Авлиё ва уламолар давлат таянчидир!

Lotin alifbosida

Avliyo va ulamolar davlat tayanchidir!Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Мусулмон ҳукмдорлари асрлар давомида ўз давлатларининг асосини мусулмонларнинг уламолари, авлиёлари, тариқат вакиллари, аҳли илмларига таяниб барпо қилганлар. Тарихда ўтган ҳар бир ҳукмдорнинг ва давлат раҳбарларининг ўзлари ихлос қилган авлиёлари, уламолари ва дуогўй эшонбоболари, маънавий мадакорлар ҳисобланмиш тариқат вакиллари, сўфий олимлар бўлганлиги айни ҳақиқатдир.

Авлиё ва раббоний уламолар ўзларининг дуои хайрлари, кароматлари, ҳукуматга хайрихоҳликлари, давлат раҳбарларини қўллаб-қувватлашлари, моддий ва маънавий ёрдам ва мададлари билан давлатнинг буюклиги ва мустаҳкамлигига Парвардигори оламнинг ёрдами ила сабабчи бўлиб турганлар. Душанларга қарши курашувга энг аввал авлиё ва раббоний уламолар бош қўшганлар, Ватан ҳимояси учун энг олдинги сафда сўфийлар, дарвешлар, уламолар ва аҳли илмлар ҳамда уларнинг талаба-ю муридлари турган. Жумладан, кубровия тариқатининг намояндаси Нажмиддин Кубро қуддиса сирруҳу мўғиллар босқини даврида нуроний қария, мункиллаган чол бўлишига қарамасдан муридлари билан шахсан ўзлари жангга кирганлиги тарихий ҳақиқатдир. У зот шунчалик ғайрати сабабли душман байроғини кўтариб олган отлиқдан байроқни юлиб олиб, чангаллаб пастга – ерга ташлаганлар. Душман у зотнинг қўлларини чопиб ташлаб, чангаллаб олган байроқни зўрға чиқариб олган экан. У даврда байроқнинг ерга тушиши мағлубият саналар эди…

Ватаннинг ҳаққоний қўриқчилари ва ҳимоячилари авлиёлар, тариқат вакиллари, эшонбоболар, уламолар, аҳли илмлар ҳам эканига шак-шубҳа йўқ! Улар ўзларининг танлари, жонлари, моллари, дуолари ва кароматлари билан Ватанни қўриқлаб, ҳимоя қилиб турадилар. Улар Аллоҳ таолонинг ёрдами ила Ватанга ёғилиши мумкин бўлган бало-офатлар, душманлар хавфини бартараф этиб, “балогардон” бўлишга сабабчи бўладилар.

Авлиё ва раббоний уламоларнинг кароматлари ҳақдир!

Бу ҳақида юртимиз тарихида ҳам жуда кўп маълумотлар учрайди. Биз бу мақолада ана шундай маълумотлардан учтаси ҳақида хабар бермоқчимиз:

Биринчи воқеа:

Мир Саййид Барака (ваф. 807 ҳ./1404 м.) қуддиса сирруҳу пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг авлодларидан – саййидзодалардан, эшонзодалардан бўлиб, асли маккалик бўлганлар. У зот Термизга келиб, Соҳибқирон Амир Темур билан учрашиб, у зотга давлат мустақиллигининг рамзларидан бўлмиш ноғора ва байроқ тортиқ этганлар, унинг Мозандарон ва Дашти Қипчоқ ҳарбий юришларида ҳамроҳлик қилганлар, қўшиннинг руҳини кўтариб турганлар. Соҳибқирон Амир Темур эса у зотга Андхўй (Афғонистон) вилоятини бутунлай “иқтоъ” қилиб берган.

Бугунги кунда “Гўри Амир” мақбарасида Саййид Барака қуддиса сирруҳунинг қабри оёқ томонида Соҳибқирон Амир Темурнинг мангу қўнимгоҳи жойлашганининг ўзиёқ унинг ўз пирига нисбатан нақадар эҳтиромли ва ихлосли бўлганини билдириб туради. Зотан, “Темур тузуклари”да Соҳибқирон Амир Темур ўз пири муршидининг: “Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссалом авлодидан бўлганларнинг мартабасини бошқалардан юқори кўтариб, уларнинг иззат-ҳурматини ўрнига қўйгил. Уларга қанча кўп муҳаббат билдирсанг ҳам, уни исроф деб ўйлама, чунки, қайси иш худо йўлида бўлса, унда исроф йўқдир”, деган мактуби мазмунини келтиради. Шунингдек, “Темур тузуклари”да: “Машойихлар, сўфийлар, Худони таниган орифлар – уларнинг хизматларида бўлиб, суҳбатлар қурдим ва охират фойдаларини олдим. Улардан Тангри таолонинг сўзларини эшитиб, кароматлар кўрдим, мўъжизаларини мушоҳада этдим ва суҳбатларидан роҳатланиб, ҳузур қилдим”, дейилган. Яна унда: “Саййидлар, уламо, машойих, оқилу донолар, муҳаддислар, тарихчиларни сара, эътиборли одамлар ҳисоблаб, иззату ҳурматларини ўрнига қўйдим. Уламо билан суҳбатда бўлдим ва пок ниятли, тоза қалбли кишиларга талпиндим”, деган жумлалар мавжуд.

Соҳибқирон Амир Темур ўз давлатини мустаҳкамлаш, чегара дахлсизлигини таъминлаш мақсадида жуда кўп юришларни амалга оширганлар. Темурийлар давлатининг шимоли Олтин Ўрда давлати билан чегарадош бўлиб, мелодий 1376 йилдан кейин уни Тўхтамишхонга олиб беради. Ушбу давлат ҳозирги Россиянинг бир қисми, Украина, Қозоғистоннинг ғарби ерларини эгаллаган эди. Аниқроғи, Тўхтамишхон Сирдарёда Днестргача, Сиғноқ ва Ўтрордан Киевгача чўзилган улкан салтанатнинг хонига айланган эди. Бироқ, Тўхтамишхон тузлиққа тупирган, неъматга ношукрлик ва беадаблик қилган, ўзининг темурийлар сабабчи бўлган муваффақиятларидан ғурурланган хоин бўлиб чиқди. Келиб, Самарқанд-у Бухорони, Хоразмни қамал қилиб, ғорат қилиб кетди. Табризни талади, Занжирсаройга ўт қўйди. Шунинг учун, Соҳибқирон Амир Темур шимолий чегараларни мустаҳкамлаш мақсадида, Тўхтамишхонга қарши курашишга киришди.

Соҳибқирон Амир Темур билан Тўхтамишхоннинг орасида ҳал қилувчи жанглардан бири ҳозирги Идил дарёсининг ўнг соҳилида Самара билан Чистополь ўртасида жойлашган қадимги Қундузча шаҳри яқинида бўлиб ўтган. Соҳибқирон Амир Темурнинг ўзи Тўхтамишхоннинг аскарини “Темур тузуклари”да: “чумолию чигирткадан ҳам кўп”, деб таърифлаган эди. Воқеа Шарафидин Али Яздий раҳимаҳуллоҳнинг “Зафарнома”сида кўрсатилишича, ҳижрий 793 йили 15 ражабдан олти кун ўтиб, (мелодий 1391 йил 18 июнь) содир бўлган. Жангга киришдан олдин Соҳибқирон Амир Темур икки ракъат намоз ўқиб олади. Саййид Барака қуддиса сирруҳунинг олдига дуои хайр олишга келганида, у зот қўлларига бир ҳовуч тупроқ олиб: “Шоҳат ал-вужуҳ!”, яъни “Юзлари хунук бўлиб, дабдала бўлсин, бузилиб вайрон бўлсин!”, деган маънода баддуо қилиб, душман томонга сочиб юбордилар. Сўнгра, Соҳибқирон Амир Темурга қараб, “Қайси томондан ҳужум қилсанг ҳам ихтиёринг, ғалаба сенга ёр!”, дея ғалаба билан муборакбод қилади.

Мағлуб бўлган Тўхтамишхон қочиб кетади, ғолиблар жуда катта ўлжаларни ва ғаниматларни қўлга киритганлар. Аскар ва навкарларга тенг бўлиб берилган ғаниматларнинг қолгани ғулом ва канизаклардан иборат 5000 таси Соҳибқирон Амир Темурнинг ўзига текканлигини тарихчилар ёзиб қолдирганлар. Ушбу ғалаба натижасида Мовароуннаҳр ва Туркистон аҳли Тўхтамишхоннинг қудратли давлатининг кўпдан бери давом этиб келаётган таҳдидидан қутилди. Бу эса давлат таянчи Саййид Барака қуддиса сирруҳунинг каромати ўлароқ тарих саҳифаларига битилди.

Иккинчи воқеа:

Соҳибқирон Амир Темур нақадар қудратли, маҳобатли ва буюк давлат қурган бўлишига қарамасдан ушбу салтанат узоққа бормади. Унинг вафотидан кейин темурий шаҳзодалар ўртасида ўзаро низолар тобора кучайиб бораверди. Ислом тинчлик динидир. Уламо ва машойихлар ҳамиша ва ҳамма вақт тинчлик тарафдори бўлиб келишган. Темурий султон Абу Саиднинг учинчи ўғли Султон Маҳмуд Ҳисор ва Чағаниён вилоятларининг ҳукмдори эди. Ушбу ҳукмдорликни оз кўриб, у Самарқанд ҳукмдори бўлиб турган ўз акаси Султон Аҳмадга қарши жанг қилиш мақсадида Самарқандга бостириб келган. Унинг машъум ниятини англаган ўша давр машойихлари бунга қарши бўлишгани табиийдир. Ўша даврнинг энг буюк машойихи, тариқат намояндаси, нақшбандийликнинг энг буюк ҳалқаси Хожа Аҳрори Валий (806-895 ҳ./1404-1490 м.) қуддиса сирруҳу эдилар. У зот мазкур ҳаракатни қоралаб, унга арзнома ёзганлар. Унда жумладан, “Ҳақ рози бўладиган ишга қўл уринг, бир-бирингизга кўмаклашиб, барчангиз бир тану бир жон бўлиб, нуқсонли муаммоларни ҳал этинг. Субҳони ҳақнинг бундай бандаларига аталган камоли инояти бор. Урушни ният қилиш – ўз жонига қарши уруш қўзғамоқ ва жабр этмоқдир!”, деган ўтли сатрлар бор эди. Бироқ, бу мактублар ва ўгитлар кор қилмади, Султон Маҳмуд азиз авлиёнинг панд-насиҳати ва илтимосларига қулоқ тутмади. Самарқанд остонасигача қўшин тортиб келди. Бу воқеа мелодий 1490 йиллар бошида бўлиб ўтган.

Самарқанд ҳукмдори Султон Аҳмаднинг на қуввати ва на журъати бор эди. У Хожа Аҳрори Валий қуддиса сирруҳунинг ҳузурига бош уриб келди. Ҳазрати Эшон қуддиса сирруҳу: “Қочсангиз, Самарқанднинг ҳамма одамлари асир олинади. Қаддингизни тик ва кўнглингизни тўқ тутинг. Мен амрингизга мунтазирман. Агар душман мағлуб бўлмаса, мени жазоланг!”, деганлар. Сўнг, Султон Аҳмадни мадраса ҳужраларидан бирига киритиб, ўзлари бўсағага ўтириб оладилар. Узоқ йўлда чарчамайдиган ва йўрға нортуя келтиришларини буюрадилар. Унга бир неча кунлик сув ва озуқа юклаб келишларини айтадилар. Уни ҳужранинг олдига Султон Аҳмаднинг рўпарасига чўктиришди. Ҳазрати Эшон қуддиса сирруҳу: “Агар душман Самарқандни оладиган бўлса, уруш бўлаётган дарвозадан кириб келса, сиз бу туяга миниб, хос ходимларингиз билан бошқа дарвозадан қочиб кетасиз”, дедилар. Бу тадбир – жанг ваҳимасини Султон Аҳмаднинг юрагидан қувиб чиқарган таскин эди!

Султон Маҳмуд лашкари Самарқанд қалъаси ташқарисида ҳужумга шайланарди. Бу пайтда Хожа Аҳрори Валий қуддиса сирруҳу ўзининг хос муридларини Самарқанд аскарлари билан бирга қарши ҳужумга – Ватан ҳимоясига йўналтирдилар. “Душманнинг лашкари шарманда бўлиб қочмаса, ёнимга келманг. Душман лашкари мағлуб бўлмаса, сиз учун менинг даргоҳимга минбаъд йўл йўқ”, дея амр қиладилар. Муридлар Ватан ҳимоясига чоғланар эканлар, ҳамма жойда Хожа Аҳрори Валий қуддиса сирруҳу ҳазратларининг муборак вужудлари душман билан курашаётганини мушоҳада қиладилар. Душманнинг ҳар бир аскари қаршисида Хожа Аҳрори Валий қуддиса сирруҳу ҳазратлари урушаётгандек кўзга кўринади. Жанг энг авжига чиққанида, қўққисдан жуда ёмон тўзон – айлана шамол пайдо бўлиб, душманнинг қароргоҳини қоплаб олади. Тўзон беҳад қуюк ва қаттиқ эди. Жангчиларнинг кўзини очирмай қўйди, отлиғу пиёда аралашиб, одам одамни танимай қолди. Чодир ва жанг анжомларини учириб кетди. Султон Маҳмуд ўз амирлари ва саркардалари билан турган жой ногаҳон ёрилиб, жарлик қулаб тушди. Тўрт юзга яқин аскарлар унинг қаърига кириб кетдилар. Бу қўрқинчли шовқин-сурондан жангчиларнинг отлари ҳуркиб, эгаларини олиб қочди. Душман қайта сафларини туза олмади, қўшин қаттиқ қўрқинчдан пала-партиш қоча бошлади. Илоҳий кароматдан яралган тўзон душман қўшинини шаҳардан анча нарига қувиб солди. Самарқандликлар кўпларни асир олдилар, қанчадан-қанча қурол-яроғ, душман ташлаб қочган жиҳозлар ва қимматли буюмларни ўлжа олдилар. Уруш душманнинг тўла мағлубияти билан ниҳоясига етди.

Хожа Аҳрори Валий қуддиса сирруҳу жангдан кейин Султон Аҳмадни мадрасанинг ҳужрасидан ташқарига чиқариб, саройга кузатиб қўядилар. Ўзлари эса ўз маҳаллаларига равона бўладилар.

Бундан олдин ҳам Хожа Аҳрори Валий қуддиса сирруҳунинг бир каромати зоҳир бўлган эди. Маълумки, қадимги Қустантиниянинг, бугунги Истанбулнинг фатҳ қилинишида тариқат вакилларининг, машойих ва сўфийларининг маънавий мадади кузатилган. Фотиҳ Султон Муҳаммаднинг пири-муршиди Оқ Шамсиддин қуддиса сирруҳу шахсан унинг ёнларида турганлар. Мелодий 1453 йили 29 майда Истанбул фатҳ қилинган куни Хожа Аҳрори Валий қуддиса сирруҳу ҳам совутлар кийиб, қўлига қалқон ва қиличлар тутган ҳолда ўз хонақоҳи олдидаги далага чиқиб, у ёқдан бу ёққа от чоптириб, ҳар тарафга қиличлар солиб, ўзларича ҳар хил жанг наъраларини тортиб, эртадан туш пайтигача “жанг” қилиб тинмаганлар. Кейинчалик унинг сиймосини Истанбул фатҳида қатнашган жангчилар таниб, тарихий фатҳда бирга қатнашганларини ҳикоят қилганлари нақл қилинган…

Учинчи воқеа:

Абдулбоқий Хожагий Имканагий (918-1008 ҳ./1512-1600 м.) қуддиса сирруҳу нақшбандия тариқатининг улуғ вакили, олтин силсиланинг катта ҳалқасидан биридирлар. У зот таниқли нақшбандийликнинг Ҳиндистонда вужудга келган мужаддидия йўналишининг намояндаси Имом Раббоний қуддиса сирруҳунинг пири муршиди Хожа Боқий Биллоҳ қуддиса сирруҳунинг устози ҳисобланади.

Хожагий Имканагий қуддиса сирруҳунинг зоҳир кароматларидан бири тарихий манбаларда ёзиб қолдирилган. Тарихда Мовароуннаҳрда ҳукмронлик қилган шайбонийлар ва аштархонийлар сулоласини кўпчилик билади. Бу каромат юз йиллик шайбонийлар сулоласининг тугашига ва тарих саҳнасига роппа-роса икки юз йиллик аштархонийларнинг келишига сабаб бўлган.

Бу воқеа мелодий 1600 йилнинг баҳорида (мартнинг охирги ҳафтаси, апрельнинг илк кунлари) содир бўлган:

Пир Муҳаммадхон иккинчи шайбоний султонларнинг энг охиргиси бўлиб, Бухорода ҳукмронлик қилган. Унинг амакиваччаси Абдулмўъминхон эса Балхда хон бўлиб турган эди. Бу икки ҳукмдор биргалашиб, ўша пайтда Самарқандга ўзлари ҳоким қилиб таъйинлаган, аштархонийларнинг илк ҳукмдори Боқий Муҳаммадхонни бўйсиндириб, попугини янада пасайтириб қўйиш мақсадида барча аскарларини тўплаб келиб, Самарқандни қамал қиладилар. Шу вақтда уларнинг аскарлари сони 50 000 (эллик минг), самарқандликларнинг қўшинида эса уч-тўрт минг аскар бор эди. Айрим ривоятларда Самарқандга бостириб келганлар 200 минг нафар, Боқий Муҳаммадхоннинг аскари эса оддий ҳоким бўлиб тургани учун бор йўғи 400 (тўрт юз) нафар бўлган, дейилади.

Бу воқеа Самарқанднинг шимолида бир вақтлар Амир Темур Соҳибқирон қурдирган “Боғи Шимол” боғида содир бўлган. Самарқандни қамал қилган қўшин ҳукмдорлари мазкур боғга қароргоҳ тиккан эдилар.

Самарқанд ҳокими Боқий Муҳаммадхон қалъага қамалиб қолган эди. Босиб келаётган ёв ҳақида узлуксиз ташвишли хабарлар келиб турган. Катта куч билан қамалда қолиб кетган Самарқанд аҳли ўртасидаги саросима ҳар лаҳзада ортаётганди. Охирги дақиқаларда Боқий Муҳаммадхон шаҳарда бир гуруҳ дарвешлар ва сўфийлар тўдаси билан намоён бўлди. Жанг ана шу дақиқаларда бошланди.

Бухоро ва Балх қўшини ўзларининг сонлари жиҳатидан бир неча баробар катталиги сабабли Самарқандни жангсиз қўлга киритишдан умидвор эдилар. Пир Муҳаммадхон эса аштархонийларни батамом яксон қилиб, тарихдан ўчириб ташлашни дилига тугиб келган эди. Шу вақт Самарқанд дарвозаси очилиб, ундан аскарлар эмас, ёлғиз бир киши чиқиб келди. Бу ёлғиз киши аскарга ўхшамасди. У мутлақо хотиржам, шошилмасдан яқинлашиб келаверди. Унинг “имиллаши”дан аскарлар ва лашкарбошиларда бетоқатлик пайдо бўлди. Пир Муҳаммадхоннинг ҳам тоқатига дарз кетди. Элчи қўшиннинг манглай қисмига етиб келганида, жангчилар ҳолида ўзгаришлар кўрина бошлади. Унинг ҳаракати ҳануз бир хил эди. Уни тезлаштириш учун от қамчилаб пешвоз чиққан баъзи амирларнинг шаҳди ҳам уни кўриши билан сўниб қолаверди. Элчи шу тариқа ўз оромида манзилга етиб келгунича рақиб қўшини ва Пир Муҳаммадхоннинг юрагига ёқимсиз ғулғула солди.

Хон элчини танигандай бўлди. Хон мулозимлари қуршовида отдан тўқсон ёшларни қоралаган озғин ва узунчоқ бўйли, қадди тик оқ соқолли кекса тушди. Ҳукмдорнинг эти уюшди…. Нуроний қоронғу кўнгилни алғов-далғов қилди. Бу зоти шариф авлиёи барҳақ, нақшбандий тариқатининг улуғ шайхи, ўша пайтларда Мовароуннаҳр, Туркистон, Хуросон, Ҳиндистон ва Рум каби ўлкаларнинг бош муршиди Мавлоно Хожагий Имканагий қуддиса сирруҳу эдилар!

Мазкур элчи билан шайбонийлар давлатининг олий ҳукмдори Пир Муҳаммадхон ўртасида музокара бошланди. Қариндошларни яраштириш, катта хунрезликнинг олдини олиш, юрт тинчлигини сақлаб қолиш учун элчи бўлиб келган бу нуроний зотнинг панд-ўгитлари ва маслаҳатлари қабул қилинмади. Улар шунча узоқ йўл босиб, бунча қўшин билан бирга келиб, яна душманни омон қолдириб, жангсиз, ўлжасиз қайтишни истамадилар. Бироқ, Парвардигори олам жанг тизгинини ушбу кекса нуроний авлиё бобонинг илкига тутқазганди.

Музокара сулҳга эриша олмади. Бири бош сўради, иккинчиси омонлик. Бирининг безовталиги, иккинчисининг хотиржамлиги ортиб бораверди. Барибир жанг бўладиган бўлди. Тўқсон ёшли нуронийнинг: “Қариндошнинг қариндошини, мусулмоннинг бегуноҳларни ўлдириши, ҳукмдорнинг халқни азоб, машаққатга қўйиши Аллоҳ таолога хуш келмайдиган энг хунук ишлардандир!”, дея қилган насиҳатлари ва илтимослари кор қилмади.

Самарқанд аҳли элчини интиқлик билан кутаётган эди. Самарқандга натижасиз қайтиб келган элчининг чеҳрасида қаҳр ва ғайратни кўрдилар. Ҳазрати Хожагий Имканагий қуддиса сирруҳу ҳокимнинг олдига келиб, “Эй, фарзанд! Аскаринг камлигидан андиша қилма! Аллоҳ таолонинг мана бу оятини эсга ол”, дея бу оятни ўқиб, тушунтирди:

كَم مِّن فِئَةٍ قَلِيلَةٍ غَلَبَتْ فِئَةً كَثِيرَةً بِإِذْنِ اللّهِ

“Қанчадан-қанча кам сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳлар устидан ғалаба қозонган”. (Бақара сураси, 249-оят).

“Аллоҳга таваккал қилиб, душман лашкарига зарба бер! Сенга Мовароуннаҳр мулки муборак бўлсин!”, деб бўлажак подшоҳни қутлади. Ҳазрати Хожагий Имканагий қуддиса сирруҳу бўлажак хоннинг елкасига қўлини қўйиб, муборак салласини олиб, унинг белига боғлади. Уни душманга қарши чиқишга йўллаб, ўзи кўҳна масжидга кириб, муроқабага ўтирди.

Самарқанд дарвозасидан чиқиб келган оз сонли аскарлар қамал қилиб турган душманнинг кўзига бир неча баробар кўп бўлиб кўринди. Бу жангда сўфийлардан иборат “маънавий фавж” рақибнинг шиддатини сўндириб, уни ҳаракатдан қолдирганди. Чиқиб келган оз сонли жангчилар тўппа-тўғри рақибнинг катта қўшинини ёриб ўтиб, марказга бош қароргоҳ жойлашган ўтовга ҳужум қилди. Шундоқ ҳам кўнглига ғулғула тушган аскарлардан қочгани қочди, раҳнамолари ҳалокатга юз тутди, қолган кўпчилик шу жойнинг ўзида Боқий Муҳаммадхоннинг бош ҳукмронлигини тан олди.

Шу тариқа бир оддий сўфий, тариқат муршиди, тасаввуф шайхи, барҳақ авлиёнинг каромати ўлароқ икки юз йиллик аштархонийлар ҳокимияти тарих саҳнасига кириб келган.

Бугунги кунда ҳам Қашқадарёнинг Китоб туманида сақланиб турган Имкана қишлоғидаги “Хожаги Абдулбоқий Имканагий хонаҳоқи” ва унинг ёнидаги даҳмани муршидининг муборак хотираси учун Боқий Муҳаммадхон қурдирган эди. У тарихий воқеанинг ҳақиқатдан ҳам бўлиб ўтганига шоҳидлик бериб турувчи маҳобатли иншоатдир.

Хожагий Имканагий қуддиса сирруҳудан муридлари: “Дарвешлар мажлисида Мавлавий Румийнинг маснавийлари ўқилса, не бўлур?”, деб сўрашган. У зот: “Ҳадис ҳар кунги мажлисларимиз чироғидир. Набий алайҳиссаломнинг ҳадисларини сўйлагувчиларга Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб туришига ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Ҳадисдан сўнггина удир”, деб жавоб берганлар. Хожагий Имканагий қуддиса сирруҳунинг давраларида ҳамма вақт ҳадислар тўплами бўлмиш “Мишкот ал-масобеҳ” китоби ўқилиши тарк этилмас одат бўлган…

Хулоса

Уламоларни улуғлаш, авлиёларни эҳтиром қилиш, эшонбоболарни ўзининг маънавий мададкори қилиб олиш ҳукмдорларнинг асрий одатлари ва анъанавий қадриятларидир. Зотан, авлиёуллоҳларнинг каромати давлатларни барбод қилиб, инсонларга мол-мулкларни олиб беришга қодир. Буни юқорида ўтган учта тарихий мисолдан ҳам билиб олдик. Зотан, муршидсиз, маънавий раҳнамосиз, тақводор эшон боболарсиз, раббоний уламоларсиз, дуолари мустажоб бўладиган сўфийларсиз, нияти пок имом-домлаларсиз ҳукуматлар тура олмас! Давлатнинг куч-қудрати ва таянчи авлиёлар, машойихлар, сўфийлар, уламолар, олимлар ва аҳли илмлар ҳисобланади. Ватан ҳимоячилари ҳам аслида улардир. Чунки, аскарларни-да руҳлантириб, шижоатлантириб турадиган улардир. Бунга шак-шубҳа йўқ! Аллоҳ таолонинг тасарруфи ва ёрдами билан бирга маънавий олам борлиги ҳақдир, авлиёлар каромати ҳақдир!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

* * *

Абу Ҳафс Нажмиддин Умар ан-Насафий раҳматуллоҳи алайҳи (462-537/1068-1142) “ал-Ақоид ан-насафия” китобида авлиёларнинг кароматлари хусусида Аҳли сунна вал жамоанинг ақийдасини айтиб ўтганлар:

و كرامات الأولياء حق فتظهر الكرامة على طريق نقض العادة للولى مِن قطع المسافة البعيدة فى المدة القليلة و ظهور الطعام و الشراب و اللباس عند الحاجة و المشى على المآء و فى الهواء و كلام الجِماد و العجماء و إندفاع متوجه البلآء و كفاية المهم من الأعداء و غير ذلك من الأشياء و يكون ذلك معجزة للرسول الذى ظهرت هذه الكرامة لواحد من أمّته لانه يظهر بها انه ولى و لن يكون وليّا الا و ان يكون محقا فى ديانته و ديانتُهُ الإقرار برسالة رسوله

Авлиёларнинг кароматлари ҳақиқатдир. Бас, валий учун одатни синдириш йўлига кўра узоқ масофани оз муддатда босиб ўтиши, ҳожат (тушиши) пайтида либос, ичимлик ва таомнинг пайдо бўлиши, сув устида юриш, ҳавода учиш, тилсиз ва жонсиз (нарсалар)нинг гапириши, балодан юзланган (нарса)ларни дафъ қилиш, душманлардан бўлмиш ғам-ташвишга кифоя қилиш ва булардан бошқа нарсалардан иборат кароматлар (мавжуд бўлиб, авлиёларда) зоҳир бўлур. Мана шу Пайғамбар учун мўъжиза бўлур, бу каромат (бўлиб) умматидан бирортасида зоҳир бўлур. Чунки, шу сабабли унинг валий экани равшан бўлади. Ҳаргиз валий бўлмайди, илло (фақат) ўз диёнатида ҳақ бўлгувчи бўлсагина валий бўлгай. Унинг диёнати ўз расулининг пайғамбарлигига иқрор бўлишидир. (“Ал-ақоид ан-насафия”).

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *