Уламолар имом Абу Ҳанифа саҳобалар замонига етганликларига иттифоқ қилганларидан кейин тобеин бўлганликлари борасида ихтилоф қилганлар. Улардан баъзилари тобеин эканликларини инкор қиладилар. Ишончли ровийлардан баъзилари тобеин бўлганликларини собит қиладилар.
Йофеийнинг “Миръатул Жанаан”ларида ҳижрий 150-йил ҳодисаларида: “Шу йили Ироқ фақиҳи Имом Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит вафот этди. Унинг туғилиш санаси 80-йил эди. Анас розияллоҳу анҳуни кўрган. Ато ибн Абу Рабоҳ ва унинг табақаларидан ривоят қилган”, дейилган.
Шу китобда яна: “Абу Ҳанифа саҳобалардан тўрт кишининг замонини топган. Улар: Басарада Анас ибн Молик, Кўфада Абдуллоҳ ибн Абу Авфа, Мадинада Саҳл ибн Саъд ас-Соидий, Маккада Абу Туфайл Омир ибн Восила. Баъзи тарихчилар Имом Абу Ҳанифа улардан бирортасини кўрмаган ва бирор илм олмаганликларини айтадилар. Абу Ҳанифа асҳоблари: “Саҳобалардан бир гуруҳини учратиб, улардан ривоят ҳам қилган”, дейишган. Хатиб “Тарихи Бағдод” асарида у киши Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўрганликларини зикр қилади.
Мулла Али Қорининг “Тобақотул ҳанафийя”сида: “У зотнинг баъзи саҳобаларни кўрганликлари собит. Улардан ривоят қилганликлари борасида ихтилоф қилинган”, дейилган.
Билингки, усулул ҳадис уламоларининг жумҳури: “Киши саҳобани кўриши ва у билан учрашишини ўзи тобеин бўлишига кифоя қилади. Унга бир муддат саҳоба билан ҳамроҳ бўлиши ва саҳобадан бирор ривоят нақл қилиши шарт қилинмайди”, деганлар.
Мулла Али Қорининг “Шарҳу шарҳи нухбатил фикар”ида: “Ибн Ҳажарнинг тобеин таърифи борасида – тобеин саҳобани кўрган кишидир – деб айтган сўзи ихтиёр қилинган қавлдир. Ироқий айтадилар: “Кўпчиликнинг амали шунга”. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳоба ва тобеинга: “Мени кўрган кишига ва мени кўрган кишини кўрган кишига тубо бўлсин”, деган сўзлари билан ишора қилганлар. Демак, саҳоба ва тобеин бўлиши учун кўрган бўлиши кифоя экан”, дейилган. Шу билан Имом Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ тобеинлар силсиласига кирадилар. Чунки у зот бир неча ишончли олим ва ровийлар сўзига кўра саҳобалардан Анас розияллоҳу анҳу ва бошқаларни кўрганлар.
Дорақутний, Ибн Саъд, Ал-Хатиб, Заҳабий, Ибн Ҳажар, ал-Валий ал-Ироқий, Суютий, Мулла Али Қори, Акрам ас-Синдий, Абу Маъшар, Ҳамза ас-Саҳмий, Йофиъий, Жазарий, ат-Тури Биштий, Ибн ал-Жавзий, “Кашфул кашшоф” соҳиби ас-Сирожлар Имом Абу Ҳанифа тобеин бўлганликларини айтганлар. Улар орасида фақатгина имомнинг саҳобалардан ривоят нақл қилганларинигина инкор қилганлар бор холос. Юқоридаги гапни муҳаддислардан бир жамоа ва мўътабар тарихчилар очиқ ойдин айтганлар.
Тарихчилардан кимки Имом Абу Ҳанифани тобеин бўлганликларини инкор қилса, унинг сўзига суяниш, ҳифз қуввати, назари кенглиги борасида у юқоридаги ишончли, собит олимлар мартабасига ҳаргиз ета олмайди. Бундай кимсанинг гапи уларнинг сўзига зид келишини эътибори йўқ.
Манбалар асосида «Ҳидоя» ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Саминов Аъзам тайёрлади.

