(Биринчи мақола)
Асрлар давомида ҳанафий мазҳабига амал қилиб келган Марказий Осиё мусулмонлари бадандан қон оқса, таҳорат синади, деб келишган. Бугунги кунда баъзи бемазҳаблар мусулмонлар орасида янги бир фитна қўзғаб, “Қон оқиши таҳоратни синдирмайди. Қон оқиши билан таҳорат синади, дейдиганларнинг гапи хато”, деб мусулмонларни шубҳа ва ғулғулага солишга уринмоқдалар ва ҳатто “Қон оқиши таҳоратни синдирмайди” дейиш кўпчилик уламоларнинг гапи, деб ёлғон гапиришдан ҳам тойишмаяпти. Фаразан, агар қон оқиши билан таҳорат синмаган тақдирда ҳам таҳорат олинадиган бўлса, нур устига нур бўлишини улар қаердан ҳам билишсин?! Бирор мусулмон уларнинг гапига кириб бетаҳорат намоз ўқийдиган бўлса, қиёматда шу адаштирилган мусулмонлар учун улар жавоб бера олишармикин?!
Ҳадис илмидан бехабар, қон оқиши таҳоратни синдирмайди, дейдиган ўша кимсалар ўзларининг гапларига “Саҳиҳи Бухорий”даги аслида саҳиҳ ҳам бўлмаган иқтибослардан далил олишади.
“Саҳиҳи Бухорий”да келади‑ю, саҳиҳ бўлмайдими, дерсиз?
Ҳа! “Саҳиҳи Бухорий”да келса‑да саҳиҳ бўлмайдиган ҳадислар ҳам бор! Биз баҳсини қилмоқчи бўлган қуйидаги ҳадис айнан ўшандай ҳадислардан. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг бу мўътабар китобларини бирор улуғ устоздан таълим олмаган фитначилар бу гапни эшитиб жазавага тушсалар‑да – ҳақиқат шу!
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўз “Саҳиҳ”ларида боб сарлавҳаларида баъзи ҳадисларни “таълиқ” шаклида ривоят қилганлар. Ҳадиснинг санади бирма-бир айтилмасдан, ривоятнинг ўзи сарлавҳа ёки қўшимча изоҳ сифатида келтирилган бўлса, у “таълиқ” деб аталади. Уни биронта олим, ҳатто бемазҳабларнинг олимлари ҳам таълиқ тарзида келган ҳадисларни Имом Бухорийнинг шартларига мос келадиган саҳиҳ ҳадислардан санашмайди. Паст табақадаги бемазҳабларгина ана шу иқтибосларни тўлиқ тушунмаганлари учун ҳам, ҳанафий мазҳаби уламоларини ноўрин айблаб келадилар.
Динимизни келажак авлодларга соф ҳолда етказиш мақсадида шариат илмларида хато қилганларнинг айбларини айтиш ғийбат эмаслигини муҳтарам ўқувчиларга эслатган ҳолда баъзи мулоҳазаларни баён этсак.
Бемазҳабларнинг биринчи далили:
Бемазҳаблар келтирадиган биринчи далил “Саҳиҳи Бухорий”даги қуйидаги иқтибосга асосланади:
وَيُذْكَرُ عَنْ جَابِرٍ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ فِي غَزْوَةِ ذَاتِ الرِّقَاعِ فَرُمِيَ رَجُلٌ بِسَهْمٍ فَنَزَفَهُ الدَّمُ فَرَكَعَ وَسَجَدَ وَمَضَى فِي صَلَاتِهِ
“Жобир розияллоҳу анҳудан зикр қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зот ар-Риқоъ ғазотида бўлгандилар. Шунда бир кишига ўқ тегди, ундан қон чиқди, бас, рукуъ ва сажда қилиб, намозида давом этаверди” (Бухорий, 176-ҳадисдан олдинги сарлавҳада келтирилган).
Ривоят мана шу. Бошқа гап йўқ. Бу ерда ҳатто ўқ теккан ўша “бир киши”нинг номи ҳам айтилмаган.
Аслида, воқеа кечаси пойлоқчилик қилаётган икки киши билан бўлиб ўтган. Бири муҳожир, иккинчиси ансор саҳоба бўлган. Ўқ теккан ансор саҳобанинг номи Аббод ибн Бишр розияллоҳу анҳу, муҳожир саҳобанинг исми эса Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу бўлган. Ансорий саҳобанинг исмини Умора ибн Ҳазм розияллоҳу анҳу бўлган деган гап ҳам бор. Аслида, ушбу ривоят таниқли муаррих Имом ал-Воқидий раҳимаҳуллоҳнинг сийрат ҳақидаги “ал-Мағозий” китобидан олинган (Муҳаммад ибн Умар ал-Воқидий. Китоб ал-Мағозий. 1-жилд. – Лондон: Оксфорд, 1965. – Б. 397).
Бу воқеани батафсил санад билан муҳаддис Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ, шунингдек, Ибн Ҳиббон, Имом Ҳоким, Ибн Хузайма, Имом Байҳақий, Имом Дорақутний ва Имом Аҳмад раҳимаҳумуллоҳ каби муҳаддислар ҳам ривоят қилишган (Абу Довуд, 1/198; Ибн Ҳиббон, 3/1096; Ҳоким, 1/557; Ибн Хузайма, 3/24; Байҳақий, 1/681; Дорақутний, 1/881; Аҳмад, 3/14745).
Лекин, таъкидлаб айтамизки, мазкур ҳадис битта санад силсиласида келган бўлиб, барчаси заиф саналади ва у қуйидаги мазмунга эга:
Зот ар-Риқоъ ғазоти пайтида мушриклардан бирининг хотини вафот этди. Унинг эри қасам ичиб, “Мусулмонлардан бирортасининг қонини тўкмагунча ортга қайтмайман” деб, мусулмонларнинг изидан тушди. Мусулмонлар бир жойга етишганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки одамни дара оғзида пойлоқчилик қилишга таъйинладилар. Улардан бири муҳожир, иккинчиси ансорлардан эди. Муҳожир ухлаб ётганида ансор саҳоба пойлоқчилик навбатида намоз ўқишга турди. Ўша мушрик келиб, унга ўқ отди. Ўқни суғуриб ташлаган эди, яна уч марта ўқ отди. Саҳоба намозини бузмасдан, рукуъ ва сажда қилиб, ибодатини тугатди.
Умумий мазмун шу! Қон оқиши таҳоратни синдирмайди, дегувчилар шу ривоятни пеш қилишиб, “Демак, саҳоба ўқ еганида қон оққани шубҳасиз. Қон оқсада намозни бузмагандан кейин, қон оқиши таҳоратни синдирмас экан-да!”, дейишади.
Аввало шуни айтишимиз керакки, бу ерда Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоятни: “зикр қилинишича” деб келтирганлар. Уни “тамриз” шакли деб аталади. Имом Бухорийнинг шу шакл билан келтирган ривоятлари заиф бўлишига ҳадис билимдонларининг барчаси иттифоқ қилишган.
Иккинчидан, бу иш Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “тақрир”лари билан собит эмас. Бу ривоятнинг ўзидан ҳам яққол кўриниб турибди. Яъни, бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўралганидан кейин қон оқсада намоз ўқилгани ҳам, шу ишни қилганини кўриб Расул алайҳиссалом ижозат берганлари ҳам маълум эмас. “Тақрир” деб шуни айтилади. Бу ўринда тақрирдан дарак йўқ. У зоти шарифнинг тақрирларисиз саҳобанинг феъли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айнан ўзларининг ҳадислари муқобилига ҳужжат бўла олмайди.
Учинчидан, айтганимиздек шу ривоят тўлиқ келтирилган тўпламларда келганига қараганда, унда ухлаб ётган муҳожир уйғониб, ўқ еган ансор саҳобадаги қонни кўриб: “Субҳоналлоҳ! Нега биринчи ўқ егандаёқ мени уйғотмадингиз?!”, деган. Жавобига у зот бундай деганлар:
كُنْتُ فِى سُورَةٍ أَقْرَأُهَا فَلَمْ أُحِبَّ أَنْ أَقْطَعَهَا
“Мен бир сурани ўқиётувдим, уни бўлишни хоҳламадим” (Абу Довуд, 1/198).
У киши “Каҳф” сурасини ўқиётган эдилар. Бу ерда буюк саҳоба ўз эътиборини таҳоратнинг бузилиш-бузилмаслигига эмас, балки суранинг тароватига қаратганлар, у зот тиловатнинг завқ-шавқи таъсирида “ғалабаи ҳол” мақомида бўлганлар. Унинг диққати шу сурани тамомлашга қаратилган эди. Биз буюк зотлардаги бунга ўхшаш ишларни тасаввур ҳам қилолмаймиз.
У зот Аллоҳнинг авлиёларидан бўлиб, яна бир кароматлари “Саҳиҳи Бухорий”нинг бошқа бир жойида келтирилган. Унда айтилишича, у киши қоп-қоронғи кечаларда юрсалар, ҳассалари чироқ каби порлаб йўлларини ёритиб борар экан (Бухорий, 1/465, 4/3639).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, авлиёларнинг ўзларига хос ишлари шаръий далил ҳисобланмайди, бундай ҳолатдаги ишлардан шаръий ҳукм олинмайди.
Тўртинчидан, кетма-кет уч марта ўқ еган саҳобанинг бутун бадани, кийим-кечаги “Каҳф” сураси охиригача ўқилгунча қонга батамом булғаниб қолгани ўз-ўзидан маълум. Унинг бадани ва кийим-кечагига қон теккани ҳадиснинг матнида ҳам: وَلَمَّا رَأَى الْمُهَاجِرِىُّ مَا بِالأَنْصَارِىِّ مِنَ الدَّمِ – “Шу пайт муҳожир ансордаги қонни кўриб…” тарзида келтирилган (Абу Довуд, 1/198). Қон барча мазҳабларда, умуман, ислом динида нажосат ҳисобланади. Бирорта мазҳаб ёки фиқҳий қараш йўқки, қонни нажосат дейилмаган бўлса! Шунда, саҳоба нажас кийимда намоз ўқийверганми?! Шу ерда бизнинг фиқҳий қарашимиз мантиқан тўғри бўлади: у зот “ғалабаи ҳол” мақомида бўлган, ўқ текканига, баданидан қон чиқаётганига, ва ҳатто таҳорати-ю намози бузилганига ҳам эътибор бермаган, балки “Қуръон” тиловатини охирига етказиш мақсадида бўлган.
Бешинчидан, ўқ еган саҳоба учун намози ёки тиловатининг тугашидан ҳам кўра шу ҳолатда вафот этиши афзал бўлган. Чунки бу шаҳидлик мақоми эди. Саҳобалардан бирига душманнинг ўқи ва тоши текканида қонларини юзларига ва кийимларига суртгани нақл қилинган (Абдурраззоқ, 2/1466). Шунинг учун у зот ибодатини тўхтатгиси келмаган.
Олтинчидан, ўқ еган саҳобага ҳаммасидан ҳам кўра чегарада мустаҳкам турган аскар сифатидаги ўрни муҳимроқ туюлган. Буни юқорида номи тилга олинган Имом Воқидий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Мағозий” номли китобларида унинг мана бу эътирофидан билиб оламиз:
وَلَوْ لَا أَنِّى خَشِيتُ أَنْ أُضَيِّعَ ثَغْرًا أَمَرَنِى بِهِ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمْ مَا إنْصَرَفْتُ وَلَوْ أُتِىَ عَلَى نَفْسِى
“Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга буюрган чегаранинг зойеъ бўлишидан қўрқмаганимда эди, жоним ўзимда тураркан, асло [ҳозир бу ердан] кетиб қолмаган бўлардим” (Муҳаммад ибн Умар ал-Воқидий. Китоб ал-Мағозий. 1-жилд. – Лондон: Оксфорд, 1965. – Б. 397).
Шунинг учун ҳам, у зот ўз жойидан қўзғалгиси келмаган. Душманга чегарада турганини билдириб, ҳеч нарсага парво қилмайдиган аскар сифатида кўрсатиб қўйишни истаган бўлсалар, не ажаб!
Хулоса
Демак, далиллар мантиқий бўлмоғи керак. Ҳадис агарчи саҳиҳ бўлганда ҳам унга эргашиб кетилавермайди. Муайян бир мавзудаги бошқа ҳадисларни кўрмай, битта ҳадиснинг фақат зоҳирий маъносига суяниб, фатво айтилмайди, биттагина ҳадисга асосланиб ҳукм чиқарилмайди. Ҳанафийларнинг далилларни пухта ўрганишлари бу ерда ҳам яққол кўриниб, ўзининг устун жиҳатларини намоён этади. Мазкур саҳобанинг ушбу ишини далил қилиб, қон оқиши таҳоратни синдирмайди, дейиш тўғри эмаслиги ўз‑ўзидан аён бўлди. “Саҳиҳи Бухорий”да келтирилган санади йўқ, асли заиф ривоятга суяниб, “Қон оқиши таҳоратни синдирмайди!”, дейиш нақадар хато фикр эканини шу биргина ривоят таҳлилидан билиб олдик. Китобларни инсоф, мантиқ ва фикр билан ўқиган ҳар қандай инсон бемазҳаблик катта адашув эканини билиб олади, бизга шариат масалаларини очиқлаб берган мазҳабимиз уламоларининг ижтиҳодларига тасаннолар айтади, таслим бўлади, қалби таскин топади, тўғри йўлда эканига янада имони комил бўлади!
Ҳамидуллоҳ Беруний,
Ботиржон Хўжазода
(Давоми бор)

