Салафи солиҳлар ва “Салафийлар”

JkPoVKjaCIY

Lotin alifbosida

Салафи солиҳлар

Салафи солиҳлар—Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тарафдан мақталган, илк ҳижрий уч аср авлодларидир. Шу  даврда яшаб ўтган саҳоба, тобеъин ва табаъа тобеинлардан иборат олиму фузалолар, мужтаҳидларни “салафи солиҳлар” атамаси мутлақ ўз ичига олади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:

 خير الناس قرني ثم الذين يلونهم ثم الذين يلونهم ثم يفشو الكذب حتي يشهد الرجل و لا يستشهد و يحلف الرجل و لا يستحلف

Яъни: “Инсонларнинг энг яхшиси менинг асрдошларим. Сўнгра уларга яқин бўлган (тобеъин)лар. Сўнгра, уларга яқин бўлган (табаъа тобеъин)лардир. Улардан кейин ёлғончилик тарқалиб кетади. Ҳатто бирор кишики, ундан гувоҳлик сўралмасада (ёлғондан) гувоҳлик бераверади, ундан қасам ичиш сўралмасада (ноўрин) қасам ичаверади”.

Шу ҳадисга асосан Ислом динининг дастлабки уч асрига мансуб авлодлари энг яхши солиҳ инсонлар, деб эътироф этилади. Бугунги кунда машҳур тўрт фиқҳий мазҳаб—Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби муассислари ва уларнинг асҳоблари айни юқоридаги ҳадисда мақтаб ўтилган авлод вакилларидан ҳисобланадилар. Улардан кейинги давр—ҳижрий тўртинчи асрдан кейинги барча давр вакилларидан иборат халаф олимлари, фозил-у авлиёларга ҳам “салафи солиҳ”, “салафий”, деган атамани ишлатилмайди.

Салафийлар

Салафийлар—ҳижрий еттинчи асрнинг охирларида Аҳмад ибн Таймия ал-Ҳарраний (661-728 ҳ.) бошчилигида, асосан аҳли сунна имоми—имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ томондан талқин қилинган ақоидий ислоҳотларни рад қилиш билан ўртага чиққан тоифадир. Аҳмад ибн Таймия ва унинг яқинларидан иборат саноқли шахсларнинг фикрича, имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ таълимотида аҳли ҳадислар ақоидига зид бўлган мафкура ва қарашлар мавжуд бўлган. Ибн Таймия имом Ашъарий ўз таълимотида, Аллоҳнинг исм ва сифатлари масаласида зарурат юзасидан қўллаган таъвил услубини инкор этади, оят ва ҳадисларнинг зоҳирига биноъан ҳукм қилиш лозимлигини таъкидлаб, насслардаги мажозни рад этади. Шу йўл билан у гўёки, аҳли ҳадислар  ақоидини қайта  жонлантирмоқчи, таҳриф ва табдилларни йўқ қилмоқчи эканини иддао қилади.

Ибн Таймия ўз йўналишини “Манҳажу салафис-солиҳ” (салафи солиҳлар йўли), деган ном билан атайди. Ва ана шу манҳаж асосида ҳаёт кечириш кераклигини такидлайди. Натижада у асос солган оқимни унинг тарғиботчилари томондан “САЛАФИЙЯ”, деб танитила бошланди. Нимагаки, унда Ислом аҳкомлари замон талабига  эмас, балки салафи солиҳлар даври—ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мос тарзда ижро этилишига жиддий аҳамият берилар ва шундай йўл тутишга тарғиб қилинар эди. Уларнинг айтишича, “салафийлик” йўли фақат китоб (Қуръони карим) ва суннати набавия асосига барпо қилинган бўлиб, унда Ислом дини аҳкомлари қайта жонлантирилади, унутилган ва ўзгартилган ҳукмлар асл ҳолига қайтарилади. Ислом бидъат ва ҳурофотлардан тозаланади, куфр ва ширкий ақидаларга барҳам берилади. Мана шу ғоя “салафийлик”нинг бошқа диний гуруҳлардан ажратиб турувчи энг асосий ғоясидир.

Ибн Таймия тарафдан “Исломни қайта жонлантириш, салафлар йўлига қайтиш” шиорлари остида, унга қадар бутун мусулмон умматида бўлмаган янги фикрлар, мужтаҳидлар ижмоъсига хилоф қарашлар, тўрт мазҳаб уламоларининг на фиқҳий ва на ақидавий асосларига мос бўлган ҳукмлар ошкор қилина бошлади. Тарихчиларга кўра, Ибн Таймиянинг ақидавий ва фиқҳий масалаларда мужтаҳидлар кенгаши—ижмоъга хилоф назариётлари умумий ҳисобда олтмишга яқин масалада бўлган. (Ижмоъга хилоф фикр билдириш—бу ҳаракат аҳли сунна уламолари томондан баъзи ўринларда куфр, баъзи ўринларда бидъат-залолат, деб баҳоланади ва исломда қаттиқ қораланади).

Масалан, унинг фикрича, Аллоҳнинг каломи қадим ва азалий эмас балки, ҳодис Аллоҳ томондан яратилган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрини зиёратига бориш (агарча, ибн Таймияга қадар, қариб саккиз асрдан бери бутун Ислом оламида бу амал жорий бўлишига қарамасдан) бидъат ва залолатдир. Шунингдек, Расулуллоҳнинг туғилган кунларини нишонламоқ—мавлид байрами ҳам бидъат ва фойдасиздир. Расулуллоҳдан қолган асори атиқаларни табаррукан асраб-авайламоқ гўёки ширкдир. Расулуллоҳ ва бошқа азиз-авлиёлар билан дуоларда тавассул қилмоқ, қабрларни зиёрат қилмоқ ва шу каби бир қанча жорий амаллар “бидъат”, “тавҳид ақидасига зид” бўлган. “салафийлар”нинг тасаввурида юқоридаги азиз ва мўътабар нарсалар жоҳилият давридаги жирканч буд-санамларга тенглаштирилади.

Ибн Таймиянинг бу каби қарашлари ўз даврида ажабтовур фитна ва янгилик бўлишига қарамасдан унга эргашувчиларнинг сон-саноқсиз бўлганини тан олмай илож йўқ. Дарҳақиқат, ўша даврда унга жуда катта жамоъа эргашган эди. Унинг тарафдорларини асосан саводсиз тўпори-бадавийлар ташкил қилсада, улар орасида туппа-тузук зиёлилар, олимлар ҳам йўқ эмасди.

Хўш, бунга нима сабаб бўлган?

Бунинг сабаби: Ибн таймия кучли тақво ва ўткир илм билан танилган ҳанбалий мазҳабига мансуб намунали оилада ўсиб унади. Отаси ва бобоси замонасининг машҳур фақиҳларидан, деб тан олинарди. Отасининг вафотидан кейин, унинг таълим ва тадрис ишларига мутасадди бўлган Аҳмад ибн Таймия мухолафатчилик ҳаракатларини асосан қирқ ёшга яқинлашганда бошлаган. Унгача эса, у ўз даврининг етук ҳанбалий мазҳабига мансуб фақиҳларидан бири, деб атрофга танилиб бўлган ва бир неча фойдали диний асарларини ёзишга ҳам улгурган эди.

Унинг илмий мансаб-мавқеи ва шуҳрати шу даражага етган эдики, у томондан айтилган ҳар бир фикр унинг ихлосмандлари тарафдан сўссиз қабул қилинар, далили суриштирилмас эди. Унинг ана шу шуҳрати кейинги хилофли фикрларини атрофга ёйилишига омил бўлди, мусулмонлар жамоъатига қарши фикрларини безаб, зийнатлаб қўйди. Натижада унинг адашувини кўпчилик пайқамай қолди. Унинг янгича фатволари мухлислари томондан бош устига қабул этилар ва алалоқибат уни “мужаддид” (динни янгиловчи), “шайхул-ислом”, деган “шарафли” лақаблар билан атай бошладилар. Аслида эса, Ибн Таймия мужаддид ҳам, мужтаҳид ҳам, асл салафий ҳам бўлмаган! Унинг кейинги пайдо қилган “САЛАФИЙЛИК” мазҳаби ҳеч қандай салафи-солиҳларнинг йўлига мос келмаган! Балки, мусулмонлар жамоъасидан ажраб чиққан адашувдаги бир кичик оқим бўлган холос!

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *