Луқмадаги ҳалоллик

Lotin alifbosida

luqmadagi halollikЛуқма инсон баданининг озуқаси бўлиб, унинг ҳалол бўлиши қилаётган дуоларимиз, ибодатларимиз ва тиловатларимизни қабул бўлишига сабаб бўлади. Буни акси эса, бизларни Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлишимизга олиб боради. Бу борада Роббимиз баён қилиб дейди:

«Ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзганинг номи айтиб сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузишдан ўлган ва йиртқич ҳайвон (қисман) еган (ҳайвонлар) сизларга ҳаром қилинди, илло (шаръан) сўйганингиз (ҳалолдир). Яна, бут-санамларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўшти) ва фол чўпларидан қисматингизни исташингиз (ҳам ҳаром қилинди). Бу ишингиз фосиқликдир. Бугунга келиб, энди кофирлар динингиз (мағлубияти)дан ноумид бўлдилар. Шунинг учун улардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз! Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим. Кимки, гуноҳга мойиллигидан эмас, балки очарчиликда (мазкур ман этилган нарсалардан ейишга) мажбур бўлса, албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир». (Моида сураси 3 – оят).

Ҳаром қилинган ичимлик борасида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:

“Ҳар – бир маст қилувчи хамрдир, ҳар – бир хамр ҳаромдир, ким бу дунёда хамр ичиб, шу ҳолида ўлиб тавба қилмаган бўлса, охиратда ичмайди”. Муслим ривояти.

Жобир ибни Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кўпи маст қилувчини ози ҳам ҳаромдир».

Шариатимизда ўлимтик ва қон ҳаром қилинган. Лекин улардан қуйидагилар истисно қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бизларга икки ўлимтик ва икки қон ҳалол қилинди. Икки ўлимтик: хут ва чигиртка, икки қон эса жигар ва қора талоқ».

Кўп таом ейишнинг ёмонлиги ҳақида

Мўмин банда таом ейишдан мақсади, унинг кучи билан ҳайрли амалларни қилишдир. Кўп таом ейишлик эса, баданга оғирлик келтириб, эгасини уйқуга тортади. Натижада ялқовлик келиб чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мўмин битта ошқозон билан таом ейди. Кофир эса еттита ошқозон билан таом ейди». Муслим ривояти.

Ҳадиснинг маъноси: Мўмин банда таомни баъзисини ҳаромлиги учун емайди, баъзисини баданни оғирлаштирмаслик учун емайди, баъзисини шукрини адо қила олмаслиги учун емайди, баъзисини шаҳвати кесиш учун емайди, баъзисини баданни риёзат қилдириш учун емайди. Буларнинг барчаси имон ва тақводан келиб чиқади. Кофирда эса ўз нафсини қондиришдан бошқа ғами бўлмагани учун қачон таом учраса еяверади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Инсонларнинг энг кўп тўювчироғи, охиратда энг кўп оч қолувчироғидир». 

  Бошқа ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамга қорнидан кўра ёмонроқ тўлдирган идиши йўқдир. Одам боласига сулбини тутиб турадиган луқмалар ейиши кифоя қилади. Агар ейиш зарур бўлса, учдан бири таомга, учдан бири сувга, учдан бири нафасга бўлсин».

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳар бир ҳоҳлаган нарсангни емоқлигинг исрофдандир».

Шубҳали ва ҳаром нарсалардан йироқ бўлиш

Абу Абдуллоҳ Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини эшитдим: «Дарҳақиқат ҳалол нарсалар аниқдир, ҳаром нарсалар ҳам аниқдир. Иккисининг ўртасида шубҳали бўлган нарсалар ҳам борки, кўпчилик уларни билмайди. Бас, кимки шундай шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилса, динини, номус – обрўсини покиза асраб қолади. Бунинг мисоли бировнинг қўрғони атрофида подасини ўтлатиб юрган чўпонга ўхшайди. У қўйларининг беҳосдан ўша қўрғонга ҳам кириб кетишидан омонда бўлмагани сингари, шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилмаган киши кейинчалик ҳаромга ҳам аралашиб қолади. Огоҳ бўлинг! Ҳар бир подшоҳнинг қўрғони бўлади. Огоҳ бўлинг ! Аллоҳ таолонинг қўрғони унинг ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг! Жасадда бир парча гўшт борки, агар у соғлом бўлса, бутун жасад соғ – саломат бўлади. Агар у айниса, жасаднинг қолган қисми ҳам бузилади. У бир парча гўшт қалбдир». Бухорий ва Муслим ривояти.

Шубҳалар ҳақида салафлар томонидан айтилган сўзлар

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу: «Ҳаром бўлиб қолишидан қўрқиб, айрим ҳалол нарсаларни тарк этиш комил тақводир».

Абу Абдурахмон Амрий роҳматуллоҳи алайҳ: «Тақводор банда шубҳали нарсаларни шубҳа туғдирмайдиган ҳалол – покиза нарсаларга алмаштиради».

Ҳассон ибн Абу Синон роҳматуллоҳи алайҳ: «Тақводорликдан осон нарса йўқ, қачон сени бирор нарса шубҳалантирса, уни тарк этгин».

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Эй Расулуллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, менинг дуоларим ижобат бўлсин дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Анас касбингни пок қил, дуоларинг ижобат бўлади. Киши оғзига бир луқмани харомдан солади, натижада дуоси қирқ кун қабул бўлмайди”, дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло ораларингиздан ризқларингизни тақсимлаб қўйганидек, ахлоқларингизни ҳам тақсимлаб қўйган. Аллоҳ дунёни суйган ва суймаган бандасига ҳам беради. Лекин динни суйган бандасига беради. Бас, кимга динни берган бўлса, уни яхши кўрибди. Банда харом мол топиб, ундан инфоқ қилади, лекин Аллоҳ унга барака бермайди. Ундан садақа қилади қабул бўлмайди. Ортидан қолдиргани дўзахга олиб борувчи озуқаси бўлади. Аллоҳ ёмонликни ёмонлик билан эмас, балки ёмонликни яхшилик билан ўчиради”. Байҳақий ривояти.

Бошқа ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким қаердан мол топганига эътибор қилмаса, Аллоҳ уни қайси эшикдан дўзахга кирганига эътибор қилмайди”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизлардан бирингиз оғзига ҳаром луқма солгандан, тупроқ солганингиз яхшидир”. Аҳмад ривояти.

Юсуф ибн Асбат розияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади: «Агар ўспирин бола ибодат қилса, шайтон ёрдамчилари учун айтар экан: таомига қаранглар. Агар ҳаром таом бўлса, уни ўз холига қўйинглар. У ибодатда чарчаб машаққат қилади, лекин бу машаққатлари ҳаром луқма билан фойда бермайди».

Абдуллоҳ ибн Муборак роҳматуллоҳи алайҳи дейдилар: «Минг дирхам садақа қилганимдан, шубҳали бир дирҳамни олмаганим менга яхшироқдир».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дедилар: «Қорнидаги ҳаром луқма учун Аллоҳга тавба қилмагунча Аллоҳ бандани намозини қабул  қилмайди».

Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳаром билан суғорилган жасад жаннатга кирмайди”. Абу Яъло ва Табароний ривояти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қиёмат куни тихома тоғи каби яхшилик қилган инсонлар олиб келинади. Улар келтирилганда, Аллоҳ уларни амалларини ғуборга айлантириб юборади. Эй Расулуллоҳ, бу қанақаси? дейилганда У зот: улар намоз ўқиганлар, рўза тутганлар, закот берганлар ва ҳаж қилганлар, лекин уларга ҳаромдан бирор нарса рўбарў қилинса, уни олардилар. Бас, Аллоҳ уларни амалларини ҳабата қилди”. Табароний ривояти.

Мўминов Авазбек

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *