Имом ал-Қаънабий – буюк муҳаддислар устози.

Lotin alifbosida

Imom_QanabiyБисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Имом ал-Қаънабий номи билан танилган муҳаддислардан бири Абу Абдурраҳмон Абдуллоҳ ибн Маслама ал-Қаънабий ал-Ҳорисий раҳматуллоҳи алайҳи 135-221 ҳ./752-836 м. йилларда яшаган бўлиб, Имом Бухорий, Имом Муслим ва Абу Довуд раҳимаҳумуллоҳ каби улуғ муҳаддисларнинг ҳадис илмидаги устози ҳисобланади.

Имом ал-Қаънабий раҳматуллоҳи алайҳининг ўзи буюк муҳаддис ва мужтаҳид, моликия мазҳаби муассиси Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг энг катта шогирдидир. У зот Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг «ал-Муватто» асарларини мукаммал тарзда ривоят қилганлар. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳи унинг сафардан келганини эшитиб, шогирдларига: «Туринглар, ҳозирда ер юзидаги энг яхши одамни кўргани борамиз», деган эканлар.

Имом ал-Қаънабий раҳматуллоҳи алайҳи асли келиб-чиқиши мадиналик бўлиб, асосан Басрада истиқомат қилганлар. Умрларининг охирларида эса Маккага келиб яшаб қолганлар. У зот «мустажоб ад-даъват» – дуоси ижобат бўладиган зотлардан бўлган, обид сифатида танилган. Шогирдларига: «Ҳаммангиз бошқа устозларда ўқиб-ўқиб, кечаси менинг олдимга келаверинглар! Сизларга ҳеч ким дарс бермай қўйган пайтда ўзим дарс бераман», дер эканлар.

Имом ал-Қаънабий раҳматуллоҳи алайҳини табъа тобеъинлардан саналади. Уни болаликда саҳобаларни кўрган тобеъин ҳам деганлар бор.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Имом ал-Қаънабий раҳматуллоҳи алайҳидан 123 та, Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ эса 70 та ҳадисни ривоят қилганлар.

Имом ал-Қаънабий раҳматуллоҳи алайҳи ёшлигида жуда шўх, қўпол, манман, кўчанинг олчоқ болаларидан бири бўлиб, ҳамма ундан ҳайиқар, илм-фанга қизиқмас, дангаса ва ишёқмас бўлган экан. У яшаган кўчада ҳадис илмида амир ал-мўъминин деган номга сазовор бўлган буюк муҳаддислардан бири Имом Шўъба раҳимаҳуллоҳнинг мадрасаси жойлашган экан. Ҳамма илм олиш учун у зотнинг мадрасасига қатнар, у зотнинг овози кўчадан ҳам эшитилиб тураркан. Бир куни Имом Шўъба раҳимаҳуллоҳ дарс бериб уйига отида қайтаётганида, ёшлигидан мағрур ва олчоқ Абдуллоҳ ибн Маслама отнинг юганидан ушлаб тўхтатибди ва «Сиз ҳаммага ҳадис айтасиз. Менга ҳам ҳадис айтиб беришингиз керак. Ҳозироқ, шу ерда айтасиз», деб дағдаға қилибди. Имом Шўъба раҳимаҳуллоҳ: «Қўй, ўғлим. Бундай қилиб бўлмайди. Бу ҳолатда ҳадис айтиш одоб доирасидан эмас. Ҳадис эшитмоқчи бўлсанг, мадрасамга кел», десалар ҳам кўнмабди. «Ҳозирнинг ўзида ҳадис айтасиз», деб туриб олибди. Шунда, Имом Шўъба раҳимаҳуллоҳ қуйидаги ҳадисни айтишга мажбур бўлибдилар:

إِنَّ مِمَّا أَدْرَكَ النَّاسُ مِنْ كَلَامِ النُّبُوَّةِ الْأُولَى إِذَا لَمْ تَسْتَحْيِ فَاصْنَعْ مَا شِئْتَ

«Авалги пайғамбарларнинг гапларидан одамлар топганлари (энг яхшиси): «Агар уялмасанг, хоҳлаганингни қилавер!», деган ҳикматдир».
(Бухорий, 4/3484; Ибн Ҳиббон, 2/607; Аҳмад, 4/17131).

Мазкур ҳадисни эшитган Абдуллоҳ ибн Масламанинг ҳоли ўзгарибди. Бу ҳадис унга яшиндек таъсир қилибди, онги-шуури очилибди, қалб кўзи ибратланибди. «Узр, кечиринг, ҳазратим», дея отнинг юганини қўйиб юборибди. Илм олишнинг нақадар зарурлигини тушуниб етибди, кечаси билан кўзига уйқу келмабди. Эрта тонгданоқ илм ўрганиш учун талаба бўлиб дарсларга қатнай бошлабди…

Гоҳида инсонларнинг тақдирини битта сўз, битта гап тамоман ўзгартириб юборади. Баъзида инсонлар битта гап сабабидан бошқа оламга, бошқа йўлга тушиб олади. Имом ал-Қаънабий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳам тавфиқига битта ҳадис кифоя қилибди, у зотга ҳам битта гап етарли бўлибди. Тақдирини яхши томонга «ўзгартирган» у зот ўз даврининг энг буюк ва энг улуғ муҳаддисларига устоз бўлиш даражасига кўтарилибди.

Инсон илм олишнинг нақадар зарурлигини билиши учун қайсидир уламога беадаблик қилиши шарт эмас. Чунки, илмнинг зарурати миллионлаб уламо ва фузалоларнинг тақдирлари, ҳаётлари ва фаолиятлари билан ўз исботини топиб улгурган. Илм фарздир, илм олиш ҳар бир одамга фарздир. Илмсизлик ва жаҳолат эса икки оламда хорлик-зорликдир. Бугунги олчоқ ва жоҳил мусулмонлар ҳам илм-фанда, илмнинг барча соҳаларида ўтмиш уламолар сингари устоз бўлишга қасд қилишлари, шунга интилишлари лозимдир. Аллоҳ ҳаммамизга бу улуғ мақсадга етишишга имкон ва тавфиқ берсин!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *