ИМОМ АЛ-ҲАРАМАЙН АЛ-ЖУВАЙНИЙ “Аллоҳ осмонда!” ДЕГАНМИЛАР?

71c8693eb9553abcf25d40d84b625d15Имом ал-Ҳарамайн ал-Жувайний (419-478 ҳ./1028-1185 м.) раҳматуллоҳи алайҳи аҳли сунат ва жамоат таълимотининг икки қанотидан бири ашъарий эътиқодли олимларнинг улуғларидан бўлиб, исломнинг буюк ҳужжатларидан бўлмиш Ҳужжат ал-ислом Имом ал-Ғаззолий раҳимаҳуллоҳнинг устози ҳисобланади. Ислом тарихидаги энг машҳур мадрасалар тизими бўлмиш “Низомия” мадрасаларидан бири, Нишопурдаги “Низомия” мадрасаси Имом ал-Ҳарамайн ал-Жувайний раҳимаҳуллоҳ учун махсус қурилган ва унинг илк бош мударриси бўлган. Маккаи мукаррама шаҳрида тўрт йилча илм ўқитиб, фатво бериш билан шуғуллангани боис “Имом ал-Ҳарамайн” (“Икки Ҳарам имоми”) номли юксак унвонга сазовор бўлганлар.

Имом ал-Ҳарамайн ал-Жувайний раҳимаҳуллоҳ “Низомия” мадрасасининг муассиси Бағдод халифасининг бош вазири Низомулмулк раҳимаҳуллоҳга атаб ислом арконлари ҳақидаги асарни битганлар. Ушбу асарнинг ақидавий қисми “ал-Ақида ан-Низомия” (ёки “ар-Рисола ан-Низомия”) деб аталади. Мазкур асарда Имом ал-Ҳарамайн ал-Жувайний раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолони осмон каби бирор томонда дегувчиларни ҳақдан тойилганлар сифатида тасвирлаганлар:

  فَذَهَبَتْ طَوَائِفُ إِلَى وَصْفِ الرَّبِّ بِمَا تَقَدَّسَ فِى جَلَالِهِ عَنْهُ عَنِ التَّحَيُّزِ بِالْجِهَةِ حَتَّى إِنْتَهَى غُلَّاةٌ إِلَى التَّشْكِيكِ أَوْ التَّمْثيلِ أَوْ التَّمَسُّكِ، تَعَالَى اللهُ عَنْ قَوْلِ الزَّائِغِينَ

“Бир тоифа ўз жалолида муқаддас бўлмиш Парвардигорни жиҳат (томон, осмон) билан чегараш ила васф қила бошладилар. Ҳатто ғулувга кетганлар шак-шубҳага, бирор нарсага ўхшатишга, ўз фикрларига ёпишиб олишгача етиб бордилар. Аллоҳ таоло ҳақ йўлдан оғишганларнинг гапларидан кўра олийдир!” (Имом ал-Ҳарамайн ал-Жувайний. Ал-Ақоид ан-Низомия фи-л-аркон ал-исломия. – Қоҳира: ал-Мактаба ал-Азҳария, 1992. – Б. 22).

 Имом ал-Ҳарамайн ал-Жувайний раҳимаҳуллоҳ “ал-Иршод” асарида бундай деганлар:

هُوَ إِقَامَةُ الدَّلِيلِ عَلَى تَقَدَّسَ الرَّبُّ تَبَارَكَ وَ تَعَالَى عَنِ الْحَاجَةِ إِلَى مَحَلٍّ. وَ الدَّلِيلُ عَلَيْهِ أَنَّهُ لَوْ حَلَّ مَحَلًّا وَ افْتَقَرَ وُجُودُهُ إِلَيْهِ لَكَانَ الْمَحَلُّ قَدِيمًا وَ لَكَانَ هُوَ صِفَةً لَهُ، إِذْ كُلُّ مَحَلٍّ مَوْصُوفٌ بِمَا قَامَ بِهِ

“Бу фаслдан мақсад Аллоҳ таборака ва таолонинг бирорта маконга муҳтожлигидан кўра муқаддас эканлигига далил келтиришдир. Бу далил шуки, агар бирорта маконда турса, ва унда бўлишга муҳтож бўлса, ўша макон ҳам “қадим” бўлиб қолади. Ҳолбуки, қадимийлик Аллоҳнинг хос сифатидир. Зотан, ҳар бир макон ўзида турган нарса билан сифатланган бўлади. (Аллоҳни эса макон билан сифатлаб бўлмайди)” (Имом ал-Ҳарамайн ал-Жувайний. Китоб ал-Иршод ила қавотеъ ал-адилла фи усул ал-эътиқод. – Қоҳира: Мактабат ас-Сақофа ад-диния, 2009. – Б.  39-40).

Имом ал-Ҳарамайн ал-Жувайний раҳимаҳуллоҳ мазкур асарида Аллоҳни бирор маконда деб, хусусан, тепада бўлмаслиги ҳақида ёзар эканлар, бундай дейдилар:

 وَ مَذْهَبُ أَهْلِ الْحَقِّ قَاطِبَةً أَنَّ اللهَ سُبْحَانَهُ وَ تَعَالَى يَتَعَالَى عَنِ التَّحَيُّزِ وَ التَّخَصُّصِ بِالْجِهَاتِ. وَ ذَهَبَتِ الْكَرَّامِيَّةُ وَ بَعْضُ الْحَشَوِيَّةِ إِلَى أَنَّ الْبَارِى، تَعَالَى عَنْ قَوْلِهِمْ، مُتَحَيِّزٌ مُخْتَصٌّ بِجِهَةِ فَوْقْ، تَعَالَى اللهُ عَنْ قَوْلِهِمْ.

“Ҳақ аҳлининг мазҳаби қатъий равишда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло чегараланишдан ва бир томонга хосланишдан кўра олий бўлишидир. Карромийлар ва айрим ҳашавий тоифалари эса – Аллоҳ уларнинг гапларидан юксакдир – юқори томон билан хослаб чегаралаб қўядилар. Аллоҳ эса уларнинг гапларидан кўра олийдир!” (Имом ал-Ҳарамайн ал-Жувайний. Китоб ал-Иршод ила қавотеъ ал-адилла фи усул ал-эътиқод. – Қоҳира: Мактабат ас-Сақофа ад-диния, 2009. – Б.  44).

Имом ал-Ҳарамайн ал-Жувайний раҳимаҳуллоҳ Аллоҳни осмонда дегувчилар айнан “истиво” сифатига ёпишиб олишганини эътиборда тутиб, у ҳақида гапирар эканлар, унинг айнан “истиқрор” (“қарор топиш”, “жойлашиш”) маъносини ушлаш куфр эканини айтганлар:

ثُمَّ الْإسْتِوَاءُ بِمَعْنَى الْإِسْتِقْرَارِ بِالذَّاتِ يُنْبِئُ عَنْ إِضْطِرَابٍ وَ إْعْوِجَاجٍ سَابِقٍ وَ إِلْتِزَامُ ذَلِكَ كُفْرٌ

“Истиво”ни зоти билан қарор топиш маъносида дейиш айтиб ўтилган қийшиқ ва пала-партиш фикрдан ўсиб чиққандир. Ушбу фикрга ёпишиб олиш эса куфрдир!” (Имом ал-Ҳарамайн ал-Жувайний. Китоб ал-Иршод ила қавотеъ ал-адилла фи усул ал-эътиқод. – Қоҳира: Мактабат ас-Сақофа ад-диния, 2009. – Б.  46).

“Истиво” сифати тўғрисида ёзилган, Имом ал-Ҳарамайн ал-Жувайний раҳимаҳуллоҳнинг ўзига ҳам, отасига ҳам нисбат қилинаверадиган махсус рисолада ҳам унинг “истиқрор” (“қарор топиш”, “жойлашиш”) маъноси инкор қилиниб, Аллоҳ таоло махлуқотларга хос сифатлардан холи экани таъкидланган.

Имом ал-Ҳарамайн ал-Жувайний раҳимаҳуллоҳ аҳли суннат ва жамаот ақидаларининг қоидаларига бағишланган “Лумаъ ал-адилла” асарида бу мавзуни яна давом қилдириб, айни ақидасини кўрстаиб берганлар:

أَنَّ الرَّبَّ تَعَالَى مُتَقَدَّسٌ عَنِ الْإِخْتِصَاصِ بِالْجِهَاتِ وَ الْإِتِّصَافِ بِالْمُحَاذَاةِ… فَإِذَا ثَبَتَ تَقَدُّسُ الْبَارِى عَنِ التَّحَيُّزِ وَ الْإِخْتِصَاصِ بِالْجِهَاتِ فَيَرَتَّبُ عَلَى ذَلِكَ تَعَالِيهِ عَنِ الْإِخْتِصَاصِ بِمَكَانٍ وَ مُلَاقَاةِ أَجْرَامٍ وَ أَجْسَامٍ

“Парвардигори олам томонлар билан хосланишдан ҳамда баробар бўлиш билан сифатланишдан кўра муқаддасдир. Аллоҳ таолонинг чегараланиш ва томон билан хосланишдан кўра муқаддас экани собит бўлар экан, демак, у бирор макон билан хосланишдан ҳам, қанақадир жисм ва осмон жисмларига йўлиқишдан кўра олий (ҳожатсиз) экани маълум бўлади” (Имом ал-Ҳарамайн ал-Жувайний. Лумаъ ал-адилла фи қавоид ақоид аҳл ас-суннат ва-л-жамоат. – Байрут: Олам ал-кутуб, 1987. – Б. 107-108).

Имом ал-Ҳарамайн ал-Жувайний раҳимаҳуллоҳ аҳли суннат ва жамоатнинг буюк имоми бўлиб, ашъария таълимотига асосан ақида юритганлар. Шунга кўра, у зот “Аллоҳ осмонда!” деган ақидани айтишдан ҳам, уни маъқуллашдан ҳам омонда бўлган соф исломий ақидага эга бўлганлар. Бу Аллоҳ таолони томонларда, хусусан, осмонда бўлишдан беҳожатдир, деган ақидадир. Буни биз юқорида иқтибос келтирган бир эмас, учта асаридаги фикрлар ҳам тасдиқлайди.

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *