“Аҳли суннат ва жамоат” кимлар?

Lotin alifbosida

“Аҳли суннат ва жамоат” атамаси “Мусулмонларнинг мутлақ кўпчилигини ташкил қилувчи ва суннати набавияга амал қилиб келган энг катта жамоа”, деган маънодадир!

Бу жамоа вакилларининг бош мақсади—турли бидъат-хурофотлардан, шунингдек, янги чиққан оқим ва фирқалардан қаттиқ хазар қилмоқ ва оммани бундан огоҳ этиб бормоқдир!

Ушбу атамани айримлар саҳоба ва тобеъинлар давридан кейин пайдо бўлган, деб ўйлайди. Бу тўғри эмас. Аслида бу атама илк бор буюк саҳоба, муфассирлар султони Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳу томонидан Қуръони каримнинг “Оли Имрон” сураси 106-оятига изоҳ беришда қўлланган. Оятнинг мазмуни қуйидагича: “Баъзи юзлар оқарадиган ва баъзи юзлар қораядиган кунни (қиёматни) эсланг: юзи қорайганларга (ҳужжат-исботи учун шундай дейилур): “имон келтиргандан кейин яна куфрга қайтган эдингизми? Куфрингиз туфайли мана шу азобларни тотиб кўринг, энди!”. Айни шу ояти каримадаги: تبيضّ وجوه و تسودّ وجوه – “оқарадиган юзлар” билан “қораядиган юзлар” ибораларига Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳу бундай изоҳ берганлар:

قَالَ: تَبْيَضُّ وُجُوهُ أَهْلِ السُّنَّةِ وَ الْجَمَاعَة وَ تَسْوَدُّ وُجُوهٌ أَهْلُ الْبِدَعِ وَالضَّلالَة

“Оқарадиган юзлар” – бу аҳли суннат ва жамоатдир, “қораядиган юзлар” эса бу бидъат ва залолат аҳлидир!” (“Тафсири ибн Абу Ҳотим”, 3/4000-4001).

Бу ҳақда “Тафсири Жалолайн” соҳибларидан бири Имом Жалолуддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “ад-Дурр ал-мансур” номли яна бир тафсирларида ҳам айтиб ўтганлар (Суютий. Ад-Дурр ал-мансур // ал-Мактабат аш-шомила. Исдори солис, 2006. – Б. 2/291).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ҳам ўзларининг тафсирларида ушбу фикрни тасдиқлаганлар (Ибн Касир. Тафсир ал-Қуръон ал-азим // ал-Мактабат аш-шомила. Исдори солис, 2006. – Б. 2/92).

Таниқли ҳадисшунос Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ “Лисон ал-мизон”да ушбу гапни саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинганини айтиб ўтган (1/638).

Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг ҳадислар тўплами – “ал-Жомеъ ас-сунан”ларида Аллоҳ таолонинг муташобеҳ сифатлари келтирилган ҳадиси шарифларнинг маъносини кайфиятсиз, яъни қандайлигини айтилмасдан баён қилиш лозимлигини, Имом Молик, Суфён ибн Уйайна ва Абдуллоҳ ибн ал-Муборак раҳимаҳумуллоҳ кабилар шу фикрга келганлигини ёзиб қолдирганлар. Яна: هكذا قول أهل العلم من أهل السنة و الجماعة – “Аҳли суннат ва жамоатдан иборат аҳли илмларнинг гапи ҳам худди шундай!”, деганлар (Термизий, 3/662).

Булардан олдин Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг ҳадиси шарифларида “аҳли суннат ва жамоат” атамасини тилга олиб, изоҳлаб берганлар. Мазкур атаманинг икки томони, икки қисми – жамоат ва суннат бўлиб, улар ҳақида қуйидагиларни айтиш мумкин.

Биринчи қисм: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фирқалар ҳақидаги машҳур ҳадиси шарифларида айтиб ўтганлар. Уни Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган:

و ان بنى اسرائيل تفرقت على ثنتين و سبعين ملة و تفترق أمتى على ثلاث و سبعين ملة كلهم فى النار الا ملة واحدة قالوا و من هى يا رسول الله قال ما أنا عليه و أصحابى

 “Албатта Бани Исроил (яҳудийлар) етмиш икки тоифага бўлинганлар. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади. Уларнинг ҳаммаси дўзахдадир, фақат битта тоифа бундан мустасно”. Саҳобалар: “Улар кимлар, эй Расулуллоҳ?”, деб сўрадилар. Ул зоти шариф: “улар мен ва саҳобаларим устида бўлган нарсададирлар!”—деб жавоб бердилар. (Термизий, 5/2641; Ҳоким, 1/444; Табароний, “ал-Мўъжам ас-сағир”, 2/724; Табризий, “Мишкот ал-масобеҳ”, 1/171).

Мазкур ҳадиси шарифда нажот топувчи тоифани: “Улар мен ва саҳобаларим устида бўлган нарсададирлар!”, деб таърифлаганлар. Бу ерда Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаи киромлар эътиқод қилган соф ақида ва суннатдаги асл амалиёт ҳақида гап кетган. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларини маҳкам тутишни буюрганлар:

فعليكم بسنتى وسنة الخلفاء الراشدين المهديين تمسكوا بها وعضوا عليها بالنواجذ

“Бас, сизлар менинг суннатимни ва тўғри йўлдан боргувчи-тўғри йўлга солгувчи халифаларнинг суннатини ўзингизга лозим тутинг! Уларни маҳкам ушланг ва уларни озиқ тишларингиз билан “тишлаб” олинг!” (Абу Довуд, 4/4609; Термизий, 5/2676; Ибн Можжа, 1/42; Доримий, 1/96; Аҳмад, 4/17184; Ибн Ҳиббон, 1/5; Ҳоким, 1/329; Табароний, 18/618; Байҳақий, 10/20125; Баззор, 2/4201; Табризий, “Мишкот ал-масобеҳ”, 1/165).

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳам Қуръони каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини маҳкам ушлашни алоҳида буюрган:

و ما آتاكم الرسول فخذوه و ما نهاكم عنه فانتهوا

“Пайғамбар сизга нимани олиб келса, уни олинглар ва нимадан сизни қайтарган бўлса, бас, ундан қайтинглар!” (Ҳашр, 7).

Иккинчи қисм: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқорида айтиб ўтилган фирқалар ҳақидаги ҳадиси шарифларида айтганлар. Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадисни бундай деб ривоят қилган:

ألا انّ من قبلكم من اهل الكتاب افترقوا على ثنتين و سبعين و انّ هذه الملة ستفترق على ثلاث و سبعين و ثنتان و سبعون فى النار و واحدة فى الجنة و هى الجماعة

“Эй, огоҳ бўлинглар! Албатта сиздан олдинги аҳли китоб етмиш иккита фирқага бўлиниб кетганлар. Албатта ушбу миллат эса яқинда етмиш учта фирқага бўлинади. Етмиш иккитаси дўзахда ва биттаси жаннатдадир. У жамоатдир!” (Абу Довуд, 4/4599).

Имом Ибн Можжа раҳимаҳуллоҳ ривоятида эса матн қуйидагича:

ان بنى اسرائيل افترقت على احدى و سبعين فرقة و ان أمتى ستفترق على ثنتين و سبعين فرقة كلها فى النار الا واحدة و هى الجماعة

“Албатта Бани Исроил етмиш битта фирқага бўлиниб кетган. Менинг умматим эса етмиш икки фирқага бўлинади, барчалари дўзахдадир, фақат биттаси бундан мустасно. У жамоатдир!” (Ибн Можа, 2/3993). Буни “ал-Мўъжам аз-завоид”да саҳиҳ дейилган, шунингдек, уни Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ ҳам ривоят қилганлар (Табароний, 19/887).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва валлам буни “Булар жамоатдир, жамоатдир!” деб икки марта айтганлар (Аҳмад, 3/12501).

Жамоатдан ажраб қолиш оқибати ҳам саҳиҳ ҳадиси шарифларда ўз аксини топган. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

فانه من فارق الجماعة شبرا فمات الا مات مِيتة جاهلية

“Кимки жамоатдан бир қарич ажралса, ўладиган бўлса, фақатгина жоҳилият ўлими ила вафот этади!” (Бухорий, 9/7054; Муслим, 3/1849).

Бошқа ҳадиси шарифларида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

فانه من فارق الجماعة قيد شبر فقد خلع ربقة الاسلام من عنقه الا ان يرجع

“Кимки жамоатдан бир қарич миқдори ажралса, ҳақиқатда у ўз бўйнидан исломнинг сиртмоғини ечган бўлади, фақат ундан қайтсагина ундай бўлмайди” (Термизий, 5/2863; Абу Довуд, 4/4760; Байҳақий, 8/16391).

Ҳар бир фирқа оқим вакиллари ўзларини аҳли суннат ва жамоат вакили деб билади ва ўзларининг гурҳларидан бошқаларни бундан айрилганлар, деб билади. Чунки, ҳар қандай фирқа ва оқимнинг бир неча юзлаб, балки минглаб ва миллионлаб вакиллари бўлиши мумкин ва бу ўзига хос жамоатни юзага келтиради, албатта. Бундай ҳолатда, уларнинг гапининг нотўғри эканини қаердан биламиз?

Аҳли суннат ва жамоат бу, айтганимиздек, мусулмонларнинг мутлақ кўпчилиги бўлганларни ва суннатга амал қилиб келган мусулмонларнинг энг катта жамоасини ташкил қилади. Буни ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари айтиб ўтганлар:

يد الله على الجماعة فاتبعوا السواد الأعظم

“Аллоҳнинг “қудрати ва нусрати” жамоат тепасидадир! Бас, саводи аъзамга (яъни, энг улуғ жамоага) эргашинг!” (Ҳоким, 1/391).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: عليكم بالسواد الأعظم – “Саводи аъзамни лозим тутинг!”, деганлар. Бу ҳадиснинг ровийларини “Мажмаъ аз-завоид”да ишончли дейилган (5/9097).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “саводи аъзам” деганда, энг улуғ ва энг катта жамоани назарда тутганлар, “савод” сўзи бу ерда “одам қораси, одамлар жуссаси” маъносидадир. Энди, ушбу энг улуғ ва энг катта мусулмонлар жамоаси кимлар экан? Табиийки, саҳобаи киромлар ҳам “саводи аъзам”нинг кимлигини сўраганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жавобларига қаранг:

من كان على ما أنا عليه و اصحابى من لم يمار فى دين الله و من لم يكفر أحدا من اهل التوحيد بذنب غفر له

“Улар мен ва саҳобаларим тепасида бўлган эътиқоддаги кимсалардир. Ким Аллоҳнинг дини борасида тортишмаса, тавҳид аҳлидан бўлган кимсани мағфират қилинадиган гуноҳ сабабли кофирга чиқармаса – ана ўшалардир!” (Табароний, 8/7659).

Юқорида ўтдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “мен ва саҳобаларим тепасида бўлган эътиқоддаги кимсалар”ни фирқалар ҳақидаги гапларида айтиб ўтиб, аҳли суннат ва жамоатдаги мусулмонлар ҳақидаги таърифи сифатида келтирганлар. Саҳобаи киромлар Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига энг кўп эргашган ва амал қилган умматнинг энг буюк зотлари бўлиб, ҳеч бир мусулмонни кофирга чиқарган эмаслар. Ҳатто ўша даврда саҳобаларни ўлдириб, қириб юборган ва уларни кофирга чиқариб, уммати муҳаммадиянинг тафриқасига сабабчи бўлган хавориж ва бошқа оқимларни ҳам кофирга чиқарган эмаслар.

Демак, аҳли суннат ва жамоат бу асрлар давомида шаклланиб, сайқал топиб, мусулмонларнинг энг катта қисмини ташкил қилиб келаётган, ислом уламоларининг мутлақ кўпчилиги эргашган мусулмонлар жамоасидир. Ушбу уламоларнинг ҳаёти ва фаолиятига эътибор берилса, улар аҳли суннат ва жамоатдан бошқа алоҳида кўриниш ва хусусиятга эга бўлмаганлиги сабабли “фалоний-писмадоний” каби оқим ва фирқаларга асло мансуб қилинган эмаслар. Ана шундай жиҳатларни эътиборга олиб, аҳли суннат ва жамоатдан айрилмаслик, анъанавий исломда, аҳли суннат ва жамоатнинг эътироф қилинган анъанавий тўрт мазҳаб—ҳанафийлик, моликийлик, шофеъийлик ва ҳанбаийликнинг бирида маҳкам ва мустаҳкам турмоқ лозим ва лобуддир.

Аллоҳ таоло бизларни нажот топувчи жамоа – аҳли суннат ва жамоатдан айирмасин; оқибати дунёда хорлик, охиратда эса дўзах бўладиган ҳар қандай фирқа ва оқимлардан ўзи асрасин!

Ҳамидуллоҳ Беруний

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *