ҲАСАН ИБН ЗИЁД (Вафоти 204 ҳж)

image.phpҲанафий мазҳабини дунёда кенг ёйилишида салмоқли ҳисса қўшган фақиҳлардан бири Абу Али Ҳасан ибн Зиёд Лўълўий раҳимаҳуллоҳдир. Маржон савдоси билан шуғуллангани учун “лўълўий” (маржончи) нисбасини олган. Отаси Мадиналик ансорларнинг мавлоларидан бўлган.

Ҳасан ибн Зиёд имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг энг йирик тўрт нафар шогирдларидан тўртинчисидир. Улар Зуфар ибн Ҳузайл, имом Абу Юсуф, имом Муҳаммад ва Ҳасан ибн Зиёд раҳимаҳумуллоҳлар эди.

Ҳасан ибн Зиёд асли Кўфа шаҳридан бўлиб, кейинчалик Бағдодда яшаган. Даврининг доноси, дунёқараши кенг, имом Абу Ҳанифа ривоятларининг билимдони, савол-жавобда пешқадам олим бўлган.

Дастлаб имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ хузурида дарс бошлаган. Ундан фиқҳ олган ва ҳадис эшитган. У кишининг вафотидан кейин Зуфар ибн Ҳузайл ва имом Абу Юсуфлардан фиқҳ ўрганишни давом эттирган. Ҳанафий мазҳабини, айниқса қиёсий қоидаларни жуда яхши билган.

Муҳаммад ибн Самоъа айтади: Ҳасан ибн Зиёддан эшитганман, у киши шундай деган: Ибн Журайждан 12000 (ўн икки минг) ҳадис олдим. Уларнинг ҳаммаси фақиҳлар билиши керак бўлган, улар учун зарур ҳадислар эди.

Муҳаммад ибн Шужжоъ, Шуайб ибн Айюб каби йирик фақиҳлар унинг шогирдлари бўлган.

Кечалари ухламасдан дарс қилар эди. Қўлидан китоб тушмас эди. У кишининг “қирқ йил давомида кечалари дарс қилдим. Ҳатто қўлимда китоб, олдимда чироқ билан ухлаб қолган тунларим бўлган”—деган хабари ривоят қилинган. (Ал-асмар ул-жанийя. Мулла Али қори. 543 — Б).

Яҳё ибн Одам раҳимаҳуллоҳ Ҳасан ибн Зиёдга баҳо бераркан: “Мен Ҳасан ибн Зиёддан кўра фақиҳроқ одамни учратмадим” — деган.

Аҳмад ибн Абдулҳамид Ҳорисий айтган: ниҳоятда одобли, хушхулқ ва ҳалим инсон бўлган. Ўзи қандай қийматли либос кийса хизматкор қулларини ҳам ўшандай кийинтирган. Хулқи гўзал ҳалим одам бўлган.

Ҳасан ибн Зиёд Ҳижрий 194 йили Кўфа аҳлига, Ҳафс ибн Ғиёсдан кейин қозилик қилади. Аммо кўп ўтмасдан ўз ихтиёри билан қозилик мансабидан воз кечган.

У кишининг: “Адаб ал-қози”, “Маони ул-ийман”, “ан-Нафақот”, “ал-Хирож”, “ал-Фароиз”, “ал-Васоё” ва “ал-Амолий” номли асарлари бор.

Нодирбек КЕНЖАЕВ

“Бува таваккул” жоме масжид имом-хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *