№40. Маънавий озуқа зарурати

Бугунги кундаги ўлчовларимизга назар ташласак, ўлчовлар, умуман олганда, фақатгина моддий нарсалар билан ўлчанадиган бўлиб қолган. Аллоҳ кафил бўлган ризққа ҳаддан ортиқ ҳаракат қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Натижа эса аянчли якун топмоқда. Бугунги кунда фарзандларнинг фақатгина моддий таъминоти ҳисобга олинмоқда. Моддиятни инкор этмаган ҳолда, манавий оламни бойитишга эътиборли бўлиш ҳам Ислом моҳияти ҳисобланишини айтиб ўтмоқчимиз.

Айнан мана шундай инсонларга, энг аввало, Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни танитмоқ даркор. Шу асосда маънавий оламини ҳам бойитишмиз лозим бўлади.

 Аллоҳ Таоло Қуръони каримда  бундай марҳамат қилади:

“Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг…” (“Таҳрим” сураси 6-оят).

Яна бундай марҳмат қилинади:

“Эй иймон келтирганлар! Исломга Тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир” (“Бақара” сураси, 208-оят).

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, барчамиз мусулмонмиз. Лекин кўпинча ҳаётимиз давомида мазкур оятларга мос ҳолатда яшамётганимизнинг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Афсуски, азизлик фақатгина дунё матоҳлари билан ўлчанадиган бўлиб қолгани ҳам ҳечким кимга сир эмас. Аммо ҳақиқий азизликни истасак, юқоридаги оятнинг моҳиятини тушуниб олиб, ҳаётимизга тадбиқ этишимиз лозим бўлади.

Шуларни эътиборга олган ҳолда, ҳукмингизга мазкур икки муҳим масала ўртасидаги фарқларни ҳавола этамиз. Бунинг учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига мурожаат қиламиз. Чунки биз ҳақиқий ибрат олишимиз лозим бўлган шахс – бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

Ҳабашистонга сафар

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан мусулмонлар азиятда қолганларидан сўнг Ҳабашистонга сафар қилишга рухсат берилганда мусулмонлар жамоаси у ерга сафар қилдилар. Шунда У ернинг подшоҳи бўлмиш Нажоший ҳузурига Маккадан икки киши келиб, мусулмонларни уларга топширишни сўрайдилар. Шу пайт Нажоший мусулмонларни ҳузурига чақиртиради. Барча мусулмонлар номидан бир саҳоба келиб, узларининг ҳақ йўлда эканликларини исботлайдилар. Жумладан, унинг сўзларида қуйидагилар бор эди:

“Ислом келишидан олдин биз ҳор эдик, Ислом билан азиз бўлдик. Аллоҳ бизга ўз ичимиздан Пайғамбар юборди. У бизни Аллоҳга, У Зотнинг ёлғизлигига иймон келтириб ва унга ибодат қилишимизга даъват этди”,  – дедилар.

Ҳунайн газоти

Ҳунайн куни. Мусулмонларнинг яна бир ишончли ғалабаси!  Улар ичида эндигина иймон ҳаловатини ҳис қилаётганлар ҳам бор эди. Ҳа, улар маккаликлар эди!  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга ўлжалардан кўплаб бердилар. Мақсад – уларнинг қалбини Исломга яна ҳам ошно қилиш. Буни кўрган баъзи ансорларнинг кўнгиллари негадир оғриб қолди. Ва: “Аллоҳ Расулуллоҳни кечирсин, Қурайшга беряптилар, бизларни эса тарк қиляптилар!” – дейишди.

Бу гап у зотга етиб келди. Шундан сўнг дарҳол уларга одам юбориб, белгиланган жойга келишларини тайинладилар. У ерга ансорлардан бошқа ҳеч ким чақирилмади. Ҳамма тўплангач, у зот Аллоҳга ҳамду сано айтдилар сўнг:Эй ансорлар жамоаси, сизлардан менга етиб келган гап, қандай гап?! Мен сизларнинг олдингизга келганимда залолатда эдингиз, Аллоҳ сизларни мен сабаб ҳидоят қилмадими?! Тарқоқ эдингиз, Аллоҳ сизларни мен сабаб иттифоқ қилмадими?! Фақир эдингиз, мен сабабли бадавлат қилмадими?!” – деб бир нечта саволлар билан мурожаат қилдилар. Ансорлар у зотнинг саволларига: “Ҳа, Аллоҳ ва Расули марҳаматли ва афзалдир!” – деб жавоб беришар эди. Сўнг: “Менга жавоб қайтармайсизларми, эй ансорлар?!” – дедилар. Улар: “Нима деб жавоб қайтарамиз?” – дейишди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Аллоҳга қасамки, агар хоҳласангиз: “Сиз бизга  ёлғончига чиқарилган ҳолда келдингиз, биз сизни тасдиқладик, ёрдамга муҳтож бўлиб келдингиз, биз сизга ёрдам бердик, бошпанангиз йўқ эди, бағримизга олдик, фақир эдингиз, сизга қайғурдик!” – деб айтишингиз мумкин, шунда тўғри айтган бўласизлар ва сизларни ҳеч ким инкор этмайди!” – дедилар. Ансорлар бу гапларни эшитиб баланд овозда: “Йўқ, барча яхшилик ва марҳамат Аллоҳ томонидан бўлди!” – деб юборишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бироз тўхтаб, сўзларида яна давом этдилар: Эй ансорлар, эй дўстларим! Мен маккаликларни Исломга кирсинлар, дея берган дунёнинг арзимас матоҳини деб кўнглингиз оғридими?! Эй ансорлар жамоаси, у одамлар қўй ва туялар билан кетишларига, сизлар эса Расулуллоҳ билан уйга қайтишга рози эмасмисизлар?! Аллоҳга қасамки, сизлар олиб қайтаётган нарса улар олиб қайтаётган нарсадан яхшироқдир. Агар Мадина сафари бўлмаганида, мен ансорлардан бири бўлар эдим. Одамлар бир томонга, ансорлар бошқа томонга юрсалар, мен ансорлар томонга юрган бўлардим.  Бироз сабр қилинглар, мен билан Ҳавзи Кавсар олдида кўришасизлар. Аллоҳим, ансорларни, ансорларнинг фарзандларини ва фарзандларининг фарзандларини ўз раҳматингга олгин!”

Ансорлар соқоллари ҳўл бўлиб кетгунча йиғладилар ва: “Аллоҳ ва Расулининг тақсимига, насибасига розимиз!” – дея ўзларини йиғидан тўхтата олмадилар.

Эътибор беринг: ҳақиқий маънавий чашма Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари эканликларини ўз муборак оғизлари билан айтиб турибдилар. Шундай маънавий хазина эса ансорларга насиб қилди. Бундан келиб чиқадики, ҳақиқий азизликка фақатгина Исломга тўла ҳолда кириш билангина эришиш мумкин экан. Чунки саҳобаи киромларнинг ўзлари эътироф этиб турганларида, бизнинг Аллоҳ кечирадида, деб эътиборсизлик қилишимиз маънавий оламимизнинг қай ҳолатда эканини кўрсатиб турмайдими?!

Азизликка фақатгина Аллоҳнинг амрларини тўла бажариб, суннатга мувофиқ яшаш орқалигина эришамиз.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ким ҳақиқий тақво йўлини тутган бўлса, ўша инсон фақирона яшаётган бўлса ҳам, у ҳақиқий азизликка эришган бўлади. Ким ҳали ҳам Ислом динига тўлиғича кирмаган, унинг аҳкомларига эътиборсиз бўлаётган булса, у ҳарқанча моддий томонлама таъминланиб, ҳашаматда яшаётган бўлса ҳам, у ҳорликдадир, азизликка етишмаган ҳисобланади. Шу ўринда савол туғилади: ундай бўлса Исломга тўлиғича киришимизни кўрсатиб берувчи йўл борми? Бунинг учун нима қилишимиз керак? Жавоб битта ва жуда оддий: энг буюк муаллим бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўлларини, сийрат ва шамоилларини ўрганиб, ўз ҳаётимизга татбиқ қилсаккина, дунёда азизлик, охиратда эса шарафга эришамиз!

Мухлиса Маҳмудова

Андижон вилоятидан

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *