Намоз охиратда сўраладиган нарсаларнинг энг биринчисидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
أوّل ما يسأل عنه العبد يوم القيامة ينظر فى صلاته فان صلحت فقد أفلح و ان فسدت فقد خاب و خسر
“Қиёмат куни бандадан сўраладиган нарсаларнинг энг биринчиси намозига қаралади. Бас, агар намози дуруст бўлса, у нажот топади. Агар намози бузуқ бўлса, муваффақиятга эришмайди, зарар кўради” (Табароний, “ал-Мўъжам ал-авсат”, 4/3782).
Яна бир улуғ зот бундай деган эканлар:
أوّل ما يسأل عنه العبد يسئل عن صلاته فإن تقبلت منه تقبّل منه سائر عمله و إن ردّت عليه ردّ عليه سائر عمله
“Бандадан сўраладиган нарсаларнинг энг биринчиси намозидан бўлади. Агар у қабул қилинса, бошқа амаллари қабул қилинади. Агар у рад қилинса, бошқа амаллари рад қилинади” (Ибн Абу Шайба, 2/7856).
Қиёматда сиз билан биздан сўраладиган ибодатни жуда эҳтиёт қилиб, мукаммал ва баркамол адо қилишга урунмоғимиз лозим бўлади. Қуръони каримдаги бир қанча ўринларда келадиган намозга бўлган буйруқлар: و أقيموا الصلوة – “Намозни барпо қилинглар!” деган хитобнинг нимага “Намоз ўқинглар!” дейилмаганига уламолар эътиборни қаратиб, бу ерда намознинг барча арконларини мукаммал ва тўла-тўкис адо қилиш назарда тутилганлигини айтиб келадилар. Бунинг учун эса намознинг фарз ва вожибларини ёки суннатларини чала-чулпа адо қилиб қўявермасдан, балки мустаҳаблари билан бирга тўла-тўкис адо қилиш керак бўлади.
Ана шундай тўла-тўкис ва мукаммал адо қилиш керак бўлган жиҳатлардан бири намозда замсура қилишдир. Жанозадан бошқа замсурасиз бирорта намоз йўқ! Намозда замсура қилиш вожиблигини ҳамма яхши билади. Намоз ўқишни ўрганаётган кимса энг биринчи навбатда “Сураи фотиҳа” билан бирга бир неча қисқа-қисқа сураларни ёд олишга ҳаракат қилади. “Замсура” деган сўзнинг ўзи “бирор сурани “Алҳамду”га қўшиб ўқиш”, деган маънони англатади. Тўғрими? Бироқ, нега айрим муҳтарам имом-домлалар намозда замсура ўқиш ўрнига ҳар жойдан-ҳар жойдан бир неча оятни ўқишга кифояланиб қолмоқдалар?! Кечирасиз-у, бу менга ўзбилармонлик ва олифтагарчилик бўлиб кўринади! Тушунмайман, улар ҳамма биладиган энг қисқа-энг қисқа сураларни ўқишга ўз қавмидан уялишадими?! Астағфируллоҳ!
Бу гапларимни исбатлашга ҳаракат қилиб кўраман. Мен бу гапимни айтган заҳоти муҳтарам имом-домлаларимизнинг хаёлларига фиқҳий манбалардаги: و قرأ الفاتحة و سورة او آية طويلة او ثلاث آيات قصيرة – “Фотиҳани ўқийди ва бир сура ёки узун бир оят ёки қисқа уч оят ўқийди”, деганга ўхшаш иборалар келиши мумкин, албатта. Бироқ, “Мухтасар ал-Виқоя”нинг матнида ضمّ سورةٍ – “Замсура” дейилган, холос. Унда “бир узун оят ёки уч қисқа оят” деган жумла қайд қилинмаган. Ўзи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошлаб то бизнинг давримизгача ўтган уламолар ва имомлардан ҳозирги айрим муҳтарам имом-домлаларимиз каби Қуръоннинг ҳар жой-ҳар жойидан уч-тўрт оят ўқиб имом бўлганликлари нақл қилинмаган! Улар узун бўлса-да тўлиқ сурани замм қилганлар ёки қисқа сураларни ўқиб қўя қолишган. Ҳозирги айрим муҳтарам имом-домлаларимиз уммат орасида янги бир бидъат жорий қилмоқдалар…
Иқтибосларни бундан бошласак: Сўфи Аллоҳёр алайҳи раҳмату-с-Саттор ўзининг “Маслак ул-муттақин” асарида қуйидагиларни айтганлар:
Ҳазрати Мустафо дуруни намоз,
Зи охири сурае накард оғоз.
Қатъ ҳам дар миёни сура нез,
Ки, накарда аст он Расули азиз.
Балки ҳар сураеки кард оғоз,
Кард охир, агарчи буд дароз.
Мазмуни: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда бирор сурани охиридан бошлаб ўқимаганлар. Бирор сурани ўртасидан узиб ҳам қўймаганлар. Балки, бирор сурани бошласалар, узун бўлса ҳам уни охиригача қироат қилар эдилар (Сўфи Аллоҳёр. Маслак ул-муттақин. – Тошкент, 1914. – Б. 332-333.).
Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай деганлари нақл қилинган:
لكلّ سورة حظها من الركوع و السجود
“Ҳар бир сура учун рукуъ ва саждадан насиба бўлсин!” (Аҳмад, 5/20670; Байҳақий, 3/4470).
Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: لكلّ سورة ركعة – “Ҳар бир сура учун ракъат бор!” деганлар (Таҳовий, 1/2029-2030).
Ҳазрати Билол разийаллоҳу анҳу бир куни ҳозирги айрим имомларга ўхшаб бир бу сурадан, бир у сурадан қироат қилиб намоз ўқиётган эканлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бундай деганлар:
أخلطت الطيّب بالطيّب، إقرأ السورة على وجهها او قال على نحوها
“Ёқимли хушбўйни бир-бирига аралаштирдинг! Сурани ўз ҳолида (битта ўзини бошқасига аралаштирмасдан) ўқигин!” (Абдурраззоқ, 2/4209-4210; Ибн Абу Шайба, 2/8910; 10/30887; Байҳақий, “Шуаб ал-имон”, 4/2104).
Тобеъинлардан бўлмиш Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳдан бир имомнинг бу сурадан икки-уч оят ўқиб, кейинги ракъатда бошқа сурадан икки-уч оят ўқиши ҳақида сўраганларида, у зот бундай деган эканлар:
ليتق أحدكم ان يأثم إثما كبيرا من حيث لا يشعر
“Сизлардан ҳар бирингиз тушунмаган ҳолатда катта гуноҳни қилиб қўйишдан тақво қилсин!” (“Эъло ус-сунан”, 3/1089).
Албатта бу ривоятлар ҳар ракъатда тўлиқ бир сурани ўқишнинг афзаллигини билдиради. Шунинг учун ҳам, “Мухтасар ал-Виқоя”нинг матнида ضمّ سورةٍ – “Замсура” дейилган, холос. “Радд ал-муҳтор”да эса бундай дейилган:
مع انّهم صرّحوا بأنّ الأفضل فى كلّ ركعة الفاتحة و سورة تامّة
“Шу билан бирга, уламолар ҳар бир ракъатда “Фотиҳа”ни ва тўлиқ бир сурани ўқишнинг афзал эканини очиқ ёзиб қолдирганлар” (Ибн Обидин. Радд ул-муҳтор. 2-жилд. – Риёз: Дор олам ал-кутуб, 2003. – Б. 261.).
“Бадойеъ ус-санойеъ”да эса бундай деб келтирилади:
و المستحبّ أن يقرأ فى كلّ ركعة بفاتحة الكتاب و سورة تامّة كذا ورد فى الحديث
“Ҳар бир ракъатда “Фотиҳат ал-Китоб”ни ва тўлиқ бир сурани ўқимоқ мустаҳабдир. Чунончи, ҳадисда келтирилган” (Абу Бакр ал-Косоний. Бадойеъ ус-санойеъ. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 43.).
Бадруддин ал-Айний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳ ал-Бухорий”га ёзган “Умдат ал-қори” номли шарҳида бундай деганлар:
و الأفضل أن يقرأ فى كلّ ركعة فاتحة الكتاب و سورة كاملة فى المكتوبة
“Афзал шуки, фарзларнинг ҳар бир ракъатида “Фотиҳат ал-Китоб”ни ва мукаммал бир сурани ўқигай” (Бадриддин ал-Айний. Умдат ал-қори. 6-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 61.).
Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам аксар ҳолатларда тўлиқ бир сурани бир ракъатда ўқир эдилар. Айрим ҳолларда эса жуда узун сураларни бўлиб, икки ракъатда ўқиганлар. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шомда “Аъроф сураси”ни иккига бўлиб, икки ракъатда ўқиганлар (Термизий, 2/308; Насоий, 1/991; Табароний, 5/4823; Аҳмад 38/23544; Ибн Абу Шайба, 1/143).
“Эъло ус-сунан”да Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳунинг бомдодда “Бақара сураси”ни икки ракъатда ўқиб берганлари нақл қилинган (3/1084).
Жуда узун сурани бошлаб қўйилган тақдирда зарурат юзасидан уни иккига бўлиб, икки ракъатда ўқилган. Фиқҳий матнлардаги “Фотиҳа”дан кейин уч қисқа оят ёки бир узун оят ўқиш мумкинлиги бу намозни энди бошлаган, сура ўқишни билмаганлар учун, дейиш тўғрироқ бўлади.
Шу ерда яна бир бидъатга ўхшаган янги бир ишни айтиб ўтмасак бўлмайди. Бу фарз намозларда Қуръони каримни хатм қилиш масаласидир. Асрлар давомида таровеҳ намозларидагина Қуръонни хатм қилиб келганлар. Мусулмонлар уммати то бугунгача фарзларда Қуръонни хатм қилиш ишини кўрган эмаслар. Лекин, айрим қори акаларимиз, масалан, ҳар бомдодда ёки ҳар хуфтонда Қуръонни хатм қилиш ишини жорий қилмоқдалар. Зоҳиран қараганда, бу иш савобли бўлиб туюлса-да, бироқ, у мусулмонлар уммати шу пайтгача қилмаган, асрлар давмомида бирор марта тақводор ва парҳезгор уламолар томонидан жорий қилинмаган бидъат бир ишдир. Саҳобаларнинг олимларидан бири Муоз ибн Жабал разийаллоҳу анҳу қавмига имом бўлар эканлар. Бир куни намозда “Бақара сураси”ни бошлаб қолибди. Бир кимса дарҳол салом бериб, чеккага чиқиб ёлғиз ўзи намозни ўқиб олибди ва келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал разийаллоҳу анҳуни чақириб, “Эй, Муоз! Сен фитначимисан?! “Вашшамси”ни, “Валлайли”ни, “Саббиҳисма”ни ёки “Вассамаи зати-л-буруж”ни ва “Вассамаи ва-т-тариқ”ни ўқигин! Сенинг орқангда катта ёшлилар, заиф бечоралар, иши кўп ҳожатмандлар бўлади” деганлар (Бухорий, 1/705; Муслим, 1/465; Насоий, 2/984; Абу Довуд, 1/790; Ибн Ҳиббон, 5/1840; Ибн Хузайма, 1/521; Байҳақий, 3/5033; Аҳмад, 3/12269; Ибн Абу Шайба, 1/3625).
Мазкур ривоятнинг бошқа вариантида ўша кимсани Муоз ибн Жабал разийаллоҳу анҳу ихлоссизликда айблагани ва мунофиқ дегани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилиб борган (Бухорий, 8/6106).
Хулоса. Юқоридаги фиқҳий манбалардан олинган иқтибослар ва келтирилган ҳадиси шариф матнлари шуни кўрсатадики, инсон намозларда замсура қилмоғи даркор. Замсура эса бир сурани тўлиқ ўқиш деганидир. Салафи солиҳинлар ва ота-боболаримиз намозларда замсура қилиб келишган, ҳар ракъатда тўлиқ бир сурани охиригача ўқишга қаттиқ ҳаракат қилганлар. Қайсидир узун сурадан уч-тўрт оят ўқиб имом бўлмаганлар. Шайх Дўстмуҳаммад Турсун қуддиса сирруҳу: “Ҳозирги замонда имомлар намозда кичик-кичик сураларни бехато ва камчиликларсиз ўқиганлари яхши”, дегувчи эдилар. Бу борада Абдуллатиф домла Марҳаматий ҳафизаҳуллоҳ ҳам жуда ҳаққоний ва ҳикматомуз фикрни билдирганлар: “Намоз замсурасида тўлиқ бир сурани ўқишнинг афзаллиги шу ердаки, намозхон Аллоҳ таолонинг ўзи бошлаган ва тугатган сурани ўқиган бўлади!”.
Шу билан бирга, ота-боболаримиз фарз намозларда хатми Қуръон қилмаганлар. Қуръонни тўлиқ хатм қилиш таровеҳ намозлари учун белгиланган. Зотан, фарзлар бир улкан омонат бўлиб, уни хатосиз ва камчиликсиз, мукаммал қилиб ўқиб бериш имом-домлаларимизга жуда катта масъулият юклайди.
Ҳамидуллоҳ Беруний.

