ҲАЗРАТИ ОДАМ АТО ДАСТЛАБ МАСКАН ТУТГАН ЖАННАТ ҚАЕРДА ЭДИ?

10247913Ислом ақидасида шундай масалалар борки, уларни ҳар бир мусулмон аниқ ва тўғри билиши ва шу тарзда эътиқод қилиши зарур. Масалан, Аллоҳ таолони бор ва бир деб эътиқод қилиш, фаришталар Аллоҳ таолонинг амридан асло четга чиқмайдиган итоаткор мавжудотлигини эътироф этиш, илоҳий китобларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг каломи эканини тан олиш, Аллоҳ Ерга инсониятни ҳақ йўлга чорлаш учун расул ва пайғамбарлар юборганига ишониш, уларнинг аввалгиси Одам алайҳиссалом ва сўнггиси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам эканига иймон келтириш, бу дунё куни келиб тамом бўлиши ва охират ҳаёти бошланишига, шунингдек, тақдирнинг яхшиси ва ёмони ҳам Аллоҳдан эканига, ўлимдан кейин яна қайта тирилиш борлигига иймон келтириш каби масалалар Исломда ўта муҳим ақидавий масалалар қаторида туради.

Яна шундай масалалар борки, уларни аниқ билиш муҳим ўрин тумайди. Билмаган одам гуноҳкор бўлмайди. Лекин ўрганиб қўйиш фойдадан ҳоли эмас, албатта. Масалан илоҳий китоблар, ё пайғамбарларнинг аниқ адади нечталиги, Исо алайҳиссалом самодан айнан қачон тушиши каби масалалар ислом ақидасида муҳим бўлмаган иккиламчи масалалар сирасига киради. Лекин бу турга қизиқувчилар ҳам тўғри ва ҳақиқатга мос тарзда ўрганиши шарт ва нотўғри фикрлардан йироқ туриши лозим бўлади.

Тўғри, бу турдаги масалани ҳақиқатига зид эътиқод қилиш иймондан чиқариб юборар даражада жиддий бўлмасада, аммо шу хатолик ҳам кишини суннат йўлидан бидъат сўқмоқларига чиқариб юбориши бор гап.

Ана шундай ўзи иккиламчи-ю, лекин тўғри эътиқод қилиниши лозим бўлган масалалардан бири бу – башарият отаси бўлмиш ҳазрати Одам Ато алайҳиссалом дастлаб маскан тутган жаннатнинг асли қаерда экани ҳақидаги масала. Айни шу жаннат қаерда бўлган? У абадият жаннатимиди ёки Ер юзидаги вақтинчалик боғу-бўстонмиди? Буларни аниқ билиш ҳаммадан ҳам талаб қилинмайди. Лекин шу мавзуда гапирилганда фақат тўғриси ва ҳақиқатини гапириш албатта талаб қилинади!

Куни кеча менга худди шу мавзуда савол келиб тушди: Одам алайҳиссалом чиқарилган жаннат охират куни мўминлар кирадиган абадий жаннатмиди ёки у Ер юзида бўлган вақтинчалик бир боғ бўлганми?

Тўғриси, бу ҳақда менда аниқ маълумот йўқ эди. Ўша вақтнинг ўзида бунга жавоб бера олмадим ва китоблардан қараб, аҳли сунна жумҳур уламоларининг фикри қандайлигини аниқлаштириб, билиб қўйишга ва имкон бўлса шу мавзуда қизиқувчилар учун қониқарли маълумот берадиган мўжаз бир мақола ёзишга қарор қилдим.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

وَقُلْنَا يَا آدَمُ اسْكُنْ أَنتَ وَزَوْجُكَ الْجَنَّةَ وَكُلاَ مِنْهَا رَغَداً حَيْثُ شِئْتُمَا وَلاَ تَقْرَبَا هَـذِهِ الشَّجَرَةَ فَتَكُونَا مِنَ الْظَّالِمِينَ

Ва Биз: «Эй Одам, сен ва хотининг жаннатда туринглар, хоҳлаган ерларингизда истаган нарсалардан енглар, фақат бу дарахтга яқин келманглар, унда золимлардан бўласизлар», дедик. (Бақара сураси 35. Тафсири ирфон. Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий).

Мана шу ояти каримадан очиқ-ойдин маълумки, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом ва унинг жуфтини яратгач, уларга жаннатни маскан тутишни амр қилган. Лекин ўша жаннат қаердалиги ҳақида оятда очиқ маълумот йўқ.  Бироқ, баъзи тарих китоблари ва тафсирларда бунга ойдинлик киритилган.

Масалан Исмоил Ҳаққий[1] раҳимаҳуллоҳ “Руҳ ул-баён”да юқоридаги оят тафсирида шундай мазмунда айтади: “Оятдаги жаннатдан мурод бу савоб диёридир. Яъни, абадий жаннат. Муфассирлар ижмоъсига кўра шундай. Аммо баъзи мўътазила ва қадарийларга хилоф. Улар бу жаннатни Фаластин ёки Кирмон ва Форс оралиғидаги Ерда қурилган боғ, дейишган”. (Руҳ ул-баён. 1 – Ж. 106 – Б).

Исмоил Ҳаққий раҳимаҳуллоҳнинг бу ақидани мўътазилаларга нисбат беришида “баъзи” калимасини ишлатиши бежизга эмас. Чунки мўътазилийлардан Абу Али Жубоий бу масалада мўътазилийлар жамоасига қўшилмаган. У ўша жаннат самода бўлган деб эътиқод қилган экан. (Қаранг: ат-Таҳрир ват-танвир 1 – Ж. 430 — Б).

Шофеъий мазҳаби тафсирчиларидан Алоуддин Али Бағдодий[2] раҳимаҳуллоҳ ҳам шу оят тафсирида шундай деган: “Одам алайҳиссалом маскан қилган жаннат масаласида турлича қарашлар бор. Бир ривоятда уни Ерда дейилган. Бунга далил қилиб Одам алайҳиссаломнинг ундан чиқариб юборилганини келтиришган. Лекин саҳиҳ гап шуки, у мукофот ва савоб диёри бўлмиш абадий жаннатдир. Чунки оятда “жаннат” калимаси алиф лом аниқловчиси билан келган. Мусулмонлар урфида жаннат сўзи алиф лом билан қўлланса, ундан савоб диёри — абадий жаннат тушунилади”. (Тафсири Хозин. 1 –Ж. 38 -Б).

Ҳа, “жаннат” (جنة) калимаси қачонки алиф лом билан келса ундан фақат мўминлар учун охиратда тайёрлаб қўйилган абадий жаннат тушунилади. Қуръонда ҳам, ҳадисларда ҳам шу таомил. Лекин жаннат сўзи алиф ломсиз келганда эса ундан умумий боғ маъносини англатувчи бошқа маънолар кўзда тутилиши ҳам мумкин.

Яна Шофеъий мазҳаби олимларидан Фахруддин Розий раҳимаҳуллоҳнинг “ат-Тафсир ал-кабир ва мафотиҳ ал-ғайб” номли тафсирида ҳам жумҳур бу жаннатни савоб ва мукофотлар диёри деган, деб келтирилган. (Тафсир Фахруддин Розий. 3 –Ж. 4- Б).

Ўзбекситон Мусулмонлар Идораси раиси Муфтий ҳазрат Усмонхон Алимов ҳафизаҳуллоҳ шу оятни тафсир қилишда қуйидаги маълумотни тақдим қилган:

Жумҳур[3] уламолар фикрича, оятдаги жаннат “Дорус-савоб” (мукофотлар диёри) деб номланган бўлиб, Аллоҳ таоло уни охиратда мўминлар учун тайёрлаб қўйган. Бошқа бир уламолар: жаннат Ердан баланд жойда барпо қилинган боғ-роғлар бўлиб, Аллоҳ уни Одам ва унинг жуфти учун яратган, дейишади. (Бақара сураси 35. Тафсири ирфон. Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий).

Аллома ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзининг тарих ҳақидаги “ал-Бидоя ван-ниҳая” асарида: Жумҳур уламолар шу ҳақдаги оятларнинг зоҳирига кўра, бу жаннат самода ва у “Жаннат ул-маъво”дир  деган, деб келтиради.

Ва яна ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ўша жаннатни Ерда бўлган деб айтган уламолар борлигини ҳам алоҳида таъкидлаб, улар орасида Убай ибн Каъб ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо, Ваҳб ибн Мунаббиҳ, Суфён ибн Уяйна, ибн Қутайбаларни ҳам қатор келтиради. Кейин моликий олимларидан Қози Мунзир ибн Саъийд Болутий шу мавзуда алоҳида бир рисола ёзганини айтиб, ҳатто бу ривоятни имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва у кишининг асҳобларидан ҳам ҳикоя қилгани ҳақида маълумот беради. (ал-Бидая ван-ниҳая. 2- китоб. Қисас ул-анбиё бўлими. 61 -Б).

Ибн Касирнинг бу маълумотлари бошқа бирор манбада учрамади. Айниқса у кишининг Қози ибн Мунзир раҳимаҳуллоҳнинг мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва у кишининг асҳобларига нисбат қилиб келтирган ҳикояси эътиборимни тортди. Менимча у нотўғри маълумот бўлган. Чунки ўз даврида мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбатан салбий қарашда бўлганлар кўп бўлган. Мумкин ўшаларнинг бирортасидан мўътазила ва қадарийларнинг шу масаладаги фикри имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга ёлғондан нисбат қилиб юборилган бўлса керак.

Бундай хулоса қилишимга асос бор: Биринчидан, Имом Абу Ҳанифга нисбатан айтилган ўша гап ибн Касирнинг “Бидоя”сидагидан бошқа бирорта ҳам манбада учрамади. Иккинчидан, ҳанафий мазҳабининг энг йирик олимларидан бири Абулбаракот Ҳофизуддин Насафий[4] раҳимаҳуллоҳ ўзининг машҳур “Мадорик ут-танзил ва ҳақоиқут-таъвил” номли тафсирида бу масалага тўхталиб, шундай дейди:

هى جنة الخلد التى وعدت للمتقين للنقل المشهور و اللام للتعريف و قالت المعتزلة كانت بستانا باليمن لان الجنة لاتكليف فيها و لا خروج عنها

قلنا إنما لا يخرج منها من دخلها جزاء و قد دخل النبى عليه السلام ليلة المعراج ثم خرج منها و اهل الجنة يكلفون المعرفة و التوحيد

У (яъни Одам алайҳиссалом дастлаб маскан тутган) жаннат тақводорлар учун ваъда қилинган абадий жаннатнинг айнан ўзидир. Бунга машҳур нақл ва “жаннат” калимасидаги аниқловчи алиф лом далил бўлади. Мўътазилалар уни Яман шаҳридаги боғ, чунки абадий жаннатда таклиф (шаръий вазифалар) бўлмайди ва унга кирганлар қайтиб чиқмайди, дейишган.

Биз уларга шундай жавоб берамиз: Жаннатга яхши амаллари учун мукофот сифатида киритилганлар қайтиб чиқмайди. (Бошқа мақсадда киритлганлар қайтиб чиқиши мумкин). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Меърож кечасида жаннатга кириб яна қайтиб чиққанларку?! Ундан кейин, жаннат аҳли маърифат ва тавҳидга таклиф қилинадилар. (Яъни, жаннатда шаръий вазифа бўлмайди, деб ким айтди. Ахир аҳли жаннатнинг зиммасига Аллоҳни таниш ва Уни ягона деб эътиқод қилиш юклатилади). (Тафсири Насафий. 1 –Ж. 42 -Б).

Агар имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва у кишининг асҳоблари ўша жаннат ҳақида мўътазилийлар билан ҳамфикр бўлганида имом Насафий албатта бу ҳақида нимадир деган бўлар эди. Ва ҳолбуки бу киши мазҳабимизда энг мўътабар олимлардан ҳисобланади. Имом Насафийнинг шу тафсири бу масалада ҳанафийларнинг ақидаси қандай бўлганини кўрсатиб берган. Демак, ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ Қози ибн Мунзирнинг ҳикоясини нақл қилиб келтирган маълумоти шубҳали маълумот!

Моликий мазҳабининг йирик олимларидан Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Бакр ал-Қуртубий[5] раҳимаҳуллоҳнинг тафсирида ҳам ўша жаннат ҳақида батафсил сўз юритилган. У киши ҳам ўша жаннат Ерда бўлган деган фикр мўътазила ва қадарийларга мансублиги алоҳида урғулаган. Нафақат бу, балки у киши уларнинг далиллари ва унга аҳли сунна тарафдан берилган жавобларни ҳам батафсил келтирган. Имом Қуртубий бу оятга доир ўн учта масала борлигини айтиб, шуларнинг бешинчисида – айнан “الجنة” сўзига изоҳ бериб қуйидаги маълумотни келтиради:

و لا إلتفات لما ذهبت إليه المعتزلة و القدرية من انه لم يكن فى جنة الخلد و إنما كان فى جنة بارض عدن

و استدلوا على بدعتهم بانها لو كانت الخلد لما وصل اليه إبليس فإن الله يقول (لَّا لَغْوٌ فِيهَا وَلَا تَأْثِيمٌ) و قال (لَّا يَسْمَعُونَ فِيهَا لَغْواً وَلَا كِذَّاباً) و قال (لَا يَسْمَعُونَ فِيهَا لَغْواً وَلَا تَأْثِيماً * إِلَّا قِيلاً سَلَاماً سَلَاماً ) و انه لا يخرج منها اهلها لقوله (وَمَا هُم مِّنْهَا بِمُخْرَجِينَ) و ايضا فإن جنة الخلد هى دار القدس قدست عن الخطايا و المعاصى تطهيرا لها و قد لغا فيها إبليس و كذب و أخرج منها آدم و حواء بمعصيتهما

قالوا و كيف يجوز على آدم مع مكانه من الله و كمال عقله ان يطلب شجرة الخلد و هو فى دار الخلد و الملك الذى لا يبلى؟

Таржимаси: Мўътазила ва Қадариялар мазҳабига илтифот қилинмайди. Улар: Одам алайҳиссалом абадий жаннатда бўлмаган, балки Адан (Ямандаги бир жой номи) юртидаги бир боғда бўлган” деб эътиқод қилишади. Улар ўз бидъатларига қуйидагилар билан далил қилишади:

  • Агар Одам Ато маскан қилган ўша жаннат абадийлик жаннати бўлганида эди у ерга Иблис кириб, Одам ва Ҳаввони адаштиришга эриша олмаган бўларди… Ахир Аллоҳ Қуръонда: “У ерда беҳуда сергаплик ва гуноҳ йўқ” (Тур сураси 23) ва яна: “У ерда бекорчи гапларни ҳам, ёлғон гапларни ҳам эшитмаслар” (Набаъ сураси 35) ва яна: “Улар у ерда беҳуда, гуноҳ сўзларни эшитмаслар. Фақат «Салом, Салом» дейилганини эшитарлар” (Воқиъа сураси 25-26). – деган. Демак, жаннатда ҳеч ким беҳуда, гуноҳ гапларни эшитмайди ва бундай гаплар гапирилмайди. Лекин Иблис жаннатга кириб ҳазрати Одамни алдаб ёлғон гапирганку?! Бундан чиқди Одам алайҳиссалом мўминлар учун тайёрлаб қўйилган абадийлик жаннатида бўлмаган экан!
  • Одам алайҳиссалом Ер юзидаги боғда бўлганига яна бир далил шуки, мўминлар учун тайёрланган боқий жаннатга кирганлар у ердан қайтариб чиқариб юборилмайди. У ерга кирганлар абадий қоладилар. Чунки Аллоҳ шундай деган: “ва улар ундан чиқарилувчи ҳам эмаслар” (Хижр сураси 48). Ва ҳолбуки Одам алайҳиссаалом жуфти Ҳавво билан у ердан чиқариб юборилганку?! Бундан чиқди, улар Қуръонда айтилган абадий жаннатда бўлмаган. Балки Ер юзидаги бирор боғда бўлишган. Акс ҳолда бу оятга мувофиқ у ердан чиқарилмаган бўлишар эди.
  • Ва яна, савоб ва мукофот диёри бўлмиш абадий жаннат гуноҳ, нуқсонлардан покланган муқаддас диёрдир. У ерда ҳеч ким гуноҳ қила олмайди. Аллоҳ уни поклаб шундай қилиб қўйган. Ва ҳолбуки Иблис у ерда ёлғон гапирган, Одам ва Ҳавво эса таъқиқланган дарахт мевасидан еб чиқариб юборилган. Бу ҳодиса ҳам, ўша жаннат аслида ердаги бир боғ бўлганини билдиради.
  • Мўътазила ва қадарийлар яна шуни ҳам далил сифатида айтишади: Одам алайҳиссалом билан Аллоҳнинг орасидаги муносабат қай даражада улуғ эди, Одамнинг ақли бенуқсон комил эди, қандай қилиб у ўзи абадий жаннатда бўлгани ҳолда яна “абадийлик дарахти”ни қидириб мевасидан ейиши мумкин?! Бу мантиққа зидку?! (ал-Жомеъ лиаҳком ил-Қуръан. 1 – Ж. 450 — 451– Бетлар).

Бу далилларга аҳли сунна уламоларининг рад жавоблари қуйидагича бўлган:

  • Биринчидан, Аллоҳ таоло “Бақара” сурасидаги оятда жаннат сўзини араб тилида “الْجَنَّةَ” деб алиф лом билан аниқлаштирилган сўз келтирган. Урф-одатимизда ҳам кимдир алиф лом билан аниқлаштирилган ҳолда “اسأل الله الجنة” (Аллоҳдан жаннатни сўрайман) деб дуо қилса, бундан албатта абадий жаннат тушунилади. Демак, оятдаги “الْجَنَّةَ” сўзидан ҳам алиф лом ишораси билан абадий жаннат тушунилади.
  • Иккинчидан, Иблиснинг мўминлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга кириши мантиққа зид келар даражада амри маҳол иш эмас.
  • Ва яна агар билсангиз, Мусо алайҳиссалом Одам алайҳиссалом билан учрашади ва унга: “انت اشقيت ذريتك و اخرجتهم من الجنة” (Сиз зурриёдингизни жаннатдан чиқариб уларни бахтсиз қилдингиз) – дейди ва шунда жаннат сўзига алиф лом киритиб, барчага таниш бўлган абадий жаннатга ишора қилади. Ҳазрати Одам алайҳиссалом эса Мусо пайғамбарнинг бу эътирозини эшитиб унга раддия қилмаган. Агар Одам алайҳиссалом чиқарилган жаннат билан мўминларга тайёрланган абадий жаннат бошқа-бошқа бўлганида эди, Одам алайҳиссалом ҳазрати Мусога: “Эй Мусо сиз адашдингиз, мен охиратдаги жаннатга асло кирган эмасман. Мен чиқариб юборилган жаннат шу дунёда, Ер юзида эди. Сизлар охиратда бошқа жаннатга кирасизлар” деган маънода эътирозига эътироз билан жавоб қайтарган бўлар эди. Лекин у киши ҳазрати Мусонинг сўзларига эътироз билдирмагач, шундан маълум бўладики охиртда мўминлар кирадиган жаннат билан дастлаб Одам алайҳиссалом маскан тутган жаннат иккови битта жаннат бўлган!
  • Энди, мўътазила ва қадариялар ҳужжат қилган оятларга келсак, тўғри, Аллоҳ айтганидек жаннатда ёлғон, алдов сўзлар гапирилмайди ҳам, эшитилмайди ҳам. Бунда шубҳа бўлиши мумкин эмас. Лекин бу қиёматдан кейин, мўминлар жаннатга кириб олганларидан кейин бу дунёдагига ўхшаган гуноҳ, маъсият, ёлғон, ғийбат, туҳматларни у ерда қайтиб эшитишмайди ва гапиришмайди деган маънодадир.
  • Шунингдек, Аллоҳ жаннатни ким учун абадий диёр қилган бўлса, ўшалар учун абадий диёр бўлиши мумкин. Ким учун абадий қилмаган бўлса, жаннат улар учун абадий бўлмайди. Агар Аллоҳ Иблис учун жаннатни абадий диёр қилмаган бўлса, Иблис у ерга кириши мумкин, аммо абадий қолмайди. Буни ҳеч ажабланарли жойи йўқ. Сизлар, агар Одам алайҳиссалом маскан қилган жаннат абадий жаннат бўлганида унга Иблис кира олмас эди. Чунки унга кирганлар абадий қолиши керак, деган хулосаларинг тўғри эмас!
  • Аҳли таъвил уламоларининг ижмоъсига кўра, Жаннатга жаннатийларнинг олдига баъзи фаришталар кириб чиқиб туришади. Бу ҳақиқат. Демак, Жавннатга кирганларнинг ҳаммаси ҳам унда абадий қолади, деб хулоса чиқариш тўғри эмас. Кимнинг пешонасига жаннатга кириб абадий қолиш ёзилган бўлса у абадий қолади. Кимнинг пешонасига кириб яна қайтиб чиқиш ёзилса, у кириб яна қайтиб чиқиб кетади. Буни тушуниш қийин эмас.
  • Яна саҳиҳ хабарларда исботини топганки, Жаннатнинг калити дастлаб Иблиснинг қўлида бўлган, кейин унинг қилмишлари ортидан калит тортиб олинган. Ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Исро кечаси жаннатга кирганлар ва қайтиб чиққанлар, ҳатто унинг ичида кўрганларини айтиб берганлар ва у абадий жаннатлигини ҳам алоҳида таъкидлаганларку?! (Бухорий 349. Муслим 163. Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга қаранг! Шунингдек, имом Аҳмад 23285 рақам билан, имом Термизий 3147 рақам билан Хузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисга қаранг!)
  • Энди уларнинг: “Мўминлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат муқаддас жойдир. У ерда ҳеч ким гуноҳ қила олмайди, бунга унинг муқаддаслиги йўл қўймайди” деган гапи эса аслида уларнинг жоҳиллигидандир. Негаки Аллоҳ Бани Исроилга муқаддас диёрга киришни амр қилган. Бу ҳақда Қуръонда ҳам хабар бор. (Моида сураси 21). Ўша муқаддас диёр Шом диёри эди. Барча шариат аҳлининг ижмоъсига кўра Шом диёри ҳақиқатан Аллоҳ муқаддас қилган баракотли ўлкадир. Лекин унда гуноҳ ва маъсиятлар қилинмоқда, қотиллик қилинмоқда, куфр келтирилмоқда ва ҳоказо… Бунга воқелик шоҳидку?! Унинг муқаддаслиги унда гуноҳлар қилинишига тўсқинлик қилмадику?! Шуни сингари жаннат ҳам муқаддас диёр, аммо бу деган жаннатда гуноҳ қилишнинг иложи йўқ дегани эмас!
  • Абулҳасан ибн Баттол:[6] “Устозларимиз орасида: “Аҳли сунна уламолари абадий жаннат бу айнан Одам алайҳиссалом чиқарилган жаннатнинг ўзидир, деб ижмоъ қилган” деб ривоят қилганлари бор эди” — деган.
  • Энди мўътазила ва қадарияларнинг сўнгги далилларига эътибор қаратамиз: улар айтишдики, “Одам алайҳиссалом дастлаб абадий жаннатда маскан тутган бўлса, у киши қайси ақл билан яна абадият дарахти мевасидан ейини истаб қолди?! Ахир ақли комил одам, абадийлик жаннатида абадий қолиш учун абадийлик дарахтини излаши мантиққа зид!” Биз бу далилларига савол билан жавоб берамиз: Агар Одам алайҳиссалом дастлаб дорул-бақода эмас, балки дорул-фанода бўлган бўлса, қайси ақл билан шу фано диёрида боқий қолишни истаб абадийлик дарахтидан еган?! Аслида сизлар шу савол жавобида бош қотиришинглар керак. Аллоҳ билан муносабати олий даражада бўлган ва ақли том маънода мукаммал бўлган пайғамбар зот бу ўткинчи дунёда қаердадир қурилган бир боғнинг ичида абадий қолишни истаб, тақиқланган дарахт мевасидан ейиши мумкинми?! (ал-Жомеъ лиаҳком ил-Қуръан. 1 – Ж. 452 — 453– бетлар).
  • Аллома Ибн Касир ўзининг оламга машҳур “ал-Бидоя ван-ниҳая” номли тарихий асарида худди шу мавзуни ёритар экан, Одам алайҳиссаломнинг дастлабки маскани абадий жаннат бўлганига далил сифатида жумҳури аҳли сунна тарафдан қуйидаги мазмунда бир ҳадисни келтиради: Қиёмат куни Аллоҳ жамики инсониятни бир жойда тўплайди. Шунда жаннат уларга яқинлашганда мўминлар ўрнидан туриб Одам алайҳиссаломнинг олдига бориб: “Эй Отамиз, бизга жаннат эшигини очиб беринг!” деб талаб қилишади. Шунда уларга: “Сизлар аслида шу отангизнинг хатоси туфайли жаннатдан чиқариб юборилгансизлар” дейилади[7]. Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ шу ҳадисни келтиргач айтади: “Бу ҳадисда Одам алайҳиссалом дастлаб маскан туган жаннат асли дор ал-маъво (абадий жаннати) эканлигига очиқ-ойдин далил бор. Буни назардан қочирмаслик керак!” (ал-Бидоя ван-ниҳая. 2- китоб. Қисас ул-анбиё бўлими. 61 -Б).

Юқоридаги ҳужжат ва маълумотлардан хулоса қилиб айтамизки, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратгач, жаннатга киритган. Бу ҳақда Қуръонда сароҳатан оят бор. Ўша жаннат тўрт фиқҳий машҳур мазҳабларни қамраган аҳли сунна вал-жамоа жумҳур уламоларининг зоҳир далилларга асосланиб билдиришларича, охиратда мўминлар кириб абадий қоладиган жаннат ал-маъводир! Мана шу фикр ислом умматининг аксари танлаган ва тўғри деб билган фикрдир!

Исломда суннат ва жамоат йўлидан адашган деб эълон қилинган мўътазила ва қадариялар тоифаси эса, у жаннатни Ер юзида Фаластин яқинида, ёки Яманда, ёки Кирмон ва Форс диёри оралиғидаги бир боғ бўлган деб тушунтирмоқчи бўлишган. Аммо бунга жумҳури аҳли сунна тарафдан етарлича раддиялар берилган.

Мўътазила ва Қадариялар ўша Ердаги жаннатни айнан манзили ҳақидаги маълумотларни Тавротдан олишган. Чунки Тавротда “Аллоҳ Одамни Адан жаннатига киритди” дейилади ва бу иборани шарҳлаган шориҳларнинг баъзилари  ўша Адан жаннати Ер юзида ва у Фаластинда, яна баъзилари Яманда яна баъзи шориҳлари эса Кирмон билан Форс диёри оралиғида деб шарҳлаган. (Қаранг: ат-Таҳрир ват-танвир 1 – Ж. 430 — Б).

Тарихий асар “ал-Бидая ван-ниҳая”да мўътазила ва қадарияларнинг ана шу фикрини бизнинг мазҳаббошимиз имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва у кишининг шогирдларига нисбат берилган маълумот бор. Лекин бу асоссиз маълумот! Бу мавзуда сўз юритилган ишончли манбаларнинг бирортасида бу гап асло учрамайди!

Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам худди моликийлар, шофеъийлар ва ҳанбалийлар каби “Одам алайҳиссалом дастлаб маскан тутган жаннат қайси жаннат?” деб берилган саволга: “У жаннат мўминлар охиратда мукофот ўлароқ кирадиган ва абадий қоладиган жаннат эди!” деб жавоб берадилар!

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид ноиб имоми

ТИИ сиртқи бўлим, иккинчи босқич талабаси.

[1] Ҳижрий 1127 йили вафот этган. Туркиялик тасаввуфий олим. Мазҳаби ҳақида ҳанафий бўлган деб айтилади.

[2] Вафоти 725 ҳж

[3] “Жумҳур” атамаси саҳоба, тобеин ва табаъа тобеъинлардан иборат катта ва асосий жамоатни ўз ичига олади.

[4] Ҳанафий мазҳабида машҳур фиқҳий матнлардан бири “Канз ад-дақоиқ” асарининг соҳиби.

[5] Вафоти ҳижрий 671-й

[6] Маълумот учун: Бу киши моликий мазҳабининг йирик ҳадисшунос олимларидан бири бўлган. Саҳиҳ ал-Бухорийга шарҳ ёзган. Ҳанафий мазҳаби олимларидан Қози Иёд раҳимаҳуллоҳ бу кишини таржималарида ўта зийрак ва улуғ олим бўлган деб таърифлаган.

[7] Бу ҳадисни Имом Муслим. Саҳиҳ тўплами 195 рақам билан Абу Молик ашжаъийдан ривоят қилган.

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 4 та

  1. Hikmatillo:

    Assalomu alaykum, maqoladan faqatgina foyda foyda va yana foyda oldim, keltirilgan dalillardan, ulamolarni fikrlaridan ayniqsa ohirida «ular» ning savollariga savol bilan berilgan javobdan. Axli sunna ulamolarimizni ziyraklariga tahsinlar aytamiz.

    • ahlisunna.uz:

      Ва алайкум ассалом. Эътиборингиз учун ташаккур. Аллоҳ солиҳ амалларимизни барчамиздан қабул этсин!

  2. Shoxjahon:

    Qandey qilib sizlar bilan bog’lansam boʻladi. ?

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *