Анваршоҳ Кашмирий (р.ҳ.) ваҳҳобийлар бошлиғи ҳақида

Lotin alifbosida

Ҳиндистоннинг таниқли олими, Девбанд уламоларининг катталаридан бири Анваршоҳ ал-Кашмирий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Саҳиҳ ал-Бухорий”га ёзган шарҳи “Файз ал-Борий”да ваҳҳобийларнинг бошлиғи Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб  ҳақида икки ўринда сўз юритган ва уни қаттиқ танқид қилган:

1) Анваршоҳ ал-Кашмирий раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳ ал-Бухорий”нинг “Аҳли илмлар учун маълум кунни таъйинлаган кимса ҳақидаги боб”ида урф-одат ва расм-русумлар ҳақида гапириб ўтади. Бу хилдаги урф-одатлар бидъат ҳисобланмаслиги, умуман шариатга суянадиган одатлар асло бидъат бўлмаслигини қайд қилади. У бидъатларни ажратиб, мусибатларда қилинадиган расм-русумлар бидъат, хурсандчилик ва шоду хуррамлик учун қилинадиган никоҳдаги ва бунга ўхшашлардаги урф-одатлар бидъат бўлмаслигини зикр қилиб ўтади. Шу ерда Анваршоҳ ал-Кашмирий раҳимаҳуллоҳ Ҳиндистон олимларидан Исмоил Деҳлавий (р.ҳ.) ҳақида гапириб, уни ҳам қисман танқид остига олади. Унинг “Изоҳ ул-ҳақ ас-сариҳ” номли китоби урф-одатлар ҳақида эканини айтиб ўтади. Бу китоби унинг “Тақвият ул-имон” китобидан кўра яхшироқ эканини қайд қилиб, мазкур “Тақвият ул-имон”нинг қаттиқлик билан ёзилганини, шунинг учун манфаати оз бўлиб қолганини айтади. Натижада айрим жоҳиллар уни ушбу китоби сабабли кофирга ҳам чиқарганларини ёзади. Худди ана шу жойда, ваҳҳобийлар бошлиғи Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб номи келтирилади. Уни ан-Наждий нисбаси билан зикр қилиб, “У аҳмоқ-тентак ва илми оз кимса бўлган. Куфрга ҳукм қилишга шошилувчан кимса бўлган. Бу водийни босиб ўтиш учун эса фақатгина куфр турлари ва сабабларини чуқур биладиган, фикри кенг, ишончли одам бўлмоғи керак”, дейди. (Анваршоҳ ал-Кашмирий. Файз ал-Борий шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий. – ал-Мактабат аш-шомила. Исдори солис, 2006. – Б. 1/244).

2) Анваршоҳ ал-Кашмирий раҳимаҳуллоҳ ваҳҳобийларнинг бошлиғи Муҳаммад ибн Абдулваҳҳобни “Саҳиҳи Бухорий”нинг “Хотин кишининг масжидда ухлаши ҳақидаги боб” шарҳида яна бир бор зикр қилган. Эркакларнинг беузр – мусофир ва эътикофли бўлмасдан туриб масжидда ухлаши макруҳ бўлганидек хотинларнинг масжидда ухлашлари батариқи авло макруҳлигини қайд қилади. “Мишкот”да келтирилган бир ривоятни эслайди: икки киши масжидда овозларини баланд қилаётганини эшитиб, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу: “Агар икковингиз Мадина аҳолисидан бўлганингизда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларида овозларингизни баланд кўтарганингиз учун дарра урдирардим”, деганлар. Айнан шу ривоят сўнгида, масжид одобларига беэътибор бўлгани боис Ибн Абдулваҳҳоб ан-Наждийни эслаб, бу кимса масжидда ҳовонча (ўғирча, келича)сини тақиллатиб ўтираверарди, деб танқид қилади. (Анваршоҳ ал-Кашмирий. Файз ал-Борий шарҳ Саҳиҳ ал-Бухорий. – ал-Мактабат аш-шомила. Исдори солис, 2006. – Б. 2/186).

Демак, Анваршоҳ ал-Кашмирий раҳимаҳуллоҳ ўз давридаги аҳли сунна ва жамоанинг таниқли олими сифатида ваҳҳобийларга қарши бўлган ва уларнинг бошлиқларини танқид қилиб, одамларни унинг қилмишларидан огоҳлантирган.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...