“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ”ДАГИ СУННАТЛАР МАСАЛАСИ

6666666666666666666666666666666Савол. Баъзи суннат  аммаларни бизлар  қилмаяпмиз. Масалан, ҳадисларда келган, Пайғамбаримиз алайҳиссалом намоз ўкиганларда қулоқ қоқмаган дейишади. Биз эса қулоқ бўшлиғига бош бормоғимизни теккизамиз. Пайғанбаримиз алайҳиссалом эса қулоқ баробарида қўлларини кўтарган эканлар. Кейин рукуъга кетганида қўлларни кифтигача кўтарган, деган ҳадислар ҳам бор. Рукуъдан қайтганида ҳам қилган эканлар ва саждага кетганида ҳам худди шундай қилган эканлар. Шу тарзда ўқисак нима дейсиз? Мен буларни Бухорийнинг 739-ҳадисларидан эшиттим. Лекин бу ҳадислар ўзбек тилига таржима қилинмаган экан.

Жавоб. Аслида, бу саволлар сизнинг хаёлингизга келмаган, кимдир ўргатган ёки кимдандир таъсирланган бўлсангиз керак. Чунки “Саҳиҳи Бухорий”ни ҳам тўлиқ ўқиб чиқмагансиз, шекилли. Ҳозиргина яна очиб кўрдим, Аллоҳга қасамки, “Саҳиҳул Бухорий”нинг ўзбекча таржимасида сиз айтган ҳадислар мавжуд. Сиз эса бировларнинг гапига кириб, “Лекин бу ҳадислар ўзбек тилига таржима қилинмаган экан”, деб туҳмат қилиб ўтирибсиз. Азиз дўстим, китоб ўқиш керак, тизимли ва ҳаққоний аҳли илмлардан илм олиш керак. Шунда, бу тарзда ҳайрон бўлмайсиз! Яратган Эгам ҳаммамизга илм берсин, фаҳм-фаросат берсин, холислик ва ихлос берсин.

Масалага холислик билан тизимли ёндашилса, масала ойдинлашади. Мана, сизга савол, нимага энди “Саҳиҳул Бухорий”даги шунча ҳадислар ва суннат амаллар бўла туриб, шу иккита масала ҳақида сўраяпсиз?! Сиз сўраган бу масалалар юз йиллардан бери ваҳҳобий, салафий ва бемазҳаблар томонидан савол бўлиб келаётган, сиздан олдингилар ҳам сўрашган ва уларга батафсил жавоблар бериб келинган. Ҳамманинг бошини қотириб, ўқиётганларни довдиратиб, шу ихтилофли саволларни қайта-қайта, такрор-такрор кўтаравериш шарт эканми? Сиз фитна қилаяпсизми ёки ҳақиқатдан холис сўраяпсизми? Холис сўраётган бўлсангиз, “Саҳиҳул Бухорий”даги мана бу суннатлар ҳақида ҳам ўйлаб кўришингиз керак бўлади:

Сиз кўрганмисиз-йўқми, “Саҳиҳул Бухорий”да шу айтган рақамли ҳадисингиздан сал кейинроқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам такбири таҳримадан кейин, намознинг энг бошида, қироатдан олдин мана бу дуони ўқишлари айтилган:

اللَّهُمَّ بَاعِدْ بَيْنِي وَبَيْنَ خَطَايَايَ كَمَا بَاعَدْتَ بَيْنَ الْمَشْرِقِ وَالْمَغْرِبِ اللَّهُمَّ نَقِّنِي مِنْ الْخَطَايَا كَمَا يُنَقَّى الثَّوْبُ الْأَبْيَضُ مِنْ الدَّنَسِ اللَّهُمَّ اغْسِلْ خَطَايَايَ بِالْمَاءِ وَالثَّلْجِ وَالْبَرَدِ

  “Аллоҳумма, баъид байний ва байна хатойайа кама боъадта байн ал-машриқи ва-л-мағриби. Аллоҳумма, наққиний мин ал-хатойа кама йунаққи-с-савбу-л-абйазу мин ад-данас. Аллоҳумма-ғсил хатойайа би-л-мои ва-с-салжи ва-л-баради!” (“Эй, Аллоҳ! Менинг билан хатоларим орасини шарқ ва ғарбни узоқлаштирганинг каби узоқ қилгин. Эй, Аллоҳ! Мени хатоларимдан худди оппоқ кийимни кир-чирлардан тоза қилганинг каби тозала! Эй, Аллоҳ! Менинг хатоларимни сув, қор ва совуқ сув ила ювгин!”).

Нимага шу дуони ёддан билмайсиз, нега ўқимайсиз, нега шу дуони ўқишмайди, деб сўрамайсиз? Келиб-келиб, салафийлар ва бемазҳаблар ҳадеб кўтараверадиган ўша икки масалани сўрайсиз! Холис бўлсангиз, “Саҳиҳул Бухорий”даги шу хилдаги суннатлар ҳақида нега сўрамайсиз?!

Юқоридаги дуо намознинг аввалида ўқиладиган дуо эди. “Саҳиҳул Бухорий”да келишича, намознинг энг охирида ҳам, икки томонга салом беришдан аввал мана бу дуони ўқишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрганлар:

اللَّهُمَّ إِنِّي ظَلَمْتُ نَفْسِي ظُلْمًا كَثِيرًا وَلَا يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلَّا أَنْتَ فَاغْفِرْ لِي مَغْفِرَةً مِنْ عِنْدِكَ وَارْحَمْنِي إِنَّك أَنْتَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ

“Аллоҳумма, инний золамту нафсий зулман касирон, ва ла йағфиру-з-зунуба илла анта! Фағфир лий мағфиратан мин индика, варҳамний, иннака анта-л-ғофуру-р-роҳийм!” (“Эй, Аллоҳ! Мен ўз жонимга жуда кўп зулмлар қилдим. Гуноҳларни Сендан ўзгаси кечирмайди шунга мени ҳузурингдаги мағфират ила кечиргин. Менга раҳм қилган, албатта Сен кечиргувчи ва раҳмли зотсан!”).

Яна савол: нимага шу дуони ёддан билмайсиз, нега ўқимайсиз, нега шу дуони ўқишмайди, деб сўрамайсиз? Келиб-келиб, салафийлар ва бемазҳаблар ҳадеб кўтараверадиган шу икки масалани сўрайсиз! Холис бўлсангиз, “Саҳиҳул Бухорий”даги шу хилдаги суннатлар ҳақида нега сўрамайсиз?! Ана шу икки дуони ўқишни одат қилганингизда, эҳтимолки, гуноҳ ва хатоликларингиз оз ҳамда холислигингиз ва ихлосингиз кўп бўларди!

“Саҳиҳул Бухорий”да: “Жамоат намози ёлғиз ўқигандан кўра 27 даража ортиқ бўлади” деган ҳадис келади (645-ҳадис). Нега сиз беш вақт намозни масжидда жамоат билан ҳамиша ўқимайсиз ва шунча намозхон одамларнинг жамоатга чиқмаслигига қайғурмайсиз ва бу ҳақида сўрамайсиз?!

“Саҳиҳул Бухорий”да зуҳо намози ҳақида бир қанча ҳадислар келтирилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу намозни сафарда ҳам, ҳазарда ҳам қолдирмаганлар (1175-1179 ҳадислар). Нега зуҳо намозини ўқишга одат қилмагансиз, нега одамларнинг шу намозни ўқишмаётгани ва ҳатто унинг қандай намоз экани-ю қандай қилиб ўқиш кераклигини билмаслигидан ажабланмайсиз?!

“Саҳиҳул Бухорий”да: “Ким жанозада қатнашиб, жаноза намози ўқиса, унга бир қийрот савоб, ким дафнда ҳам иштирок қилиб қатнашса, унга икки қийрот савоб берилади”, деган ҳадис бор (1325-ҳадис). Нега, сиз бизнинг одамлар дафнларда қатнашмасдан жуда кўпчилиги жаноза ўқилган жойда “Таборак” ўқиб ёки масжидда қолишаверади, дафнга боришмайди, деб ҳайрон бўлиб сўрамайсиз?!

“Саҳиҳул Бухорий”да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар ётиш учун тўшакка келсанг, намозга таҳорат олганингдек таҳорат олгин, сўнг ўнг томонингга ёнбошлаб ётгин, кейин эса мана бу дуони ўқигин”, деган ҳадислари келтирилган:

اللَّهُمَّ أَسْلَمْتُ وَجْهِي إِلَيْكَ وَفَوَّضْتُ أَمْرِي إِلَيْكَ وَأَلْجَأْتُ ظَهْرِي إِلَيْكَ رَغْبَةً وَرَهْبَةً إِلَيْكَ لَا مَلْجَأَ وَلَا مَنْجَا مِنْكَ إِلَّا إِلَيْكَ اللَّهُمَّ آمَنْتُ بِكِتَابِكَ الَّذِي أَنْزَلْتَ وَبِنَبِيِّكَ الَّذِي أَرْسَلْت

“Аллоҳумма, асламту важҳий илайка, ва фаввазту амрий илайка, ва алжаъту зоҳрий  илайка, роғбатан ва роҳбатан илайка, ла малжа-а ва ла манжа-а минка илай илайка! Аллоҳумма, оманту би-китобикаллазий анзалта, ва би-набиййикаллазий арсалта!” (“Эй, Аллоҳ! Юзим билан сенга бўйсиндим. Ишимни сенга топширдим. Сенинг паноҳинга орқамни тутдим. Сендан қўрққан ва сендан умид қилган ҳолатда шу ишни қилдим. Чунки, сендан ўзга паноҳ берадиган ҳам, қутқарадиган ҳам йўқ! Эй, Аллоҳ! Сенинг туширган китобингга ва юборган пайғамбарингга имон келтирдим!”).

Ҳадис давомида: “Кимки шуни ўқиб шу кечаси вафот этса, пок имон билан ўлади. Сенинг охирги калималаринг шу бўлсин!”, дейилган (247-ҳадис).

Сиз нега ҳар кеча янги таҳорат билан ухламайсиз, мана шу дуони ўқиб ётмайсиз? Ахир бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буюрган суннатларику. Нега, одамларни шунга тарғиб қилмайсиз?!

“Саҳиҳул Бухорий”да мисвок ҳақида бир қанча ҳадислар келтирилган. Жумладан, шулардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар умматимга ёки одамларга машаққат бўлмаганида, уларни ҳар намозга мисвок қилишга буюрган бўлардим!” деб марҳамат қилганлар (887-ҳадис). Нега, сиз бизнинг одамлар мисвокни жуда кам ишлатишади, балки ҳатто кўп намозхонлар уни умуман ишлатиб ҳам кўрмаган, деб сўрамайсиз?!

“Саҳиҳул Бухорий”да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умр бўйи кечаси туриб таҳажжуд ва тунги намозларни ўқиш одатлари бўлгани ҳақидаги ҳадислар қаторлаштириб ташланган. Бир ҳадисида: “Абдуллоҳ кечаси туриб намоз ўқиганида қандай ҳам яхши инсон бўларди!” деганлар (1122-ҳадис). Нега, сиз биз ва бизнинг одамлар бомдодга зўрға туришади-ю, кечаси туриб таҳажжуд намозларини ўқишмайди, ахир бу ҳам суннатку, яхши инсон бўлиш учун таҳажжуд ўқиш керак экан-ку, деб айтмайсиз ва сўрамайсиз?!

“Саҳиҳул Бухорий”да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар душанба ва пайшанба кунлари рўза тутишлари-ю, ҳар ойнинг энг ёруғ уч куни бўлмиш 13, 14, 15 кунлари рўза тутишлари, бундан ташқари ашуро куни, муҳаррам, зулҳижжа, ражаб ва шаъбон ойларида ҳам рўза тутиш одатлари бўлгани ва шунга тарғиб қилганлари ҳақидаги ҳадислар ҳам келтирилган. Нега, сиз биз ва бизнинг одамлар рамазон рўзасини зўрға тутишади-ю, бошқа кунлар ва ойлардаги суннат бўлган рўзани тутишмайди, ахир бу ҳам суннатку, деб айтмайсиз ва сўрамайсиз?!

“Саҳиҳул Бухорий”да қўй боқиш барча пайғамбарларнинг суннати экани, Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳам қўй боққанлари ҳақидаги ҳадис келтирилган (3406-ҳадис). Нега, сиз ҳамма қўй боқсин, қўйда барака бор, нега айрим мусулмонлар қўй боқишмайди, ўзлари уйларида қўй боқа олмаса, чўпонларга бериб бўлса ҳам қўй боқтиришмайди, ахир бу суннатку, демайсиз?!

“Саҳиҳул Бухорий”да: “Уди ҳиндийни ўзингизга лозим тутинг. Чунки унда еттита шифо бор!” деган ҳадис мавжуд (5692-ҳадис). Нега сиз шу ҳақида сўрамайсиз, нега бизнинг мусулмонлар уди ҳиндийни ўзларига лозим тутиш у ёқда турсин, унинг нималигини ҳам билмайди, нега шундай, деб сўрамайсиз?!

“Саҳиҳул Бухорий”да: “Ҳижомада шифо бор!” деган ҳадис келтирилган (5697-ҳадис). Нега ҳижома қилдириб турмайсиз, нега одамларни ҳижома қилишга тарғиб этмайсиз, ҳижома нима деб сўрасангиз, билмайдиган мусулмонлар қанча, нега бу ҳақида сўрамайсиз?!

“Саҳиҳул Бухорий”да: “Уйлангин, чунки бу умматнинг яхшиси хотини кўпроғидир!”, деган ҳадис келади (5069-ҳадис). Нега, сиз шу суннат ҳақида сўрамайсиз, ўзингиз ҳам иккинчига, учинчига ва тўртинчига уйланмайсиз?! Бир хотинликка мажбур қилинаётган, кўп хотинликни хиёнат деб уқтиришаётган бу фитнаангиз замонда одамларни шу суннатга, “Саҳиҳи Бухорий”да мақталган ана шу кўп хотинликка тарғиб ва ташвиқ этмайсиз?!

“Саҳиҳул Бухорий”да Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассаломнинг шахсан ўзлари муборак қўллари билан бир эмас, иккита ола қўчқорни қурбонликка сўйганлари ҳақидаги саҳиҳ ҳадис келтирилган (5558-ҳадис). Нимага сиз одамларни қурбонлик қилишга чақирмайсиз ва шуни суннат деб айтмайсиз? Бу ҳадисни ўқиб, ўзингиз ҳам ҳеч бўлмаса, қурбон ҳайити куни умрингизда бир марта бўлса ҳам икки қўчқорни ўз қўлингиз билан сўймайсиз?!

Мана, сизга ҳақиқат! Инсоф қилсангиз, ана шуларни ҳам ўйлаб кўрсангиз, бўлмайдими?!

“Саҳиҳул Бухорий”да келган ҳар бир ҳадис суннат бўлавермаслигини ҳам билиб қўйишингиз керак. Умуман, ушбу қоидани унутманг: “Барча ҳадислар суннат ҳисобланмайди, барча суннатлар ҳадис ҳисобланади!”. Демак, шу қоидадан келиб чиқиб, “Саҳиҳул Бухорий”да келтирилган барча ҳадислар ҳам қанчалик саҳиҳ бўлишига қарамасдан суннат ҳисобланмайди.

Масалан, “Саҳиҳул Бухорий”да Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тик турган ҳолатда пешоб қилганлари ҳақидаги бир эмас, тўрт бора ҳадислар келтирилган (224-226 ҳадислар). Лекин, ҳеч бир олим тик туриб сийишни суннат деган эмас! Балки мусулмон уммати: يَا عُمَرُ لاَ تَبُلْ قَائِمًا – “Эй Умар, тик туриб сиймагин!” деган, “Саҳиҳи Бухорий”да келмаган заиф ҳадисга амал қилиб келишади. Ёки сиз заиф ҳадис бу деб тикка турган ҳолатда чоптираверасизми?!

“Саҳиҳул Бухорий”да саҳобадан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам калишда (ёки шиппакда) намоз ўқиганмилар?” деб сўралган ҳадис келади. “Ҳа!” деб жавоб берганлар (386-ҳадис). Сиз нега калишда ёки шиппакда намоз ўқимайсиз, уларни ечиб ўқийсиз?! Шу пайтгача ҳеч бир олим калишда ёки шиппакда намоз ўқиш суннат деб айтган эмас!

“Саҳиҳул Бухорий”да: “Мўъмин намозда раббисига муножот қилаётган бўлади. Шунга олд томонига ва ўнггига тупурмасин, чап томонига ёки оёғи остига тупурсин!”, деган ҳадис бор (413-ҳадис). Нега сиз ҳар намозда тупуриб турмайсиз ёки бу ҳадиснинг асл маъносидан сўрамайсиз?! Шу пайтгача ҳеч бир олим намозда чап томонга тупуриш ёки оёқ остига тупуришни суннат деган эмас!

“Саҳиҳул Бухорий”да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг соч олдирганлари ва сочларини одамларга улаштириб берганлари зикр қилинган (170-171 ҳадислар). Ҳеч бир олим соч олдирса, ўша сочларини одамларга бериш суннатдир, деб айтган эмас!

“Саҳиҳул Бухорий”да: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўққизта хотинлари бўлгани ва ўша хотинларининг ҳаммасининг олдига бир кечадаёқ кириб, айланиб чиқишлари ҳақидаги ҳадис келтирилган (5068-ҳадис). Лекин, ҳеч бир олим тўққизтага уйланиш суннат ва бир кечада тўққизтанинг кўнглини овлаш суннат ёки хотини биргина бўлса ҳам унинг кўнглини бир кечада тўққиз марта овлаш суннат деган эмас!

“Саҳиҳул Бухорий”да бир эмас, икки эмас, роппа-роса беш марта Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Ойша онамиз разийаллоҳу анҳога тўққиз яшарлигида уйланганлари ҳақидаги саҳиҳ ҳадислар келтирилган. Ундан қизалоқларни турмушга чиқариш борасида шаръий кўрсатма олинмайди. Исломнинг ҳеч бир олими қизларни ёш пайтида турмушга узатиш суннат деган эмас!!! Исломнинг ҳеч бир олими қизларга ёш пайтида уйланиш суннат, деган эмас!!! Ёки сиз “Саҳиҳи Бухорий”даги шу саҳиҳ ҳадисларга амал қилган кўйи қизингизни тўққиз ёшида турмушга бериб юборасизми ёки тўққиз яшар қизалоққа уйланиб оласизми?! Бу эса ҳадислар нақадар саҳиҳ ва ишончли бўлмасин, барчаси ҳам суннат ёки шаръий кўрсатма бўлавермаслигини тасдиқлайди. Ана шу фикр фақиҳлар минг йиллардан бери ишлаб чиққан ва амал қилиб келаётган қоидадир.

“Саҳиҳул Бухорий”да арабларга хос талбина ва сарийд каби таомларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом мақтаганлари келтирилган (5417-5418 ҳадислар). Лекин, ҳеч бир олим талбина ва сарийд ейиш суннат деб айтган эмас! Ҳатто миллион-миллион мусулмон уммати булар қанақа овқат эканини билишмайди ҳам!

“Саҳиҳул Бухорий”да Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг саҳобалар билан бирга камида олти марта чигиртка еганлари ҳақида саҳиҳ ҳадис келтирилган (5495-ҳадис). Лекин, ҳеч бир олим чигиртка ейишни суннат деган эмас! Ёки сизга чикирткани қовуриб беришса, суннат экан деб еяверасизми?! Ёки бу суннат деб туриб чигиртка овлашга ва теришга чиқасизми?!

Яна шуни билиш керакки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилмаган ёки қилгани айтилмаган ишни қилмаслик керак, деган қоида йўқ. “Саҳиҳул Бухорий”да Пайғамбаримиз алайҳиссалом таровеҳни ўқимай қўйганлари ҳақидаги ҳадис келади (2012-ҳадис). Лекин, бутун уммат рамазон ойида тўлиқ ҳар куни таровеҳ намозини ўқиб келади-ку!

Айрим ишларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган бўлишлари мумкин, лекин бизгача уни қилганлари ҳақидаги ҳадис етиб келмаган бўлиши ҳам мумкин. Ёки сиз барча ҳадисларни ўқиб ва билиб чиққанмисиз?! Демак, қоида: “Зикр қилинмаган ва айтилмаган нарса аслида қилинмаган ва йўқ экан деб топилмайди!”. Саҳобалар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг такбирларда иккала қўлларини қулоқлари баробар кўтаришганини зикр қилишган. Уларнинг мақсадлари такбирларда қўл кўтариш суннатлигини билдирмоқчи бўлганлар. Шунинг учун ҳам, саҳиҳ ҳадисга амал қилиб биз қўлларимизни қулоқ баробар кўтарамиз. Биз ҳадисга амал қиламиз, алҳамдулиллоҳ. Лекин саҳобалардан бирортаси: “Набий алайҳиссалом қўлларини кўтарганларида қулоқ юмшоғига бармоқларини теккизмаганлар”, деб айтишмаган. “Набий алайҳиссалом қулоқ юмшоғига бармоқларини теккизмаганлар” деган битта бўлса ҳам, заиф бўлса ҳам ҳадис топиб беринг-чи! Ҳадис йўқлиги ўша ишни қилмаганларини билдирмайди. Заиф бўлса ҳам битта ҳадис топиб беринг, биз унга жонимиз билан амал қиламиз. Тушунинг, такбирда қўлларни қулоқ баробаригача кўтариш бошқа масала, бармоқларни қулоқ юмшоғига теккизиш бошқа масала. Сиз кўрган ҳадисларда биринчи масала зикр қилинган, холос. Нимага икки масалани бир-бирига чалкаштирасиз?!

Яна битта қоида: “Саҳиҳул Бухорий”дан бошқа ҳадис китобларида ҳам ҳадислар келтирилган ва уларни олиб амал қилаверамиз. Сиз айтган “Пайғамбармиз алайҳиссалом намоз ўкиганларда қулоқ қоқмаганлар, биз эса қулоқ бўшлиғига бош бормоғимизни теккизамиз. Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса қулоқ баробарида қўлларини кўтарган эканлар”, деган гап “Саҳиҳул Бухорий”да келган бўлса, бошқа ҳадис китобларида бошқа ривоятлар келтирганини инкор қиласизми? Қулоқ баробаригача қўлларини кўтарган бўлсалар, демак қулоқ юмшоғига теккизган ҳам бўлсалар керак-да, бутун минг ярим йилдан бери бизнинг юртдаги мусулмонлар теккизиб келишаяптику. “Саҳиҳул Бухорий”да келмаганлиги умуман теккизмаганлигини билдирмайди-ку. Сиз билиб қолган нарсани наҳотки минг ярим йилдан бериги мусулмонларнинг олимлари билмай қолган бўлишса! Ўйлаб кўрмайсизми? “Саҳиҳул Бухорий”да фақат 7563 тагина ҳадис келтирилган. Ҳолбуки, Имом Бухорий ҳазратларининг ўзи бир миллион ҳадисни ёддан билганлар. Имом Аҳмад ҳам, Имом Шўъба ҳам, Али ибн ал-Мадиний ҳам, Суфён Саврий раҳимаҳумуллоҳ ҳам бир миллионтача ҳадис билишган. Сиз “Саҳиҳул Бухорий”даги намоз ҳақидаги мингтага ҳам етмайдиган шугина ҳадисни ўқиб ҳукм чиқарасизми?

Аслида, биз ҳам қулоқ юмшоғига бармоқни теккизишни шарт ёки суннат деб айтмаймиз. Мазҳабимизда бу амал мустаҳаб дейилади. Мустаҳаб дегани қилса савоб ва жоиз, қилмаса гуноҳ ва маломат йўқ, дегани. Хоҳласангиз текизманг. Лекин, сиздан кўра минг маротаба олимроқ ва мужтаҳидроқ бўлган Фахриддин Қозихон ҳазратларининг фатво тўпламларида теккизишни мустаҳаб, чунки теккизилса, қўллар қулоқ баробари кўтарилгани аниқ бўлади, деган маънодаги гаплари бор (Фахриддин Қозийхон. Фатовойи Қозийхон. 1-жилд. Калкутта, 1835. – Б. 105).

Мазҳабимизда учинчи даражали мужтаҳиднинг шу гапига амал қилиб келамиз. Чунки у зот бизлардан кўра “Саҳиҳул Бухорий”ни яхши ўқиган ва яхши тушунган ва бундан бошқа ҳам минглаб ҳадисларни кўриб ташлаган, деб ўйлаймиз.

“Саҳиҳул Бухорий”да: “Рукуъдан қайтганида ҳам қўлларини кўтариб такбир айтган эканлар ва саждага кетганида ҳам худди шундай қилган эканлар” деган ҳадис келган бўлса, бошқа ҳадис китобларида шундай қилмаганлар, деган ҳадис келган-да! Биз ўшанисига минг ярим йилдан бери амал қилиб келамиз-да! Масалан, “Сунани Термизий”ни биласиз, эшитгансиз. Уни Имом Бухорий ҳазратларининг шогирди Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ тўплаганлар. Ана шу тўпламда Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу одамларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намозларини ўқиб берайми, деб махсус намоз ўқиб берганлари ва фақат аввалги такбирда – такбири таҳримада қўл кўтарганлари ва бошқа жойда – рукуъга боришда ҳам, қайтишда ҳам ундай қилмаганлари ҳақидаги ҳадисни келтирганлар (Термизий, 257). Шундан сўнг, Имом Термизий ҳазратлари бундай ҳадис Баро ибн Озиб разийаллоҳу анҳу деган саҳобадан ҳам ривоят қилинганини айта туриб: “Шуни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ва тобеъинлардан бўлган бир қанча аҳли илмлар айтишади ва амал қилишади. Буни Суфён ас-Саврий ҳам, Кўфа аҳли ҳам айтади”, деб қайд қилганлар. Қаранг, Термизий бобомиз бунга саҳобалар ҳам, тобеъинлар ҳам амал қилган, дейяпти. Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, бир қанча саҳоба ва тобеъинлар, Кўфа аҳлидан бўлган бизнинг мазҳаббошиларимиз, шунингдек, бизнинг ота-боболаримиз шунга амал қилиб келишган бўлса, биз ҳам унга амал қилсак, бунинг нимаси ёмон?!

Энди, қаранг: “Саҳиҳул Бухорий”да келтирилган рукуъга боришда ва қайтишда қўлни кўтариш ҳадиси асосан Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган. “Сунани Термизий”да келтирилган ва биз амал қилаётган ҳадис эса Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан жуда кўп бирга бўлганлиги, шунинг натижасида ҳақиқатдан ҳам фақиҳлиги ва олимлиги тан олинган. Абдуллоҳ ибн Умар разийалоҳу анҳунинг отаси, кимсан Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳудек зот уни “Ўзимдан кўра олимроқ ва афзалроқ деб биламан, мен ҳам унинг илмига муҳтожман!”, деган маънода эътироф қилганлар. Минг-минглаб саҳобалар бор бўлса, ана шу саҳобалардан фақат олтитаси мужтаҳид, фақиҳ деб тан олинган. Ана шу олти нафарининг энг фақиҳроғи, энг олимроғи ва масалада энг билимдонроғи Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу экани ҳам тан олинган. Биз ана шу саҳобанинг ўргатган намозини ўқиймиз. Бунинг нимаси сизга ғалати кўринади?!

Демак, кўпроқ китоб ўқиш керак. Кўпроқ илм олиш керак. Тезроқ тизимли равишда инсофли аҳли илмнинг этагини тутиш керак. Шунда, одам довдирамайди, далиллар ва ҳадислар ўқиганда ҳайратга тушмайди, тушунади, фаҳм-фаросатини ишлата билади.

Аллоҳ таоло ҳаммамизга манфаатли илм берсин, ота-боболаримиз ва ўтган устозларимиз сингари амал берсин. Бизларни инсофли ва адолатли қилсин!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...