ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ҲАДИС ЎРГАНУВЧИЛАРГА ТАВСИЯСИ

5bed7baced9361841091152Ҳар бир олим, муҳаддис, мутафаккир аллома ўз яқинларига, сафдошлари, дўстлари ва шогирдларига васият қилиб кетган, васиятнома ёзиб кетган, ўзларининг тавсиясини бериб кетган. Бундай васиятлар ва тавсиялар маълум бир одамларга хос ёки умумий бўлиши мумкин. Шаръий эътибордан ҳар бир мўъмин-мусулмон васият қилиши, ўзининг ҳаётий тавсияларини келажак учун ёзиб қолдириши мустаҳаб амал ҳисобланади. Жумладан, Имом Бухорий ҳам “Саҳиҳи Бухорий”да бу ҳақида битта ҳадисни келтирганлар. У “рубоъий” (“тўрт ровийлик”) ҳадислар жумласидан ҳисобланади:

مَا حَقُّ امْرِئٍ مُسْلِمٍ لَهُ شَيْءٌ يُوصِي فِيهِ يَبِيتُ لَيْلَتَيْنِ إِلَّا وَوَصِيَّتُهُ مَكْتُوبَةٌ عِنْدَهُ

“Васият қилинадиган нарсаси бўлган мусулмон кишининг, икки кеча ўтмасданоқ ҳузурида васияти (тавсияси) ёзилган бўлиши, унинг бурчидир!” (2738-ҳадис).

Имом Бухорий томонидан ҳам ҳадис ўрганувчилар учун, муҳаддис бўлишни мақсад қилган толиби илмлар учун ўзларининг ҳаётий тавсияларини бериб кетган. Бу тавсиялар манбаларда ўзига хос васият ва васиятнома сифатида зикр қилинган.

Толиби илм комил муҳаддис бўлиши учун ушбу васиятномага амал қилиши лозим бўлади. Унда, ҳар бир кўрсатма тўртликка асослангани боис “ал-Васият ар-рубоъийя” , “ал-Васият ал-адабия” ва “ал-Ҳикоят ар-рубоъийя” ҳам деб аталади. Булар Имом Бухорийнинг илмий васиятлари бўлиб, ҳар бир ҳадис илми билан шуғулланувчи, балки ҳар қандай илм билан машғул бўлган толиби илм уларга амал қилиши лозим бўлган панд-насиҳатлари ва ўгитларидан иборатдир. Унда толиби илмларнинг ихлос ва ниятларидан бошлаб, бутун илмий ҳаётларидаги тутиши лозим бўлган йўллар қисқа ва лўнда иборалар билан – тўртликлар билан кўрсатиб берилган.

Имом Бухорийнинг васиятномаси илк бор Қози Иёз томонидан ривоят қилинган (Қози Иёз. Ал-Ғуния. Феҳрист шуйух ал-Қози Иёз / Таҳқиқ: Моҳир Зуҳайр Жаррор. – Байрут: Дор ал-Ғарб ал-исломий, 1982. – Б. 69-72.).

У Абулфазл Иёз ибн Мусо ибн Иёз ал-Яҳсаби      й ас-Сабтий (476-544 ҳ./1083-1149 м.) бўлиб, Мағриб диёри олими, муҳаддиси ва муаррихи ҳисобланади. У ўзининг “аш-Шифо би-таърифи ҳуқуқ ал-Мустафо” номли асари билан шуҳрат қозонган. “Саҳиҳи Муслим”га битган шарҳи, шунингдек, “Тартиб ал-мадорик ва тақриб ал-масолик” номли фиқҳий асари ҳам мавжуд. У ўзининг устозлари таржимаи ҳолларига бағишланган “ал-Ғуния” асарида устози Абу Бакр Ибн ал-Арабий ҳақида сўз юритганида, Имом Бухорийнинг васиятномасини барча муттасил санадлари билан бирга тўлиқ келтириб ўтган. “Абу Бакр Ибн ал-Арабий ал-Моликий” нисбаси билан танилган зот Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Муъофирий ал-Ишбилий ал-Моликий (468-543 ҳ./1076-1148 м.) бўлиб, “ал-Авосим мин ал-қавосим”, “Аҳком ал-Қуръон”, “ал-Инсоф  фи масоил ал-хилоф” каби асарлари билан шуҳрат қозонган. Унинг “Сунани Термизий”га битган “Оризат ал-аҳвазий” номли шарҳи машҳурдир. Унинг “Муваттои Молик”га битган шарҳи ҳам бор.

Имом Бухорийнинг мазкур васиятномаси Ҳофиз Юсуф ал-Миззий (654-742 ҳ./1256-1341 м.) томонидан ёзилган машҳур “Таҳзиб ал-Камол” (24/461-463), Жалолиддин ас-Суютий (849-911 ҳ./1445-1505 м.) қаламига мансуб “Тадриб ар-ровий” (1/182-183), Имом ал-Қасталоний (851-923 ҳ./1448-1517 м.) “Саҳиҳи Бухорий”га битган “Иршод ас-сорий” номли шарҳи (1/18-19) ва Абу-л-Аббос Аҳмад ал-Муқрий ат-Талмасоний (992-1041 ҳ./1584-1631 м.) қаламига мансуб “Нафҳ ат-тоййиб” (2/576-577) асарларида ҳам зикр этилган. ХХ аср олимларидан Муҳаммад ал-Каттоний (1290-1327 ҳ./1873-1907 м.) “Хатмат ал-Бухорий” (1/94-95), Муҳаммад Закариё ал-Кандеҳлавий (1315-1402 ҳ./1898-1982 м.) “Саҳиҳи Бухорий”га битган “Ломеъ ад-дарорий” номли шарҳи (1/7), Абдулмажид Ҳошим ал-Ҳусайний “ал-Имом ал-Бухорий муҳаддисан ва фақиҳан” (1/157-158) ва Юсуф ал-Каттоний “Рубоъийёт ал-Имом ал-Бухорий” (1/54-56) асарларида келтириб ўтилган. Юсуф ал-Каттоний яна Муҳаммад ибн ал-Маданий ал-Ҳасаний (1307-1378 ҳ./1889-1959 м.) томонидан мазкур васиятнома шарҳига бағишланган “ал-Фавоид ал-ибдоъийя мин фавоид васият ал-Бухорий ар-рубоъийя” номли рисоласи борлиги ҳақида хабар берган.

Мазкур Имом Бухорийга нисбат қилинган “ал-Васийят ар-рубоъийя”ни машҳур муҳаддис олим Ибн Ҳажар ал-Асқалоний инкор қилган ва уни тўқима сохта ривоят деб ўйлаган (Имом ас-Саховий. Ал-Жавоҳир ва-д-дурар фи таржимати Шайх ал-ислом Ибн Ҳажар. – Қоҳира: ал-Мажлис ал-аъло ли-шуун ал-исломия, 1986. – Б. 307-308.).

Лекин, бу фикрга Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг ўзининг шубҳасидан ташқари ҳеч қандай асосли далили келтирилган эмас.

Қози Иёз санадини бу тариқа кўрсатилган: Қози Иёз → Абу Бакр Ибн ал-Арабий → Абу Муҳаммад Ҳиббатуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Акфоний → Абдулазиз ибн Аҳмад ал-Каттоний ад-Димишқий → Абу Исмат Нуҳ ибн Наср ал-Фарғоний → Абу-л-Музаффар Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Матт ал-Хазражий ва Абу Бакр Муҳаммад ибн Исо ал-Бухорий → Абу Зарр Аммор ибн Муҳаммад ибн Мухаллад ат-Тамимий → Абу Иброҳим Исҳоқ ибн Иброҳим ал-Хутталий → Абу-л-Аббос ал-Валид ибн Иброҳим ибн Зайд ал-Ҳамадоний → Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий.

Қози Иёз томонидан ривоят қилинган Имом Бухорийнинг васиятномаси ҳақидаги ҳикоя 387 ҳ./997 м. йили вафот қилган, Бухорода яшаб ўтган муҳаддис олим Абу Зарр ат-Тамимийнинг болалигида 318 ҳ./930 м. йили содир бўлган. Шу йили Бухорога Рай шаҳрининг қозиси Абу-л-Аббос ал-Валид ал-Ҳамадоний ташриф буюрадилар. Абу Зарр ат-Тамимийнинг устози Абу Иброҳим Исҳоқ ал-Хутталий уни Абу-л-Аббос ал-Валид ал-Ҳамадоний ҳузурига дуосини олиш ва илмларидан фойдаланиб қолиш мақсадида олиб келади. Шу вақтда Абу-л-Аббос ал-Валид ал-Ҳамадоний ўзи билан Имом Бухорий орасида бўлиб ўтган воқеани гапириб берадилар ҳамда Имом Бухорийнинг тавсиясини, васият ва васиятномасини етказадилар.

Мазкур воқеа матни юқорида санаб ўтилган санад билан бошланади:

قَالَ الْقَاضِى عِيَاضُ: وَ لَقِيتُهُ اَىْ أَبَا بَكْرٍ ابْنِ الْعَرَبِىِّ أَيْضًا بِإِشْبِيلِيَةِ وَ قُرْطُبَةَ وَ مِمَّا كَتَبْتُ عَنْهُ مَا حَدَّثَنِى بِهِ سِمَاعًا عَنْهُ بِلَفْظِهِ حَدَّثَنَا أَبُو مُحَمَّدٍ هِبَةُ اللهِ بْنِ مُحَمَّدٍ الْأَكْفَانِى حَدَّثَنَا عَبْدُ الْعَزِيزِ بْنُ أَحْمَدَ الْكَتَّانِى الدِّمِشْقِى الْحَافِظُ حَدَّثَنَا أَبُو عِصْمَةِ نُوحُ بْنُ نَصْرٍ الْفَرْغَانِى قَالَ سَمِعْتُ أَبَا الْمُظَفَّرِ عَبْدُ اللهِ بْنَ مُحَمَّدٍ بْنِ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَتٍّ الْخَزْرَجِى وَ أَبَا بَكْرٍ مُحَمَّدَ بْنَ عِيسَى الْبُخَارِىَ يَقُولَانِ سَمِعْنَا أَبَا ذَرٍّ عَمَّارٍ بْنَ مُحَمَّدٍ بْنِ مُخَلَّدٍ التَّمِيمِى يَقُولُ:

Қози Иёз айтади: Мен Абу Бакр Ибн ал-Арабийни яна Ишбилия ва Қуртубада учратганман, ўзи эшитган ҳадисларни ўз гаплари ила менга гапириб берганларини ундан ёзиб олганман. У бизга Абу Муҳаммад Ҳиббатуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Акфонийдан ҳадис ривоят қилганди. У эса бизга Ҳофиз Абдулазиз ибн Аҳмад ал-Каттоний ад-Димишқий ҳадис айтган, деган. У эса бизга Абу Исмат Нуҳ ибн Наср ал-Фарғоний ҳадис айтган, деган. У мен Абу-л-Музаффар Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Матт ал-Хазражий ва Абу Бакр Муҳаммад ибн Исо ал-Бухорийдан (қуйидагиларни) эшитганман, деган. Бу икки зот эса Абу Зарр Аммор ибн Муҳаммад ибн Мухаллад ат-Тамимийнинг бундай деганларини эшитганмиз, деганлар.

لَمَّا عُزِلَ أَبُو الْعَبَّاسِ الْوَلِيدُ بْنُ إِبْرَاهِيمَ بْنِ زَيْدٍ الْهَمْدَانِى عَنْ قَضَاءِ الرَّىِّ وَرَدَ بُخَارَى سَنَةَ ثَمَانِ عَشْرَةَ وَ ثَلَاثُمِائَةِ لِتَجْدِيدِ مَوَدَّةٍ كَانَتْ بَيْنَهُ وَ بَيْنَ أَبِى الْفَضْلِ الْبَلْعَمِى فَنَزَلَ فِى جِوَارِنَا فَحَمَلَنِى إِلَيْهِ مُعَلِّمِى أَبُو إِبْرَاهِيمَ إِسْحَاقُ بْنُ إِبْرَاهِيمَ الْخُتَّلِىُّ وَ قَالَ لَهُ: أَسْأَلُكَ أَنْ تُحَدِّثَ هَذَا الصَّبِىَّ مِمَّا سَمِعَتَ مِنْ مَشَايِخِكَ. قَالَ: مَا لِى سِمَاعٌ. قَالَ: فَكَيْفَ وَ أَنْتَ فَقِيهٌ فَمَا هَذَا؟ قَالَ: لِأَنِّى لَمَّا بَلَغْتُ مَبْلَغَ الرِّجَالِ تَاقَتْ نَفْسِى اِلَى مَعرِفَةِ الْحَدِيثِ وَ دِرَايَةِ الْأَخْبَارِ وَ سِمَاعِهَا فَقَصَدْتُ مُحَمَّدَ بْنَ إِسْمَاعِيلَ الْبُخَارِىَّ بِبُخَارَى صَاحِبَ التَّأْرِيخِ وَ الْمَنْظُورَ إِلَيْهِ فِى مَعْرِفَةِ عِلْمِ الْحَدِيثِ وَ أَعْلَمْتُهُ بِمُرادِى وَ سَأَلْتُهُ الْإِقْبَالَ عَلَىَّ فِى ذَلِكَ.

Абу-л-Аббос ал-Валид ибн Иброҳим ибн Зайд ал-Ҳамадоний Райда қозиликдан бўшаганидан кейин 318 санада  ўзи билан Абу-л-Фазл ал-Балъамий орасидаги дўстликни янги бсоқичга кўтариш учун келганди. У зот бизнинг қўшнимизникига тушдилар. Мени муаллимим Абу Иброҳим Исҳоқ ибн Иброҳим ал-Хутталий кўтариб, унинг ҳузурига олиб борганди. У зотга: “Бу болага устозларингиздан эшитган нарсалардан гапириб беришингизни сўрайман”, деди.  У зот эса: “Эшитганим йўқ!”, дедилар. “Бу қандай?! Ахир, сиз фақиҳ бўлсангиз, буни қандай тушуниш мумкин?” деди. Шунда, у зот буни гапириб бердилар:

Мен катта ёшли кишилар ёшига етганимда, ўзимда ҳадисларни таниш ва хабарларни англашга ҳамда уларни эшитишга иштиёқ пайдо бўлди. Шу ниятда Бухорода “Таърих” муаллифи, ҳадис илмини билишда унга манзур бўлган киши – Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳазратларининг ҳузурларига бордим ва у зотга хоҳишимни билдирдим. Бу борада менга эътибор беришларини сўрадим.

فَقَالَ لِى: يَا بُنَىَّ لَا تَدْخُلْ فِى أَمْرٍ إِلَّا بَعْدَ مَعْرِفَةِ حُدُودِهِ وَ الْوُقُوفِ عَلَى مِقْدَارِهِ.

Имом Бухорий менга: “Эй ўғилчам, бирор ишга унинг чегараларини билгандан ва миқдорларидан воқиф бўлгандан кейингина киришгин!”, дедилар.

فَقُلْتُ لَهُ: عَرِّفْنِى رَحِمَكَ اللهُ حُدُودَ مَا قَصَدْتُكَ لَهُ وَ مَقَادِيرَ مَا سَأَلْتُكَ عَنْهُ.

У зотга: “Аллоҳ Сизга марҳаматини кўрсатсин, менга ҳузурингизга келган мақсадларимнинг чегарасини, сўраган нарсаларимнинг ўлчовларини танитсангиз”, дедим.

فَقَالَ لِى: إِعْلَمْ أَنَّ الرَّجُلَ لَا يَصِيرُ مُحَدِّثًا كَامِلًا فِى حَدِيثِهِ إِلَّا بَعْدَ أَنْ يَكْتُبَ أَرْبَعًا مَعَ أَرْبَعٍ، كَأَرْبَعٍ مِثْلَ أَرْبَعٍ، فِى أَرْبَعٍ عِنْدَ أَرْبَعٍ، بِأَرْبَعٍ عَلَى أَرْبَعٍ، عَنْ أَرْبَعٍ لِأَرْبَعٍ. وَ كُلُّ هَذِهِ الرُّبَاعِيَّاتِ لَا تُتِمُّ لَهُ، إِلَّا بِأَرْبَعٍ مَعَ أَرْبَعٍ. فَإِذَا تَمَّتْ لَهُ هَانَ عَلَيْهِ أَرْبَعٌ وَ ابْتُلِىَ بِأَرْبَعٍ. فَإِذَا صَبَرَ عَلَى ذَلِكَ أَكْرَمَهُ اللهُ بِأَرْبَعٍ وَ أَثَابَهُ فِى الْآخِرَةِ بِأَرْبَعٍ.

Имом Бухорий менга бундай дедилар: “Билгинки, инсон ўз ҳадисида тўрт нарсани тўрт нарса билан ёзмагунча комил муҳаддис бўла олмайди. Бу тўрт нарса эса тўрт нарсага ўхшаш тўрттаси кабилардир. У тўрт ҳолат пайтидаги тўрт нарсада бўлиши керак. Улар эса тўрт нарсага тўрт нарса оша тўрт нафар кишидан тўрт нарса учун ёзилмоғи шарт. Бу тўртликларнинг барчаси фақат тўрт нарса билан бирга тўрт нарса ёрдамидагина тўлиқ бўлади. Агар унга булар тўлиқ бўлса, унга тўрт нарсадан воз кечиш енгил (осон) бўлиб қолади, жиддий кўринмай қолади ва у тўрт нарсага мубтало бўлади. Агар мана шуларга сабр қилса, Аллоҳ унга тўрт нарса билан икром кўрсатади ва охиратда тўрт нарса билан савобга эга қилади”.

قُلْتُ لَهُ: فَسِّرْ لِى مَا ذَكَرْتَ مِنْ أَحْوَالِ هَذِهِ الرُّبَاعِيَّاتِ مِنْ قَلْبٍ صَافٍ بِشَرْحٍ كَافٍ وَ بَيَانِ شَافٍ، طَلَبًا لِلْأَجْرِ الْوَافِى.

Мен у зотга: “Менга зикр қилган ушбу тўртликларингиз ҳақида тоза қалб, тўлиқ изоҳ ва мукаммал баён билан тўла савобни истаган ҳолда тушунтириб беринг”, дедим.

      فَقَالَ: نَعَمْ، أَمَّا الْأَرْبَعُ الَّتِى تَحْتَاجُ اِلَى كَتبِهَا هِىَ أَخْبَارُ الرَّسُولِ عَلَيْهِ السَّلَامُ وَ شَرَائِعِهِ، وَ الصَّحَابَةِ وَ مَقَادِيرِهِمْ، وَ التَّابِعِينَ وَ أَحْوَالِهِمْ، وَ سَائِرِ الْعُلَمَاءِ وَ تَوَارِيخِهِمْ، مَعَ أَسْمَاءِ رِجَالِهِمْ وَ كُنَاهُمْ وَ أَمْكِنَتِهِمْ وَ أَزْمِنَتِهِمْ، كَالتَّحْمِيدِ مَعَ الْخُطَبِ، وَ الدُّعَاءِ مَعَ الرُّسُلِ ، وَ الْبَسْمَلَةِ مَعَ السُّوَرِ وَ التَّكْبِيرِ مَعَ الصَّلَوَاتِ، مِثْلَ الْمُسْنَدَاتِ وَ الْمُرْسَلَاتِ وَ الْمَوْقُوفَاتِ وَ الْمَقْطُوعَاتِ، فِى صِغَرِهِ وَ فِى إِدْرَاكِهِ وَ فِى كُهُولَتِهِ وَ فِى شَبَابِهِ، عِنْدَ فِرَاغِهِ وَ عِنْدَ شُغْلِهِ وَ عِنْدَ فَقْرِهِ وَ عِنْدَ غِنَاهُ، بِالْجِبَالِ وَ الْبِحَارِ وَ الْبُلْدَانِ وَ الْبَرَارِى، عَلَى الْأَحْجَارِ وَ الْأَصْدَافِ وَ الْجُلُودِ وَ الْأَكْتَافِ، اِلَى الْوَقْتِ الَّذِى يُمْكِنُهُ نَقْلَهَا اِلَى الْأَوْرَاقِ، عَمَّنْ هُوَ فَوْقَهُ وَ عَمَّنْ هُوَ مِثْلَهُ وَ عَمَّنْ هُوَ دُونَهُ وَ عَنْ كِتَابِ أَبِيهِ يَتَيَقَّنُ أَنَّهُ بِخَطِّ اَبِيهِ دُونَ غَيْرِهِ، لِوَجْهِ اللهِ تَعَالَى طَالِبًا لِمَرْضَاتِهِ وَ الْعَمَلِ بِمَا وَافَقَ كِتَابَ اللهِ تَعَالَى مِنْهَا وَ نَشْرِهَا بَيْنَ طَالِبِيهَا وَ مُجْتَبِيهَا وَ التَّأْلِيفِ فِى إِحْيَاءِ ذِكْرِهِ بَعْدَهُ.

Имом Бухорий менга бундай жавоб бердилар: “Ҳа, яхши! Ёзишга муҳтож бўладиган тўрт нарсага келсак, улар (1-4) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ва шариатлари, саҳобаларнинг гаплари ва тақдирлари, тобеъинлар ва аҳволлари ҳамда бошқа уламолар ва тарихларидир. Уларни (5-8) ровийларининг номлари, кунялари (лақаблари), маконлари ва замонлари билан бирга ёзиб олиниши лозим. (9-12) Хутбалар билан бирга ҳамду сано, пайғамбарлар (тавассули) билан бирга дуо, суралар (оятлар) билан бирга “бисмиллоҳ”, саловатлар билан бирга такбирлар кабилар (13-16) муснадлар, мурсаллар, мавқуфлар ва мақтуъларга ўхшаш ҳадислар ёзилиши керак. (17-20) Гўдаклик даврида ҳам, идрок қила олиш пайтида ҳам, қарилик ва ёшликда ҳам ёзилиши, (21-24) бўш пайтида ҳам, машғуллик вақтида ҳам, фақирлик ва бойлик даврида ҳам ёзилиши лозим. (25-28) Тоғлар, денгизлар, шаҳарлар ва қуруқликлар оша (29-32) тошларга, садафларга, тери ва елка суякларига варақларга ўтказишга имкон бўладиган вақтгача ёзилиб олиниши керак. Улар (33-36) ўзидан устун зотлардан ҳам, ўзи сингари кишилардан ҳам, ўзидан (илми) паст одамлардан ҳам, бошқанинг эмас, айнан ўз отасининг ёзган дастхатига ишончи комил бўлса, ўз отасининг ёзганларидан ҳам ёзиб олинмоғи шарт. Буларнинг ҳаммаси (37-40) Аллоҳ таоло учун, унинг ризосини истаган ҳолда, Аллоҳ таолонинг китоби (Қуръон)га мувофиқ келадиган нарсаларга амал қилган ҳолда, талабалар ва ихлосмандлар орасида ёйиш, ўзидан сўнг ёд этишларини тирилтириш учун китоб ёзиш мақсадида бўлиши керак!

ثُمَّ لَا تُتِمُّ لَهُ هَذِهِ الْأَشْيَاءُ اِلَّا بِأَرْبَعٍ مِنْ كَسْبِ الْعَبْدِ أَعْنِى مَعْرِفَةَ الْكِتَابَةِ وَ اللُّغَةِ وَ الضَّبْطِ وَ النَّحْوِ.

Кейин бу нарсалар банданинг касбидаги тўрт нарса билангина, яъни, (41-44) ёзишни, луғатни, сақлаб қолишни ва грамматика (қоидалар)ни билиш билан тўлиқ бўлади.

مَعَ أَرْبَعٍ هِىَ مِنْ إِعْطَاءِ اللهِ تَعَالَى أَعْنِى: اَلْقُدْرَةَ وَ الصِّحَّةَ وَ الْحِرْصَ وَ الْحِفْظَ.

Булар Аллоҳ таолонинг атоси бўлган тўрт нарса билан – (45-48) куч-қудрат, сиҳат-саломатлик, ҳирс-иштиёқ ва ҳифз-зеҳн бирга бўлмоғи лозим.

فَإِذَا تَمَّتْ لَهُ هَذِهِ الْأَشْيَاءُ هَانَ عَلَيْهِ أَربَعٌ: اَلْأَهْلُ وَ الْوَلَدُ وَ الْمَالُ وَ الْوَطَنُ.

Бу нарсалар унга тўлиқ бўлса, энди унга тўрт нарсадан – (49-52) аҳл-оиладан, фарзандлардан, мол-дунёдан ва ватандан воз кечиш енгил (осон) туюлади.

وَ ابْتُلِىَ بِأَرْبَعٍ: بِشَمَاتَةِ الْأَعْدَاءِ وَ مَلَامَةِ الأَصْدِقَاءِ وَ طَعْنِ الْجُهَلَاءِ وَ حَسَدِ الْعُلَمَاءِ.

Шунда, у тўрт нарсага – (53-56) душманларнинг сўкиши, дўстларнинг маломати, жоҳилларнинг таънаси ва олимларнинг ҳасадига мубтало бўлади.

فَإِذَا صَبَرَ عَلَى هَذِهِ الْمِحَنِ، أَكْرَمَهُ اللهُ فِى الدُّنْيَا بِأَرْبَعٍ: بِعِزِّ الْقَنَاعَةِ وَ بِهَيْبَةِ النَّفْسِ وَ لَذَّةِ الْعِلْمِ وَ مَسَرَّةِ الْأَبَدِ. وَ أَثَابَهُ فِى الْآخِرَةِ بِأَرْبَعٍ: بِالشَّفَاعَةِ لِمَنْ أَرَادَ مِنْ إِخْوَانِهِ وَ بِظِلِّ الْعَرْشِ يَوْمَ لَا ظِلَّ اِلَّا ظِلُّهُ وَ بِسَقْىِ مَنْ أَرَادَ مِنْ حَوْضِ نَبِيِّهِ وَ بِجِوَارِ النَّبِيِّينَ فِى أَعْلَى عِلِّيِّينَ فِى الْجَنَّةِ.

Бас, агар ушбу меҳнат-машаққатларга сабр қилса, Аллоҳ уни дунёда тўрт нарса билан – (57-60) қаноатнинг улуғлиги, руҳининг ҳайбати, илм лаззати ва абадий шодлик билан сийлайди. (61-64) Охиратда эса унга тўрт нарса билан – дўстларидан хоҳлаганини шафоат қила олиш, фақат Аллоҳ берган соя бор кунда Аршнинг сояси, хоҳлаган одамини ўз пайғамбарининг ҳавзи кавсаридан ичира олиш ва жаннатда аъло иллиййинда пайғамбарларга қўшни бўлиш савоби берилади.

فَقَدْ أَعْلَمْتُكَ يَا بُنَىَّ، مُجْمَلًا جَمِيعُ مَا كُنْتُ سَمِعْتُهُ مِنْ مَشَايِخِى مُتَفَرِّقًا فِى هَذَا الْبَابِ فَأَقْبِلْ الْآنَ عَلَى مَا قَصَدْتَنِى لَهُ اَوْ دَعْ.

Эй ўғилчам, сенга билдирган бу нарсалар устозларимдан эшитган ушбу мавзудаги тарқоқ ҳолдаги нарсаларнинг хулосаси бўлиб, менинг ҳузуримга келишингга сабабчи бўлган нарса сифатида уларни ҳозирнинг ўзидаёқ қабул қилиб олгин ёки (буткул) тарк қилгин”.

قَالَ: فَهَالَنِى قَوْلُهُ فَسَكَتُّ مُتَفَكِّرًا وَ أَطْرَقْتُ نَادِمًا. فَلَمَّا رَأَى ذَلِكَ مِنِّى قَالَ: وَ إِنْ لَا تُطِقْ اِحْتِمَالَ هَذِهِ الْمَشَاقِّ كُلِّهَا فَعَلَيْكَ بِالْفِقْهِ الَّذِى يُمْكِنُكَ تَعَلُّمَهُ وَ أَنْتَ فِى بَيْتِكَ قَارٍ سَاكِنٌ، لَا تَحْتَاجُ اِلَى بُعْدِ الْأَسْفَارِ وَ وَطْءِ الدِّيَارِ وَ رُكُوبِ الْبِحَارِ وَ هُوَ مَعَ ذَا ثَمَرَةِ الْحَدِيثِ. وَ لَيْسَ ثَوَابُ الْفَقِيهِ بِدُونِ ثَوَابِ الْمُحَدِّثِ فِى الآخِرَةِ وَ لَا عِزُّهُ بِاَقَلِّ مِنْ عِزِّ الْمُحَدِّثِ.

У зотнинг бу гаплари мени қўрқитти ва мен ўйланиб жим бўлиб қолдим ва афсусланган ҳолда бошимни қуйи солдим. Имом Бухорий буни менда кўриб, “Агар ушбу машаққатларнинг барчасини кўтаришга кучинг етмайдиган бўлса, у ҳолда ўрганиш имкони бўладиган фиқҳни ўзингга лозим тут. Сен ўз уйингда, ҳеч қаёққа чиқмасдан яшайсан, узоқ сафарларга, юртларни кезишга, денгизларга чиқишга эҳтиёж бўлмайди. Фиқҳ ҳам ҳадиснинг самарасини бера олади. Бироқ, фақиҳнинг савоби охиратда муҳаддиснинг савобичалик бўлмайди. Фақиҳнинг улуғлиги муҳаддиснинг азизлигидан озроқ бўлади”, дедилар.

قَالَ: فَلَمَّا سَمِعْتُ ذَلِكَ نُقِضَ عَزْمِى فِى طَلَبِ الْحَدِيثِ وَ أَقْبَلْتُ عَلَى دِرَاسَةِ الْفِقْهِ وَ تَعَلُّمِهِ اِلَى أَنْ صِرْتُ فَقِيهًا مُتَقَدَّمًا فَلِذَلِكَ لَمْ يَكُنْ عِنْدِى مَا أَمْلِيهِ عَلَى هَذَا الصَّبِىِّ، يَا أَبَا إِبْرَاهِيمَ.

فَقَالَ لَهُ أَبُو إِبْرَاهِيمَ: إِنَّ هَذَا الْحَدِيثَ الوَاحِدَ الَّذِى لَا يُوجَدُ عِنْدَ غَيْرِكَ خَيْرٌ لِلصَّبِىِّ مِنْ أَلْفِ حَدِيثٍ يَجِدُهُ عِنْدَ غَيْرِكَ

Имом Бухорийдан бу гапларни эшитиб, ҳадис талабидаги азму қарорим синди, фиқҳ сабоқларига ва таълимига пешқадам фақиҳга айлангунимча юзландим. Шунинг учун, эй Абу Иброҳим, бу болага ёздира оладиган бирор нарса менда йўқ.

Шунда, Абу Иброҳим у зотга: “Сиздан бошқаларда топилмайдиган ушбу битта ҳадис (ривоят) бошқаларда мавжуд мингта ҳадисдан кўра бола учун яхшироқдир!”, деди.

Хуллас, Имом Бухорийнинг ҳадис илмини ўрганувчилар учун айтган ушбу тавсияларини ўқиб-ўрганиш, ёд олиш, уларга ҳаёт давомида амал қилиш толибларнинг комил муҳаддис бўлиб етишишига сабаб бўлади, ёрдам беради. Унда илмига амал қилиш, қоидаларга эътибор бериш, шартларга бўйсиниш, тавсия ва кўрсатмаларга қулоқ осиш бўлажак муҳаддиснинг камолотига сабаб бўлади.

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 1 та

  1. Alisher:

    СубханАллох накадар буюк 1Масъулият, накадар барокатли 2Мерос, накадар гузал 3Окибат ва накадар олий 4Неъмат. (Устоз, хозирги кунда хам мухаддислар борми? Агар булса, Шарафли Аждодимиз айтиб утган машаккатли 4 ликларни узида мужассам этиши лозимми?)

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *