ТАҲОРАТДА ОЁҚ ЮВИШНИНГ ҲУКМИ ВА ЯНГИ ЧИҚҚАН «МАСҲЧИ»ГА РАДДИЯ

 

205Муқаддима

Бундан тахминан олти ойча муқаддам бир танишим “Таҳоратда оёқни ювмасдан, масҳ тортса таҳорати жоиз бўладими? Қуръонда таҳорат ҳақидаги оятда оёқни ювишга эмас, балки масҳ тортишга буюрилган эканку?! Бир бола шундай деяпти?” – деб савол қилган эди. Бу гап ижмоъга хилоф, ким айтса бекор айтипди, таҳоратда оёққа масҳ тортиш шиаларнинг иши деб жавоб бердим ва бу мавзуда бир мақола ёзишни кўнгилга тугиб қўйгандим. Лекин ишлар кўпайиб ҳаёлдан чиқиб қолган экан.

Куни кеча худди шу савол яна бошқа бир танишимдан келиб тушди. У ҳам бир неча мадрасаларда таҳсил олган бир йигит шундай деганини айтмоқда. Унга қисқа қилиб: “Таҳоратда оёқни ювиш фарз! Масҳ жоиз эмас! Шиалар масҳ тортади холос” деб жавоб бердиму кейин, далиллари билан қисқа бир мақола ҳам ёзиш вақти келганини англадим. Токи ўша “таҳоратда оёққа масҳ қилиш керак, ювишга буюрилмаганмиз” деб айтаётган “масҳчи”га раддия, дини ва ибодатини унга ишониб топширган ва оёқларини ювмасдан шунчаки маҳсига масҳ тортгандек чизиқча тортиб намоз ўқиб юрган авом халққа эса танбеҳ бўлсин учун.

Аслида шаҳримизда янги фитна қилаётган у болани жуда яхши танийман. Қаерларда ўқигани ва қандай оқимларга кириб чиққанини ҳам эшитганман. Бир вақтлар у билан бир мадрасада таҳсил олганмиз. Унинг ўзига шахсан раддия айтиб тушунтирсам ҳам бўларди. Лекин буни фойдаси йўқ. Шунинг учун умумий тарзда ёзаман. Мақола унга етиб борса бу айнан кимга раддан ёзилганини фаҳмлайди, иншааллоҳ. Тавфиқ албатта Аллоҳдан.

Мавзуга киришдан олдин “ғасл, масҳ” (ювиш ва масҳ тортиш) ибораларини истилоҳий маъносини билиб олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ювиш деганда бирор аъзога сув оқизиш тушунилади. Энг камида ювилаётган аъзодан ерга бир-икки томчи сув оқиб тушиши керак. шунда шаръан ювилган дейилади. Масҳ деганда эса ўша аъзога сув оқизиш эмас, балки сув теккизиб намлаб артиш тушунилади. Масҳда ерга сув томиб тушмайди.

Аҳли сунна наздида оёқ ювишнинг ҳукми

Аҳли сунна вал-жамоа уламоларининг барчаси, тўрт машҳур мазҳаб фақиҳларининг ҳамаси таҳоратнинг тўртта фарзи бор деб иттифоқ қилганлар. Яъни улар: юзни, икки қўлни, икки оёқни ювмоқ ва бошга масҳ тортмоқ. Мана шу тўрт амал таҳоратнинг рукни – энг асосий фарзлари ҳисобланади. Бағдодлик Вазир ибн Ҳубайра ал-Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳ шундай деган:

و اتفقوا على ان فرائض الوضوء اربعة: غسل الوجه، و غسل اليدين الى المرفقين، و مسح الرأس، و غسل الرجلين الى الكعبين

“Уламолар таҳоратнинг фарзи тўртта деб иттифоқ қилдилар: юзни  ювмоқ, икки қўлни тирсакгача ювмоқ, бошга масҳ тортмоқ, икки оёқни тўпиқлари билан қўшиб ювмоқ”. (“Ижмоъ ул-аиммат ил-арбаъа ва ихтилафуҳум. 1- Ж. 62 – Б. Таҳорат китоби. 2 — Масала).

Ҳанафий мазҳабимизнинг йирик олимларидан имом Қудурий раҳимаҳуллоҳ шундай деган:

ففرض الطهارة غسل الأعضاء الثلاثة و مسح الرأس

“Таҳоратнинг фарзи уч аъзо (юз, икки қўл ва икки оёқ)ни ювмоқ ва бошга масҳ тортмоқ”. (Шарҳу Мухтасари Қудурий. 52 -Б).

Мазҳабимизда энг мўътабар манблардан бири “Ҳидоя”да ҳам худди Қудурий иборасининг айнан ўзи келтирилган.

Демак, жумҳур аҳли сунна – саҳобалар, тобеинлар, ҳанафийлар, моликийлар, шофеъийлар ва ҳанбалийларнинг якдил фикрига кўра, оёқни ювмоқ таҳоратнинг тўрт фарзидан бири ҳисобланади.

Масаланинг оятдан далили

Фуқаҳолар бу масалага аввало Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятини ҳужжат қиладилар:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِذَا قُمْتُمْ إِلَى الصَّلاةِ فاغْسِلُواْ وُجُوهَكُمْ وَأَيْدِيَكُمْ إِلَى الْمَرَافِقِ وَامْسَحُواْ بِرُؤُوسِكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَينِ

“Эй иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсаларингиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар”. (Моида сураси. 6-оят. Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ).

Худди шу ояти карима “Тафсири Ирфон”да қуйидагича таржима қилинган:

Эй имон келтирганлар, намозга турмоқчи бўлсанглар, юзингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари билан ювинглар, бошингизга масҳ тортинглар ва оёқларингизни тўпиқлари билан ювинглар. (Моида сураси. 6-оят. Тафсири Ирфон. Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий).

Бу оят икки хил қироатда ривоят қилинган “وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَينِ” сўзидаги (ارجل) калимасининг фатҳа ва касрали кўринишлари.

Қуръони каримни саҳобалардан олиб ривоят қилган қорилардан Ибн Омир Шомий, Нофеъ, Али ва Хафс раҳимаҳумуллоҳлар ояти каримадаги бизга тегишли “وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَينِ” (ва оёқларингизни тўпиқларигача..) деган қисми олдинроқда ўтган “وُجُوهَكُمْ” (юзингизни ювинглар) иборасининг ўрнига атф қилиб, эъробда “فاغْسِلُواْ” (ювинглар) феълига мафъул сифатида насб ўқиганлар. Юқорида Тафисири ҳилол ва Тафсири ирфонда келтирилган таржималар худди шу граматик таҳлилга мос тарзда таржима қилинган.

Осим ибн Кулайб Абу Абдураҳмон Сулламийдан ривот қилади, у айтган: “Ҳасан ва Ҳусайн раҳимаҳумаллоҳ икковлари Али розияллоҳу анҳуга “وَأَرْجُلِكمُمْ إِلَى الْكَعْبَينِ” деб касра билан ўқиб беришди. Шунда Али розияллоҳу анҳу уларга танбеҳ бериб: “و ارجلَكم” (фатҳа билан ва аржулакум) деб ўқийсизлар. Бу калима гапнинг охирида келсада, асли ҳукмда гапнинг бошига тааллуқли” – дедилар. (Тафсири Қуртубий. 7 –Ж. 345 — Б).

Абдуллоҳ ибн Аббос ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳума икковлари ҳам насб ҳолатида “و ارجلَكم” (ва аржулакум) деб фатҳа билан ўқиганлари ривоят қилинган. (Тафсири Қуртубий. 7 –Ж. 345 — Б).

Яъни бунга кўра, юқорида айтилганидек, оят маъноси: “юзингизни, икки қўлингизни тирсаклари билан ва икки оёқларингизни тўпиқлари билан ювинглар” дегани бўлади.

Қуръони каримни ривоят қилган қорилардан Ибн Касир, Абу Амр ва Ҳамзалар эса “وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَينِ” иборасини “بِرُؤُوسِكُمْ” (бошингизга) калимасига атф қилиб “وَامْسَحُوا” (масҳ тортинглар) феълига мафъул сифатида касрали қилиб, жар ўқиганлар. Бунга кўра, оятнинг лафзий таржимаси “Эй имон келтирганлар, намозга турмоқчи бўлсанглар, юзингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари билан ювинглар, бошингизга ва оёқларингизни тўпиқлари билан масҳ тортинглар.” –  дегани бўлади.

Аммо, шу ерда бир нуктага алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади. Ибн Касир, Абу Амр ва Ҳамзалар “وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَينِ” иборасини жар ўқиган бўлсаларда, аммо, уларнинг бирортаси (!) маънода оёққа масҳ тортилади деб айтмаганлар. Балки “وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَينِ” калимаси “بِرُؤُوسِكُمْ” калимасини ўрнига атф қилиниши ҳукмда бир хиллиги учун эмас, балки мужоварат туфайли (жар ўқиладиган калима билан ёнма-ён бўлгани учун), шунингдек, оёқ ювилганда сув исроф бўлиш эҳтимоли юқори. Исроф эса шаръан ҳаром. Таҳорат қилувчилар ҳаромга тушиб қолмаслиги учун ювиладиган аъзолардан айнан “оёқ” сўзини “бошга масҳ тортинглар” жумласидаги “бошга” сўзининг ўрнига атф қилинди ва бу билан “худди масҳ тортганда сув исроф қилинмагани каби, оёқни ювганда ҳам сувни исроф қилманглар” деган маъно кўзда тутилган! (Абулбаракот ан-Насафий. Тафсири Насафий. 1 – Ж. 430 -Б).

Ибн Атия раҳимаҳуллоҳ шундай деган: “وَأَرْجُلَكُمْ إِلَى الْكَعْبَينِ” калимасини касра қилиб жар ўқийдиганлар орасида бир қанчалари “مسح” сўзини айнан оёқлар масаласида “غسل” маъносида қўллаган. Яъни ювмоқ маъносида. (ал-Муҳаррар ал-важиз. 2/163).

Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ Ибн Атиянинг шу гапи саҳиҳ деган. Яна у киши айтганки, “مسح” сўзи икки хил маънода муштарак сўз бўлиб, ювмоқ ва артмоқ маъноларини англатади. (Тафсири Қуртубий. 7 –Ж. 344 — Б).

Демак, атф фақат лафзий назм учун холос. Маънода эса оёқни ювиш кўзда тутилган. Масҳ тортиш эмас! Араб адабётшуносилигида бу каби иборалар кўп учрайди. Қуръонда ҳам, шеърий назмларда ҳам. Масалан “Ар-Раҳмон” сурасининг 35 ояти, “Буруж” сурасининг 11-12 оятларида ҳам худди шу тарзда жар ўқилган аммо маънода жар ҳолати ирода қилинмаган ҳолатларни кўриш мумкин. Араб шоирларининг машҳурларидан Имрулқайс қаламига мансуб қуйидаги сатрни оламиз:

كبيرُ اناسِ فى بجادِ مُزَمِلٍ

“Бижод ҳудудида одамларнинг каттаси Музаммалдир”. Муазаммал инсон исми бўлиб, бу иборада мубтадои муаххар (ўрни алмаштирилган эга) шаклида келяпти. Эъробий ҳолати раф. Аммо лафзда ўзидан олдинги “بجاد” (Бижод) сўзига сифатдек жар ҳолда келтирилган. Яъни бу иборада лафз чиройли чиқиши учунгина жар ўқилади, маънода эса ўзининг асл ҳолати раф бўйича тушунилади.

Баъзи уламолар эса: жар ўқилганда масҳ тортиш тушунилиши бор гап. Аммо бу оёқларда махси кийилган ҳолатга тегишли холос. Яъни, “оёқларингизда махси кийилган бўлса масҳ тортиб артинглар” – деган маънода, деб изоҳлаганлар. Улар бунга далил сифатида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида ҳеч қачон оёқяланг ҳолда масҳ тортмаганларини, фақатгина махси кийгандагина махсилар устига масҳ тортганларини ҳужжат қилиб келтирадилар. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оёқни қачон ювиш ва қачон масҳ тортиш кераклигини амалда кўрсатиб берганлар. (Тафсири Қуртубий. 7 –Ж. 344 — Б).

Масалага оятдан бошқа далиллар

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратда оёқларини уч мартадан ювганлари тўғрисида жуда кўпчиликнинг жуда кўпчиликдан саҳиҳ ривоятлари бор. Шунинг ўзи ҳам бу мавзуда етарли ҳужжат бўлади. (Тафсири Қуртубий. 7 –Ж. 349 — Б).

Имом Қуртубий раҳимаҳулоҳ айтганларидек ҳақиқатан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан таҳоратда оёқни ювиш фарзлигини англатувчи кўплаб саҳиҳ ҳадислар бор. Жумладан:

1-) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарадн қайтиш жараёнида бир жамоа саҳобаларнинг таҳорат олаётганларини кўради. Уларнинг товонларига сув яхши етиб бормаган эди. Шунда уларга танбеҳ бериб:

ويلٌ للأعقابِ من النَّارِ اسبغوا الوضوء

“(Таҳоратда чала қолдирилган) Товонларга дўзахнинг вайли бўлади. Таҳоратни мукаммал қилинглар!”- дедилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Шу ҳадиснинг баъзи тариқларида эса,

ويلٌ للأعقابِ و بُطون ِالأقدامِ من النَّارِ

“(Таҳоратда чала қолдирилган) Товонларга ва қадамларнинг кафтига дўзахнинг вайли бўлади”- дедилар.

2-) Бир одам таҳоратда оёқларининг тирноқларига сув теккизмади. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўриб қолдилар ва унга:

إرجع فأحسن وضوءك

Ортингга қайт, яхшилаб қайта таҳорат қил” деганлар. (Имом Муслим ривояти).

3-) Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурига келиб, қандай таҳорат олиш ҳақида сўрайди. Шунда Ул зот бир идишда сув келтиришларини сўрайди ва ҳалиги одамга ҳар бир аъзони, оёқни ҳам уч мартадан ювиб кўрсатади, кейин:

هكاذا الوضوء فمن زاد على هذا او نقص فقد اساء و ظلم

Таҳорат мана шунақа бўлади. Ким бунга қўшимча қилса, ё камайтирса гуноҳкор бўлади, ўзига зулм қилади” дедилар. (Абу Довуд. Саҳиҳ иснод билан).

4-) Имом Байҳақий раҳимаҳуллоҳ Умар ибн Анбаса розияллоҳудан ривоят қилишича,  у киши Расулуллоҳдан таҳорат кайфиятини ривоят қилган ва оёқларини ҳам ювиб кўрсатиб берганлар. Байҳақий бу ривоятдан кейин: “бу ҳадис таҳоратда оёқ ювиш фарзлигини билдиради” деганлар.

5-) Лақийт ибн Сабура розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратлари ҳақида гапириб “оёқ панжалари орасини хилол қилдилар”, деб айтган. (Термизий ривояти).

6-) Абу Исҳоқ Ҳорисдан, у киши Али розияллоҳу анҳунинг:

اغسلوا الأقدام إلى الكعبين

“Оёқларингизни тўфиқлари билан ювинглар” – деган сўзларини ривоят қилган (Тафсири Қуртубий. 7 –Ж. 344 — Б).

7-) Шайх Абу Ҳомид Ғаззолий ва бошқаларнинг зикр қилишича, таҳоратда оёқни артиш эмас балки ювиш фарз эканига саҳобаларнинг ижмоъси собит бўлган. Шунинг ўзи ҳам етарли далил бўлади.

Оёққа масҳ қилиш жоиз деган олимлар ҳам бўлганми?

Аввалда айтиб ўтганимиздек таҳоратда оёқни ювилади деган гап жумҳур (саҳоба ва тобеинлардан иборат катта жамоа)нинг фикридир. Лекин манбаларда баъзи саҳоба ва бошқа фуқаҳоларнинг масҳ қилгани тўғрисида маълумотлар ҳам бор. Масалан ибн Арабий бундай деган:

إتفقت الأمة على وجوب غسلهما و ما علمت من رد ذلك سوى الطبرى من فقهاء المسلمين و الرافضة من غيرهم و تعلق الطبرى بقراءة الخفض

“Уммат икки оёқни ювиш фарзлигига иттифоқ қилган. Мусулмон фақиҳлар ичида имом Табарийдан ташқари бирор одам буни рад этганини билмайман. Бошқалар орасида эса рофизий (шиалар)дан бошқа биров оёқ ювишни рад этганини билмайман. Имом Табарий эса жар қироатига асосланган”. (Аҳком ал-Қуръан. 2 – Ж. 575 — Б).

Ва яна шайх Соғиржий раҳимаҳуллоҳ қуйидаги маълумотни берган:

فالسنة الغسل لا المسح و هو قول الجمهور و لم يثبت عند احد من الصحابة المسح إلا عند على و إبن عباس و انس و قد ثبت عنهم الرجوع عن ذلك

Суннатда оёқни ювиш собит бўлган. Масҳ қилиш эмас. Жумҳурнинг қавли ҳам шу. Саҳобаларнинг бирортасидан таҳоратда оёқларига масҳ тортгани собит бўлмаган. Магар, Али, ибн Аббос ва Анас розияллоҳу анҳумлар дастлаб масҳ тортишар эди. Лекин улар ҳам бу фикрларидан қайтганлари исботланган. (ал-Фиқҳ ал-ҳанафий ва адиллатуҳ. 1 –Ж. 37 -Б).

Муҳим нукта

Шу ўринда алоҳида зикр қилиш лозим бўладики, оёқа масҳ тортилади деганлар худди маҳсига масҳ тортгандек уч бармоқ билан чизиқча тортишни эмас, балки оёқнинг ҳамма ерига тўпиқ билан қўшиб намлаб чиқишни кўзда тутганлар. Хозирги янги чиққан тоифа даъватчилари эса “Оёқнинг юза қисмига учта чизиқча тортиб қўйса бас” деб авомни алдашмоқда!

Шунингдек, яна шуни алоҳида билиш керакки оёққа масҳ қилиш жоиз деган ўша олимлар бу фикрларидан қайтишдан олдин “Оёқни ювиш билан тўлиқ намлаб масҳ қилиш орасида ихтиёрли, хоҳласа оёғини тўпиқлари билан қўшиб ювсин, хоҳласа тўпиқлари билан қўшиб тўлиқ намлаб масҳ қилсин” деганлар. Оёқнинг маълум қисмига масҳ тортса бўлади деган гап аҳли сунна олимларининг бирортасидан айтилмаган! (Раҳмат ул-умма фи ихтилаф ил-аимма. 23- Б).

“Оёққа масҳ тортиш фарз, ювиш фарзмас” деб ким айтган?

Аллома Алоуддин Косоний раҳимаҳуллоҳ “Бадойе” асарида масҳ тортиш аслида рофизий шиаларнинг мазҳаби, деб айтган. Улар оёқни ювиш эмас, балки масҳ тортиш фарз деб эътиқод қилишади. Баъзи манбаларда мўътазилийлар раиси Абу Али Жубоъий ҳам оёқни ювиш фарзмас, масҳ тортиш фарз деган гапларни айтгани ёзилган. Хозирги янги чиққан “масҳчи”лар аслида саҳоба ва тобеинлар бошлиқ аҳли суннага эмас, кейин пайдо бўлган шиа ва мўътазилийлар изидан боришаётганини билишармикин?!

Хулоса

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мунофиқ ва кофирлар тарафдан Исломни ичидан ҳам ташидан ҳам бузишга уринишлар қадимдан мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида ҳам бор эди. Мунофилар ҳар турли фитналар чиқариб мусулмонларни ихтилофга солиш ғамида юришар эди. Кейинги даврларда ҳам улар кўпайса кўпайдики аммо камаймади. Ҳазрати Усмон ва Али розияллоҳу анҳума даврларидаги хаворижлар, кейинги даврда чиққан рофизий ва мўътазилийлар ва бошқа тоифаларнинг ҳамаси аслида Ислом ва мусулмонларнинг душманлари тарафидан Ислом ичига киритилган бузуқ ғоялар атрофида пайдо бўлган тоифалар ҳисобланади. Охирги даврда чиққан салафийлар, хизбийлар ҳам худди шу услубда дунёга келишган.

Бу каби тоифалар то қиёматгача тўхтамасалар ҳам керак. Бир бурчакдан чиқаверади, Ислом уламолари тарафдан уларга қарши раддиялар берилаверади. Авомнинг кўзи очилиб, уларнинг асли кимлигини англагач, қиёфаларини ўзгартириб яна бошқа янги ном остида чиқиб келаверишади.

Янги чиққан “масҳ”чилар ҳам аслида динимиз душманлари тарафдан янги ишлаб чиқилган “Қуръонийлар”дир. Яъни Қуръони каримдан бошқа бирор манбани тан олмайдиган янги оқим. Қуръонийлар тўғрисида сайтимизда анча-мунча маълумотлар бор. Қидирув бериб маълумотларни олишингиз мумкин. Улар: Қуръондан бошқа бирор манбани, на ҳадис ва на ижмоъ ё қиёсий ҳукмларни тан олишмайди. Уларнинг наздида ҳадислар ёлғон, ижмоъ эса асоссиз қиёс эса ҳеч вақога арзимайдиган далил ҳисобланади.

Бугунги дунё уламолари Қуръонийларни Исломдан ташқаридаги кофир тоифа деб фатволар беришган ва беришмоқда. Шундай экан азиз биродарлар, буларнинг фитнасига алданиб қолишдан эҳтиёт бўлайлик!

Таҳоратда оёқ ювиш шарт эмас, жаноза намози учун таҳорат олиш ҳам шарт эмас деган сафсаталар худди шу бугунги янги “Қуръоний”лар фитнасидир! Аҳли сунна наздида таҳоратда оёқларни тўпиқлари билан қўшиб ювмоқ таҳоратнинг тўрт фарзидан биридир!

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар “Ғиштли” жоме масжид имоми

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *