КАТТА ПОРТЛАШ ЁХУД ОЛАМНИНГ ЯРАЛИШИ

big-bangБугуннинг физик ва астрономлари тахминича, коинот 13,799 ± 0,021 миллиард йил аввал вужудга келган. Унгача у бир бутун масса ҳолида сингуляр вазиятда бўлган ва мазкур вужудга келиш олдидан у ўта қаттиқ қизиган. Мазкур ҳарорат фанда планк ҳарорати деб аталади ва у коинотда мавжуд бўлиши мумкин бўлган энг юқори ҳарорат деб билинади.

Олимлар фикрича, мазкур ҳарорат сингуляр ҳолатдаги борлиқнинг портлашига сабаб бўлган ва оламнинг бугунги ҳолатда пайдо бўлиши шу тариқа бошланган. Ва у ўшандан бери давомли равишда кенгайиб бормоқда.

Фанда «катта портлаш» деб юритилувчи ушбу назария бугунги кунда космологиядаги энг кучли модел ўлароқ қабул қилинган бўлиб, у ўзидан аввалроқ ҳукмрон бўлган коинотнинг азалий ва абадий ҳолатда эканлиги ҳақидаги қарашни инкор этади.

Сингуляр ҳолат коинотдаги ҳамма нарсанинг бир-бутун масса ҳолида бўлишини англатади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«أَوَلَمْ يَرَ الَّذِينَ كَفَرُوا أَنَّ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ كَانَتَا رَتْقًا فَفَتَقْنَاهُمَا»

Маъноси: «куфр йўлини тутганлар билмайдиларми, осмонлар ва Ер (аввал) бир бутун нарса бўлганини ва биз уни ажратганимизни» (Анбиё сураси: 30-оят).

Ушбу ояти карима ғоят дақиқлик билан катта портлаш назариясини тасдиқлайди. Унда ишлатилган сўзлар инсонни ҳайратга солади. Зеро, Аллоҳ таоло коинотни аввал бир бутун, яхлит, масса ҳолатида эканлигини айтиб, «ратқ» сўзини ишлатди. Ҳатто, қадимги тафсир китобларимизда ушбу сўз «бир-бирига ёпишган, ўзаро киришиб кетган, бир бутун, яхлит нарса» дея изоҳланган. Бу сўз коинот катта портлаш орқали пайдо бўлишидан аввалги сингуляр ҳолатини тасвирлайди.

Шундан сўнг, Аллоҳ таоло уни ёриб, бир-биридан ажратганини «фатқ» сўзи билан ифода қилди. «Фатқ» сўзи луғатда ёрмоқ, ажратмоқ, чокларидан сўкиб ажратиб олмоқ маъноларига далолат қилади.

Ушбу сўзларда нафақат илмий ҳақиқат ўта аниқлик билан ифодаланган балки, луғавий мўъжиза ҳам яширинган. Зеро, «ратқ» луғат жиҳатидан «фатқ»нинг зидди ҳисобланади. Шу билан бирга уларнинг вазни ҳам бир хил сулосий мужаррад. Фақат бош ҳарфлари ўзгаряпти ва бир-бирига қарама-қарши маънога эга бўляпти.

Яна ўз сўзимизга қайтсак. Ушбу ояти карима борлиқнинг аввал бир-бутун ҳолатда бўлганлиги ва сўнгра бир-биридан ажратилиб, ушбу бепоён коинот вужудга келганлигига далолат қилади.

Катта портлаш вужудга келганидан бери коинот мудом кенгайишда эканлигини бугун илм-фан такрор-такрор тасдиқламоқда. Лекин, бу кенгайиш ташқаридан кузатиладиган кенгайиш эмас.

Мисол учун бир хона ичида бирор шарни пуфлаб шиширсангиз унинг бошланиш нуқтасини, қайси томонга қараб кенгаяётганини кузатишингиз мумкин. Коинотнинг кенгайишини бир нуқтадан кузатиб бўлмайди. Чунки, коинот ва бутун борлиқ йўқ жойдан пайдо бўлган ва мазкур борлиқ ўзининг замон ва макон ўлчамлари билан биргаликда кенгайиб бормоқда. Яъни, бўш жойда юз бермаяпти бу ҳолат.

Аллоҳ таоло бошқа бир ояти каримада бу ҳолатни қуйидагича тасвирлайди: «وَٱلسَّمَآءَ بَنَيْنَٰهَا بِأَيْيْدٍۢ وَإِنَّا لَمُوسِعُونَ» «самони қудрат ила яратдик. Ва биз уни кенгайтирувчидирмиз» (Зориёт сураси: 47-оят).

Ояти каримада диқатимизни тортадиган нарса «Мувсиъувн» дея «кенгайтириш» давом этиб боришига ишора қилинганлигидир. Зеро, араб тилида бирор иш ҳаракат исми фоил ёхуд аниқ даражадаги сифатдош шаклида ифодаланса, у ҳолат давомийлик табиатига эга эканлиги англашилади.

Ояти карима коинотнинг мудом кенгайишда бўлишига шу тариқа ишора қилган.

Яна бир қизиқ ҳолат. Ҳозирги замон физик, астроном ва астрофизиклари, космологлари борлиқнинг портлаш орқали кенгайишни бошлаб вужудга келишидан илгариги ратқ ҳолати яъни сингуляр ҳолатидан аввал қандай ҳолатда бўлган(?), бутун борлиқнинг яхлит масса ҳолида бўлиши қандай юз берган(?), деган саволларга ҳам жавоблар топишга уринганлар.

Мазкур жавоблар инсонни ҳайратда қолдиради ва умуман исломдан йироқ бўлган, ҳатто бирор динга эътиқод қилмайдиган олимларнинг ҳам бу борадаги қарашлари борлиқнинг йўқдан бор этилганлигини тасдиқлайди. Жумладан, Стивен Хокинг, Лоуренс Краусс ва Майкл Мартинлар оламнинг катта портлашдан аввалги сингуляр ҳолати умуман йўқ жойдан вужудга келган бўлиши мумкин деган фикрни илгари сурадилар.

Албатта. Коинотнинг, борлиқнинг, барча макон ва замоннинг йўқдан бор қилувчиси Аллоҳ бўлгач, ҳамма нарса йўқликдан бор бўладида. Зеро, азалда фақат Аллоҳ бўлган ва У билан бирга ҳеч нарса бўлмаган. Аллоҳ Ўзининг чексиз қудрати билан борлиқни ва ундаги барча нарсаларни йўқдан бор қилган.

Мана шу эътиқод соғлом ақлга тўғри келадиган энг тўғри эътиқоддир.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *