№35. “Биз сизни севамиз, ё Расулаллоҳ (с.а.в.)”

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

“Биз сизни севамиз, ё Расулаллоҳ (с.а.в.)”

Интернет тармоғи орқали мавлид ойи муносабати билан эълон қилинган “Биз сизни севамиз, ё Расулаллоҳ!” деб номланган танлов ҳақида ўқиганимга бир ойдан ошди. Шу муддат оралиғида жуда кўп воқеалар ёдимга тушди. Танлов сарлавҳасининг ўзиёқ менинг меҳрибон онам билан боғлиқ жуда кўп хотираларни уйғотиб юборди. Ва мен ҳам танловда иштирок этишга аҳд қилдим.

 “БИЗ СИЗНИ СЕВАМИЗ, Ё РАСУЛАЛЛОҲ (С.А.В.)!”

Болалигимни эсласам, узун қиш кечалари сандал атрофига йиғилишиб онамнинг пинжига тиқилганча қизиқарли эртаклар, ривоятлар тинглаганим ёдимга тушади. Мен оилада энг кенжатой фарзанд эдим. У эртак, афсоналарнинг мағзини чақишдан кўра онамнинг берилиб ҳикоя қилишларига маҳлиё бўлар, сўзлаб туриб йиғлаб юборишлари, бироз тин олиб кўз мижжаларини артиб яна давом этишлари ҳайратга соларди. Кейинчалик эсимни танигач билдимки, онажоним бизга чўпчак эмас, Одам ато Момо ҳаво қиссаси, қуръонда номлари зикр қилинган пайғамбарлар ҳаёти ҳақида сўзлаб берар эканлар. Улар орасида жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳи алайҳи вассаллам ҳақидаги қиссаларни ўзгача завқ ва шавқ билан сўзлаб берардилар. Аллоҳ Аршининг остида, етти қават осмоннинг устида жойлашган, хушбўй ҳиди 100 йиллик йўлдан келиб турадиган жаннат ҳақида, икки қирғоғи олтиндан бўлган дарё, суви сутдан оқ, асалдан ширин, мушкдан хушбўй кавсар ҳовузи тўғрисида гапира туриб, илойим ҳабибимиз, саййидимиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳи алайҳи вассаллам қўлларидан сув ичиш насиб этсин дея дуо қилардилар. “Оҳ, қани энди уларни тушларимда кўрсам эди…”

Онам мана шу жумлани кўп тилга олардилар. Айтишларича, у зотни тушларида кўрган инсон охиратда ҳам уларнинг жамолига мушарраф бўлар экан.

Хуллас, шу зайлда кунлар ўтарди. Биз улғая бошладик. Гарчи мактабларимизда табиатнинг яралиши, дунё, инсонлар ҳақида бошқача таълим беришса-да, онамнинг ҳикоялари рост ва жозибали туюларди. Бизга пайғамбаримиз (с.а.в) суратлари ва сийратлари ҳақида кўп ҳикоялар сўзлаб берардилар. Ҳалол ва ҳаром ҳақида, рост сўзлаш, дилозорлик қилмаслик ҳақида гапира туриб Пайғамбаримиз с.а.в. ҳаётларидан мисоллар келтирардилар. Етимларни жуда яхши кўрардилар. Уларни кўнглини олиб хурсанд қилмагунча тинчимасдилар. “Болаларим, етимпарвар бўлинглар, пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаллам шундай деганлар: “Мен ва етимни ўз қарамоғига олган киши жаннатда мана шундай ёнма-ён турамиз”  деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очиб кўрсатдилар — дердилар. Ейиш-ичиш борасида ҳам шундай йўл тутардилар. Шубҳали нарсаларни оғизларига олмас, пайғамбаримиз суюб истеъмол қилган неъматларни мақтаб чарчамасдилар. Сут ичгимиз келмай турган бўлса, пайғамбаримиз с.а.в. нинг сутга берган таърифларини келтириб мақтар, уни ичиш суннат эканини айтиб рағбатлантирар эдилар.

Хуллас шу зайлда йиллар ўтди. Биз улғайдик. Оила қуриб, бирин кетин фарзандли бўла бошладик. Эсимда, тўнғич фарзандим икки ёшга тўлганда мамлакатимизда мустақиллик шабадалари эса бошлади. Бир куни уларни кўргани борсам жуда хурсанд ўтирибдилар. Кўлларида китоб.

-Болам,  бир олим қуръони каримнинг тафсирини ёза бошлабдилар. Исмлари ҳам гўзал. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Мана ўша китобнинг биринчиси. Мен ният қилдим. Худо хохласа, шу китобларнинг ҳаммасини сотиб оламан. Бир-бир ўқиб сенга совға қиламан. Зора ўғлинг уларни ўқиб қори бўлса… Қани энди, бизнинг авлоддан ҳам булбул қорилар чиқиб ортимдан ҳатми қуръонлар қилса…

Онам аҳдларининг устидан чиқдилар. Китобнинг барчасини сотиб олиб, ўқиб бизга совға қилдилар. Шу-шу муҳтарам шайхимизга муҳаббат қўйдилар. Ҳар жума маърузаларини тинглайдиган, қандай янги китоблари нашрдан чиқса сотиб оладиган бўлдилар. “Қандай илмли инсон-а, қайси бахтиёр ота- оналарнинг фарзанди экан?- деб мақтаб дуо қилиб қўярдилар.              —        -Исмлари жисмларига мос, уларга Муҳаммад с.а.в.га содиқ Муҳаммад Юсуф деб ҳам таъриф беришган экан- дердилар. Қандай чиройли ташбеҳ…

Бир куни рўза кезлари эрталаб сахарлик қилиб ўтирсам радиодан бир қўшиқ янграб қолди. Шуҳрат Қаюмов ижросидаги бу қўшиқ “Тушларимга кирсангиз-чи, ё Расулаллоҳ (с.а.в.)” деб номланарди. Қўшиқни эшитиб кўзларимга ёш келди. Ва албатта ўша қўшиқни топиб онамга эшиттиришни ният қилдим. Ахир улар пайғамбаримизни (с.а.в.) тушларида жуда жуда кўришни хоҳлайдилар- ку! Ҳеч қаердан топа олмагач, Наврўз радиосига қўнғироқ қилиб ўша эшиттиришни тайёрлаган журналистни суриштириб топдим. Гаплашдим. Исми Ботирхон экан. Улар дискка ёзиб беришни ваъда қилдилар. Турмуш ўртоғим менга дискни келтириб бердилар. Мен хурсанд бўлиб онамнинг истиқболларига югурдим. Онамни қўшиқ эшитиб ўтирганларини кўпам эслолмайман. Лекин ўша қўшиқни қайта қайта эшитдилар. Хонандани ҳам, мени ҳам узоқ дуо қилдилар. Тушларида кўришни ният қилиб юзларига фотиҳа тортдилар.

Орадан йиллар ўтди. 80 ёшни қоралаган онам бетоб бўлиб қолдилар. Ўша кунларни эслаш менга оғир. Бироқ шундай воқеалар рўй бердики, хали ҳануз эсласам алланечук бўлиб кетаман. Тун, соат 12 лардан ошганда онам майин овоз билан: Гулнора, болам,  эшик ортида чиройли, нурли чеҳрали  бир киши турибдилар, бошларида оқ салла,оппоқ соқолли, қўлларида хассалари ҳам бор, бирам гўзал, бирам чиройли, умрим бино бўлиб бундай гўзал чеҳрани кўрмаганман, киринг, мен сизга муштоқман, мунтазирман десам ҳам кирмаяптилар, болажоним туринг, мени тайёрланг деб қолдилар. Ўша тундаги ҳолатимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Мен оғизларига сув тутдим. Ютуниб кўрдилар, хали насибам бор экан, тамоғимдан сув ўтаяпти, жон чиқар пайти сув ҳам ўтмай қолади, пайдам бўлиб туринглар, шунақа пайтда пахтани сувга хўллаб томизасизлар дедилар. Хуллас, донолик билан ўзларидаги ҳар бир ўзгаришларни айтиб турдилар. Бир пайт юзлари ёришиб шундай дедилар:

-Муборак юзларингиздан ўргилай, онажон, соғингандим. Келдингизми?

Бу гапларни эшитиб чидолмаган опам йиғлаганча ўрниларидан туриб чиқиб кетдилар. Муборак ойи менинг бувим эдилар. Онамнинг оналари, то ўлгунларича паранжини ташламаган, ўта тақволи, диндор аёл эдилар. (Иолоҳим жойлари жаннатда бўлсин). Бироздан сўнг онам яна жилмайдилар ва менга қараб: Энди Нисо ойинг келдилар, деб қолдилар. Улар – бувим, отамнинг оналари эди. Кетидан яна бир қариндошимиз м

Маҳбуба бувини тилга олдилар. Онажоним ора-чора эшик томонга нажот билан қарайдилар. “Ҳалиям турибдилар-а?” деб  қўядилар. Кун бўйи ётдилар, олдиларида соат ҳам йўқ, бироқ намоз пайти кириши билан “болаларим, намоз вақти кирди, намозга пайдам бўлинглар,- деб тайинлайдилар. Охири сабрим чидамай сўрадим.

— Онажон, намоз вакти кирганини қаердан билдингиз?

—  Оллоҳим билдирди,- дейдилар.

Юзларини фақат қиблага буриб ётдилар. Нуқул бир ҳолатда ётганлари учун орқалари бироз оғриди. Онажоним, бир пас чапга қараб ётинг, десак кўнмайдилар, қўрқаман,ўша пайтда жон чиқишидан қўрқаман дейдилар. Бир пайт ҳаммамизни олдиларига йиғдилар ва такбир айтишимизни сўрадилар. Ҳаммамиз жўр бўлиб “ла илаҳа иллоллоҳ”ни айтдик. Ўзлари биз билан баб баробар қайтардилар. Такбирни неча киши айтди деб сўрадилар. 5 киши онажон, опам, иккита кеннойим, мен ва келинимиз Дилбар деб жавоб бердим. “500 та бўлибди, мен ичимда 300 та айтдим, ҳозиргиси билан 800 та бўлибди, яна 200 та айтсак 1000та бўлади дедилар. Саноғи унданам ошиб кетди. Онажоним “раҳмат,болаларим, раҳмат”дейдилар. Ҳар сув томизганимизда ҳам эринмай раҳмат айтадилар, онажон раҳмат дейишингиз шарт эмас, ўзингизни чарчатманг десак ҳам раҳмат айтишни унутмайдилар. Ўша кунлари хеч нарса емадилар, фақат зам зам сувидан ичдилар.  Биз эса озгина овқат тотинишларини сўраб ялинамиз. “Болаларим, мен оч қолаётганим йўқ, зам зам суви ҳам тўйдиради, ҳам чанқоқни босади, шунинг учун сира хавотир олманглар” дейдилар нуқул. Бироздан сўнг чарчаб уйқуга кетдилар. Ҳаммамиз тепаларида ўтирибмиз. Бир маҳал уйғониб кетдилар ва йиғлаб юбордилар: нега мени уйғотдинглар, мен тушимда пайғамбаримиз Муҳамммад с.а.в ни кўраётган эдим, энди бу тушни қаердан топаман? Уларга қўшилиб ҳаммамиз йиғладик.

Хуллас, 2013 йилнинг 2 октябрида шом намозидан кейин соат 19. 40 ларда жонилари узилди. Тепаларида опам, икки акам, келинойим, келинимиз Дилбар жиянларим Муродулла, Фарҳод ҳаммамиз жўр бўлиб “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтиб турдик. Мен умримда биринчи марта бундай чиройли ўлим, чиройли якун билан тўқнаш келишим эди.

Илгарилари “Онамни йўқотиб қўйсам, нима бўлади? Айрилиққа қандай чидайман?” деб ўйлардим. Ва қўрққанимдан иложи борича тезроқ бу қўрқинчли фикрни ҳаёлимдан ҳайдашга ҳаракат қилардим. Ўлимларидан сўнг негадир хотиржам тортиб қолдим. Онажоним гўёки яратган эгам томонидан мукофотлангандек, жаннатнинг олий даражаларига муносиб кўрилган бандалар қаторидадек туюла бошлади. Бунга эса севикли пайғамбаримиз (С.А.В.)ни тушларида кўришлари, яна ўзлари айтганларидек, ҳузурларига лаган лаган меваларнинг келиши гўёки жаннатдан башоротдек эди. Илойим, илойим шундай бўлсин. Аллоҳим барча оналаримизга, жумладан менинг онаизоримга ҳам жаннати фирдавслардан насиб қилсин. Омин, Аллоҳу акбар.

Гулнора АБДУРАҲИМОВА

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *