Кошки қавмим билсалар эди!

Lotin alifbosida

Шайх Абдулазиз Уюн ас – Сууд ва Носир Албоний ўртасида бўлиб ўтган баҳс.

Қорилар шайхи, фатво мудири Абдулазиз Уюн ас – Сууд Ҳимсий ва Носир Албоний ўртасида бўлиб ўтган баҳсни аллома, муҳаддис, шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ шундай сўзлаб беради.

Муҳаммад Аввома ўзининг «Фақиҳлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни» китоби 47 – саҳифасида шундай дейди. Унинг ибораси қуйидагича:

Бунга мени ўқувчиларга айтиб бермоқчи бўлган нарса ундади. (Кулгули ва йиғлайдиган воқеа)

Шайхимиз Ҳимснинг алломаси ва истеъдоди, қорилар устози, фатво амини, муқрий (муқрий – камида бешта қироатда ўқий оладиган кишига айтилади), муфассир, фақиҳ, парҳезкор инсон шайх Абдулазиз Уюн ас – Сууд (Шайх Абдулазиз Уюн ас – Сууд раҳматуллоҳи алайҳ ҳаётлари ҳақида қисқача таъриф. Шайх Абдулазизнинг илмини таърифлаганлар: соҳил йўқ дарё эди, дейишган. Сиймоси тобеъинларга ўхшаш эди. Ҳанафий мазҳабининг фақиҳи эди. Ўн хил қироатдан ижозаси бор, ўта сахий инсон эди. Олти саҳиҳни ёдлаган. Ўғилларидан бири айтади: отамиз асрдан кейин Қуръондан Фотиҳани ўқиганимиздек ёддан ҳадис айтишни ўзига вазифа қилиб олганди. Шеърдан эса 16 000 байтни ёдлаган эканлар. Кечалари қоим, кундузлари соим эди. 1933 – ҳижрий сана сафар ойининг 14 – куни саҳар пайти намозда 63 ёшда вафот этган.)

Буни менга Ҳалабдаги уйимда ҳикоя қилиб берганига қариб тўққиз йил бўлиб қолди.

Масжидга пешин намози азонидан бироз олдин нотаниш бир одам кириб келди. Менга у таништирилди. Менга ҳам унинг исмини айтдилар. Унинг исми шайх Носир Албоний эди!

У азонни кутганча ўтирар эди. Бир вақт муаззин азон айта бошлади: Аллоҳу акбаро Аллоҳу акбаро!  Ҳалиги киши қўзғалиб, ғазаб билан бу хато, бу бидъат!, деди.

–Қайси хато, қайси бидъат?, деди шайхимиз.

–Бу Саҳиҳи Муслимдаги хадисга зид, деди у.

Шайхимиз яна саволни такрорлаб:

–Саҳиҳи Муслимдаги нима экан?

Ҳалиги киши Сахихи Муслимда:

–Аллоҳу акбару! Аллоҳу акбару!, деди.

Шайхимиз ўзининг одатий одоби ва камтарлиги билан:

— Сизлар Саҳиҳи Муслимни шайхларингиз шайхларидан то имом Муслимгача уни замма (у) билан ривоят қилган ҳолда олганмисизлар ёки у босмохонанинг қўйган белгисими?!

Шайхимиз айтади: у сукут қилди. Мен ҳам индамадим. Намозини ўқиди – ю чиқиб кетди.

Оқиллар эътибор берсин?!

Шу билан бирга бу киши (яъни: Албоний) Ҳалаб уламоларидан бирортасидан на ижоза олган, на таълим, на бирга юрган, на ҳамсуҳбат бўлган, на уларни маҳкам ушлаган!!!

Қозий Иёз раҳматуллоҳи алайҳнинг «Илмаъ» китобида 28 –сахифасида:

“Аббосийлардан Муътасим Имом Аҳмадга Ибн Абу Довуд билан гаплашинг деди. Имом ундан юз ўгирди. Мен асло бирор олимнинг эшиги олдида кўрмаган инсоним билан қандай гаплашаман, деди.

Воқеага гувоҳ бўлганлар айтадики: муаззин шайхнинг ўғилларидан бири бўлган. Ўша муаззин ёшлигида Қуръони каримга ҳофиз, азондан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинларигача етиб борадиган иснод билан ижоза олган эди.

Шаръий илмнинг хусусиятларидан бири устоздан олинишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан, Жаброил алайҳиссалом эса Аллоҳ таолодан олганидек.

Китоб бу олимнинг ҳаёти. Лекин шаръий илмларга фақат китоб билангина етилмайди. Ҳақиқий илм устозларлар оғзидан олинади. Китоблар эса толибга кўмакчи бўлади. Китобнинг ўзига чекланиш энг катта бало, энг катта тойилишдир. Айниқса бугунги тахликали замонда бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатга айланиб улгурган. Баъзи чоласаводлар турли “китоблар”дан ибораларни ўқиб олиб, ҳаммани ихтилофга солаётгани сўзимиз далилидир. Китоблар доимо яхшиликка хизмат қилиши керак. Лекин ҳамма китоблар ҳақида ҳам бундай дея олмаймиз.  Ўқиш, ёзиш илм ҳосил қилиш воситаларидандир. Асос эмас. Асос эса юқорида айтганимиздек комил устозлардир. Илм воситаларини дастак қилиб олиб ҳаммани бошини айлантираётганлар қадимда ҳам, хозир ҳам топилади. Бундай бузуқ таълифотлар ортида эътиқодларни ўзгариши, мазҳабларни тарк қилиниши, улуғ зотларга таъна тошларини отиш каби сабабларни ётганлиги кишини дахшатга солади. Биз бугун бу мавзуни кўтармоқчи эмасмиз. Чунки бузуқ тоифаларнинг китобларига баҳо беришни сўраш қуёшнинг нур сочишига далил сўраш билан баробардир.

Ҳаттоки улуғ машойихларимиз энг мўтабар ҳисобланган китобларни, ноёб асарларни, қимматбаҳо қўлёзмаларни устозсиз ўқишдан қайтарган бўлсалар – у, бундай бузуқ мақсадлар баён қилинган таълифотлар хусусида гапирмаса ҳам бўлаверади. Ўзингиз бир қиёс қилинг!

Ҳақиқатда китобларнинг ўзигагина чекланиш энг катта бало, энг катта офат, устоз шогирд ананасидан юз ўгиришдир. Тўғри китоб ўқиш яхши албатта. Бусиз илмга етишиш қийин.  Лекин китоб мутола қилувчи инсон доим ҳам муаллиф истаган нарсаларни тушуна олмайди.  Масаланинг  чигал жойи ҳам мана шунда. Устоз шогирд ананасига келсак, бунинг ўзи ҳам алоҳида мавзу.

Илм ҳосил қилишда китобларнинг  ўзига маҳкам ёпишиб олиш хусусида ҳақиқий илм соҳиблари айтган гапларни ўргансакда кейин хулоса чиқарсак. Бу ҳолатга улуғ устозлар қандай баҳо берганлар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга масжидда илмдан мунозара қилаётган ҳалқа ҳақида айтилганда:

– “Уларнинг  боши борми?” Яъни: устозлари борми?

– “Йўқ”, дейишди.

– “Унда ҳаргиз фақиҳ бўла олмайдилар”.

Ҳақиқатда шундай масалалар борки унга фақат тажрибали шайх, моҳир олимнинг изоҳи билангина етилади. Улуғларнинг бир гапи бор: “Ким илмга ёлғиз кирса, ёлғиз чиқади”. Яъни: ҳаракати бефойда бўлади.

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ:

“Ким китобларнинг турли жойларидан (ўқиб) фиқҳни ўрганса ҳукмларни зое қилибди”, деганлар.

Салафлардан бири:

“Энг катта бало саҳифадан шайх бўлиш”. Яъни: устозсиз саҳифалардан таълим олиб “шайх” бўлиш.

Бу гапни саодат асри эгалари ҳисобланган, илмни комил устозлардан олган салафлар вақтида айтилгани китобнинг ўзидан “мулло” бўлишга интилиш кучайган бугунги даврда нечоғлик муҳим ва долзарблигини яққол кўрсатади.

Баъзи талабалар ўзларини устозларга мурожаат қилмай ҳам илмни китоблардан олиш, ибораларини шарҳлаш, мушкилотларига ечим топиш салоҳиятига эгаман деб, ўйлайдилар. Ўзига бўлган бу ишонч кўпинча соҳибини мағлуб қилиб қўяди. Илмдан узоқлаштиради. Тўғрисидан хатосини кўпайтириб юборади.

Имом Саъид ибн Абдулазиз ат Танухий ад Дамашқий раҳматуллоҳи алайҳ (илмда Авзоъий раҳматуллоҳи алайҳга тенглаштирилади. 709 – 783 м/с, 90 – 167 ҳ/с):

“Илмни саҳифачидан, Қуръонни мусҳафчидан олманглар”, дер эди.

Қадимдан:“Кимнинг шайхи китоби бўлса, унинг хатоси тўғрисидан кўпроқ бўлади”, дейиларди.

Китобнинг ўзига чекланишни баъзи офатлари ҳақида сўз юритган уламолар қуйидаги нарсаларга эътибормизни қаратамиз:

“Толиби илмлар кўпинча босма натижасида қўшилиб қолган хатолар, сўзларнинг тушиб ёки қўшилиб қолганлиги, эъробни бузиб ўқиш, ундан келадиган фасод маъно, ёзилмаган нарсаларни ўқиб олиш, ўқилмаган нарсаларни ёзиб қўйиш, китоб соҳибининг мазҳаби, ақидасини билмаслик, босмани ишончли эмаслиги, нақлни саҳиҳ ёки заифлиги, соҳа вакиллари ишлатадиган истилоҳларни баёнини тушунмаслик ва бошқа илмга оид бўлган хатоларни билмайдилар. Шу ҳолатда одамларга фатво айтсалар ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам адаштирадилар. Бу нарсаларнинг зараридан устозда ўқиган толиби илмлар четда бўладилар. Манашу сабабдан илмни устоздан олиш китобдан олгандан яхши ва афзалроқдир”.

Хулоса ўринида бугунги кун ёшларига айтар гапимиз илм ҳосил қилишда китобнинг ўзига суяниб қолманг. Илмни етук олимлардан ўрганинг. Шундай бўлса хар хил нарсаларни ўқиб олиб ихтилоф қиладиганлар бўлмас эди.

Андижон шаҳар “Ҳазрати Билол” жоме масжид имом хатиби Равшанбек домла

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *