САФАР МУДДАТИ, МАСОФАСИ ВА МУСОФИРНИНГ НАМОЗИ ҲАҚИДА

1486909702_bgҲанафий мазҳабига кўра, мусофир киши намозини қаср қилиб ўқийдиган, рамазонда бўлса, оғиз очиқ бўлиши мубоҳ бўлган, жума, икки ҳайит намози ва қурбонлик соқит бўладиган, маҳсисига уч кечаю уч кундуз давомида масҳ тортиш жоиз бўлган сафар муддатининг энг ози туянинг юришида ёхуд ўртача пиёда юришда уч кечаю уч кундуз муддатни қамрайдиган масофа ҳисобланади.
Фуқаҳоларимиз уч кечаю уч кундузлик юриш масофасини узунлик ўлчовларига ўгиришда бироз ихтилофли фикрлар билдирганлар. Баъзилар, бу масофани 21 фарсах, бошқалар 18 фарсах, учинчилар эса 15 фарсах деб айтганлар.
Улар бу борада ўз юртларининг йўлларида уч кечаю уч кундузлик сафар масофасини аниқлашдан келиб чиққанлар ва ҳар бирлари маълум узунлик ўлчовини айтар эканлар, уни пиёда юришдаги мазкур муддатли сафарнинг узунлик ўлчовидаги ўз тақдирларини баён қилганлар.
Ҳанафий фиқҳини сўнги даврларда ривожлантирган, матнларга қимматли шарҳлар битган ва мазҳаб фуруотларини таҳқиқ, тадқиқ ва таҳрир қилган Шом ўлкаси фақиҳлари наздида энг рожиҳ қавл бу намозни қаср қилишни вожиб қиладиган ва бошқа рухсатлардан фойдаланишга йўл очадиган сафар масофасининг энг оз миқдори 18 фарсах эканлигидир.
Бир фарсах уч милдан иборат бўлиб, 18 фарсах 54 милга тенг. Фарсах форсча «парсанг» ёки «порсанг» сўзидан олиниб, араблашган сўз бўлиб, аслиятдаги маъноси дам олиш ва сукунат дегани. Чунки, мусофир ҳар бир фарсахлик масофани босиб ўтгач ўтириб, тин олган.
Мил бу масофа ўлчови бўлиб, унинг неча метрга тўғри келиши борасида ҳам турли қарашлар бор. Баъзи шаръий манбаларимизда бир мил 4000 газ (зироъ) дейилади. Зироъ бу бармоқлар учидан тирсаккача бўлган масофа ҳисобланади. Баъзилар уни бармоқлар учидан елкагача бўлган жой дейдилар. Бу икки хил фикрдан бирортасига тўхталганда ҳам газ дейилаётган нарса айнан неча сантиметрга тўғри келиши жойларга қараб ҳар хил бўлиши мумкин.
Мил сўзи узунлик ўлчови маъносида ҳадиси шарифларда ёхуд осор ва ахборларда тилга олинган бўлиб, аслида бу сўз арабларга Рим империясидан ўтган. Қадимги Римда мингда қадамни англатган «MILIA passuum» сўзидан олинган.
Милнинг метр тизимидаги ҳозирги замон олимлари иттифоқ қилган миқдори 1.6093 метр ҳисобланади. Шунга биноан,18 фарсахни уч милга кўпайтирсак 54 мил бўлади. 54 милни 1.6093 метрга кўпайтирсак, 86, 9022 яъни, тақрибан 87 километр бўлади. Агар 54 милни айрим манбаларимизда кўрсатилган 1855 метрга кўпайтирадиган бўлсак, бу миқдор 100 километрдан бироз ошади.
Абдул Ҳамид Маҳмуд Таҳмоз (р.ҳ)нинг «ал-фиқҳ ал-ҳанафий фий савбих ал-жадид» номли китобида 18 фарсах тақрибан 89 километр дея кўрсатилган. Бу эса юқоридаги ўлчовнинг биринчисига яқинроқ келади.
Ибн Нужайм айтади: «ан-Ниҳояда келишича, фатво ўн саккиз фарсахни эътиборли дейиш узра айтилган. ал-Мужтабода эса Хоразм имомларининг аксари ўн беш фарсахга фатво беришган, дейилади» («ал-Баҳр ар-Роиқ»).
Ваҳба Зуҳайлийнинг «ал-фиқҳ ал-исламий ва адиллатуҳу (ислом фиқҳи ва унинг далиллари)» номли фиқҳий энциклопедик асарида бир мил 4000 зироъ (газ) ёки 1848 метр деб кўрсатилган. Бир фарсах = 3 мил = 5544 метрга тўғри келади. 18 фарсахни уч милга кўпайтирганда 54 мил чиқади. 54 милни 1848 метрга кўпайтирсак, 99 километру 792 метр бўлади.
Яна бошқа манбаларда бир мил 1750 метрга тўғри келиши айтилади. 1750 ни 54 га кўпайтирсак, 94500 метр келиб чиқади.
Бу турлилик қадимий ўлчов бирлиги бўлган милнинг бугуннинг метр системасида турли жойларда турлича белгиланишидан келиб чиқмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чиқарилган фатвога кўра, сафар масофаси 96 километр деб белгиланган. Шунга биноан, ушбу масофа эҳтиёткорликка яқинроқ ҳисобланади, валлоҳу аълам.
Шунга кўра, ўз шаҳрининг бирор чеккасидан мазкур масофани қасд қилган ҳолда йзлга чиқса, у инсон мусофир ҳисобланади ва токи ўз шаҳрига қайтиб келмагунча ёхуд борган жойидаги иқоматга яроқли бўлган бирор шаҳар ёки қишлоқда 15 кун ва ундан ортиқ муддат туришни ният қилмагунча мусофир ҳукмида қолади ва намозларини қаср қилиб ўқийди.

Аввалги бўлимда айтилганидек, ҳанафий фақиҳлар намозни қаср қилишга сабаб бўладиган сафар масофасининг энг оз миқдорини туянинг юриши ёхуд пиёда ўртача юришда уч кечаю уч кундузлик масофа деб белгилаганлар.

Улар бунга далил сифатида айрим ҳадиси шарифлар ва баъзи осорларни келтирадилар. Жумладан, мусофирнинг уч кечаю уч кундуз давомида махсисига масҳ тортишга рухсат берилганлиги ҳақидаги ҳадиси шарифда ҳам шунга ишоралар бор.

Зеро, қадимда сафарлар асосан юришдан иборат бўлган. Агар мусофир энг камида уч кечаю уч кундуз юриб, йўлда давом этмайдиган бўлса, бундай миқдорни белгилаш нотўғри бўлган бўларди. Шундан ҳам биламизки, сафар муддатининг энг ози уч кечаю уч кундузлик йўл бўлади.

Уч кучаю уч кундузлик юриш деганда дам олмай юриш тушунилмайди. Балки, қадимда кундузлари юрилиб, кечалари дам олинган. Шунда умумий уч кечаю уч кундузда фуқаҳоларимиз белгилаган 18 фарсахлик масофа келиб чиққан.

Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар (маъноси): «бирон-бир аёл маҳрамсиз уч кунлик сафарга чиқмасин» (Саҳиҳул Бухорий: 1087-ҳадиси шариф).

Ўртача юриш бўлмиш туя юриши ва пиёда юришда уч кун ичида тақрибан ўн саккиз фарсах юрилади (ал-ҳадийя ал-алоийя).

— Киши тез юриши туфайли мазкур масофани қисқа муддатда босиб ўтса ҳам мусофир саналади.

— Агар қасд қилаётган жойига икки йўл билан бориш мумкин бўлиб, уларнинг бири сафар масофасига етадиган узун йўл, иккинчиси эса қисқа йўл бўлса, биринчисида (намозларни) қаср қилади, иккинчисида қилмайди.

— Яшаб турган шаҳар, қишлоқ ва ҳоказодан сафар масофасичалик миқдорни қасд қилган ҳолда чиқиб кетиши билан мусофир ҳисобланаверади ва намозни қаср қилиб ўқий бошлайди. Фиқҳий китобларимизда бу нарса «шаҳрининг уйлари ёхуд шаҳрининг умронидан ўтса» деган сўзлар билан ифодаланади.

«Умрон» деганда обод ер, одамлар яшаб, ишлаб турган, маданий, маиший қулайликлар шаклланган жой тушунилади. Одатда ҳар қандай шаҳарга кириб келаркансиз, унга кирганингиз мана шундай умрон бошланиши билан сезилади.

Айниқса, бирор шаҳарга масалан кеча вақтида учоқ орқали борсангиз бу ҳолат яна-да яққол кўзга ташланади. Шаҳар бошланаётгани унинг ёниб турган кўп қаватли уйлари, машиналар қатнови билан тўла бўлган йўллари зоҳир бўлиши билан билинади. «Умрон» — шу.

Садруш Шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд (раҳимаҳуллоҳ)нинг машҳур мухтасарул виқоя номли фиқҳий матнларида шаръий маънодаги мусофир деб кимга айтилиши ҳақида шундай дейилади: «المسافر من فارق بيوت بلده قاصدا مسافة ثلاثة أيام ولياليها بسير وسط وهو ما سار الإبل والراجل» яъни: «мусофир деб шаҳрининг уйларини ўртача юриш у ҳам бўлса, туя ёки пиёданинг юриши билан уч кечаю уч кундузлик масофани қасд қилган ҳолда тарк этган кишига айтилади».

Матндан англашиладики, шаҳарнинг бирор чеккасидан сафар масофаси чиқадиган жойни мўлжаллаган ҳолда чиқиб кетган киши шаръий мусофир саналар экан.

Қуйидаги ҳадиси шариф ушбу ҳукмга далолат қилади:

Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Мадинада пешинни тўрт ракъат ўқидик, асрни эса Зу-л-ҳулайфада икки ракъат ўқидик (Саҳиҳул Бухорий: 1089-ҳадиси шариф).

Ибн Ҳажар Асқалоний айтади: «баъзилар ушбу ҳадисни қисқа сафарда ҳам намозни қаср қилиш жоизлигига далил қилдилар. Чунки, Мадина билан Зу-л-ҳулайфа орасидаги масофа олти мил эди. Лекин, бу сўз қуйидагича таъқиб этилиб, рад қилинди. Зу-л-ҳулайфа сафарнинг сўнги нуқтаси эмасди. Балки, Набий алайҳиссалом Мадинадан Маккани қасд қилиб чиққан эдилар ва иттифоқо ўша ерда уловдан тушдилар ва ўша ерда вақти кирган илк намоз аср намози эди. Шу боис, Набий алайҳиссалом мазкур намозни қаср қилиб ўқидилар ва то қайтгунларигача, намозларини қаср қилдилар» (Фатҳул Борий: 2-жилд, 570-саҳифа).

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *