Бидъатчиларни жазолаш зулм эмас!

Lotin alifbosida

Аҳли суннат ва жамоат уламолари исломнинг илк даврларидан бошлаб бидъатга қарши туриб, бидъат аҳлини жазолаб, уларга қарши сўзда ҳам, амалда ҳам қаттиқ курашиб келганлар. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: من رأى بدعة فليغيّرها – “Кимки бирор бидъатни кўрса, бас, уни ўзгартирсин!”, деганлар (“ал-Матолиб ал-олия”, 3/3302).

Кўпчиликка маълум ва машҳур бўлган мана бу саҳиҳ ҳадиси шариф ҳам бор:

من رأى منكرا فلينكره (فليغيره) بيده و من لم يستطع فبلسانه و من لم يستطع فبقلبه و ذلك أضعف الإيمان

“Кимки бирор инкор қилинадиган – ношаръий ишни кўрса, уни қўли билан инкор қилсин, ўзгартирсин. Кимки бунга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин. Бунга ҳам кучи етмаса, қалби била қайтарсин. Буниси эса имоннинг заифроғидир” (Термизий, 4/2172; Насоий, 8/5008; Абу Довуд, 1/1142; Ибн Можа, 1/1275; Ибн Ҳиббон, 1/306; Байҳақий, 3/5997; Абу Яъло, 2/1009; Аҳмад, 3/11166).

Мазкур ҳадиси шарифда бирор бидъатни ёки ношаръий ишни қўл билан ўзгартиришга қодир ҳукумат аҳли ва сиёсат арбоблари уни қўлларини билан ўзгартиришлари, бидъат ва мункар ишнинг авж олиши ва ривожланишига асло йўл қўймасликлари лозимлигини билиб оламиз. Бинобарин, ҳукумат аҳли ва давлат раҳбарлари уларни жазолаш учун аҳли суннат ва жамоат уламоларидан фатволар олиб, бидъатчиларни қаттиқ жазолаганлар, жисмонан йўқ қилганлар, тавбасига таянтирганлар. Бу бошқаларга ибрат бўлмоғи учун шундай қилинган. Зотан, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг башарият томонидан битилган энг саҳиҳ китоб саналмиш “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарларида айнан: “Хавориж ва мулҳидларга қарши ҳужжат қойим бўлганидан кейин уларни ўлдириш ҳақидаги боб” номли алоҳида сарлавҳа остида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу томонларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хаворижлар тўғрисида айтган гапларини нақл қилиб келтирганлар:

فينما لقيتموهم فاقتلوهم فإنّ فى قتلهم أجرا لمن قتلهم يوم القيامة

“Уларни (хаворижларни) қаерда кўрсангиз, ўлдиринг! Чунки, кимки уларни ўлдирса, қиёмат кунида ажру мукофоти бор!” (Бухорий, 9/6930).

Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хаворижларни тавсифлаб берар эканлар, улар тўғрисида бундай деганлар:

لئن أدركتُهم لأقتلنّهم قتل ثمود و عاد

“Агар уларни топсам, уларни Самуд ва Од қавми сингари ўлдириб, қириб юборардим!” (Бухорий, 5/4351; 9/7432; Муслим, 2/1064; Насоий, 5/2578; Ибн Ҳиббон, 1/25; Байҳақий, 7/12962; Абу Яъло, 2/1163; Таёлусий, 1/2234).

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу охирзамонга яқин чиқувчи бидъатчи тоифалар ҳақида бундай ҳадисни айтганлар:

قتالهم حقّ على كلّ مسلم

“Улар билан курашиш ҳар бир мусулмонга ҳақ вожибдир!” (Насоий, 5/8564-8564; Аҳмад, 1/1345; Баззор, 1/566).

Саҳоба Абу Умома ал-Боҳилий разийаллоҳу анҳу Шомда хаворижларни тутиб зиндонбанд қилингани ва айримларининг бошлари ибрат учун қалъа дарвозаси олдига осиб қўйилганини кўриб, “Субҳоналлоҳ! Бу умматни шайтон нималар қилиб қўймади-я?! Булар дўзахнинг итлари, дўзахнинг итлари, дўзахнинг итлари! Булар осмон остидаги энг ёмон ўлимдир! Буларни ўлдирганларнинг иши осмон остидаги энг яхши ўлдиришдир!”, деб уч марта хитоб қилганлар. Унинг гапларини эшитган одамлар: “Бу гапларни сиз ўзингиз айтаяпсизми? Ёки Пайғамбар алайҳиссаломдан булар ҳақида эшитганмисиз?”, деб сўрашади. “Мен шундай гапни ўзимча айтаманми? Мен шунга журъат қиламанми?! Мен шунга журъат қилармидим?! Албатта, бу гапларни мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир эмас, икки эмас етти ёки ўн марталаб эшитганман!”, деганлар. Сўнгра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: طوبى لمن قتلهم او قتلوه – “Улар билан курашган, хаворижларни ўлдирганларга жаннат башорати бўлсин!”, деганларини айтиб берганлар (Абу Довуд, 4/4767; Термизий, 4/3000; Ҳоким, 2/2649-2650; Табароний, 8/7553; 8034-8038; Байҳақий, 8/16480; 16560; Аҳмад, 1/1302; 3/13362).

Зотан, бидъатчи, бузғунчи, ихтилофларга сабаб бўлувчи, мамлакат ва салтанатларнинг иттифоқликларига рахна солувчи тоифалар билан курашилмас экан, таг-томири билан йўқ қилиб юборилмас экан, улар мунтазам равишда таъқиб қилинмас экан, мусулмонлар не-не қийинчиликлар ва машаққатлар эвазига барпо қилган давлат тузумлари вайрон бўлиши мумкин, ҳалокатга юз тутиши мумкин, тарих саҳнасида супириб ташланиши мумкин. Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг алоҳида кўрсатмалари бўлгани боис бидъатчилар билан ҳамма даврларда қаттиқ ва аёвсиз курашиб келинган. Ташқи душманлар билан эмас, энг аввало ички душманлар билан курашмоқ лозим. Улар йўқ қилинмас экан, бундай мамлакат алалоқибат ҳалокатга маҳкумдир. Шунинг учун, ислом давлатлари тарихида, мусулмон умматининг давлатчилик тарихида бидъатчилар билан аёвсиз курашиб келинганини кўришимиз мумкин. Мазкур мақоламизда биз ислом тарихида бидъатчилар билан қандай курашилганлигини, уларни жазолаш, жиноятчиларни йўқ қилиш асло зулм эмаслигини бир қанча мисоллар билан кўриб чиқамиз:

1) Мазкур иш буюк саҳоба, пайғамбарлардан кейинги энг афзал зот Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу томонларидан бу тариқа бошлаб берилган:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин мусулмонлардан бир жамоа: “Намозни ўқиймиз, бошқа шаръий арконларни адо қилаверамиз, лекин закот солиғини ҳукумат аҳлига бермаймиз”, деб бош кўтарганлар. Бу исломдаги даҳшатли ва мусулмонларни бўлиб-бўлиб ташлаши мумкин бўлган илк бидъат ҳамда ҳукумат ва мавжуд тузумга қарши чиқиш эди. Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу уларга қарши курашишга қатъий қарорга келадилар. Бироқ, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳудек буюк саҳоба, лаънати иблис ҳам ундан қўрқиб қочадиган зот бу қарорга кўнмадилар. Сабаби жуда оддий ва ҳаққоний эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганларини ҳамма биларди:

أمرت أن أقاتل الناس حتى يقولوا لا اله الا الله فمن قالها فقد عصم منى ماله و نفسه الا بحقه و حسابه على الله

“Мен одамлар билан то улар “Ла илаҳа иллаллоҳ!” дегунларигача урушмоққа буюрилдим. Бас, кимки уни айтса, унинг моли ва жони мендан қутилади. Фақат ҳаққи бўлса, бундан мустасно. Унинг ҳисоби эса Аллоҳгадир” (Бухорий, 2/1399; Муслим, 1/21; Термизий, 5/2606; Насоий, 6/3090; Абу Довуд, 2/2642; Ибн Можа, 2/3927-3928; Доримий, 2/2502; Ибн Ҳиббон, 1/174; Ҳоким, 1/1428; Табароний, 2/1746; Байҳақий, 3/4919; Аҳмад, 2/8148; Баззор, 1/38; Ибн Абу Шайба, 10/29537; Абдурраззоқ, 6/10021).

Ана шу ҳадиси шарифни келтириб, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу: “Улар билан қандай урушасиз?!”, деганлар. Чунки, “Ла илаҳа иллаллоҳ!” деб турган мўъмин-мусулмонни ўлдириш жуда оғир гуноҳ, шариатда қатъий қайтарилган ишдир. Шунинг учун, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу бидъатчилар билан курашишдан истиҳола қилиб турган эдилар. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ҳадиси шарифларида: “Фақат ҳаққи бўлса, бундан мустасно”, деган истисно мавжуд. Бу жиноятчиларни жазолаш ҳамда шаръий ва қонуний ҳақларни барпо қилиш ҳаққи ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу бундай деганлар:

لأقتلنّ من فرّق بين الصلاة و الزكاة فإنّ الزكاة حق المال و الله لو منعونى عقالا كانوا يؤدونه الى رسول الله صلى الله عليه و سلم لقاتلتهم على منعه

“Намоз билан закотнинг орасини ажратганлар билан албатта урушаман! Чунки, закот молнинг ҳаққидир. Аллоҳга қасамки, агар улар менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бериб юрган бир бузоқчани ҳам бермасалар, бермаганлари сабабли уларга уруш очаман!”.

Шунда, кейинчалик Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу бундай деб эътироф қилганлар:

فوالله ما هو الا ان رأيت الله شرح صدر أبى بكر للقتال فعرفت أنه الحقّ

“Аллоҳга қасамки, Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳунинг қалбини (бидъатчилар билан) уруш қилишга очганини кўрдим-да, унинг ҳақлигини билиб олдим!” (Бухорий, 9/6924, 7284; Муслим, 1/20; Термизий, 5/2607; Насоий, 5/2443; Абу Довуд, 2/1558; Ибн Ҳиббон, 1/216; Ибн Хузайма, 4/2247; Ҳоким, 1/1427; Байҳақий, 4/7116; Аҳмад, 1/117; Абдурраззоқ, 4/6916, 6/10022).

Хуллас, Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳ анҳу “Закотни бермаймиз!” деб ҳокимиятга қарши чиққан бидъатчиларни оғир жазолаганлар ва бу асло зулм бўлган эмас!

2) Чаҳориёри изомлардан бири, Қуръони каримни жам қилдириб, мусҳаф ҳолига келтиртирган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки қизларига уйланиб, “икки нур эгаси” бўлган зот Ҳазрати Усмон разийаллоҳу анҳунинг ўлимига сабабчи бўлган хаворижлар, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу билан ҳокимият талашиб, уни кофирга чиқарган ҳарурий-хаворижлар, ул зоти шарифни илоҳийлаштирган Абдуллоҳ ибн Саба сингари ғулувга кетган рофизий-сабаийлар кабилардан бир жамоасини қўлга олиб, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу тириклай гулханда ёндириб ўлдиртириб юборганлар. Ҳарурийлар Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуга: “Сен ўз тинчлигингни ўйлаб, душманинг фойдасига ҳукм чиқардинг, шунинг учун сенинг динингда шубҳа бор”, деб қарши чиққан тоифа бўлиб, Ҳарура деган қишлоқда ўзларига макон (лагерь) тутган тоифадир. Улар чаҳорёри изомлардан бири, илм дарвозаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севимли куёвлари, жаннат башорати берилган Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудек зотни ҳам ҳокимият учун кофирга чиқарган тоифадир. Улар Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуни “Мўъминлар амири” эмас, “Кофирлар амири”, деб атаган эдилар. Тўрт минг (4000) нафар атрофидаги хаворижларни Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу қаттиқ жазолаганлар.

Муфассирлар султони, буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳу: “Уларни ўлдириш лозимлигига мен ҳам қўшиламан. Бироқ, “Аллоҳнинг азоби билан азобламанглар!”, дейилгани учун уларни олов билан ўлдирмаслик керак эди”, дегандилар. Айрим тарихчилар: “Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу Абдуллоҳ ибн Сабага эргашган хавориж ва рофизийлардан бир қисмини оловга ёқмаганлар. Балки, уларни чуқур ковлаб, зиндон қилиб катта қудуқсимон чуқурга ташлаб қўйганлар. Уларнинг ўзлари олов ёқамиз деб, тасодифан ўзларини ўзлари ёқиб юборганлар”, деганлар (Байҳақий, 9/17841).

Аллоҳ таолонинг: فأمّا الذين فى قلوبهم زيغ – “Аммо дилларида оғиш (эгрилик) бор кимсалар” (Оли Имрон, 7) ояти борасида бу эгриликдан мурод ҳарурий ва сабаий, хавориж ва рофизийлар кабилар эканлиги борасида гапириб, тобеъинларнинг улуғларидан Қатода раҳимаҳуллоҳ бундай деган эканлар:

إن لم تكن الحرورية و السبائية فلا أدرى من هم و لعمرى لو كان أمر الخوارج هدى لاجتمع و لكنه كان ضلالة فتفرق و كذلك الأمر إذا كان من عند غير الله وجدت إختلافا كثيرا فو الله إنّ الحرورية لبدعة و إنّ السبائية لبدعة…

“Агар (мазкур оятдаги қалбида оғиш бор, мақсадлари одамларни фитнага солиш дейилганлар) ҳарурий ва сабаийлар бўлмаса, унда уларнинг ким бўлишини билмайман! Умримга қасамки, агар хаворижларнинг иши ҳидоят бўлса, (барча мусулмонлар унга) жам бўлган бўларди. Лекин, у залолат эди. Шунинг учун, у тафриқага сабаб бўлди. Шунингдек, иш Аллоҳнинг буйруғидан ўзга томонда бўлса, унда кўпгина ихтилофлар топилади. Аллоҳга қасамки, ҳарурийлик бидъатдир, сабаийлик бидъатдир!” (“ал-Ибонат ал-кубро”, 2/791).

Хуллас, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу исломдаги илк бидъатчи бўлган катта оқим вакилларини жуда қаттиқ жазолаганлар ва бу асло зулм бўлган эмас!

3) Азориқа ёки Азрақийлар деб аталган хаворижлардан ажралиб чиққан тоифа бўлган. Унинг асосчиси Нофеъ ибн Азрақ (ваф. 66/685) бўлиб, энг муросасиз ва шафқатсиз жамоа сифатида тарихда қолган. Улар ўзларининг қароргоҳларига (ҳозирги тил билан айтганда, лагерларига) ҳижрат қилиб келмаганларни кофир санаганлар. Улар Аҳвоз ва Кирмон ўлкаларини қўлга киритишган. Улар ҳар бир гуноҳни ширк ва куфр деб, ўзларининг қароргоҳларидан бошқа жами жойларни дори куфр – кофиристон – кофирлар юрти деб баҳолаганлар. Энг ажабланарлиси, уларга ҳамфикр бўлиб ўша юртда яшаётганларни ҳам кофир деб ҳукм қилаверганлар. Улар гўдакларни ва ёш болаларни ҳам ўлдираверганлар. Улар фикрича, уларга мухолиф бўлганларнинг болалари ҳам дўзахда абадий қолар эмиш (Абу Мансур Абдулқоҳир ал-Бағдодий. Китоб ал-Милал ва-н-Ниҳал. – Байрут: Дор ал-Машриқ, 1986. – Б. 63-64).

Ана энди, ҳозирги янги хаворижлар – ўз лагерларига ҳижратга даъват қилаётганлар, ўзларининг турган жойларидан бошқа жами мусулмонлар юртини кофиристон деб таъна қилаётган, ҳатто ўзларининг турган ерларини-да кофиристон деб уруш-жанжаллар маконига, ўликлар йиғилган ўликхоналарга айлантираётганлар, қанчадан-қанча аёлларни ва ёш болаларни ўлдириб юбораётганлар ўша азрақийларнинг авлоди ва бугунги кундаги янги бир кўриниши эмасми?!

Хуллас, Азрақийлар деб аталган ушбу бидъатчи тоифани халифа Абдулмалик ибн Марвон даврида 77/697 йили жуда қаттиқ жазоланган, барчаси қириб ташланган ва бу асло зулм эмас!

4) Суфрия ва Шабибия деган хорижийлардан униб чиққан бидъатчи тоифа бўлган. Улар 61-62/680-681 йилларда ҳокимиятга қарши чиққан бўлиб, намоз, рўза, закот каби амалларни тарк этган кишини кофир ҳисоблаганлар. Уларнинг фаолияти 78/697 йилгача давом этиб келган. Абдулмалик ибн Марвон (685-705) томонидан уларга қарши бир йилда 20 марталаб лашкар юборилгани ҳам ҳақиқатдир. Хаворижлар шу хилда бутун ислом давлатини уруш-жанжаллар ва ихтилофлар гирдобига тортмоқчи бўлганлар. Уларнинг Шабиб деган бадбахт раҳбари минг нафардан ортиқ ўз хаворижлари билан бирга Кўфага ҳужум қилиб, уни қамал қилган. Энг эътибор берадиган жойи, улар орасида 200 (икки юз) нафарга яқин аёлларни найза ва қиличлар билан қуроллантирилган эди. Кўфани эгаллаган ушбу шабибия деб аталган хаворижлар Кўфанинг муқаддас жомеъ масжидининг ходимлари ва эътикофда ўтирган тақводор мусулмонларнинг барчасини қатлиом қиладилар.

Ҳа, ҳозирги даврдаги янги хавориж тоифалар аёлларни ҳам қуроллантириб, мусулмонларга қарши, мусулмон давлатларга қарши урушга тортаётганлар, уларга бомбалар осиб, ўзларини-ўзлари ўлдириб юборишига мажбурлаётганлар ана ўша шабибия тоифасининг бугунги кўриниши ва уларнинг бахтсиз авлодларидир. Ҳа, ҳозирги даврдаги янги хавориж тоифалар масжидларни портлатиб юбормоқдалар, масжиддан чиқаётган намозхонларни ёппасига ўлдириб юбормоқдалар. Улар ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак масжидлари олдида ҳам ана шундай машъум ишни тап тортмай давом эттирдилар.

Абдулмалик ибн Марвон томонидан юборилган 4000 (тўрт минг) нафар лашкар келиб, Шабибни ва унинг одамларини енгади. Шабибнинг ўзи қочиб кетади ва Дужайл дарёсига чўкиб ўлади. Унинг қолган-қутган барча одамларини бирма-бир қиличдан ўтказилади.

Хуллас, Суфрия ва Шабибия деб аталган бидъатчи тоифаларга қарши курашган ўша давр ҳокимияти ва мусулмонлар жамоаси зулм қилган эмаслар!

5) Исмоилийлар деб аталган тоифадан қарматийлар деган янги бир жамоа пайдо бўлган. Аббосийлар халифалиги даврида мелодий IX аср охирида вужудга келган бу тоифа шариатдаги барча фарз ва вожиб амалларни адо қилишни ихтиёрий деб ҳисоблаганлар. Ширк балосига мубтало бўлган бу тоифа ҳатто Каъбатуллоҳни тавоф қилишни ширк дейишган, ҳажар ул-асвадни – муқаддас қора тошни ўпишни эса ашаддий бидъат деб аташган. Улар ўз гуруҳларига янги кирмоқчи бўлганларни бир муддат ўқитишиб, махсус таълим берганлар. Шунинг учун уларни таълимийлар гуруҳи ҳам деб аталган. Ўз жамоаларига янги қўшилганларни бир муддат ўқитиши билан ҳизбуттаҳрир сингари тоифалар ҳам ана шундай жиҳатларни улардан ўзлаштириб олганлар, дейиш мумкин.

Қарматийлар 284/899 йилда ал-Ақсода (Шарқий Арабистон) ўз давлатларини тузганлар. 318/930 йилги ҳаж мавсумида эса Маккаи мукаррамага ҳужум қилиб, Ҳарами шарифни талон-тарож қилганлар, ҳаж зиёратига борган ҳожиларни қириб ташлаганлар, бир қисмини асир қилиб, қул сифатида ўз давлатларига олиб кетганлар. Каъбатуллоҳ деворига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан ўрнаштирилган ҳажар ул-асвадни – муқаддас қора тошни парчалаб, ўлжа қилиб олиб кетишган. Ушбу ҳажар ул-асвадни – муқаддас қора тошни роппа-роса 20 (йигирма) йилдан сўнг ўз ўрнига қайтарилган.

Қарматийларнинг бу қилмишларига қарши бутун мусулмон олами қарши турган, бутун бошли ислом давлатлари, халифалик улар билан бир неча йиллар давомида шиддатли курашлар олиб боришга мажбур бўлганлар. Қарматийларнинг ҳаракати аёвсиз бостирилган.

Хуллас, ҳожиларни ҳам ўлдиришни ўзларига раво кўрган, Ҳарами шарифда ҳам бузғунчиликни тўхтатмаган бидъатчи қарматийларни қириб ташлангани асло зулм эмас!

6) Темурийлар даврида, аниқроғи 741/1340 йилларда ғулот шиаларнинг бир вакили бўлмиш Фазлуллоҳ Астрабодий деган кимса томонидан ҳуруфия деб аталган фирқа вужудга келтирилган. У араб ҳарфлари маълум бир сирли мазмунга эга деган эътиқодда бўлгани боис ал-Ҳуруфий тахаллусини олган. Унга эргашганлар эса шунинг учун ҳуруфийлар деб аталган. Улар инсонда Худо мужассамлашади, деган эътиқодда бўлганлар. Соҳибқирон Амир Темур (1370-1405) бобомиз Фазлуллоҳ Астрабодийни Ширвоннинг узоқ бир жойига сурган қилиб, у ердан чиқмайдиган қилиб, бадарға қилганлар. Шунинг учун ушбу тоифа вакиллари Амир Темур бобомиз ва унинг авлодларини ёмон кўрганлар. Соҳибқирон Амир Темурнинг фарзандлари Ғарбий Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва Арманистон ҳукмдори Мироншоҳ (1366-1408)ни дажжол деб сўкканлар, бутун Хуросон ҳукмдори Шоҳрух мирзо (1396-1447)га суиқасд уюштирганлар. Бугунги кундаги бидъатчи тоифаларнинг давлат раҳбарларини сўкиши, золим ва кофир деб атайверишлари ана шу хилдаги бидъатчи гуруҳлардан қолган бўлса, ажаб эмас. Мазкур суиқасд 830/1426-27 йилларда содир бўлган. Тирик қолган ҳукмдор ҳуруфийларни беаёв жазолаган, жасадлари оловда ёқилган. Ҳуруфийлар жуда қаттиқ таъқиб остига олинган ва ҳаракатлари бутунлай тугатилган.

Хуллас, бидъатчи бир тоифа бўлмиш ҳуруфийларни ўз ватанларидан бадарға қилиниб, узоқ давр маҳбусликда сақлангани, уларни қириб ташлаб, гулханда ёқилгани учун соҳибқирон Амир Темур бобомиз ва Шоҳрух мирзо ҳазратлари асло золим ҳисобланмайди!

7) Ваҳҳобийлар Ибн Абдулваҳҳоб номли шахс бошчилигида ҳозирги Саудия Арабистонининг Нажд вилоятида пайдо бўлган. Уларнинг кирдикорлари, бузғунчиликлари ҳаддан оша бошлаганида Усмонийлар халифаси Султон Салим III (1789-1807) даврида унинг фармони билан Маккаи мукаррама ҳокими Шариф Ғолиб ибн Мусоъид ваҳҳобийлар билан жангга киришади.

Ваҳҳобийлар 1803 йилнинг февраль ойида Тоифни қамал қилиб, аҳолисини қатлиом қиладилар, Тоифни пойтахт қилиб оладилар. Тоифдаги буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳу қурдирган масжидни бузиб ташлайдилар. Сўнгра Маккага ҳужум қиладилар. Шу йилнинг март ойида эса улар Маккаи мукаррамани эгалаб оладилар. Ҳаммани мушрик деб ҳукм қилиб, калимаи шаҳодатни қайта айтишга мажбур қиладилар. Ваҳҳобийлар барча тарихий обидалар, саҳоба, тобеъин, табъа тобеъин ва кейинги даврларда яшаб, ўша муқаддас маконларда дафн қилинган уламоларнинг қабр ва мақбараларини ер билан яксон этадилар, айрим қабрларнинг эса бутунлай йўқ бўлиб кетишига сабабчи бўладилар. 1811 йилга келиб, усмонийлар султони ваҳҳобийлар билан урушиб, уларни йўқ қилиш учун Миср волийси Муҳаммад Али пошшога алоҳида фармон қилади. 1813 йилга келибгина Муҳаммад Али пошшо ваҳҳобийлар билан урушиб-урушиб, Макка-Мадинани қайтиб фатҳ қилади. Тоифдаги ваҳҳобийларнинг амири Усмон ал-Музойиқий деган кимсани тутдириб, темир занжирлар билан бирга Мисрга жўнатилади. Мисрда уни қатл этилади. Шундан бир йил ўтиб, Мадинада қўйилган ваҳҳобийларнинг амири Муборак ибн Мазён деган кимсани ҳам худди шу тариқада Мисрга жўнатилган. Халқ ваҳҳобийларнинг кирдикорлари ва оқибатларини билиши учун, уни Истанбулга олиб келиб, шаҳар бўйлаб сазойи ҳам қилдирилган. Уни Мисрда калласи олиниб, боши шаҳар дарвозасига осиб қўйилган.

Мелодий 1815-1817 йилларда эса Муҳаммад Али пошшо ўз ўғли Иброҳим пошшони бош қилиб, ҳозиргача ваҳҳобийликнинг маркази бўлмиш Диръияга ҳужум қилишга юборади. Ўша пайтда ваҳҳобийларнинг подшоҳи Абдуллоҳ ибн Саъуд сулҳ тузиш ва ўзларининг давлатини тан олишга келишишни таклиф қилган. Лекин, ислом лашкари бунга кўнмаган эди. Диръия хароб қилиниб, ваҳҳобийларнинг илк подшоҳи Абдуллоҳ ибн Саъуд қўлга олинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳужраларида минг йиллардан бери сақланиб келаётган, кўз қорачиғидек асралиб келаётган бир сандиқ нарсаларни ваҳҳобийлар ғорат қилиб олиб кетишган эди. Уларнинг айрим қисмлари топилиб, қайтариб олинади. Ибн Саъуд эса кишанланиб, Истанбулга жўнатилади ва “Ҳумоюн” дарвозаси олдида ваҳҳобийларнинг подшоҳи бир қанча аъёнлари билан бирга қатл этилади.

Ваҳҳобийларнинг қолган-қутган вакиллари Маккаи мукаррамага келиб, уламолар билан беадабона баҳс-мунозараларга киришиб кетадилар. Ҳамма жойда фитна авж олади, ихтилофлар ва низолар вужудга келади. Макка волийси Шариф Масъуд ибн Саид 1848 йилда уларнинг ҳаммасини тутиб, ҳибс қилдиради. Уларнинг айримлари турмадан қочиб, ваҳҳобийликнинг маркази Диръияга кетадилар. Шундан сўнг Макка ҳокимлари ваҳҳобийларни ҳажга келишни манъ қилиб қўядилар.

Ваҳҳобийлар кучайиб-кучайиб, ХХ аср бошларига келиб, ҳозирги Арабистонни эгаллайдилар ҳамда Америка ва инглизларнинг ёрдами билан мустақил бўлиб оладилар….

Мусулмонлар жамоаси, султон ва амир-у волийлари ваҳҳобийлар билан аёвсиз курашиб келганлари, уларни қатл қилишлари, ҳатто ҳаж зиёратига қўймаганлари уларга нисбатан асло зулм эмас эди!

8) 1400 ҳижрий йилнинг муҳаррам ойининг илк тонггида 1979 йилнинг 20 ноябрида, ҳали ҳожилар Маккаи мукаррамадан ҳаж қилиб бўлиб, чиқиб кетмаган вақтда содир бўлган машъум ҳодиса бор. Жуҳаймон ал-Утайбий (1936-1980) деган бадбахтнинг бошчилигида икки юздан ортиқ бебахт каслар Каъбатуллоҳ жойлашган Масжиди ҳаромни эгаллаб олиб, эркак, аёл ва болалардан иборат беш юзга яқин ҳожи мусулмонларни гаровга олиб, ушбу табаррук жойни бегуноҳ мўъмин-мусулмонларнинг қонига тўлдирганлар. Ушбу бадбахт кимсалар тонгда жаноза олиб кираяпмиз, деб, тобутларга қурол-аслаҳалар солиб, Масжиди ҳаромга кириб келадилар. Минг таассуфлар бўлсинки, бу воқеа икки ҳафта чўзилади. Масжиди ҳаромда катта олов ёқиб ташқаридагиларни қўрқитадилар. Жамоат намози ва тавоф ибодатлари тўхтаб қолади. Масжиди ҳаром жуда катта зарар кўради. Улар ўша даврдаги Саудия қиролини ҳам кофирга чиқариб, бутун дунёни кофиристон деб эълон қиладилар ва бутун дунёни ўзларининг тасаввуридаги ислом диёрига айлантиришни айтадилар. 1400 ҳижрийнинг 14 муҳаррамида – 1979 йилнинг 4 декабрида ҳукумат аксарлари ҳужум қилишга мажбур бўладилар. Кечга яқин Масжиди ҳаромни тозалашга муваффақ бўладилар: гаровдагилар озод қилинади, қотиллар қўлга олинади, террорчилар тор-мор қилинади. 28 нафар террорчи ўлдирилади, 17 нафар намозхон оғир жароҳатланади, 61 нафар террорчи қўлга олинади. (Норасмий хабарларга кўра бу рақамлар икки баробар кўпдир). Бадбахт Жуҳаймон Маккаи мукаррамадаги “Умм ул-қуро” университетида, сўнг Мадинаи мунавварадаги Ислом Университетида ўқиган. У Саудия муфтийси Ибн Бознинг шогирди Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Қаҳтонийни Маҳдий деб эълон қилиб, Маккаи Мукаррамада, Ҳарами шарифда, Масжиди Ҳаромда бузғунчилик қилган. Бу икки шахс давлатларни кофиристон дейишда, ўзларига эргашганлардан бошқаларни кофир дейишда ҳамфикр эдилар. Бугунги кунда Жуҳаймон ал-Утайбийни шаҳид деб кўкларга кўтарадиганлар ҳам бор. Бироқ, унинг қилмиши минг йилардан бери гуноҳ саналиб келган, бутун дунё мусулмонлари ва инсофли одамлари томонидан қораланган ишдир. Саудия қироллиги мазкур бидъатчиларни қаттиқ жазолайдилар, Жуҳаймон ўлимга ҳукм қилинади. Ушбу бузғунчи тоифанинг маънавий раҳбарлари бўлган олимлар мамлакатдан бадарға қилинади.

Хуллас, ўзларининг қилмишлари билан қарматийларнинг ишларини давом қилдириб, Маккатуллоҳда – Масжиди ҳаромда – Ҳарами шарифда бузғунчилик қилган бадбахт Жуҳаймон ва унинг одамларини қаттиқ жазолангани уларга нисбатан асло зулм эмас!

9) Замонамизнинг хворижлари деб аталаётган ҳизбуттаҳрир деган ташкилот мавжуд. У ХХ аср ўрталарида Набаҳоний деган кимса томонидан 1953 йилда ташкил қилинган. Ташкилотнинг мақсади бутун дунёда ягона халифалик тузиш бўлиб, уларнинг ақидаси бўйича бу йўлда ҳар қандай гуноҳ ишлардан, разилликлардан фойдаланиш мумкин. Ҳизбуттаҳрир йўқорида ўтган, тарихдаги жами бидъатчи гуруҳларнинг ифлос ишларининг ҳақиқий давомчиларидир. Улар ўз қабиҳ мақсадларига етишиш учун ҳеч нарсадан қайтишмайди.

Шунинг учун ҳам, қарийб барча араб давлатларида, Осиёнинг мусулмонлар кўпроқ истиқомат қиладиган ҳамма давлатларида бу ташкилот таъқиқланган ва террорчи гуруҳ деб эълон қилинган. Бироқ, ушбу ташкилотга Америка ва Европада таъқиқ йўқ, ҳизбутаҳрирнинг бош, асосий марказий қароргоҳи Лондонда жойлашган. Уларнинг бирорта расми ва видеотасвири йўқ номаълум шахс бўлмиш Ато Абу Рашта (Рушта) номли “халифа”си Данияда қўним топган. Демак, ана шундан ҳам билса бўладики, ҳизбуттаҳрир исломга зиддир, мусулмонларга эса душмандир! Уларнинг барча нотўғри ақидавий қарашлари, жумладан, аҳли суннат ва жамоатга мутлақо зид келувчи фикрлари, бутун дунё бўйлаб қўллаган усуллари, қилмишлари, мусулмонларнинг не қийинчилик билан тиклаган ва обод қилаётган давлатлари-ю мамлакатларига қилаётган таҳдидлари натижасида ҳизбуттаҳрир оқими вакиллари бугунги кундаги жами мусулмонобод юртларда таъқиб қилиниб келади.

Бу хилдаги ҳизбуттаҳрир сингари террорчи ташкилот аъзоларининг таъқиб қилиниши, қонунан таъқиқланиши ва жазоланиши зулм ҳисобланмайди!

Хулоса

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бидъатчилар билан қарши курашиш бўйича тавсиялари ва кўрсатмалари бўлгани боис ҳамма даврларда улар билан қаттиқ ва аёвсиз курашиб келинган. Ташқи душманлар билан эмас, энг аввало ички душманлар билан курашмоқ лозимлиги айни ҳақиқатдир. Улар йўқ қилинмас экан, бундай мамлакат алалоқибат ҳалокатга маҳкумдир. Шунинг учун, ислом давлатлари тарихида, мусулмон умматининг давлатчилик тарихида бидъатчилар билан аёвсиз курашиб келинганини кўришимиз мумкин. Бугунги кунда ҳам бидъатчи гуруҳ ва оқимлар билан, соф исломга ёт таълимотлар, ғоялар билан курашилади. Бутун дунёдаги мусулмон олимлари бугун ислом номидан иш кўраётган, ислом динини ниқоб қилиб олган, аслида терорчи бўлган гуруҳ ва оқимларни йўқ қилиш, улар билан курашиш, уларнинг мамлакатларда тарқалишининг олдини олиш борасида тинмай маърузалар, мақолалар тайёрлаб келишади, уларга қарши асарлар битишади. Ана шу олимларнинг иттифоғига амал қилиб, бу хилдаги оқим ва гуруҳлар билан курашувчи давлатлар бугун тинч ва осойишта. Уларга бепарво бўлган, оқим ва гуруҳларнинг кенг ёйилишига йўл қўйиб бераётган ёки таъқиқни салгина юмшатиб қўйган давлатларда ҳар хил нотинчликлар, портлашлар, қотилликлар юз бериб турибди. Демак, мақоламиз бошида тилга олган: “Кимки бирор инкор қилинадиган – ношаръий ишни кўрса, уни қўли билан инкор қилсин, ўзгартирсин. Кимки бунга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин. Бунга ҳам кучи етмаса, қалби била қайтарсин. Буниси эса имоннинг заифроғидир”, дейилган саҳиҳ ҳадиси шарифни яна бир бор ёдга олиб, бидъатларни йўқотишга, бидъатчиликнинг олдини олишга, террор ва қотилликларга қарши бирга курашишга, иттифоқ ва ҳамжиҳат бўлишга бел боғлашимиз керак. Шундагина юртимиз тинч ва фаровон, тоат-ибодатларимиз эса файзли бўлажак.

Ҳамидуллоҳ Беруний.

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 3 та

  1. суннатдаги инсон:

    ассалому аълайкум ва роҳматуллоҳи таъла ва барокатуҳ Субҳаналлоҳ, жуда яхши ва огоҳликка чақирадиган мақола бўлибди. Аллоҳ ҳаммамизни мағфират қилишини сўраймиз ва Аллоҳнинг раҳматини сизга ҳам сўраб қоламиз.

  2. Salohiddin:

    Zõr ekan, rahmat!

  3. Salohiddin:

    Zõr ekan, rahmat!
    Omad

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *