№3. “Арбаъин” туркуми ва ғазал

МУҲАММАД (с.а.в) ДЕДИЛАР…
(“Арбаъин” туркуми)

Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм.

Муножот

Борлиқни бор этган, музайян этган,
Ҳидоят йўлини муайян этган,
Инсонлик рутбасин хилқатлар аро
Икки дунё ичра сарбаланд этган
Қудрати бепоён, буюк бўлган Зот,
Барчамизга бирдай, суюк бўлган Зот,
Марҳамат, раҳматга тўлуғ бўлган Зот,
Меҳри қаҳридан-да улуғ бўлган Зот,
Қаршингда йўқдайман ва лекин борман,
Истасанг – азизман, истасанг – хорман,
Сени танидиму, гоҳ унутсам ҳам,
Ҳар лаҳза шафқатинг, меҳрингга зорман.
Гўзал дунёларни кўзимга берган,
Сирни,синоатни сўзимга берган,
Шунчалар қудрату балоғат билан
Ихтиёрни охир ўзимга берган,
Жамъи оламларни бунёд этган Зот,
Истаса – лаҳзада барбод этган Зот,
Шунча кашфи аро кўнглимни маним
Муҳаббат шавқидан обод этган Зот!
Сен томон эгилсам – улуғвор бўлгум,
Юкунсам – қушмисол сабукбор бўлгум.
Йўқ эдим – бор бўлдим, тағин йўқ бўлиб,
Азму қудратингдан тағин бор бўлгум!
Ўзинг Раҳмонсану, Ўзинг Қаҳҳорсан,
Имтиҳон айла-ю, нораво этма.
Югурдим, адашдим… Ўзинг Ғаффорсан,
Бир куни васлингдан мосуво этма!

Ташаккур

Башарнинг доҳийси Сизсиз, Муҳаммад,
Тарбият қомуси Сизсиз, Муҳаммад.
Биз-ку биз, Ҳазрати Одам Атонинг,
Дунёнинг боиси Сизсиз, Муҳаммад.
Сиз очган эшикдан кирсак дунёга
Юзимиз нур бўлар, изларимиз – гул.
Шукримиз аввало Қодир Худога,
Сизни яратгани учун ташаккур.

1. Иймоннинг япроқлари – ҳаё, меваси –илмдир

Дедилар: Дил мулки – чаман ё боғдир,
Унда иймон ўсар – мисли оғочдир.
Ҳаё япроқлари, илм меваси
Бирла безатмассан – ул яланғочдир.

2. Яхшиликка калит, ёмонликка қулф бўл

Яхшиликка калит бўлгил, дедилар,
Яхшилик эшиги очилур ҳар чоғ.
Қулф бўлсанг, дедилар, ёмонликка гар
Ёмонлик эшиги ёпилур андоқ!

3. “Замонни сўкманглар”

Бошдан гоҳ тўрт фасл кечар бир они,
Бир даминг – нусратдир, бир даминг – оҳдир.
Ҳарна бўлганда ҳам сўкманг замонни,
Дедилар, нечунким, замон – Аллоҳдир.

4. Ёмонликни қайтармоқ шарт

Ёмонликни қайтар қўл билан, дерлар,
Имкони бўлмаса – тил билан, дерлар.
Таҳлика остида қолса ҳаётинг,
Қарши тур, ҳеч йўқса, дил билан дерлар.

5. Олимнинг обид(ибодат қилувчи)дан устунлиги

Олиму обидким – қайси устунроқ,
Қай бири Аллоҳга кўпроқ ёққуси?
Дедилар: қарагил, ўн тўрт кунлик ой
Бирла юлдузлардир бунинг таққоси.

6. Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт шарт

Мазлумнинг дуоси бўлгай ижобат
Гуноҳкор, кофир ё фожир бўлса ҳам.
Зулм этмоқликдан сақлан, дедилар,
Ҳақ ва мазлум аро тўсиқ йўқ, зотан.

7. Гуноҳдан қайтармаганлар ҳам жазога лойиқ

Дедилар: “Кимлардир ботса гуноҳга
Кимлардир қайтармай қараб турса жим,
Барчаси мустаҳиқ бўлгай жазога”.
Ўрмонга ўт кетган кабидур, Раббим!

8. Аллоҳ сабр қилгувчининг гуноҳ-савоб дафтарини очмай туриб жаннатга ноил этиши

Жаннат орзуласанг, дедилар, сабр эт
Хасталик, мусибат етишган кунда.
Номаи аъмолинг рўзи қиёмат
Аллоҳ ҳаё қилар очмоққа шунда.

9. Яна сабрнинг фойдаси ҳақида

Фасли хазон эди. Дедилар: Боқинг,
Дарахт япроқлари тўкилар дув-дув.
Ҳар не кўргуликка сабр этганнинг
Гуноҳлари айни шундоқ тўкилур.

10. Ота-онани рози қилмаган киши

Дедилар: Қай фарзанд ота-онасин
Рози қилмас эса билсин баякбор:
Улар ҳатто зулм этган бўлса ҳам
Хор бўлсин, хор бўлсин ўшал фарзанд, хор!

11. Дин йўлидаги жангдан афзал амал ҳақида

Сўрдилар: Яхшилик йўлида жангдан
Кимдир ул – улуғроқ амали, алҳол?
Дедиларки: Тунда усти очилган
Фарзандига кўрпа ёпган ҳар аёл.

12. “Гоҳ-гоҳ зиёрат қилу, дўстликни орттир!”

Дўсту ҳабиб топмак мумкину, қандоқ
Ниҳолдан баркамол чинор етилар?
“Бир-бирни зиёрат қилингиз гоҳ-гоҳ,
Дўстлик улғаяжак шундан”, дедилар.

13. Бировнинг молига кўз тикмаган киши – энг бойдир

Кимнинг моли – дарё, кимники – сойдир,
Кимга дулдул насиб, кимга-чи – тойдир.
Ўзганинг молига кўз тикмаганлар,
Дедилар, ҳаммадан ўшал кас бойдир.

14. Чин бойлик – нафсга муҳтож бўлмасликда

Бойлигу давлатдан сўз кетди яна,
Гарчанд бу дунё-ку орзу-ҳаваслик,
Дедилар: Чин бойлик – ғаюр нафсингга
Муҳтож бўлмасликдир, муҳтож бўлмаслик.

15. Бегона аёлга тикилган нигоҳ – иблиснинг ўқидир

Аёл – асли Ҳақнинг мўъжизасидир,
Бировнинг хасмига боқмагил аммо.
Дедилар: Покиза нигоҳларингни
Иблиснинг ўқига эвурма асло!

16. Тижоратда ҳалоллик ва шерикка хиёнат қилмасликнинг мукофоти

Дедиларки: Ризқинг гар тижоратдан,
Ҳалолсан, йироқсан ҳам хиёнатдан,
Набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар мисли
Маҳшар балосидан сен саломатсан.

17. Бозор ҳақида

Гар тижорат аҳли ўзғиру бойдир,
Қўл чўзса, узгани – юлдуздир, ойдир.
“Ҳақни зикр этиб тур, дедилар, чунки
Бозор – иблис туғин тикажак жойдир”.

18. Меҳр-муҳаббатни изҳор қилиб туриш лозимлиги

“Муҳаббатингизни,- дедилар, — тез-тез
Изҳор қилиб туринг, кўпайсин меҳр”.
Бундайин изҳорга қандоқ ташнамиз,
Севилмак – энг ичкин эҳтиёж, ахир!

19. Яхшиликни қалби қаттиқ кимсалардан кутмаслик

Биз-ку яхшиликка зормиз эрта-кеч,
Балки, бирор ҳолдан зада эдилар.
Шунданми, “Умматим, яхшиликни ҳеч
Қалби қаттиқлардан кутманг”, дедилар.

20. Аллоҳ сахийларни яхши кўради

Дедилар: Сахийлик касбингиз бўлсин,
Яратганнинг ўзи сахийдир, зотан.
Валийлар, ғанийлар, шоҳлар қанча-ю
Ва лекин биттадир, биттадир Ҳотам.

21. Бошқаларни менсимаслик жаннатдан маҳрум этади

Зарра кибр бўлса кимнинг қалбида
Дедилар, жаннатга кирмагай зинҳор.
Ахир, барчамиз тенг – барчамиз банда,
Бир далада ўсган буғдойлар мисол.

22. Ҳаромдан – ҳазар

Дедилар: Каъбага турсанг юзма-юз,
Ёлворсанг, “ё Раббим!” дея ўртаниб,
Дуоларинг қабул бўлмагай ҳаргиз
Ҳаромдан бўлса гар еган, кийганинг.

23. Насиҳат

Сўрдилар: “Муҳаммад, насиҳат айтинг”.
“Ғазабланма” – жавоб мухтасар бўлди.
“Насиҳат, насиҳат” сўрдилар, тағин
“Ғазабланма” такрор-мукаррар бўлди.

24. Сенга ёмонлик қилган кишини ҳам кечириш мумкин

Айтайми, дедилар, энг шарофатли,
Энг устуни кимдир одамлар аро:
Улким, жазолашга етар қудрати,
Ёмонлик қилганни кечиргай аммо.

25. Ҳеч кимга озор етказма

Ул кишиким, элга етмагай озор
На қўлидан ва на тилидан зинҳор –
Дедилар: Ҳақиқий мусулмон шулдир.
Қанчалар осондай ва лекин душвор!

26. Ақчага қул бўлмаслик ҳақида

Исони сотдилар ўттиз тангага.
Кимлар ҳам ақчага сиғинди магар
Билсинким: “Динорга ва ё дирҳамга
Қул бўлган касларга лаънат”, деганлар.

27. Туганмас бойлик

Акас япроғини чайнар эдилар,
Шилиниб кетарди оғиз-лаблари.
Қаноат – туганмас бойлик, дедилар.
Шудир бандаликнинг оддий шартлари.

28. Ғийбат ва бўҳтон

Кимда бир нуқсон бор, айтсанг – ғийбатдир,
Бўлмаганин айтсанг – бўҳтон, туҳматдир.
Шошма бир инсонни бадном этгали,
Дедилар: Булардан эҳтиёт шартдир.

29. Ёлғончининг жойи – дўзахдир

Ёлғоннинг ҳидидан – рисолат шулким –
Фаришталар қочар эмишлар гуррас.
Уч карра вайл* бўлсин, дедилар, чунким
Ёлғончилар менинг умматим эмас.

30. Мол-дунё ва иззат-шарафга ҳирс қўйма

Ҳирс қўйсанг, дедилар, айлагай ғорат
Иззату шарафу дунёнинг моли.
Икки оч бўрига топширсалар, айт,
На бўлар, на бўлар поданинг ҳоли?

31. Кўчмас мулк ҳақида

Еру сув соҳиби бўлмоққа зинҳор
Жаҳду жадал этманг, дедилар бир гал.
Нечунким, одамзод қалбида бу ҳол
Дунёга рағбатни зиёда қилгай.

32. Кимни севсангиз…

Ҳатто Муҳаммадни суйди-ку Аллоҳ,
Ҳаёт тилсимидир муҳаббат, шаксиз.
Бақо дунёсида, дедилар, илло
Маҳбубингиз ила бирга бўлгайсиз.

33. Деҳқончилик-зироат шарофати

Дедилар: Зироат қилсанг, ложарам,
Наф кўрса, есалар – садақадир ул.
Йиртқичу қуш еса, ўғирланса ҳам
То қиёмат қадар – садақадир ул.

34. Мўмин саналмагай

Майпараст, ўғри ҳам зинокор, билгил,
Мўмин саналмагай тамом, дедилар.
Зўравонлик ила кимсанинг молин
Олса тортиб, бул-да ҳаром, дедилар.

35. Ёвлашмоқни ёмон кўрардилар

Халқлар, салтанатлар ёвлашар бадар…
Тариқча бўлса ҳам ёқмасди бу ҳол:
Аразлашган икки касни, дедилар,
Ёлғон гапирсанг ҳам, яраштир дарҳол!

36. Қарзни гўзал ўташ ҳақида

Ҳаёт-да, улар ҳам бўлдилар қарздор.
Қайтардилар танлаб туянинг зўрин.
Одамнинг афзали, — дедилар, — филҳол
Қарзларини гўзал ўтаган мўмин.

37. Солиҳа аёл – дунёнинг ҳузури

Дунёдан юз бурма – Ҳақдан атодир,
Дунёнинг ҳаммаси ҳузур-матоъдир.
Энг яхшиси эса дунё матоъин
Солиҳа аёлдир, дедилар охир.

38. “Менга аёллар ва хушбўй нарсалар маҳбуб қилинди”

Уларга не марғуб – Ҳаққа марғубдир,
Фаромушхотирга эслат, биродар:
Дедилар: Дунёда менга маҳбубдир,
Хушбўй нимарсалар ҳамда аёллар.

39. Ўлдиринг!

Ўлдиринг, дедилар, иккисин ҳам бот!
Ким улар – набий ҳам айлаган ҳазар?
Лут қавмин амалин қўллаган бадкор –
Ҳаддини билмаган манфур! Алҳазар!

40. Муҳаммад (с.а.в) дедилар: Огоҳ бўл!

Огоҳ бўл! Вужудда бордир парча гўшт,
Дедилар, солиҳсан, солиҳдир ул то,
Бузуқ бўлса, бузуқ бўлар бор вужуд.
Ўшал парча – қалбдир! Огоҳ бўл, огоҳ!

Хотима

Мафтун айламаган ул китоб кимни?
Ёпгим келмаяпти, ўқувчим, аммо
“Кимки одамларга қирқ ҳадисимни
Етказса…” деганлар.
Демакки, тамом!

Нодира АФОҚОВА.
2016 йил 21 ноябрь
———————————

*Вайл – жаҳаннам қаъридаги бир чоҳ.

 


 

ҒАЗАЛ
Эй! Набий ҳамда расуллар ўтдилар кўб, эй ҳабиб,
Бўлдингиз марғублар ичра бунча марғуб, эй ҳабиб.

Офтобдур – теграсида коинот юлдузлари
Ким, қиёсу миқёсингиз шунга тортиб, эй ҳабиб.

Бўлди пайдо барчадан аввал у нури Мустафо,
Сизни суймиш – шундан эрмиш буйла тартиб, эй ҳабиб.

Бунча фазлу, бунча рутба! Ҳам “Ҳабибуллоҳ” санаб,
Аллоҳ-аллоҳ, иззатингиз бунча ортиб, эй ҳабиб!

Тушларимга кирсангиз… Кимман таманно этгали?
“Суратим, — дебсиз, — фақат ўзимга мансуб”, эй ҳабиб.

Тунлари Мино намоён – тоғ эрур, ойдоғ эмас,
Ой эмас кўк қўйнида – Сиздан у мактуб, эй ҳабиб.

Бу муҳаббат шевасиким – иштиқоқу* иншиқоқ* :
“Ҳақ ўзин қилди муҳиб, сен ойни маҳбуб, эй ҳабиб”* .

Нодира АФОҚОВА
————————————-
* Иштиқоқ – ар. ажратиш. Ўзакдош сўзларни қўллашдан иборат усул, бадиий санъат. Ҳазрат Навоийнинг мисраси бизнинг байтда тазмин қилинган наът-ғазали бошдан-оёқ мазкур бадиий санъат асосида яратилган.

* Иншиқоқ – ар. ёрилиш. Муҳаммад (с.а.в.) томонларидан кўрсатилган ойни иккига бўлишдан иборат мўъжизага ишора. Қуръони Каримда “Иншиқоқ” номли сураям мавжуд.

* Бу мисра Ҳазрат Алишер Навоийнинг наът-ғазалидан. Тазмин қилинди

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...