ЖУМА КУНИ ҚИЁМ ЧОҒИ ТАҲИЯТИ МАСЖИД ЎҚИШ ҲУКМИ

regnum_picture_15348332973256САВОЛ: Жумъа куни қиём пайтида масжидга кирганда таҳийят намози ўқиш мумкинми? Баъзилар ўқийдилар, баъзи одамлар ўқимай ўтиришади. Уларнинг айтишига қараганда, қиём пайтида намоз ўқиш макруҳ экан. Намоз ўқийдиганлар эса бу нарса жумъа куни истисно қилинади, дейдилар. Қайсиси тўғри? Ҳанафий мазҳабида жумъа куни қиём пайтида масжидга кирган одам нима қилади?

ЖАВОБ: Намоз ўқиш макруҳ бўладиган вақтлар орасида, асосан, учта вақт иттифоқан бир хил кўрсатилади. Бизнинг мазҳабимизда матн китобларида бундай деб ёзилган:

ولا يجوز صلوة وسجدة تلاوة وصلوة جنازة عند طلوعها وقيامها وغروبها…

 «Намоз (қандай намоз бўлишидан қатъи назар), саждаи тиловат ва жаноза намози қуёш чиқаётган, тиккага келаётган ва ботаётган пайтда жоиз бўлмайди (дуруст бўлмайди)»[1].

Ушбу масъалага далил сифатида мазҳабимиз китобларида Имом Муслим ва тўртта сунан соҳиблари Уқба ибн Омир (р.а.)дан ривоят қилган мана бу ҳадиси шариф кўрсатилади:

ثلاث ساعات كان رسول الله صلى الله عليه وسلم ينهانا ان نصلى فيهن او نقبر موتانا حين تطلع الشمس بازغة حتى ترتفع وحين يقوم قام الظهيرة حتى تميل الشمس وحين تضيف الشمس للغروب حين تغرب

 «Учта вақтларни Расулуллоҳ (с.а.в.) бизларга уларда намоз ўқишимизни, ўликларимизни дафн қилишимизни (яъни, бундан мурод жаноза намози ўқишдир) қайтарган эдилар: қуёш равшан ва зоҳир кўтарилиб чиққунча, алангали иссиқ тиккага келиб, қуёш майл қилиб оғгунча ва қуёш ботиш учун эгилиб, ботиб кетгунча».

Ушбу ҳадис лафзига ўхшаш ҳадислар машҳурлик даражасига етиб қолган. Шунинг учун ҳам, ҳеч қандай истисносиз бу учта вақтда намоз ўқишни макруҳи таҳримий деб зикр қилинади Имоми Аъзам мазҳабининг мўътабар китобларида.

Имом Шофиъий (р.а.) ўзи ривоят қилган ҳадисга биноан жумъа куни қиём пайтида нафл ўқишни (демак, таҳийёт намозини ҳам) жоиз деб биладилар. У ривоят қилган ҳадис ушбудир:

        وعن أبى هريرة رضى الله عنه انّ النبى صلى الله عليه وسلم نهى عن الصلوة نصف النهار حتى تزول الشمس الا يوم الجمعة

 «Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинди: Батаҳқиқ, Жаноби Расули акрам (с.а.в.) кундузнинг ярмида қуёш заволга боргунча намоз ўқишдан қайтардилар, фақат жумъа куни бундан мустаснодир».

Ушбу ҳадиси шарифга қўшимча равишда Имом Абу Довуд Абулхалил Солиҳ ибн Абу Марям (р.а.)дан, у эса Абу Қатода (р.а.)дан ривоят қилган ҳадис зикр этилади:

كان النبى صلى الله عليه وسلم كره الصلوة نصف النهار حتى تزول الشمس الا يوم الجمعة

 «Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) куннинг ярмида қуёш заволга етгунча намоз ўқишни макруҳ санардилар, магар, жумъа кунида макруҳ санамасдилар».

Ушбу ҳадиси шариф мунқатиъдир. Муҳаддис Имом Абу Довуд (р.а.) ҳазратларининг ўзлари ҳам бунга иқрор бўлиб: «Абулхалил Абу Қатодани кўрмаган» деганлар.

Ушбу икки ҳадиснинг санадида гап-сўз бўлганлиги, муҳаддислар Имом Шофиъий ривоят қилган ҳадисни ҳатто заиф дейишгани боис мазкур иккала ҳадис ҳам мутлақ бу учта вақтда намоз макруҳлиги айтилган саҳиҳ ва қарийб машҳурлик даражасига етган ҳадисларга муориз бўла олмаслигини (қарши тура олмаслигини) фақиҳларимиз баён қиладилар. Гарчи Имом Шофиъий (р.а.) гапларига – фатволарига монанд бизнинг мазҳабимиздан Имом Абу Юсуф (р.а.) ҳам фикр билдирган бўлса-да, лекин Имоми Аъзам ва Имом Муҳаммад (р.а.)лар жумъа куни ҳам қиём пайтида нафл ўқиш макруҳ деб қаттиқ туриб олганлар. Фатво олиш қоидаларига кўра, бу икки зот – тарафайн ҳазратларининг фатволарини олишимиз лозим бўлади. Агар жумъа куни қиём пайтида нафл ўқиш мумкинлиги айтилган ўша икки ҳадис саҳиҳ бўлган тақдирда ҳам Мавлоно Алий ал-қори айтганидек:

وكره أبو حنيفة ومحمد الصلوة فيه لاطلاق حديث عقبة وهذه الزيادة غريبة فيه فلا تقيد بها وهو محرم فيقدم على حديث أبى هريرة المبيح

 «Абу Ҳанифа ва Муҳаммад (р.а.)лар Уқба (р.а.)нинг ҳадиси мутлақ келганлиги учун жумъа куни қиёмда намоз ўқишни макруҳ санадилар. Бу ҳадисда (яъни, Уқбанинг ҳадисига) зиёдалик (тамоман) ғарибдир. Бас, ўша зиёдалик (мутлақ келган) муҳаррам бўлган нарсани муқайяд қила олмайди. Демак, (жумъа куни қиём пайтида намоз ўқиш мутлақ ҳаром (макруҳ) саналган ҳадис ўша куни намоз ўқишни) мубоҳ саналган Абу Ҳурайра (р.а.)нинг ҳадисига муқаддам қилинади».

Демак, Али ал-қори айтганидек, мутлақ ҳаром (яъни макруҳи таҳримий) дейилган ҳадисни заиф ва мунқатиъ ҳадис келиб муқайяд ва истисно қила олмайди. Бу усули фиқҳ қоидасига зиддир. Шунинг учун ҳам, фақиҳларимиз жумъа куни қиёмда нафл ўқишни макруҳ санаб, ўз асарларида мутлақ ушбу вақтда намоз макруҳдир, деб келдилар. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.

Энди, қиём пайтини барча яхши билади. Бу қуёшнинг тиккага келган вақтидир. Унинг вақти 10-15 дақиқа ичида ўтиб кетади. Ана шу вақтда мазҳабимизда нафл ўқиш макруҳлигини яхши билсак бўлди.

Аммо асарларимизда қиём пайтини сал кенгроқ-узоқроқ давом этишини ҳам келтиришган:

ويجوز ان يكون المعنى من انتصاف النهار الشرعى وهو ضحوة الكبرى الى الزوال كما ذهب اليه ائمة خوارزم

 «Маъно (яъни, қиёмнинг маъноси) шаръий кундузнинг ярмидан дейилиши жоиздир. У (яъни, ярми) зиҳват ал-кубро (катта чоштгоҳ)дан заволгачадир. Чунончи, бу қавлга Хоразм имомлари келишган»[2].

Ушбу қавлга биноан эҳтиёткор мусулмонлар масжидга эртароқ кириб, таҳийёт намозини ўқиб олишлари, катта чоштгоҳдан заволгача эса нафл ва бошқа намозларини ўқимай туришлари авло экан.  Катта чоштгоҳ деганда қиёмдан ўттиз-қирқ дақиқалар олдинги вақтни айтадилар. Завол бу қуёшнинг қиёмдан оғган вақти, яъни, пешин ва жумъа ўқиш мумкин бўлган аввалги вақтдир. Демак, мана шу оралиқ намоз ўқимаслик яхшироқ бўлган вақтдир.

Аслида, жумъага эртароқ ҳаракат қилмоқ лозим ва лобуд амаллардандир. Жумъага эрта борганларнинг савоби кўпроқ бўлиши, ҳадиси шарифларда таъкидлангандир. Энди, катта чоштгоҳдан кейин жумъа ўқиш учун масжидга кирган одам таҳиййати масжид намозини ўқимасдан ўтириб, Пайғамбаримиз (с.а.в.)га саловот айтиб ўтириши тавсия қилинади. Зеро, жумъа куни ул зоти шарифга саловот кўп айтиш ҳақида жуда кўп тарғиблар келган. Валлоҳу аълам бис-савоб.

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

[1] Ушбу жумлаларда баёни берилган масъала мазҳбимизнинг барча фиқҳий матн китобларида берилган.

[2] Шамсиддин Кўҳистоний: «Жомиъ ур-румуз», Китоб ас-солат, Қозон-1902, 118-бет.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *