ИСЛОМ ШАРИАТИДА ЙЎЛ ТРАНСПОРТ ҲОДИСАЛАРИДАГИ ЗОМИНЛИК ҲУКМЛАРИ

po-vine-gurysheva-proizoshla-avtoavariya-legkovaya-mitsubisi-galant-pod-ego-upravleniem-okazalas-pod-gruzhjonym-kamazom-dva-cheloveka-poluchili-serjoznye-travmyИслом шариатида бошқа кишига зарар берадиган ишни қилиш жоиз эмас. Бошқаларга зарар етказиш қайтарилган амал бўлиб, кимки зарар етказса ўша зарарни қоплашга зомин(жавобгар) бўлади.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки уловини мусулмонлар (ўтадиган) йўлга ёки мусулмонларнинг бозорларидан бир бозорга тўхтатса, улов қўли ёки оёғи билан талофат етказса улов эгаси зомин(жавобгар)дир”, деганлар[1]. Мазкур ҳадис йўлда уловни тўхтатиб қўйиш туфайли содир бўлган зарарга жавобгарлик бор эканига очиқ-ойдин далолат қилмоқда.

Ҳадиси шарифда тўхтатиб қўйиш тафсилоти ёритилмаяпти, балки умумий кўринишини айтмоқда. Фуқаҳолар ўз замоналарида мавжуд улов воситасидан келиб чиқиб тўхтатиб қўйишнинг кўринишлари ва тафсилотлари, йўлнинг ҳолати ва зоминлик кўринишлари ҳақида баҳс қиладилар. Зарар бермайдиган йўлларда уловни тўхтатиш борасида Ҳанафий, Моликий, Шофеий ва Ҳанбалий роҳимаҳумуллоҳлар уловни йўл юзида ёки тор йўлларда тўхтатишликда зоминлик бор эканлигини айтганлар. Баъзи фуқаҳолар юқоридаги ҳадисни далил қилиб йўлда уловни тўхтатиб қўйган киши хоҳ имом(подошоҳ)нинг изни билан ёки хоҳ изнисиз қилган бўлсин мутлақо зомин бўлишини айтганлар. Чунки улов(ҳайвон)нинг табиатида оғзи ёки оёғи билан зарар етказиш бор. Уларни йўлда тўхтатиб қолдириш эса йўлга тош ва кесувчи ўткир нарсаларни ташлаш каби бўлади.

Бошқа фуқаҳолар бирор ҳожат учун ёки уловга дам бериш учун ёки четга олиш учун тўхтатиб қўйса зоминлик бўлмаслигини айтганлар[2].

Мутааххир фақиҳлар фиқҳий қоидалардан йўл транспорт ҳодисасида инсон ҳуқуқларини ўз ичига олган муҳим қоидаларни ажратиб чиққанлар:

Биринчи қоида: зарар бериш ҳам зарарга зарар билан жавоб бериш ҳам йўқ.

Бу қоида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларидан олинган. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “зарар бериш ҳам зарарланиш ҳам йўқ”, дедилар[3].

Бу ҳадис зарарни даф қилиш ва бошқага зарар бериш ҳаромлиги борасида ислом шариати асосларидаги муҳим қоидага асос бўлмоқда. Эътибор қаратсак ҳадис бошқаларга зарар етказишни ҳаром қилишгагина кифояланмаяпти, балки зарарни келтириб чиқарган кишига зоминлик вожиб бўлишига ишора ҳам қилмоқда. Бу нарса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу қоидани фақатгина ҳаром қилишга далолат қиладиган наҳй сийғасида баён қилмадилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам жинсни нафий қилиш сийғасида зикр қилдилар[4].

Иккинчи қоида: жамоат йўлидан ўтиш шикаст етказмаслик шарти билан мубоҳдир.

Ушбу қоиданинг маъноси жамоат йўлларида юриш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи, лекин бу ҳуқуқдан фойдаланишда сақланиш имкони бор бўлган нарсаларда бошқага зарар бермаслик қайд қилинган. Аллома Холид ал-Атасий роҳимаҳуллоҳ: “асл қоида мусулмонларнинг йўлларидан ўтиш тинчлик сақлаш шарти билан мубоҳлиги юриш манзиласида бўлишидир. Чунки йўлдаги ҳақ инсонлар ўртасида муштарак бўлиб бир томондан ўзини ҳаққини тасарруф қилаётган бўлса, иккинчи томондан бошқани ҳаққини тасарруф қилаётганга ўхшайди. Шунинг учун ушбу йўлдан юриш мубоҳлиги тинчлик сақлашга қайд қилинган. Фақатгина сақланиш имкони бор зарарларда деб қайд қилинди. Агар биз сақланиш имкони бўлмаган зарарларни шарт қилсак, у ҳаққидан фойдаланишга қийналиб қолади. Чунки сақланиб бўлмайдиган нарсаларга мубтало бўлишдан қўрқиб йўлдан ўтиш ва юришдан ўзини тийиши мумкин”, деганлар.

Учинчи қоида: зарар кетказилади!

Бу қоида барча фиқҳий қоидаларини ўзида жамлаган муҳим қоида ҳисобланади. Чунки бу қоида юз берган ва юз бериши мумкин бўлган зарарларни кетказиш борасидаги фиқҳ бобларининг барчасига киради ва зарар етказиладиган нарсалардан зарарни даф қилиш ва зарар воқеъ бўлгандан кейин уни тузатиш ва тўғрилашни вожиб қилади.

Жамоат ҳуқуқларида. Бир киши одамлар фойдаланадиган йўлга ундан ўтувчи инсонлар ва машиналар зарар кўрадиган даражада машинасини қўйган бўлса, бу иш юз бериши мумкин бўлган зарарни кетказиш ўлароқ ман қилинади. Фуқаҳолар айтишган: “бир киши сув оқадиган тарновини жамоат йўлига чиқарса ёки скамайкалар қуриш билан йўлга чиқиб кетса, бу ишлар ўтувчиларга зарар берса бу ишдан ман қилинади. Бу ишни содир этса зарарни даф қилиш мақсадида юзага келиши мумкин бўлган зарар кетказилади. Агар бирор киши зарар кўрса эгаси ўша зарарга зомин бўлади”[5].

Хос ҳуқуқларда. Бир киши машинасида уриб юборса у жон ёки молдан талофат етказган нарсанинг эвазига зомин бўлади. Чунки у зарар бериш. Зарар эса кетказилади. Яъни зарарни зарар кўрган кишидан кетказиш вожиб бўлади. Бу эса фақатгина зарарни эваз билан қопланади. Зарар ислом фиқҳида зоминликнинг учта шартидан биридир.

Агар зарар жонга нисбатан бўлган бўлса дия ёки ҳукм чиқариш(молдан муайян миқдор белгиланмаган жиноятлар учун адолатли кишининг маълум миқдорда мол белгилаши) ёки валийлар томонидан авф қилиш ҳолатларидан бири бўлади.

Имом Бухорий номидаги ТИИ 405-гуруҳ талабаси Саминов Аъзам.

[1] Имом Байҳақий ривояти

[2] Ибн Фарҳун. Табсиротул ҳуккам фий усулил ақдийати ва манаҳижил аҳкам. Дорул кутуб. Байрут-1982. 2-жилд 346-б.

[3] Ибн Можа ривояти. 2340-ҳадис.

[4] Тақий Усмоний. Буҳусун фий қозойа фиқҳийятин муосара. Дорул-қалам. 2-нашр. 1-жуз.

[5] Дуррул Мухтор. Ибн Обидин ҳошияси. 6/592.

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *