Имом хутба ўқиш учун минбарга чиққанида салом бермайди!

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Imom minbarga chiqqanda salom bermaydiОхирги вақтларда эътиборсизлик оқибатида ёш имом-хатибларимиз жумъа куни жумъанинг хутбасини ўқиш учун минбарга чиққанида, қавмга қараб салом бериш ҳолатлари оммалашиб кетди. Эсласангиз, ота-боболаримиз ва қадимги домла-имомларимиз ундай қилмаганлар. Аслида, минбарда саломлашув одати ҳанафийлик мазҳабидан бошқа мазҳабларнинг амали ҳисобланади! Имом хутбага кўтарилганида, қавмга салом бериш ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда – шофиъий ва ҳанбалий мазҳабларида суннатдир. Ҳанафий мазҳабида эса имом хутба учун минбарга чиққанида салом бермайди, бу иш бидъат, деб баҳоланади! Масжидлар кираверишида: “Бизнинг масжидда намоз ҳанафий мазҳабида ўқилади!”, деган эслатмаларни қўйган масжид имомлари бу масалага диққатли бўлмоқлари маъқул, албатта.
Аввало, шуни билдириб ўтиш лозим:

Давримизда ёзилган, ҳанафий мазҳабига оид машҳур “Эъло ус-сунан” асарида имом хутба ўқиш учун минбарга кўтарилганида, қавмга салом беради, деб унга далил сифатида 4 та ҳадис келтирилади (2067-2070 рақамли ҳадислар). Буларнинг барчаси заифдир! Бироқ, ҳадислар заиф бўлишига қарамасдан бир-бирини қувватлаб келишидан муаллиф: “Мазкур ҳадисларга кўра, менимча ушбу ишнинг (минбарда хатибнинг қавмга салом бериши) шаръийлиги ихтиёр қилингандир!”, дея ҳукм қилади (Зафар Аҳмад ал-Усмоний. Эъло ус-сунан. 5-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 2001. – Б. 2346-2347).

Бироқ, қадимги ҳанафийлар “Эъло ус-сунан”даги фикрдан бошқача фатво бериб келганлар ва унга қарши фикр билдирганлар.
Аслида, мазкур ҳадислар ҳанафийликнинг улуғ манбаси “ал-Ҳидоя”нинг шарҳи бўлмиш “Насб ур-Раъйа”да келтирилган ва уларнинг заифлиги, ҳатто мавзуъ (сохта) экани қайд қилинган. (Жамолиддин аз-Зайлаъий. Насб ур-Раъйа ли-аҳодис ал-Ҳидоя. 2-жилд. – Қоҳира: Дор ал-маъмун, 1938. – Б. 205-206).

Имом минбарга чиққанида қавмга қарата салом бермаслик кераклиги ҳанафийликнинг улуғ ва ишончли манбаси “Баҳр ар-роиқ”да айтиб ўтилган:

و ترك السّلام من خروجه الى دخوله فى الصلاة و ترك الكلام و قال الشافعى اذا استوى على المنبر سلم على القوم و قوله صلى الله عليه و سلم اذا خرج الامام فلا صلاة و لا كلام يبطل ذلك

“Имом чиққанидан то намозга киргунча саломни ва гапни тарк қилади. Имом аш-Шофиъий (р.ҳ.) имом минбарга чиқанида қавмга салом беради, деган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Қачон имом (минбарга) чиқса, намоз ҳам, гап-сўз ҳам йўқ!”, деган сўзлари билан бу гап ботил бўлади” (Ибн Нужайм ал-Мисрий. Баҳр ар-роиқ. 2-жилд. – Миср: Илмия, 1893. – Б. 159).
Иброҳим ал-Ҳалабий (р.ҳ.) “Мунйат ал-мусоллий”нинг шарҳи “Ҳалабийи кабир”да бундай деган:

الخطيب اذا صعد المنبر لا يسلم على القوم عندنا و به قال ابو حنيفة رحمه الله لانه قد سلم عند دخوله فلا معنى لتسليمه ثانيا و قال الشافعى رحمه الله و احمد رحمه الله يسلم عليهم لما روى انه عليه الصلوة و السلام كان اذا صعد المنبر يوم الجمعة استقبل الناس بوجهه ثم قال السلام عليكم رواه البيهقى و قال ليس بقوى و قال عبد الحق فى الاحكام الكبرى هو مرسل قال و اسنده ابو احمد من حديث ابى لهيعة و هومعروف فى الضعفاء و لا يحتج به

“Хатиб қачон минбарга кўтарилса, бизнингча, қавмга салом бермайди. Уни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) айтганлар. Чунки, хатиб масжидга кирганида салом беради, унинг иккинчи марта салом беришининг маъноси йўқ. Имом аш-Шофиъий (р.ҳ.) ва Имом Аҳмад (р.ҳ.) хатиб одамларга салом беради, деганлар. Чунки, ривоят қилинганки, жумъа куни Расулуллоҳ (с.а.в.) минбарга чиққан вақтларида, одамларга юзларини қаратар эдилар, сўнгра “Ассалому алайкум”, деб салом берардилар. Уни Байҳақий (р.ҳ.) ривоят қилган ва ўзи “Кучли ривоят эмас!” деган. Абдулҳақ (р.ҳ.) “ал-Аҳком ал-кубро” асарида уни мурсал деган. Уни Абу Аҳмад деган ровий Абу Лаҳиъадан иснодини келтирган. У заиф ровийлар орасида танилган. Демак, уни ҳужжат қилиб бўлмайди!” (Иброҳим ал-Ҳалабий. Ҳалабийи кабир. – Лоҳур: Ҳўб, 1866. – Б. 609).
“Ҳалабийи кабир”даги мазкур: “хатиб минбарга чиққанида қавмга салом бермайди”, деган фатвони ва ўзи билан шофиъий имоми ўртасида бўлиб ўтган ажойиб воқеани Мавлоно Али ал-қори (р.ҳ.) ўзининг “Мирқот ал-мафотиҳ” асарида ҳам келтирган:

و فى شرح المنية و اذا صعد الخطيب المنبر لا يسلم على القوم عندنا خلافا للشافعى و احمد

“Шарҳ ал-Мунйа”да келганки, қачон хатиб минбарга чиқса, бизнинг мазҳабимизда, қавмга салом бермайди. Бунга аш-Шофиъий ва Аҳмад хилоф фикр билдирганлар” (Али ал-Қори. Мирқот ал-мафотиҳ шарҳ Мишкот ал-масобиҳ. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 1994. – Б. 508).

Бундан олдин, “Саҳиҳи Бухорий”га кўп жилдли ҳанафий мазҳабининг шарҳини битган Бадриддин ал-Айний (р.ҳ.) ўзининг машҳури жаҳон бўлган “Умдат ул-қори” асарида “имом-хатиб минбарга кўтарилганда қавмга салом бермайди”, деган масалани кўриб чиққан эди:

و من السنة عندنا ان يترك الخطيب السلام من وقت خروجه الى دخوله فى الصلاة و الكلام ايضًا و به قال مالك و قال الشافعى و احمد السنة اذا صعد المنبر ان يسلم على القوم اذا اقبلهم بوجهه كذا روى عن ابن عمر رضى الله تعالى عنه عن النبى صلى الله عليه و سلم

“Бизнинг мазҳабимизда хатиб минбарга чиққан вақтидан то намозга киргунча саломни ва яна гап-сўзни тарк қилмоғи суннатдандир! Уни Имом Молик (р.ҳ.) ҳам айтган. Аш-Шофиъий (р.ҳ.), Аҳмад (р.ҳ.) эса имом минбарга чиқиб, қавмга юзланган вақтида уларга салом беришни суннат, деганлар. Чунончи, бу ҳақида Ибн Умар разийаллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилганлар” (Бадриддин ал-Айний. Умдат ал-Қори шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий. 6-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 319).

Бадриддин ал-Айний (р.ҳ.) шофиъий ва ҳанбалийлар далил сифатида келтирган ҳадисларни зикр қилиб, уларнинг заиф эканлигини, ҳужжат сифатида фойдаланиб бўлмаслигини бирма-бир қайд қилган. Шунинг учун ҳам, таниқли ҳанафий олими Абдулҳай ал-Лакнавий (р.ҳ.) ўзининг “ал-Ҳидоя”га битган ҳошиясида бундай деган:

الثانى يرى الرواج فى زماننا ان الامام يسلم على القوم حين يرقى على المنبر و هو امر لا اصل له فى الشرع

“Иккинчиси, (хутбада билиш лозим бўлган ишлардан бири), имом минбарга кўтарилганида қавмга салом бериши замонамизда ривожлангани кўрилаётган ишдир. Бу ишнинг шариатда асли йўқдир!” (Абдулҳай ал-Лакнавий. Музилат ад-дироя ҳошия ал-Ҳидоя. (“ал-Ҳидоя”нинг ҳошияси). 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1896. –Б. 154).

Имом-хатибларнинг минбарга чиққанида қавмга салом беришининг келиб чиқиш сабаби араблар хутба асносида қавмга мавъиза-маъруза қиладилар. Бизда эса хутбада араб тилидан бошқа гап-сўзлар ишлатилиши макруҳ ва бидъат деб баҳолангани боис, асрлар давомида жумъанинг суннатларидан олдин ваъз-насиҳатни алоҳида қилиниб келади. Ана шу ваъз-насиҳатни бошлашларидан аввал имом-хатиблар қавм билан саломлашиб олади. Хутбага чиққанда эса иккинчи бор саломлашишга эҳтиёж йўқ. Юқорида ўтдики, бунга “Ҳалабийи кабир”да ҳам эътибор берилган. Чунки, Имом Байҳақий (р.ҳ.) ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам минбарга чиқишларидан олдин одамлар билан саломлашиб олар эдилар (Байҳақий, 3/5533).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва чаҳорёри изомнинг минбарга чиқиб хутба ўқиш ҳақидаги саҳиҳ ривоятларни кузатсак, уларда салом бериш ҳақида ҳеч нарса дейилмаганлигини кўрамиз. Салом бериш ҳақидаги ривоятлар, айтганимиздек, заиф ривоятлардир. Ул зоти шарифлар хутба қилсалар, хутбани Аллоҳ таолога ҳамду сано билан бошлаганлар. Жумладан, мана бу саҳиҳ ҳадисга қаранг:

عن ابن عمر قال كان النبى صلى الله عليه و سلم يخطب خطبتين كان يجلس اذا صعد المنبر حتى يفرغ أراه قال المؤذن ثم يقوم فيخطب ثمّ يجلس فلا يتكلّم ثمّ يقوم فيخطب

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки хутба ўқирдилар. Минбарга чиққан онларида ўтирардилар, ҳатто муаззин азонни тугатар эди, сўнг туриб хутба ўқирдилар. Сўнг ўтирардилар, ҳеч нарса гапирмасдилар. Кейин яна туриб хутба ўқирдилар” (Абу Довуд, 1/1094).

Хуллас, айтмоқчи бўлган гапимиз бундай: гарчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда улуғ саҳобалардан хутба ўқиш учун минбарга чиққанларида қавмга салом беришлари ҳақида бир қанча заиф ривоятлар мавжудлиги боис, уларга амал қилишни мустаҳаб санаш мумкин бўлса-да, бироқ улуғ ҳанафий олимлари: “Агар бу аниқ ва ишончли бўлганида, саҳиҳ ривоятларда хабарлар кўп келтирилар эди. Чунки, хутба ҳамманинг олдида оммавий қилинган, хатибларнинг ишларини ҳамма кузатиб турган. Агар салом бериш суннат бўлганида, саҳиҳ ривоятлар орқали бу гап етиб келган бўларди. Бу хилдаги ривоятлар бўлмаган экан, демак, уни суннат ёки афзал мустаҳаб деб олиш тўғри эмас”, деганлар ва хутба ўқиш учун имом-хатиб минбарга чиққанида салом бермасликни ёқлаганлар. Имом-хатиблар ваъз-насиҳат асносида одамлар билан саломлашиб олгани боис, хутба ўқиш учун чиққанида салом бермасликлари ҳақиқатдан ҳам мақбул иш. Чунки, саломга алик олиш вожиб (фарз) ҳисобланади. Одамлар имом-хатибнинг саломига алик олишга мажбур бўлиб қоладилар. Аслида, қавмнинг хутбада ҳеч нарса: дунёвий гап-сўз ҳам, зикр ҳам, саловот ҳам, тиловат ҳам, ўзларича дуо ҳам қилишлари асло мумкин эмас! Қавм жимгина, хутбага қулоқ солиб ўтиришлари талаб қилинади, холос. Имом-хатиблар қавмга салом бериб, уларни алик олишларига мажбур қилиб, гуноҳкор бўлиб қолаётганлари йўқмикин?!

Демак, имом-хатибларимиз қадимги ҳанафий олимларининг биз келтирган фиқҳий ва ҳадисий манбаларидаги фатволарига амал қилиб, минбарга чиққанларида қавмга салом бермаганлари маъқул. Тўғрими?
Валлоҳу аълам!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *