Пора ва унинг турлари

Lotin alifbosida

Таниқли ҳанафий олими ва фақиҳи, машҳур «Баҳр ар-роиқ», «ал-Ашбоҳ ва-н-назоир» асарлари муаллифи Зайн ал-обидин (Зайниддин) Ибн Нужайм ал-Мисрий ал-Ҳанафий (1519-1563) раҳимаҳуллоҳнинг мазкур «ПОРА ВА УНИНГ ТУРЛАРИ» рисоласи унинг «ар-Расоил аз-зайниййа фий фиқҳ ал-ҳанафиййа» номли рисолалар тўпламида ўн биринчи асар сифатида келтирилган. Мазкур тўпламда олимнинг қирқ бир рисоласи ўрин олган. Тўплам нашр қилинган.

Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Pora va uning turlariҲақни гарчи ўз муддатидан кейин бўлса ҳам ғалаба қозонтирадиган зотга ҳамдлар бўлсин! У ростни зоҳир қилиб, ёлғончиларни шарманда қилади. У халқ орасида адолатни ёяди, уни бекор қилувчиларнинг уруғини қуритади. Саловат ва саломлар пайғамбарларнинг энг шарафлисига ҳамда унинг оила аъзолари ва барча саҳобаларига бўлсин!

Шундан сўнг. Ушбу рисола поранинг баёни, унинг турлари ҳақидаги қисқача рисола бўлиб, унинг зимнида қозига олиш жоиз бўладиган ёки умуман мумкин бўлмайдиган нарсалар, поранинг ҳалол ва ҳаром бўладиган ҳолатлари тўғрисида ҳам сўз юритилади. Шунингдек, пора билан ҳадиянинг орасидаги фарқ ҳақида, пора олганда унинг эгаси ким бўлиши ҳақида, пора олувчиларнинг таъзирини бериб қўйилганда, ошкора ҳаммага маълум қилиниши борасида ҳам сўз юритилади.

Замонамизда пора борасида фатво чиқаришга тўғри келган вақтда дўстлардан айримлари бу борада тадқиқот олиб боришни менинг устимга юклаб қўйишди. Баъзи ҳанафийлар подшоҳнинг пора олишини қозининг пора олиши каби деб ўйлаб, нақл қилинган ҳақиқатнинг тескарисига жавоб берганлар. Мен карамли Аллоҳдан ушбу изланишларимни холис бўлишини сўраб қоламан.

Демак, поранинг икки хил маъноси борлигини айтишдан гапни бошлаймиз. Унинг луғавий ва истилоҳий маънолари бор. Луғатда поранинг маъноси ширинкома – ҳақ, мукофот.

«ал-Қомус»да «ришват» («пора»)нинг мисоли ширинкома экани айтилган. «Рашааҳу» дейилса, унга бирор нарса берилганини айтилади. «Ирташаа» эса ўша нарсани олганни айтилади. «Истаршаа» эса бирор нарса талаб қилганни айтилади. Тамом.

«ал-Мисбоҳ»да «ришват» «ро»нинг касраси билан бирор шахснинг унинг фойдасига ҳукм қилиши ёки унинг истаганини амалга ошириши учун ҳокимга ёки бошқа бировга бирор нарсани берганига айтилади, дейилган. Ушбу сўзнинг кўплиги «рушаа» ҳам дейилади, «қатала» бобидандир. Унга ришват бергандим, у олди, демоқчи бўлса, «ирташаа» феъли қўлланади. Ришват сўзининг асли «рашаа»дан бўлиб, жўжа онаси  оғзига бирор нарса солиши учун бўйнини – бошини чўзганига айтилади.

«ал-Муғриб»да «ришват» ва «рушват» деб ҳам айтилиши мумкинлиги, кўплиги «ар-рушаа» келиши зикр қилинган. «Рашааҳу» дейилса, пора берганни айтилади, «ирташаа минҳу» дейилса, уни олганни айтилади. Тамом.

Поранинг истилоҳдаги маъноси «ал-Мисбоҳ»да айтилганидекдир. Абу Наср ал-Бағдодий раҳимаҳуллоҳ «Шарҳ ал-Қудурий»да: «Пора билан совғанинг фарқи пора унга ёрдам берилиши учун берилади, совғада эса бундай шарт бўлмайди», деб эслатиб ўтганлар. Тамом.

Пора олиш Қуръон ва суннат ҳамда ижмоъга кўра ҳаром. Қуръондаги оятга келсак, Аллоҳ таолонинг сўзи бор: لا تأكلوا اموالكم بينكم بالباطل – «Ораларингиздаги моллларингизни бекордан бекор еманглар!». Босқинчилик, судхўрлик, қимор каби ботил, бекор ва пуч нарсага шариат рухсат бермаган. Аллоҳ таоло бундай деган:

وَلاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُم بَيْنَكُم بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُواْ بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُواْ فَرِيقاً مِّنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالإِثْمِ وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ

«Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!» (Бақара, 188).

Ал-Буқоъий раҳимаҳуллоҳ «ал-Муносабот» асарида «ва тудлу» сўзини: «Ҳокимларга махфий ҳолатда умумий пора билан ишларни ўзингизнинг фойдангиз тарафига буриш учун бера кўрманглар!» дея ифодалаганлар.

Ал-Ҳалвоний раҳимаҳуллоҳ: «Пора – челакни қудуққа сув тортиб олиш учун махфий тарзда тушириш маъносида», деганлар. Яъни, пора берувчи ноҳақ равишда мол-дунё ейишга ҳукм чиқартириш мақсадида ўз порасини махфий равишда ҳокимга беради. Тамом.

Поранинг суннатда ҳаром қилинганига келсак, бу борадаги ҳадислар жуда кўп. Улардан бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу қарғишларидир: «Пора берувчига ҳам, пора олувчига ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин!». Яна ул зоти бобаракот: «Пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам, иккови орасида юриб порада воситалик қилувчини ҳам Аллоҳ лаънатласин!», деганлар. Бундай ҳадисларни «ал-Жомеъ ас-сағир»да «лом» ҳарфи бобидан топиш мумкин.

Ана энди, поранинг турлари, ҳалол бўладиган ва ҳаром бўладиган жиҳатларига етиб келдик. Имом Қозийхон раҳимаҳуллоҳ ўзининг фатволар тўпламида қозилик қилиш ҳақидаги бўлимида буларни зикр қилганлар:

Пора тўрт хил бўлади. Икки тарафдан ҳам ҳаром бўладиган тури. Агар булардан бири пора бериб қози бўлса, қози бўлиб ҳисобланмайди. Бу ҳолатда пора олувчига ҳам, қози бўлувчига ҳам ҳаромдир.

Иккинчи тури, қозига унинг фойдасига ҳукм қилишини кўзлаган ҳолда пора беришдир. Бу пора икки томонга ҳам ҳаром. Қозининг ҳукми хоҳ ҳақ бўлсин, хоҳи ноҳақ бўлсин, бунинг фарқи йўқ.

Яна бир тури шуки, ўзининг жонидан ёки мол-мулкидан қўрқиб, бировга пора берган бўлса бундай пора олувчига ҳаром, берувчига ҳаром эмас. Агар биров унинг молидан тама қилса, молидан бир қисмини унга берса ҳам худди шундайдир.

Яна бир тури эса порани подшоҳ олдида ишини ўтказиб бериш учун берса, бериш ҳалол бўлади. Бу ҳолатда олувчига пора олиш ҳалол бўлмайди.

Агар порани олувчига ҳалол бўлишини исталадиган бўлса, олувчи бир кун кечгача қайтариш нияти билан ижарага олиб туради. Бундай ижара тўғри бўлади. Сўнг ижарагир ушбу ишни хоҳласа қилади, хоҳламаса бошқа ишни қилади. Бу подшоҳ олдида ишини тўғрилаб бериши мақсадида аввал бошданоқ пора берилган ҳолатдадир.

Бировдан ишни тўғрилаб беришини сўраса, пора ҳақида гап-сўз бўлмаса, сўнг ўша ишни тўғрилаб берганидан сўнг порани берса, олимлар бунинг ҳукми борасида турлича фикрлар билдирганлар. Айрим уламолар олишни ҳалол бўлмайди, деган бўлсалар, айрим уламолар ҳалол бўлади, деганлар. Мана шу саҳиҳдир! Чунки, бу яхшилик ва яхшиликка берилган мукофот бўлиб, бу ҳалол бўлади. Худди бу имом-домлага ва муаззинга бирор нарса бергандекдир. Уни шарт қилмасдан берсалар, яхши иш ҳисобланади.

Қозига пора олиш ҳалол бўлмаганидек, қози бўлишидан олдин унга ҳадялар бериб турмайдиган бегонадан ҳадя-совға қабул қилиб олиш ҳам ҳалол бўлмайди. Шунингдек, қозига бегонадан қарз олиш, бирор нарсани ориятга (вақтинчалик омонатга) олиб туриш ҳам ҳалол эмас. Тамом.

«Китоб ал-васоё»да келганки, уламолар ўзидан ва мол-мулкидан зулмни даф қилиш мақсадида мол сарфлаш унинг ҳаққида пора ҳисобланмайди, деганлар. Ўз сўзини бировнинг гапидан устун қилиши учун мол-мулк сарфлаш пора бўлади. Тамом.

«Хулосат ал-фатово»да бундай деб зикр қилинган: «Агар қози пора олса, сўнг ҳукм қилса, ёки ҳукм қилиб бўлганидан кейин пора сўраса, ёхуд порани қозининг ўғли (қариндоши) олса, ёки гувоҳлиги қабул бўлмайдиган кимса олса, унинг чиқарган ҳукми инобатга ўтмайди. Агар қози тавба қилса ва олган пораларини қайтариб берса, қозилик мансабида қолаверади».

«ал-Ақзийа»да қайд қилинган: «Ҳадя – совға уч хил бўлади. Биринчиси, ҳадя берувчи тарафга ҳам, олувчига ҳам ҳалол. Бу меҳр-муҳаббат сабабли совға олди-бердисидир. Иккинчиси, икки тарафга ҳам – ҳадя берувчига ҳам, уни олувчига ҳам ҳаромдир. Бу зулмга ёрдам бериш  учун ҳадя беришдир. Учинчиси, ҳадя берувчи томонга ҳалол. Бу ўзига қаратилган зулмни тўсиш учун ҳадя беришдир. Бу олувчига ҳаром. Бунинг ҳийласи уни уч ёки бир неча кун ижарага олиб туришдир. Агар муддатни белгиламаса, жоиз бўлмайди. Буларнинг ҳаммаси шарт қўйилганда бўлади. Агар шарт қилмасдан ҳадя берса, лекин ҳадя берилса подшоҳ олдида ёрдам бўлишини аниқ билган бўлса, бунинг ҳукми нима бўлади? Машойихларимиз бунинг зарари йўқ, деганлар.

Агар ҳеч қандай шартсиз бировнинг ҳожатини битказса, тама ҳам қилмаса, шундан сўнг унга совға қилсалар, уни қабул қилишнинг зарари йўқ. Саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳудан олиш макруҳ бўлиши ҳақидаги нақл парҳез – тақво учун айтилган гапдир. Тамом. «Фатовойи Баззозиййа»да ҳам шу хилда келтирилган.

Сўнг бундай дейилган: агар қози қарор ёзса, ёки мерос тақсимотига эгалик қилса, шу ишларига ажри мисл – одатдагидек ҳақ олса, бу унга ҳалол бўлади. Агар ёш болаларнинг никоҳини қилишга масъул бўлса, унда бирор нарса олиш ҳалол бўлмайди. Чунки, бу ишни қилиш унга вожибдир. Ҳар бир ўзига вожиб бўлган иш учун ҳақ олса, жоиз бўлмайди. Ўзига вожиб бўлмаган иш учун ҳақ олса, дуруст бўлади.

ал-Баққолий раҳимаҳуллоҳнинг асарларида қози ҳақида бундай деб зикр қилинган: «Агар бир домла «Бокирани никоҳ қилсам, бир динор, бевани никоҳ қилсам, ярим динор берасан», деса, никоҳ қилинувчининг валийси бўлмаса, ҳақ олиш ҳалол бўлмайди. Агар никоҳ қилинувчининг бошқа валийси бўлса, ҳалол бўлади. Уламолар буни зикр қилганлар. Агар етимнинг молини сотса, сотувчи ҳеч нарса олмайди. Агар ҳақ олса, сотишга етим изн берган бўлса ҳам савдо ҳақиқий деб тан олинмайди». Тамом.

«Фатҳ ал-қадир»да бундай дейилган: «Хуллас, пора тўрт тур бўлади. Улардан бири олувчига ва берувчига ҳам ҳаром бўлган тури. У қозилик (ҳукм ўқув) ва амирлик (бошқарув) ишларидаги порадир. Бу ҳолатда қозилиги ўтмайди. Иккинчи тури қозига ҳукм ўқиши учун пора беришдир. Бу ҳам икки томонга ҳам ҳаромдир. Пора олган иши бўйича чиқарган ҳукми инобатга олинмайди. Чиқарган ушбу ҳукми ҳақ ёки ноҳақ бўлишининг фарқи йўқ. Чунки, агар ҳақ бўлса, унга бу ҳукмнинг чиқаришнинг ўзи вожиб бўларди. Бунга мол олиш ҳалол бўлмайди. Ҳукми ботил бўладиган бўлса, нима бўлиши равшан. Пора олиб, сўнг ҳукм чиқариши ва ҳукм чиқариб туриб, сўнг пора олишининг фарқи йўқ. Учинчиси, подшоҳ олдида зарарни даф қилиш ёки фойдани жалб қилиш мақсадида ишини тўғрилаб бериш мақсадида мол (пора) олишдир. Бу олувчига ҳаром бўлади, берувчига ҳаром бўлмайди. «ал-Ақзия»да ҳадя ва совғанининг бир турини мана шу қисмда зикр қилинган. Тўртинчиси, ўзига ва мол-дунёсига етиши мумкин бўлган хавфни даф қилиш учун бериладиган нарса. Бу ҳам берувчига ҳалол, олувчига ҳаромдир. Чунки, мусулмондан зарарни даф қилиш вожибдир. Вожибни қилиш учун мол олиш жоиз бўлмайди». Тамом.

«ал-Қунйа»да «Китоб ал-Кароҳият»да: «Золимлар одамларни ишларини тараққий қилдиришдан тўсадилар, уларга бирор нарса беришсагина уларга индашмайди. Бу ҳолатда олувчига ҳам, берувчига ҳам ҳаром бўлиб, бу айни порадир», дейилган. Тамом. Бир-бирига ошиқ бўлган икки кимса бир-бирига эгалик қилиш учн пора берса ҳам худди шундайдир. Тамом.

Ушбу ишончли нақллардан маълум бўлдики, қози учун пора икки тарафлама ҳаром экан. Хоҳ ҳукм ўқилишидан олдир олган бўлсин, хоҳи ҳукм ўқиганидан кейин олган бўлсин. Хоҳи бу ҳукм ҳақ учун бўлсин, хоҳи ботил учун бўлсин.

Ҳадя – яъни, совға ҳам қози учун пора кабидир. Ҳадя фойда олиш ниятида бўлса, икки тарафдан ҳам ҳаром бўлади. Бир кимса қозининг олдига келса, унга ҳукм ўқмасдан туриб ҳукм чиқариши учун ёки ҳукм ўқиганидан кейин бирор нарса берса, берувчи ҳаром ишни қилган бўлади. Агар қози буни қабул қилмаса ва унга таъзир бериб қўйишни хоҳласа, қозига шу ишни қилиши мумкин бўлади.

Уламоларнинг гапи бор: «Ҳар қандай қилинган гуноҳ ишга ўлчаб қўйилган ҳад – жазо таъйинланмаган бўлса, унга таъзир бериш вожиб бўлади».

«ал-Бадойеъ»да шунга ўхшаш келган: «Таъзир вожиб бўлишининг сабаби шариатда белгиланган ҳад йўқ жиноятни амалга оширилгани учундир. Бу жиноят Аллоҳ таолонинг ҳаққини поймол қилиш бўлсин, хоҳ банданинг ҳаққига хиёнат бўлсин, фарқи йўқ. Таъзирнинг вожиб бўлишига фақат ақл шарт қилинган. Яъни, ақли жойида бўлган ҳар қандай кимса белгиланган ҳадд – жазоси йўқ жиноятни содир қилса, унга таъзир берилади». Тамом.

Агар қози ўзича таъзир берса, бу борада унинг гапи инобатга олинадими, деб сўрасанг, мен «Фусулайн» ва бошқа манбаларда келган маълумотга асосланиб, «Ҳа!» деб жавоб бераман. Қозига биров мен пора олдим, деса, унга таъзир бериши мумкин.

Оммага ошкора қилиш билан таъзирини беришга келсак, бу ҳам таъзир беришнинг бир тури бўлгани боис жоиздир. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ёлғон гувоҳлик берган кимсани бозорларда оламонга ошкора қилдириш ила таъзирини берилади, деган. Бошқа нарса қилинмайди. Икки имом (Абу Юсуф ва Муҳаммад) эса оғритиб урилади ва ҳибсга солинади, деганлар.

«Фатҳ ал-қадир»да келтирилган: «Имом (Абу Ҳанифа)нинг гапининг маъноси «Мен унга бошқача таъзир бера олмайман, уни уриб ҳам ўтирмайман», дегани бўлса керак. Хуллас, иттифоқ гап шуки, қандай бўлмасин унга таъзир берилади. Унинг ҳолини бозорларда ошкора қилиш кифоя қилади. Чунки, гоҳида махфий равишда ургандан кўра ошкора қилиш қаттиқроқ бўлади. Икки имом эса бунга уришни ҳам қўшимча қилганлар». Тамом. «ал-Иноя» ва бошқа манбаларда ҳам худди шундай келтирилган.

Демак, жиноятчининг айбини ошкора қилиш таъзир беришнинг бир туридир. Қози ёлғон гувоҳлик бергандан бошқа жиноятчиларга ҳам шу хилда таъзир беришни маслаҳат деб топса, шу хилда бузғунчиларга таъзир бериш қозига жоиз бўлади. Зотан, таъзир бериш дегани қозининг ўз фикрига топширилган ишдир.

Агар жиноятчининг юзини қорага бўяш, соқолидан бир томонини қирдириб олиб ташлаш каби «мусла» (ўзгартириш) бўладиган шариатда қайтарилган ишни қилиш қозига жоиз бўладими, деб сўрасанг, мен бу ишни қилдириш қозига жоиз, деб жавоб берган бўлардим. Бу иш «мусла» каби бўлмайди. Унинг жавоби Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳунинг феълларидан олинган жавобга асослангандир. Ибн Абу Шайба раҳимаҳуллоҳ ўз санади ила ривоят қилишларича, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу Шомдаги амалдорларига ёлғон гувоҳлик берган кимса борасида мактуб йўллаганлар. Унда қирқ дарра уриш, юзини қорага бўяш, сочини қириб олиб ташлаш ва ҳибсда узоқ муддат ушлаб туриш жазоларини бирданига таъйинлаган. Абдурраззоқ раҳимаҳуллоҳ ўз «Мусаннаф»ида ривоят қилганларки, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу ёлғон гувоҳлик берган кимсанинг юзини қорага бўяш, салласини бўйнига ўраб ташлаш ва уни овулларда айлантиришга буюрганлар.

«Фатҳ ал-қадир»да «мусла» бўлиши ҳақида жавоб бериб, бундай дейилган: «Мусла фақат аъзоларни ва шунга ўхшаш баданнинг доимо ишлатадиган турли жойларини кесиб ташлаш билангина бўлади. Ювиб кетказиш мумкин бўлган ишнинг «мусла» маъносидаги эътибори йўқ». Тамом.

Машойихлардан айримлари Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳунинг ишларини сиёсат сифатида бўлганини эътироф қилганлар. Агар ҳоким маслаҳат деб кўрса, шу ишни қила олади. «Фатҳ ал-қадир»да мана шуни келтириб ўтилган: Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу шаҳарлардаги амалдорларига мактуб йўллаганлар.

Сиёсат деб олинадиган бўлса, қирқ даррага етказилади, таъзир беришда ҳад жазосигача олиб борилмаса, ҳеч нарса бўлмайди. Бу тўғрида ихтилоф қилинган, айримлар буни жоиз деб билса, амалга ошираверади. Чунки, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳунинг фикрлари мана шундай бўлган. Демак, шу хилда истифода қилишимиз мумкин: сиёсат бу – ҳоким омма учун маслаҳат қилган, шариатда аниқ кўрсатмаси бўлмаган амалга оширган иши ҳисобланади. Демак, қози пора берувчини оммага ошкора қилишни маслаҳат тариқасида маъқул деб билиши мумкин. Ушбу замонда пора кўпайиб кетгани боис уни озайтириш мақсадида шу ишни қилиши керак. Мана шунинг оқибатида пора берувчи ёки порахўр тавба қиладилар. Агар бундай ортиқча жазолар қўлланмаса, қандай бўларди?! Ёлғон гувоҳлик берганга таъйинланган жазо пора олди-берди жиноятида ҳам асос сифатида қўлланади. Тамом.

              

Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *