саҳобий ҳам Набий алайҳиссаломнинг сахийликларини васфлашда энг муносиб сўз топишдан ожиз бўлиб қолади ва бу саховатни васфлаш учун «кучли эсаётган шамол» иборасига мурожаат қилиб, У зотнинг саховатларини шундай шамолдан ҳам кучлироқ эканини айтади.

Шиддат билан эсувчи шамол ҳамма уйга кириб-чиқади, бир онда ҳамма унинг салқинлиги ва саховатидан баҳраманд бўлади. У одамларни ажратмайди. Ва дарров тиниб ҳам қолмайди.

Набий алайҳиссаломнинг саховатлари ана шундай балки, кучлироқ эди. У зот ўйлаб ўтирмасдан, одам ажратмасдан саховат қилардилар. Саховатларидан яхши ҳам, ёмон ҳам, тақводору фожир ҳам бирдек насибадор бўлган. У кишидан қачондир бирор нарса сўралгану «йўқ!» деганлари асло билинмаган.

Саховат ва олийжаноблик барча Пайғамбарларнинг фитратида бўлган нарсалардир. Бирор бир пайғамбар бўлмаганки, қалбида заррача бахиллиги бўлган бўлса!..

Пайғамбарлар маъсумияти нималарни ўз ичига олиб нималарни олмаслиги борасида турли хил фикрлар келган бўлса, шуниси аниқки, улар паст нарсалардан, бахиллик ва очкўзлик каби тубан хулқлардан ҳимоялангандирлар.

Пайғамбарларнинг кўриниб турган энг катта хислатлари ҳам сахийлик бўлган. Шунинг ўзи саховат қандай буюк хулқ эканлигини кўрсатади. Шундай экан, Пайғамбарларга ўхшамоқчи бўлган, уларни ўзига ибрат қилган инсон мана шу кўриниб турган хислатлардан намуна олсин.

У зот одамларнинг энг карамлиси эдилар. Ҳунайн кунида Ақраъ ибн Ҳобисга юзта туя, Уяйна ибн Ҳиснга юзта туя инъом қилганлар. Бир аъробий нарса сўраб келганда, икки тоғнинг орасига узанган водий тўла сурув-сурув қўйларни тортиқ қилиб юборганлар. Шунда ҳалиги аъробий ўз қавмига қайтиб бориб, «эй қавм! Мусулмон бўлинг, зеро, Муҳаммад фақирликдан қўрқмайдиган кимсанинг беришидек берар экан», деганди.

Сахийлик исроф ва совуриш дегани эмас балки, энг муносиб ўринга сарфлаш демакдир. Баъзан, саховатпеша инсонлар ўз саховатларини гарчи энг муносиб ўрин бўлмаса-да фақат бир йўналишга сафарбар этадилар. Аллақачон бойиб кетган бўлса ҳам маълум табақа ва маълум инсонларга сарфлаб, муҳтожлик даражаси кучлироқ ҳамда қўллаб-қувватлашга лойиқроқ кишиларни кўздан қочирадилар. Бу ҳам тўғри эмас.

Балки, саховат қилишда аввал энг муносиб жойларни қидириш ёки ҳеч бўлмаганда турли ўринларга ишлатиш мақсадга мувофиқдир. Бежизга, Қуръони каримда закот ҳақдорлари бирнеча синфлардан иборат қилиб белгиланмаган.

Яна бир тоифа кишилар эса яхшилик қилишда ўзларига яхши муомала қиладиган, итоаткор, таъбир жоиз бўлса кўпроқ ялтоқланадиган инсонларнигина хослайдилар. Бу ҳам том маънодаги саховатга бегона бўлган ишдир. Зеро, бундай «эзгулик»да эзгулик қилувчининг ҳам нафсий манфаатлари мавжуд. Унга нафс насибалари аралашган бир саховатдир. Бу шиддат билан эсувчи шамолга менгзатилган набавий саховатга ҳам зиддир.

Шамол ўз яхшилигини улашишда ҳеч қаерни ажратмагани, бир уйга кириб бошқасига кирмай қолмагани сингари саховат ҳам нафс насибаларидан холи бўлиши, фақат саховат қилувчининг манфаатига хизмат қилувчи шакл касб этмаслиги лозим.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *