“Сулосийёт ад-Доримий”

Рисолани .pdf форматда юклаб олиш

 sulusiyyot-ad_dorimiyБуюк бобокалон юртдошимиз Имом Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ас-Самарқандий ад-Доримий (181-255/798-869) раҳимаҳуллоҳ таниқли муҳаддис бўлиб, унинг саҳиҳ ҳадислар тўпламидан иборат бўлмиш “ас-Сунан” асари шуҳрат қозонган. Мазкур манба “ал-Муснад” номи билан ҳам аталади. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ каби бир қанча ҳадисшунослар “Сунан ад-Доримий”ни машҳур олтита саҳиҳ ҳадислар тўплами – “ас-Сиҳоҳ ас-ситта”нинг олтинчи асари сифатида қабул қилганлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ: “ад-Доримий илм аҳлига имомдир!”, деганлар. Имом ад-Дорақутний раҳимаҳуллоҳ эса: “Доримий ровийларнинг энг ишончлиларидан эди”, деганлар.

“Сунан ад-Доримий”да 3506 (уч минг беш юз олти) та ҳадис бўлса, шундан атиги 17 (ўн беш) тасининг ровийлар силсиласи уч иснодлидир. “Кашф аз-зунун”да уларнинг умумий сонини 15 (ўн беш) та дейилган. Иснодда фақатгина уч нафар ровийнинг номи қатнашган ҳадислар “Сулосийёт” деб аталади. Имом ад-Доримий раҳимаҳуллоҳ мазкур уч иснодли ҳадисларини алоҳида “ас-Сулосийёт фи-л-ҳадис” номи билан ҳам тартиб берганлар. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг бу хилдаги “Сулосийёт” асари анча шуҳрат қозонган бўлса-да, бироқ, ундан олдин Имом ад-Доримий раҳимаҳуллоҳни уч иснодли, аниқроғи олий иснодли ҳадисларга алоҳида эътибор бериб, ҳадис фанида уларни алоҳида тартиб бериб ўзига хос йўналишни бошлаб берган олим, дейиш мумкин. Уч иснодли ҳадисларнинг иснодларида жуда кам ровийлар қатнашганлиги, уларнинг ўта даражада ишончли зотлар бўлгани сабабли “Сулосийёт” ҳадислари энг тўғри, энг ишончли, энг қабул қиларли бўлиб қолаверади. Бинобарин, уларни билиб-ўрганиш ва ҳадис матнидаги ҳукмларга амал қилиш муҳим аҳамият касб қилади.

Имом ад-Доримий раҳимаҳуллоҳ ушбу “Сулосийёт” ҳадисларидан 8 (саккиз) таси:

Язид ибн Ҳорун→Ҳумайд→Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу;

5 (беш) та ҳадис:

Абу Осим аз-Заҳҳок→Муҳаммад ибн Умора ибн Ҳазм→Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Ансорий разийаллоҳу анҳу, аз-Заҳҳок→Абдуллоҳ ибн Убайд→Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу, аз-Заҳҳок→Усмон ибн Саъд→Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу, аз-Заҳҳок, ал-Муаммал ва Абу Нуайм→Айман ибн Нобил→Қудома ал-Килобий разийаллоҳу анҳу, аз-Заҳҳок→Язид ибн Убайд→Салама ибн ал-Акваъ разийаллоҳу анҳу;

3 (уч) та ҳадис:

Жаъфар ибн Авн→Муҳаммад ибн Амр ал-Лайсий→Абу Салама разийаллоҳу анҳу, Жаъфар ибн Авн→Яҳё ибн Саид→Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу, Жаъфар ибн Анв→Исмоил ибн Абу Холид→Абдуллоҳ ибн Абу Авфо разийаллоҳу анҳу,

1 (битта) ҳадис:

Абу Нуайм ал-Фазл ибн Дакин→Мусъаб ибн Сулайм→Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу

иснодлари билан ривоят қилинган.

Имом ал-Каттоний раҳимаҳуллоҳ мазкур Имом ад-Доримий раҳимаҳуллоҳнинг “Сулосийёт”ини Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “Сулосийёт”идан ҳам устун қўйганлар.

Мазкур “Сулосийёт ад-Доримий”даги ҳадиси шарифларни Имом ад-Доримий раҳимаҳуллоҳнинг “Сунан ад-Доримий” асарларини шарҳ қилган жами ҳадисшунос шориҳлар шарҳлаганлар.

Биз ҳам Сиз азизларга “Сулосийёт ад-Доримий”ни алоҳида таржима қилиб, айрим изоҳ ва шарҳлар билан тақдим қилишни маъқул кўрдик. Аллоҳ таоло барчамизга уни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам манфаатли қилсин!

 Ҳамидуллоҳ Беруний.

ثلاثيات الدارمى

(الثلاثيات فى الحديث)

بسم الله الرحمن الرحيم

Биринчи ҳадис

اخبرنا جعفر بن عون أخبرنا محمد بن عمرو الليثى عن أبى سلمة قال كان رسول الله صلى الله عليه و سلم يأكل الهديّة و لا يقبل الصدقة فأهْدَتْ له امرأة من يهود خيبر شاة مصليّة فتناول منها و تناول منها بشر بن البراء ثمّ رفع النبىّ صلى الله عليه و سلم يده ثمّ قال إنّ هذه تخبرنى أنّها مسمومة فمات بشر بن البراء فأرسل اليها النبىّ صلى الله عليه و سلم ما حملك على ما صنعتِ فقالت ان كنت نبيّا لم يضرّك شئ و ان كنت ملكا أرَحْتُ الناسَ منك فقال فى مرضه ما زلتُ من الأكلة التى أكلتُ بخيبر فهذا أوان انقطاع أبْهَرى

Абу Салама разийаллоҳу анҳудан ривоят. У зот айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадя – совғани ердилар (олардилар), садақани эса қабул қилмасдилар.

Хайбар куни яҳудия бир аёл ул зоти шарифга заҳарланган қўй (гўшти) ҳадя қилди. Гўштдан ул зоти шариф ҳамда Бишр ибн ал-Бароъ разийаллоҳу анҳу едилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини кўтардилар (тортдилар), кейин эса: “Бу гўшт менга хабар беришича, у заҳарланган экан”, дедилар. Бишр ибн ал-Бароъ разийаллоҳу анҳу вафот этди. Ўша хотинга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу қилмишингнинг сабаби нима?”, деб (киши) юбордилар. У бундай деди: “Агар пайғамбар бўлсанг, Сенга ҳеч нарса зарар қилмайди. Агар подшоҳ бўлсанг, одамлар Сендан қутилади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хайбар кунида еган луқманинг зарари ҳали ҳам кетмаган экан. Бу менинг “гулғунча”ларим тугаш вақтидир”, деб марҳамат қилдилар (Доримий, 1/68).

Мазкур ҳадиси шарифда тилга олинган воқеа Хайбар жангида ҳижратнинг еттинчи йили муҳаррам ойида бўлиб ўтган. Хайбар Мадинанинг ғарбий тарафида тўрт манзил – юз мийл узоқликда жойлашган қалъа бўлган. Бу даврда мусулмонларга энг катта хавф солиб турган яҳудийларнинг қалъаси бўлмиш Хайбарни қамал қилинган. Шу вақтда озиқ-овқат етишмаслиги рўй берган эди. Бир яҳудия аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни меҳмон қилиш баҳонасида заҳарламоқчи бўлган. Заҳарли гўштдан кўпроқ еб қўйган саҳоба Бишр ибн ал-Бароъ разийаллоҳу анҳу шу заҳотиёқ жон берганлар. Гўштдан оз-мунча еган саҳобалар ҳам заҳарланишган, албатта. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга заҳарга қарши муолажалар қилганлар. Бироқ, заҳарнинг таъсири кўп вақтгача сақланиб қолганлигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умрларининг охирларида – ўлим тўшагида ётганларида сезганлар.

Ушбу ҳадиси шарифдан биз душманнинг ҳийлаларидан доимо огоҳ бўлиб яшамоқ кераклигини англаб етамиз.

Иккинчи ҳадис

أخبرنا أبو عاصم حدثنا محمد بن عُمارة بن حزم قال حدثنى عبد الله بن عبد الرحمن (الأنصارى) قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلم لا يطلب هذا العلم أحد لا يريد به الا الدنيا الا حرّم الله عليه عَرْفَ الجنّة يوم القيامة

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Ансорий разийаллоҳу анҳу бундай деганлар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилдилар:

“Бирор кимса ушбу илмни фақат дунё истаб талаб қиладиган бўлса, Аллоҳ қиёмат куни унга жаннат ҳидини ҳаром қилади” (Доримий, 1/263).

Мазкур ҳадиси шарифда зикр қилинган Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ал-Ансорий разийаллоҳу анҳуни ҳадисшунос олимлардан Имом ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ ва Абу Яъло раҳимаҳуллоҳ саҳоба бўлганлигини қайд қилганлар. Шунинг учун биз ҳам мазкур ҳадисни шу ерда зикр қилдик.

Ҳадиси шарифдан диний илмлар мол-дунё тўплаш истагида, обрў-эътибор қозониш мақсадида ўрганилмаслиги, уни мол-дунё тўплаш воситаси қилиб олиш гуноҳ эканини билиб оламиз. Дунёвий илмлар эса дунёнинг обод бўлиши учун зарур воситадир.

Учинчи ҳадис

حدثنا جعفر بن عون أنبأنا يحيى بن سعيد عن أنس قال جاء أعرابى الى النبىّ صلى الله عليه و سلم فلمّا قام بال فى ناحية المسجد قال فصاح به أصحاب رسول الله صلى الله عليه و سلم فكفّهم عنه ثمّ دعا بدلو من ماء فصبه على بوله

Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳудан ривоят. У зот айтишларича, бир аъробий кимса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келган ва туриб, масжиднинг бир бурчагига пешоб қилган. Шунда, саҳобалар бақир-чақир қилганлар. Уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўхтатганлар. Кейин эса бир челак сув сўратиб, унинг пешоби устига септирганлар” (Доримий, 1/765).

Мазкур ҳадиси шарифдан билимсиз кимсага ҳақиқатни босиқлик ва сабр-тоқат билан тушунтириш кераклигини билиб оламиз.

Масжид тупурадиган ва бавл қиладиган жой эмас, уни озоа тутмоқ лозим! Тупроқ ва ер устига сув сепиб қуритиш билан пок бўлиши ҳукми ушбу ҳадиси шарифдан олинган.

Тўртинчи ҳадис

أخبرنا يزيد بن هارون أخبرنا حُمَيْد عن أنس رضى الله عنه أنّ رسول الله صلى الله عليه و سلم قال إنّ العبد إذا صلى فإنّما يُناجى ربّه او ربّه بينه و بين القبلة فإذا بزق أحدكم فليبزق عن يسراه او تحت قدمه او يقول هكذا و بزق فى ثوبه و دلك بعضه ببعض

Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳудан ривоят.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:

“Албатта, банда қачон намоз ўқиса Парвардигорига муножот қилган бўлади. Аллоҳнинг раҳмати банда билан қибла орасида бўлади. Бас, сизлардан бирингиз тупурмоқчи бўлса, чап томонига ёки оёғи остига тупурсин. Ёки бундай деб  кийимларига тупуриб, бир-бирига ишқаб ташладилар” (Доримий, 1/1447).

Қадимда масжидларда тўшамча бўлмаган. Саҳобалар оддий ерда намоз ўқишаверган. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга тупуришдан қайтарганлар.

Аллоҳ таолонинг раҳмати ва марҳамати ёғилиб турадиган муқаддас маконда ибодат қилинганда, Аллоҳ таолонинг ҳурматини сақлаган маъқул. Масжид озода сақланадиган жой. Уни озода сақлаш ҳам ибодатдир!

 Бешинчи ҳадис

أخبرنا أبو عاصِم عن يزيد بن أبى عُبَيْد عن سلمة بن الأكوع أنّ النبىّ صلى الله عليه و سلم بعث يوم عاشورا رجلا من أسلم إنّ اليوم يوم عاشوراء فمن كان أكل او شرب فليتمّ بقيّة يومه و من لم يكن أكل او شرب فليصمه

Салам ибн ал-Акваъ разийаллоҳу анҳудан ривоят. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро куни Аслам қабиласидан бир кимсани бундай деб юбордилар:

“Бугун Ашуро куни. Кимки (тонг отганидан сўнг) еб-ичган бўлса, куннинг қолганини (оч ҳолда) тугатсин. Кимки (саҳарликда) еб-ичган бўлса, бас, рўза тутсин!” (Доримий, 2/1815).

Ҳали Рамазон рўзаси фарз қилинмасдан илгари Ашуро куни рўза тутиш фарз бўлган эди. Ана шу вақтларда кунни аниқ белгилаш мақсадида саҳобалар чоштгоҳгача кутиб турганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ашуро кунини аниқлаганларидан сўнг эълон қилдирганлар.

Рамазон ойининг илк кунини аниқлаш мақсадида Шаъбоннинг энг охирги кечаси ой кўрилиши керак. Эртаси куни “шак куни” дейилишининг сабаби шу. Одамлар шу куни чоштгоҳгача кутиб турадилар. Рамазон ойи кўрилган бўлса, қози рамазоннинг биринчи кунини эълон қилади. Акс ҳолда шаъбонни ўттиз кунга тўлдирилиши кераклигини эълон қилинади. Ушбу ҳолат мазкур ҳадиси шариф ҳукмидан олинган.

Рамазон ойининг ҳурматини сақлаш кераклиги ҳам ушбу ҳадиси шарифдан олинади. Бирор сабаб билан рўза тутмаганлар ёки рўзасини очиб қўйганлар ёхуд мусофир рамазоннинг кундузида муқимга айланганида, рамазоннинг ҳурмати учун то кечгача рўза тутганлар каби юрмоғи вожиб бўлади.

Олтинчи ҳадис

 أخبرنا يزيد بن هارون أخبرنا حُمَيْد عن أنس رضى الله عنه عن عبادة بن الصامت رضى الله عنه قال خرج علينا رسول الله صلى الله عليه و سلم و هو يُريد أن يخبرنا بليلة القدر فتلاحى رجلان من المسلمين فقال رسول الله صلى الله عليه و سلم إنّى خرجت اليكم و أنا أريد ان أخبركم بليلة القدر فكان بين فلان و فلان لِحاءٌ فرُفعت و عسى ان يكون خيرا فالتمسوها فى العشر الأواخر فى الخامسة و السابعة و التاسعة

Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу бошқа бир саҳоба Убода ибн ас-Сомит разийаллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. У зот бундай деганлар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга қадр кечасининг хабарини бериш мақсадида чиқиб келган эдилар. Бироқ, мусулмонлардан икки кимсанинг ўзаро жанжаллашаётгани устида чиқиб қолдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дегандилар:

“Албатта, мен сизларга қадр кечасини хабар бериш ниятида чиққан эдим. Бироқ, фалончи билан фалончи ўзаро сўкишаётгани устидан чиқиб қолдим-да, уни унутдим. Ана энди, уни охирги ўн кунликдан изланглар: бешинчида, еттинчида ва тўққизинчида” (Доримий, 2/1835).

Уруш-жанжал ҳеч кимга наф келтирган эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам қадр кечасини қачон бўлишини аниқ билиб чиққан эдилар. Жанжал устидан чиқиб қолиб, уларни яраштиришга урунганлари табиий, албатта. Бироқ, шу аснода қадр кечасининг аниқ вақти ул зоти шарифнинг эсларида чиқиб қолган.

Бунда бир ҳикмат ҳам бор, албатта. Бу эса: “Ҳар ким кўрсанг, Хизр бил! Ҳар тун кўрсанг, қадр бил!” ҳикматида мужассам бўлса, ажаб эмас.

 Еттинчи ҳадис

أخبرنا يزيد بن هارون أخبرنا حُمَيْد عن أنس رضى الله عنه قال قال عمر بن الخطاب وافقت ربّى فى ثلاث قلت  يا رسول الله لو اتّخذتَ من مقام إبراهيم مصلى فأنزل الله و اتخذوا من مقام إبراهيم مصلى

Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳудан ривоят. У зот айтишларича, Умар ибн ал-Хаттоб разийаллоҳу анҳу: “Раббим уч нарсада менинг истагимни тўғри чиқарди”, дегандилар. Мен айтгандим: “Эй, Аллоҳнинг расули! Иброҳим мақомини намозгоҳ қилиб олсангиз-чи!”. Шунда Аллоҳ таоло: “Иброҳим мақоми”ни намозгоҳ қилиб олингиз!”, (Бақара, 125) деб нозил қилди. (Доримий, 2/1902).

Умар ибн ал-Хаттоб разийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулафо-и рошидинларидан бири бўлиб, пайғамбарлардан кейин инсоният орасида Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳудан кейинги энг афзал зот ҳисобланадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зот ҳақларида: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳақни Умарнинг тили ва қалбига жойлаган!”, деб марҳамат қилганлар (Термизий, 3/3682; Абу Довуд, 3/2963; Ибн Можа, 1/108; Ибн Ҳиббон, 15/6889; Ҳоким, 3/4501; Аҳмад, 2/5145; Табароний, 1/1077; Байҳақий, 2/13099; Баззор, 2/52; Ибн Абу Шайба, 12/32649; Абдурраззоқ, 11/20380).

Умар ибн ал-Хаттоб разийаллоҳу анҳу ўзлари ифтихор қилиб, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло унинг ўйлаганидек ҳукмларни жорий қилгани ва оятлар нозил қилганини айтиб берганлар. Ўшандай оятлардан, асосан, учтасини кўрсатиб ўтганлар. Мазкур ривоятда ана шундай оятлардан бири айтиб ўтилган. У Маккаи мукаррамадаги Каъбатуллоҳ жойлашган Масжиди ҳаромдаги “Иброҳим мақоми” деб аталадиган жойда намоз ўқиш амридир. Ушбу буйруққа кўра Каъбатуллоҳ тавофидан кейин ушбу жойда ёки унинг қаршисида икки ракъат намоз ўқиб олиш вожибдир.

Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳунинг фикрига мувофиқ “Ҳижоб ояти” ҳам нозил қилинган. Учинчи фикри борасида ривоятлар ҳар хил. Рашк (Пайғамбар алайҳиссалом ўз аёлларини талоқ қилиб, бошқа аёлларга уйланиши мумкинлиги) борасидаги оят ёки “Бадр жанги” асирларига қандай муомала қилиш кераклиги ҳақидаги оят кабилар айтиб ўтилган (Бухорий, 1/402; Муслим, 4/2399).

Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳунинг фикрига мувофиқ оятлар нозил қилингани борасидаги ҳадислар у зотнинг фазилатлари ҳақидаги бобларда айтиб ўтилади. Бу ривоятда у зот учта оят ҳақида хабар берганлар. Аслида, яна мунофиқларга жаноза ўқимаслик ҳақидаги оят ва ароқнинг ҳаром қилиниши ҳақидаги оятлар ҳам Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳунинг фикрига мос тушган эди. Шундай қилиб, уларнинг сони олтита бўлади. Улар эса Ҳазрати Умар ибн ал-Хаттоб разийаллоҳу анҳунинг нақадар буюк ва улуғ зот эканлигини билдириб туради.

 Саккизинчи ҳадис

أخبرنا أبو عاصِم و المؤمّل و أبو نعيم عن أيمن بن نابل عن قدامة بن عبد الله بن عمّار الكِلابى قال رأيت النبىّ صلى الله عليه و سلم يرمى الجمار على ناقة صَهْباء ليس ثَمّ ضَرْبٌ و لا طرْدٌ و لا إليك إليك

Қудома ал-Килобий разийаллоҳу анҳудан ривоят. У зот бундай деганлар:

“Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни малларанг туя устида шайтонга тош отаётганларини кўрганман. Ўша жойда ур-йиқит ва ҳайдаш-қувиш ҳам, “у ёққа ўт, бу ёққа ўт!” дейиш ҳам йўқ эди. (Доримий, 2/1953).

Бу ҳажда қурбон ҳайити куни шайтонга тош отиш ҳолати ҳақидаги ривоят бўлиб, унга кўра уловга миниб бориб, тош отиб қайтиш мумкин. Бу ҳанафий мазҳаби фиқҳига мувофиқ келади.

Умуман, ҳаж амалиётларини адо қилаётганда, бошқаларга халақит бермаслик, ҳеч кимни туртиб юбормаслик, оёғини босмаслик, тиқилинчларда бошқаларга озор бермаслик талаб этилади.

Ҳаж амалиётлари бобида келтирилган мазкур ҳадисни Имом ад-Доримий раҳимаҳуллоҳ бирданига учта устози орқали ривоят қилганлар.

Тўққизинчи ҳадис

أخبرنا جعفر بن عون حدثنا إسماعيل بن أبى خالد قال و سمعت ابن أبى أوفى يقول سعى رسول الله صلى الله عليه و سلم بين الصفا و المروة و نحن نستره من أهل مكّة ان يصيبه أحد بحجر او برمية

Ибн Абу Авфо разийаллоҳу анҳу айтадилар:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафо ва Марва тоғлари орасини саъй қилганлар. Шунда биз Макка аҳолисидан бирортаси у зоти шарифга тош ёки ўқ билан мусибат етказиб қўймасин деб пана қилиб турардик” (Доримий, 2/1974).

Сафо ва Марва тоғлари орасида етти марта бориб-келиш зарурий ҳаж амалиётларидан бўлиб, вожиб ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам умрларида бир марта қилган ҳажларида уни адо қилганлар.

Улуғ зотларни, уламоларни, халқ раҳнамолари ва давлат раҳбарларини душманлар ва озор етказиб қўювчилардан пана қилиш ва қўриқлаш ҳам ушбу хилдаги ривоятлар орқали суннат ҳисобланади.

 Ўнинчи ҳадис

أخبرنا يزيد بن هارون حدثنا حميد عن أنس رضى الله عنه أنّه سمع النبىّ صلى الله عليه و سلم يقول لبّيك بعُمْرَة و حَجّ

Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят. У зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Лаббайка, би-Умра ва Ҳажж!”, деяётганларини эшитган эканлар (Доримий, 2/1976).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умрларида бир марта қилган ҳажларида унинг қайси турини қилганлиги борасида уламолар ҳар хил фикрлар билдирганлар. Ҳанафийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умра ва ҳажни биргаликда ният қилганлари учун уни қирон ҳажи бўлган, дейдилар ва қирон ҳажи афзал деб ҳисоблайдилар. Қирон ҳажида умра билан ҳажни биргаликда ният қилиб бориб, аввал умрани қилиб олади ва эҳромдан чиқмасдан тўппа-тўғри ҳаж амалиётларини қилишга киришаверади. Мазкур ривоят шунга далил бўла олади. Бироқ, айни ривоят таматтуъ ҳажига ҳам далолат қилади. Таматтуъ ҳажида аввал умрага ният қилиб бориб, умрани адо қилинади ва эҳромдан чиқиб юрилади. Ҳаж кунлари келганда ҳажга ният қилиб, ҳаж қилинади. Бу шофеъийлар наздида афзалдир. Қирон ҳажи амалда қийинроқ бўлгани боис бизнинг ҳожилар ҳам одатда таматтуъ ҳажини адо қиладилар.

Ҳажнинг учунчи тури “муфрид” деб аталади. Унда фақатгина ҳажни ният қилиб, ҳаж қилинади, умра қилинмайди.

Мазкур ривоятга кўра ҳажда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам овоз чиқариб ният қилганлар. Шунинг учун, ҳанафийлар бошқа ибодатларда, жумладан, намозда ҳам тил билан ният қилишни афзал ва ҳатто суннат деб қайд қилиб келадилар.

 Ўн биринчи ҳадис

حدثنا أبو نعيم حدثنا مُصْعَب بن سُليْم قال سمعت أنس بن مالك يقول أهدى الى النبى صلى الله عليه و سلم تمرٌ فأخذ يهدّيه قال رأيتُ رسول الله صلى الله عليه و سلم يأكل تمرا مقعيا من الجوع

قال أبو محمد يهدّيه يعنى يهدى ها هنا و ها هنا

Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу айтадилар:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга хурмо ҳадис қилиниб қолди. У зот уларни олиб, у ёнларидагиларга, бу ёнларидагиларга улашиб бердилар. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг очликдан (яъни, иштаҳа билан) чўкка тушиб ўтириб, хурмодан еяётганларини кўрганман” (Доримий, 2/2114).

Бир-бировга ҳадия-совғалар улашиб туриш исломнинг буюк суннатларидан биридир. У муҳаббат ва самимият белгисидир. Хусусан, улуғ зотлар, уламолар, тақводор кимсалар, фозил зотларга ҳадиялар бериб, кўнгилларини олиш ва шу орқали дуои хайрларига сабабчи бўлиш азалдан келаётган мусулмонларнинг мустаҳаб ишларидандир. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кунда-кун ора қўлдан келгунча совға-саломлар келтириб турар эдилар. Улуғлар ўзларига келтирилган ҳадияларни ўз атрофидагиларга, шогирд ва муридлари билан бирга баҳам кўриш ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қолган хайрли амаллардандир.

Таомланишнинг ўз одоби бор бўлиб, чўкка тушиб ўтириб ёки бир оёқ устига ўтириб, бирини тикка қилиб тамомланиш мустаҳабдир.

 Ўн иккинчи ҳадис

أخبرنا يزيد بن هارون أخبرنا حُمَيْد عن أنس رضى الله عنه أنّ النبى صلى الله عليه و سلم قال لعبد الرحمن بن عوف و رأى عليه وَضَرًا من صُفرةٍ مَهْيَمْ قال تزوّجتُ قال أوْلِمْ و لو بشاةٍ

“Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдурраҳмон ибн Авф разийаллоҳу анҳуда сариқ доғни кўриб қолиб, “Нима гап?”, дедилар. У: “Уйландим”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Гарчи бир қўй билан бўлса-да, тўй қилгин!”, дедилар” (Доримий, 2/2116).

Бу воқеа мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилиб борган йили содир бўлган. Абдуллоҳ ибн Авф разийаллоҳу анҳу бир ҳовуч тилла маҳр эвазига уйланганлар. Бадан ва кийимларидаги атир ва мушки анбарнинг белгисини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан бунинг сабабини сўрадилар. У уйланганини айтганида, ул зоти шариф бир қўй сўйиб бўлса-да, халққа тўй қилиб беришни тавсия қилдилар. Шундай қилиб, никоҳ қилинганини оммага эълон қилиб, тўй бериш исломда суннат бўлиб қолди.

Ўн учинчи ҳадис

أخبرنا يزيد بن هارون حدثنا حميد عن أنس رضى الله عنه قال أهدى بعض أزواج النبىّ صلى الله عليه و سلم اليه قصعة فيها ثريد و هو فى بيت بعض أزواجه فضربت القصعة فانكسرت فجعل النبىّ صلى الله عليه و سلم يأخذ الثريد فيردّه فى الصحفة و هو يقول كلوا غارت أمّكم ثمّ انتظر حتى جاءت بقصعة صحيحة فأخذها فأعطاها صاحبة القصعة المكسورة

قال عبد الله نقول بهذا

Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга айрим аёллари томонидан сарийд (оби ёвғон) солинган ёғоч товоқ ҳадия қилинди. Ул зоти шариф бошқа аёлларининг уйларида эдилар, у товоқни уриб, синдирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сарийдни олиб, косага сола бошладилар. У зот: “Еяверинглар, онангизнинг рашки келиб қолди”, дердилар. Сўнгра кутиб турдилар, янги ёғоч товоқ келтирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни олиб, синган товоқ эгасига уни бердирвордилар” (Доримий, 2/2653).

Бу воқеа Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг уйларида содир бўлган. Ёғоч товоқ юборган онамиз ҳақида уч хил ривоят мавжуд. Уни Умму Салама онамиз разийаллоҳу анҳо, Ҳафса разийаллоҳу анҳо ва Сафийя разийаллоҳу анҳо экани ҳақида турлича ривоятлар етиб келган. Хуллас, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо меҳр билан таом пишириб бўлиб, энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига қўяётганларида, бошқа аёлларидан тортиқ келиб қолади. Рашкнинг зўридан Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо келтирилган товоқни туртиб юборадилар. Товоқ синади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни алмаштириб беришни буюрадилар.

Албатта рашк меҳр-муҳаббатдан туғилади. Лекин, у ўз ҳадди-чегарасида бўлса, яхши. Акс ҳолда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳам жаҳлларини чиқарган ҳолат бўлиб қолиши мумкин. Аёлларнинг рашк оқибатини ҳар нарса қилиб қўйишлари, бирор нарса деб юборишлари мумкинлигини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тушунганлар, албатта. Бироқ, бировга келтирилган зарар қоплаб берилиши, товон тўланиши керак. Шунинг учун, синган товоқни худди шундай товоққа алмаштиришни буюрдилар.

 Ўн тўртинчи ҳадис

أخبرنا يزيد بن هارون أخبرنا حُمَيْد الطويل عن أنس بن مالك رضى الله عنه أنّ رسول الله صلى الله عليه و سلم حجمه أبو طيبة و أمر له بصاعين من طعام

Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳудан ривоят:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Тоййибага қон олдирдилар ва унга икки соъ таом (буғдой) ҳақ берилишини буюрдилар” (Доримий, 2/2678).

Инсон соғлигига эътибор бериб яшаши керак. Бадан ҳам Аллоҳнинг берган омонатидир. Омонатни қўлдан келганча асраб-авайлаш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз соғликларига эътибор бериб келар эдилар. Ҳар йили қон олдириб туришни одат қилгандилар. Шунинг учун ҳижома – қон олдириш суннат даражасидаги иш деб билинмаса ҳам, лекин исломий одатлардан бири бўлиб қолган.

Ҳар бир мардикорнинг ҳаққини унинг пешона тери қуримасдан туриб адо қилиш исломий бурчлардан биридир. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу бурчларни тўла ва мукаммал адо қилганлар, албатта. Ҳижома қилувчи, сартарош кабиларнинг ҳақларини ўз вақтида ортиғи билан тўлаганлар. Жумладан, мазкур ривоятда қон олувчи Абу Тоййиба разийаллоҳу анҳуга икки соъ буғдой берганлар. Бу ҳозирги вақтда саккиз килоча буғдой бўлади.

 Ўн бешинчи ҳадис

أخبرنا أبو عاصِم عن عثمان بن سعد عن أنس بن مالك أنّ النبىّ صلى الله عليه و سلم كان إذا نزل منزلا لم يرتحل منه حتى يصلى ركعتين او يودّع المنزل بركعتين

قال أبو محمد عثمان بن سعد ضعيف

Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳудан ривоят:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар бирор жойга келиб тушсалар, ўша ерда икки ракъат намоз ўқимагунча кетмас эдилар. Ёки, манзилни икки ракъат билан қолдирар эдилар” (Доримий, 2/2737).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор жойга борсалар, одамларнинг уйларига ташриф буюрсалар, ўша ерда камида икки ракъат намоз ўқиб бериб кетардилар. Одамлар ул зоти шарифдан табаррук учун ҳам намоз ўқиб бериб кетишларини сўрашар эдилар.

Ҳадис иснодидаги тобеъин ровий Усмон ибн Саъд ат-Тамимий ал-Басрий раҳимаҳуллоҳни муҳаддис Имом ад-Доримий раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар хотираси кучли бўлмагани сабабли заиф дейишган бўлса-да, бироқ, ҳофиз муҳаддислардан Абу Нуайм раҳимаҳуллоҳ ва Ҳоким раҳимаҳуллоҳ унга ишонч билдириб, уни ишончли ровий, дейишган. Бинобарин, унинг Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳудан қилган мазкур ривоятини бажонидил қабул қиламиз.

 Ўн олтинчи ҳадис

أخبرنا أبو عاصم عن عبد الله بن عُبَيْد عن أنس رضى الله عنه قال كان غلامٌ يسوق بأزواج النبىّ صلى الله عليه و سلم فقال يا أنجشة رُوَيْدًا سَوْقك بالقوارير

Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларини (туяларда) етаклаб борадиган ғулом бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй, Анжаша! Секинроқ айт, “шиша”ларни олиб кетаяпсан!”, деб қўярдилар” (Доримий, 2/2757).

Туяларни етаклаб юрадиган ва уларни “ҳой-ҳуй”, деб тезлатиб юрадиган махсус одамлар бўларди. Уларнинг асосий хусусияти қўшиқ хиргойи қилиб кетишарди. Туялар қўшиқ оҳангига мослашиб юришга одатланган эдилар. Туякашлар айтадиган ана шундай махсус қўшиқларни “ҳидо” дейилар эди. Эркакларнинг туяларига одатда “ҳидо” айтувчи саҳоба Баро ибн Озиб разийаллоҳу анҳу эди. Аёлларга эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғуломлари Анжаша разийаллоҳу анҳу “ҳидо” айтар эди. Унинг овози жуда ёқимли бўлгани боис туялар лўкиллаб-тезлашиб кетаверар эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни огоҳлантириб, секин-секин “ҳидо” айтишни буюрар, туяларда “шиша”лар бор деб қўярдилар. Ул зоти шариф аёлларни ўта нозикликларига эътибор қаратиб “шиша”ларга ўхшатар эдилар.

 Ўн еттинчи ҳадис

أخبرنا يزيد بن هارون أخبرنا حُمَيْد عن أنس رضى الله عنه عن النبىّ صلى الله عليه و سلم قال إنّ فى الجنّة لسوقا قالوا و ما هى قال كثبانٌ من مِسْكٍ يخرجون اليها فيجتمعون فيها فيبعث الله عليهم ريحا فتدخلهم بيوتهم فيقول لهم أهلوهم لقد ازددتم بعدنا حسنا و يقولون لأهليهم مثل ذلك

Анас разийаллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилишича, ул зоти шариф айтганлар:

“Албатта, жаннатда бозор бўлади”. “У нима?”, деб сўрашган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Мушкдан бўлган тепалик. Жаннатийлар унга чиқиб, тўпланадилар. Аллоҳ уларга хушбўйлик юборади. Бу хушбўйлик уларнинг уйларига кириб боради. Уларга: “Уларга шод-хурсанд бўлинглар! Биздан кейинг гўзаллик сизларда зиёда бўлади”, дейилади. Улар ҳам ўз оилаларига шундай дейдилар” (Доримий, 2/2897).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини жаннатни васф қилиб берар, жаннатга кириш йўлларига тарғиб қилардилар. Ана шундай васфларидан бири жаннатда ҳам ўзига хос бозор бўлиши ҳақидадир. Жаннат бозорларидан жаннатий одамлар ўз қасрларига хушбўйликлар олиб қайтишлари мумкин экан.

Аллоҳ мўъмин-мусулмонларнинг ҳаммасини жаннатнинг олий ўринларига муносиб кўрган бўлсин! Бизларни ҳаёти дунёда жаннат аҳлидан бўлишга саъй-ҳаракат қилиб, Аллоҳнинг розичилигини топадиган бандалардан қилсин! Омин!

Тамом.

Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний.   

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 1 та

  1. Имом Доримий «Сунан» китобларидаги адисларни кўп исми, фи га оид эканлиги маълум бўлди.

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *