Ҳанафий мазҳабига кўра Витр намози

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Алҳамдулиллаҳи робби-л-ъаламийн. Ва-л-оқибату ли-л-муттақийн! Вассолату вассалому ъала саййидина Муҳаммад, ва ъала олиҳи, ва асҳобиҳи ажмаъийн!

Мавзуга кириш

Замонамизда ер юзида фасод тарқатувчи, ҳамма жойга фитна сочиб юрувчи, иттифоқларга рахна солувчи, одамларнинг ибодатларига, эътиқодларига, амалларига гап топиб ҳадеб таъна қилувчи,  бемазҳаб кимсалар, зоҳирий, салафий ва ваҳҳобий сингари жамоалар бизнинг юртимизда ҳам ўзларининг фитналарини гоҳ-гоҳ, кетма-кет, изма-из кўрсатиб турмоқдалар. Уларнинг янги фитнаси витр борасида бўлди. Зотан, ҳақиқий шофеъий, ҳақиқий моликий ва ҳақиқий ҳанбалий бўлган одамлар ҳеч қачон ҳанафийларга таъна қилиб, айб тақамайдилар. Чунки, аҳли суннат ва жамоат таълимотидаги ушбу тўрт мазҳаб вакилларининг ҳар бир фақиҳи шуни яхши биладики, витр ҳақида келган барча далил ва ҳужатларни, уларнинг мажмуини бир-бирига мувофиқлаштириб, ўзаро мутлақ татбиқ этиб амал қилишнинг асло иложи йўқ. Ҳар бир мазҳабда витр борасида келган қайсидир ҳадиси шарифни тавжиҳ ва таъвил қилишга эҳтиёж сезилади. Бинобарин, аҳли суннат ва жамоат таълимотидаги ушбу тўрт мазҳаб фиқҳида витр ҳақида ўзлари қабул қилган фикр ва далиллари айтиб келинади, бошқасини эса инкор қилинмайди.

Бемазҳабларнинг янги фитналаридан ва бўлмағур гапларидан бири: гўё ҳанафий мазҳабидаги витр намози суннатга мувофиқ эмас экан! Қолган учта мазҳабда иттифоқ қилинган масалаларга бизнинг ҳанафий мазҳабида амал қилинмас эмиш. Хусусан, биз ўқиётган уч ракъат витр, уни шомга ўхшатиб ўқиш асло суннатга мувофиқ эмас эмиш. Чунки, улар даъво қилишларича, “Витрни шом намозига ўхшатиб ўқиманглар!”, деган мазмундаги ҳадис бунга далил эмиш. Ҳолбуки, тобеъинларнинг улуғларидан бўлмиш Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан: “Витрнинг уч ракъат экани ҳамда уларнинг охиридагина салом берилишига мусулмонлар ижмоъ қилганлар”, деган гап нақл қилинган. Яъни, ҳанафийлар каби витр ўқимоқ саҳоба ва тобеъинларнинг ижмоъси экан!

Шунингдек, бемазҳаблар айтишича, биз ҳанафийларнинг витримиздаги навбатдаги хато қунут дуоси ўқилганда қўлларни кўтариб, очиб “дуои қунут” ўқимаслик экан. Уни ўқилганда қўллар кўтарилиб ўқилиши керак эмиш, ана шу суннат эмиш. Иннанкейин, витрда “дуои қунут” ўқиш ҳамма вақт шарт эмас экан, витр намози “дуои қунут”сиз ҳам бўлаверар ва шундай қилиб ҳам туриш керак эмиш. Уларнинг айтишларича, суннатга энг мувофиқ витр ўқиш қуйидагича бўлармиш:

  • Уч ракъат витрнинг ўртасида қаъдага ўтирмай, бира йўла уч ракъатни ўқиб, охирида ўтириш;
  • Уч ракъатни иккита салом билан ўқиш, яъни икки ракъатдан кейин ўтириб, ташаҳҳуд, саловот ва дуоларни ўқиб салом бериб, туриб кетиб яна бир ракъат ўқиб, яна ўтириб ташаҳҳуд, саловот ва дуоларни ўқиб салом бериш;
  • Бир ракъат билан чекланиш. Яъни, икки ракъат ўқиб, уни тугатилади. Сўнг туриб, бир ракъат витрга қайта ният қилиб, бир раъкат ўқиш;
  • Беш ёки етти ракъат витр ўқилмоқчи бўлса, битта салом билан пайдар-пай қилиб ўқиш. Яъни, ракъатлар орасини бўлмасдан ўқиш.

Юқоридаги гап-сўзлар қарийб 1300 йилдан бери витрни анъанавий тарзда ўқиб келаётган мўъмин-мусулмонларни айблаш, уларга таъна қилиш, ҳанафийларни суннатга эргашмайди, деб иддио қилиш, ҳанафий уламоларни билимсизликда, суннатни яхши билмасликда, билганларини ҳам яшириб келганликда айблашдан бошқа нарса эмас!!! Бу минг йиллик аҳолиси ҳанафий бўлиб келган ўлкага қилинган навбатдаги фитна уруғини ташлашдир, минг йиллик ҳанафийларга нисбатан ҳақоратдир!!!

Аллоҳимга қасамки, мазҳаблар шаклланган даврдан бошлаб, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ва у зотнинг мазҳабидаги ҳанафий олимлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг кўп эргашувчилар, ҳадиси шарифларни энг чуқур ва теран билувчилар, ҳадисларни тўғри, мукаммал ва муфассал тушунувчилар ҳисобланади! Бу бир қанча масалалар ва жиҳатлар билан ўз исботини  топиб улгурган. Буни бошқа мазҳабнинг инсофли уламолари ҳам тан олишган. Бироқ, замонамизнинг бемазҳаблари ушбу ҳақиқатларни атайин яшириб, ўрнига ўзларининг фитналарини тарқатиб келмоқдалар.

Бемазҳабларнинг витр борасида айтаётган юқоридаги фитнасида бир неча янглишувлар ва ўзлари ҳам англаёлмаган тушунмовчиликлар бор:

Биринчидан, витр борасида ҳанафийларнинг ўзини аҳли суннат ва жамоатнинг қолган уч мазҳабига – шофеъийлик, моликийлик ва ҳанбалийликка тескари қўйишлик нотўғридир. Чунки, Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг бир қавлига кўра ҳам витрнинг уч ракъат бўлиши ҳанафийлар билан бир хил.

Иккинчидан, улар витр билан тунги намозни, яъни таҳажжуд орасини фарқламасликлари ҳам нотўғридир. Аслида, витр алоҳида намоз, тунги намозлар эса алоҳидадир. Буни биз витр намозининг вожиб эканлигидан, тунги намозни эса ислом оламида ҳеч бир уламо вожиб демаганидан билиб олишимиз мумкин. Таҳажжуд бизнинг мазҳабимизда мустаҳаб, нари борса суннати муаккададир. Витр эса вожиб ҳисобланади.

Учинчидан, улар “Витрни шом намозига ўхшатиб ўқиманглар!”, деган мазмундаги ҳадисни билибдилар, лекин, унинг ҳақиқий маъносини – мақсадини англай олмабдилар. Чунки, унинг маъноси мумтоз шарҳларда улар айтаётган маънодан бошқача талқин қилинган.

Тўртинчидан, витрни бир ракъат бўлиши лозим, дейишлари унчалик тўғри эмас. Зотан, аслида бир ракъатлик намоз бўладими?! Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг фарзларига қиёс қилиниб, ўхшаш қилиб вожиб, суннат ва мустаҳаб амаллар шакллантирилган. Исломдаги ҳар бир вожиб, суннат ва мустаҳаб амалнинг фарздан ўхшаши бор. Бир ракъатлик фарз намоз йўқ. Демак, бир ракъатлик вожиб намоз ҳам, суннат намоз ҳам, мустаҳаб намоз ҳам бўлмаслиги керак.

Бешинчидан, улар витрда “дуои қунут” ўқиётганда қўл кўтариб туриш керак, деган гапларининг ҳақиқий маъносини ҳам тушунмай айтмоқдалар. Чунки, улар намоздан кейин қўл кўтариб дуо қилишни бидъат дегани ҳолда, “дуои қунут”да қўл кўтариб дуо қилишни фитна сифатида айтмоқдалар, холос. Чунки, намоз ичида бутун дуо давомида қўл кўтариб туриш ҳадиси шарифларда тилга олинмаган. Балки, “дуои қунут”да қўл кўтариш тилга олинган бўлиб, уни ҳанафийлар ҳам тарк қилмасдан бажариб келадилар. Бу “дуои қунут” такбиридаги қўл кўтаришдир!

Бемазҳабларнинг булардан бошқа ҳам витр борасида тушунмасдан гапирган сўзлари бор бўлиб, уларни йўл-йўлакай тўғрилаб кетамиз.

Бизнинг бу масалани батафсил кўриб чиқишимиздан мақсадимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи мазҳаби бўлмиш ҳанафийликнинг афзал жиҳатларини яна бир бор кўрсатиб беришдан иборат. Витр масаласида ҳам ҳанафийлар бошқа фақиҳлардан кўра ҳадиси шарифларни чуқурроқ ва теранроқ тушунганлари ўқувчиларга яққол маълум бўлади, иншаАллоҳ. Ҳанафийларга қилинган таъналар эса пуч, ботил ва оқибати бехайр эканлиги, Худо хоҳласа, мақолада ўз исботини топади.

Витрнинг шаръий ҳукми

Витр намози Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи фикрича вожибдир!

Ҳанафийлик мазҳабида витр намози уч ракъат бўлиб, икки ракъатдан сўнг ўтириб, “аттаҳийёт” ўқилади. Кейин дарҳол “Аллоҳу акбар!” деб учинчи ракъатга турилади. Учинчи ракъатда қироат қилиб бўлгандан сўнг “такбири таҳрима”даги каби қўл кўтариб такбир айтилади ва рукуъдан аввал “дуои қунут” ўқилади. Учинчи ракъатдан кейин ўтириб, “аттаҳийёт”, “саловот”, “дуо” ўқилиб, икки томонга салом берилади.

“Мухтасар ал-Виқоя”да витр борасида бундай дейилган:

الوتر ثلاث ركعات وجب بسلام واحد و قبل ركوع الثالثة يكبر رافعا يديه ثمّ يقنت فيه أبدا دون غيره

“Витр уч ракъат бўлиб, бир салом билан вожиб бўлади. Учинчи рукуъдан олдин икки қўлни кўтарган ҳолда такбир айтилади, сўнгра бошқасида эмас фақат унда доимо қунут ўқилади”. (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Мухтасар ал-Виқоя. – Қозон, 1911. – Б. 20). 

Бу ерда “бир салом” дегани витрнинг орасини ажратиб, аввал икки ракъат ўқиб олиб, салом бериб, сўнг бир ракъат ўқиб салом бериш ҳанафийлик мазҳабига мувофиқ эмаслигини билдиришдир. “Бошқасида эмас”, деганнинг маъноси эса мазҳабга кўра хуфтондан кейин ўқиладган витрдагина “дуои қунут” ўқилади, бомдодда ёки бошқа намозларда “дуои қунут” йўқлигини билдиришдир.

Ҳанафийликда витрни вожиб деб белгиланишининг ўзи ушбу мазҳабнинг афзаллигини исботлай олади. Мазкур мазҳаб вакиллари витрни вожиб деб адо қилар эканлар, бошқа мазҳаб вакилларидан кўра обидроқ эканларини ҳам исботлаган бўлиб чиқадилар.

Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

الوتر حق واجب على كلّ مسلم

“Витр ҳар бир мусулмонга ҳақ вожибдир”. (Дорақутний, 2/1659).

الوتر حق على كلّ مسلم

“Витр ҳар бир мусулмонга ҳақ (мажбурий)дир”. (Абу Довуд, 1/1424).

Бошқа ҳадиси шарифда витрнинг вожиблиги янада кескинроқ ифодаланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу гапларини уч марта такрор-такрор айтганлар:

الوتر حقّ فمن لم يوتر فليس منا

“Витр ҳақ вожибдир. Кимки витр ўқимаса, биздан эмас!”. (Абу Довуд, 1/1421; Ҳоким, 1/1146; Байҳақий, 2/4251; Аҳмад, 5/23069).

Бошқа ҳадиси шарифда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана бундай деб марҳамат қилганлар:

انّ الله أمركم بصلوة هى خير لكم من حمر النعم وهى الوتر فجعلها لكم فيما بين العشاء الى طلوع الفجر

“Албатта Аллоҳ таоло сизларга бир намозни ўқишни буюрдики, у қизил туядан ҳам яхшироқдир. У витрдир. Бас, уни хуфтон билан бомдодгача бўлган оралиқда қилди”. (Ҳоким, 1/1148; Байҳақий, 2/4249; Таҳовий, “Мушкил ал-асор”, 10/3854).

Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло сизларга бир намозни ўқишни буюрди” демоқдалар. Агар у суннат ёки нафл бўлганида, Аллоҳ таоло алоҳида буюрмаган бўларди. Демак, витрнинг вожиблиги шу ердан ҳам аён бўлмоқда.

Жобир разийаллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:

من خاف ان لا يقوم من آخر الليل فليوتر اوّله، و من طمع ان يقوم آخره فليوتر آخر الليل. فانّ صلاة آخر الليل مشهودة، و ذلك أفضل

“Кимки кечанинг охирида туролмасликдан қўрқса, унинг аввалида витр ўқисин ва кимки кечанинг охирида туришидан умид қилса, бас, кечанинг охирида витр ўқисин. Зеро, кечанинг охирида ўқилган намоз гувоҳ қилинган (фаришталар ҳозир бўладиган)дир. Мана шу афзалдир!”. (Муслим, 1/755; Аҳмад, 3/14245; Байҳақий, 3/4615). 

Бироқ, умумий халқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа бир васиятларига амал қиладилар:

Энг кўп ҳадиси шарифларни ривоят қилган Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу бундай деганлар:

أوصانى خليلى بثلاث: صيام ثلاثة ايّام من كلّ شهر، و ركعتى الضحى، و ان أوتر قبل ان أنام

“Халилим (яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам) менга уч нарсани васият қилганлар: ҳар ойда уч кун рўза тутмоқни, зуҳо (чоштгоҳ)нинг икки ракъат намозини ўқимоқни ва ухлашдан олдин витр ўқимоғимни”. (Бухорий, 1/33; Муслим, 1/85, 86; Абу Довуд, 1/7; Насоий, 1/81; Доримий, 1/151; Аҳмад, 2/229; Байҳақий, 3/47; Таёлусий, 2/2392; Ибн Абу Шайба, 2/95).

Хулафои рошидинлардан бири, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёдлаб олган уч нарсамни сен ҳам ёдингда сақла!”, деб туриб, و لا تنم إلا على وتر“Витрни ўқиб бўлмагунча ухлай кўрма!”, деганлар. (Ҳоким, 4/175).

Рамазонда витр намози жамоат бўлиб ўқилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан таровеҳ ўқиганларида уларга витрни ҳам ўқиб берган эдилар. Бу анъана ҳозиргача ўзгармай келмоқда.

Витрнинг фарзга мадади

Витр бошқа суннат ва нафл намозларидан афзалроқ ва лозимроқ эканлиги борасида битта ҳадиси шарифда яққол ифода мавжуд. У витрнинг тунги намоздан алоҳида бошқа бир аҳамияти борлигини ҳам ифода қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

إنّ الله قد أمدّكم بصلاة … و هى الوتر

“Албатта, шаксиз, Аллоҳ сизларга бир намоз билан мадад етказди. У витрдир!”. (Абу Довуд, 1/1420; Термизий, 1/452; Ибн Можа, 1/1168; Доримий, 1/1628; Ҳоким, 1/1148; Табароний, 4/4137; Байҳақий, 2/4291; Дорақутний, 2/1676).

Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “намоз билан мадад етказди”, демоқдалар. Мадад одатда кейин берилади. Яъни, бу ерда, одатда, асосий кучларнинг ортида келадиган мадад кучлари назарда тутилмоқда. Витр беш вақт фарз намозининг ортида етказиладиган мадад кучидир! Шунинг учун, бу ерда “мадад” сўзи тилга олинмоқда. Бу унинг тунги таҳажжуд намозидан бошқа намоз эканлигини, фарздан бошқа ҳар қандай намозлардан афзал ва аҳамиятли эканини англатади. Буни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан алоҳида тилга олинаётганидан ва эътибор қаратилаётганидан ҳам билишимиз мумкин. Зотан, тунги намоз – таҳажжуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига фарз ёки вожиб қилинган бўлса-да, умматларига бу суннат, аниқроғи, мустаҳаб ҳисобланади.

Витрнинг қазоси

Ҳанафийлик мазҳабида витр намозининг қазоси ҳам ўқилиши ушбу мазҳабнинг тақвога, шаръий амалга катта эътибор берганлигини, ҳадиси шарифларга амал қилишда диққатли эканини билдиради. Суннат ёки нафлларнинг қазоси ўқилмаслиги ўз-ўзидан маълум. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

من نام عن وتره أو نسيه فليصله إذا ذكره

“Кимки витрини ўқимасдан ухлаб қолган ёки унутган бўлса, уни эслаган заҳоти ўқиб олсин!”. (Абу Довуд, 1/1431; Ҳоким, 1/302; Байҳақий, 2/480; Дорақутний, 2/22).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрни ўқимасдан тонг оттирган кимсага саҳар пайти бўлса ҳам витрни ўқиб олишни буюрганлар (Ҳоким, 1/303; Байҳақий, 2/478). Ҳолбуки, саҳар вақти фақатгина бомдоднинг суннати ўқилади. Нафллар, бошқа суннатлар, таҳийяти вузуъ (таҳорат ҳаққи), таҳийяти масжид (масжид ҳаққи) каби намозлар ҳам ўқилмайди.

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг бундай деганларини нақл қилганлар:

كان النبىّ صلى الله عليه و سلم يصلى و أنا راقدة معترضة على فراشه، فإذا أراد أن يوتر أيقظنى فأوترت

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқир, мен эса у зотнинг тўшакларида чўзилиб ётаверардим. Қачон витр ўқимоқчи бўлсалар, мени уйғотар эдилар. Мен витр ўқиб олардим”. (Бухорий, 1/512, 997; Насоий, 2/759).

Демак, бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги – таҳажжуд намозларини ўқиб бўлиб, сўнгра витр қолганида Ойша онамиз разийаллоҳу анҳони уйғотганлар. Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо витрни ўқимаганлиги учун уйғотилган. Бу витрнинг аҳамиятини, вожиблигини ҳамда қазосини ўқиш ҳам вожиб эканини билдиради.

Ҳанафийларнинг далили

Ҳанафийлар витрни уч ракъат қилиб ўқир эканлар, уларнинг ўзларига яраша далиллари мавжуд, албатта. Бошқа мазҳаб вакилларининг далилларини кўриб чиқишдан олдин биз ўз мазҳабимизда витрнинг уч ракъат қилиб белгиланганига сабаб бўлган далил ва ҳужжатларни кўриб чиқсак.

1) Энг биринчи далил Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан ривоят қилинган бўлиб, уни Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бошлиқ муҳаддислар ривоят қилганлар. Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рамазонда ўқийдиган намози қандай эканлигини сўрашганида, ул зоти шарифа бундай деб жавоб берганлар:

ما كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يزيد فى رمضان و لا فى غيره على احدى عشرة ركعة. يصلى أربعا فلا تسأل عن حسنهنّ و طولهنّ ثمّ يصلى أربعا فلا تسأل عن حسنهنّ و طولهنّ ثمّ يصلى ثلاثا

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазонда ҳам, ундан бошқасида ҳам ўн бир ракъатга зиёда қилмас эдилар. Тўрт ракъат ўқирдилар. Уларнинг қандай ҳам чиройлилиги, узунлигини сўрамай қўявер!… Сўнг яна тўрт ракъат ўқирдилар. Уларнинг қандай ҳам чиройлилиги, узунлигини сўрамай қўявер!… Сўнг уч ракъат (витр) ўқир эдилар”. (Бухорий, 1/6; Муслим, 1/125; Абу Довуд, 1/26; Термизий, 1/28; Молик,1/9; Аҳмад, 6/36, 73).

Мазкур ҳадисда витр намози уч ракъат эканлиги аниқ айтилмоқда.

2) Яна Ҳазрати Али разийаллоҳу анҳудан Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган мана бу ҳадиси шариф мавжуд. Уни Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ: “Витрнинг уч ракъат бўлиши” бобида келтирганлар. Унга диққат қилинг:

كان النبى صلى الله عليه و سلم يوتر بثلاث يقرأ فيهنّ بتسع سور من المفصل يقرأ فى كلّ ركعة بثلاث سور آخرهنّ قل هو الله أحد

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч ракъат витр ўқирдилар. Уларда Қуръоннинг кичик суралар қисмидан тўққизта сура ўқирдилар. Ҳар бир ракъатда учта сура ўқирдилар. Уларнинг охиргиси “Қул ҳуваллоҳу аҳад” бўларди”. (Термизий, 1/460).

3) Витрда ўқиладиган суралар айтилганда, доимо учта сура айтиб келинади. Бу ҳам витрнинг уч ракъат эканини англатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг витрда “Аъло”, “Кофирун” ва “Ихлос” сураларини ўқиганлиги айтилган (Термизий, 1/462).

4) Ибн Журайж раҳимаҳуллоҳ: “Мен Ойша разийаллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрни қайси суралар билан ўқир эдилар, деб сўрадим”, деганлар. Шунда Ойша онамиз: “Биринчи ракъатда “Аъло”, иккинчи ракъатда “Кофирун”, учинчи ракъатда “Қул ҳуваллоҳу аҳад” ва “Муаввазатайн”. деганлар. (Термизий, 1/463; Абу Довуд, 1/1426; Ибн Можа, 1/1173; Байҳақий, 3/4632; Аҳмад, 6/25948).

Юқоридаги икки ривоятда витрда ўқиладиган суралар зикр қилинар экан, унга диққат қилишимиз керак бўлган жиҳат бор. Агар витр бир ракъат бўлганида ёки учтадан кўп ракъат бўлганида унда ўқиладиган суралар ҳам шунга мувофиқ айтилган бўларди.

5) Ҳанафийларнинг бешинчи далили Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг ҳадислар тўпламида зикр қилинган. Бу ерда витр ҳамма вақт уч ракъат бўлгани қайд қилинган. Эътибор беринг:

قال قلت لعائشة رضى الله عنها: بكم كان رسول الله صلى الله عليه و سلم يوتر قالت كان يوتر بأربع و ثلاث و ستّ و ثلاث و ثمان و ثلاث و عشر و ثلاث، و لم يكن يوتر بأنقص من سبع و لا بأكثر من ثلاث عشرة

Ровий айтади: “Мен Ойша разийаллоҳу анҳодан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қанча ракъат витр ўқирдилар?”, деб сўрадим. У бундай жавоб берди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўрт ва уч ракъат, олти ва уч ракъат, саккиз ва уч ракъат, ўн ва уч ракъат витр ўқир эдилар. Етти ракъатдан витрни кам ҳам қилмасдилар, ўн уч ракъатдан кўпайтирмас ҳам эдилар”. (Абу Довуд, 1/1364; Аҳмад, 6/25200).

Бу ерда: “тўрт ва уч ракъат, олти ва уч ракъат, саккиз ва уч ракъат, ўн ва уч ракъат витр” дейилишидан витр тўлиғича уч ракъат эканини англатади. Асло у бир ракъат ёки уч ракъатдан кўп эмас. Акс ҳолда, “олти ва бир ракъат, саккиз ва бир ракъат, ўн ва бир ракъат, ўн икки ва бир ракъат” дейилган бўларди.

Яна бу ерда: “Етти ракъатдан витрни кам ҳам қилмасдилар, ўн уч ракъатдан кўпайтирмас ҳам эдилар”, дейилиши нафлларни қўшгандаги ракъатлар эътиборидан айтилмоқда. Уни Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо бундан олдинги гапларида аниқ қилиб: “тўрт ва уч ракъат, олти ва уч ракъат, саккиз ва уч ракъат, ўн ва уч ракъат витр” деб ифодалаганлар. Демак, нафлнинг ракъатлари сони ўзгарса ҳам, витрнинг ракъатлари ўзгармаяпти.

6) Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ишончли ровийлар орқали ривоят қилишича, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо яна бундай деганлар:

أنّ رسول الله صلى الله عليه و سلم كان إذا صلى العشاء دخل المنزل ثمّ صلى ركعتين ثمّ صلى بعدهما ركعتين أطول منهما ثمّ أوتر بثلاث لا يفصل فيهنّ ثمّ صلى ركعتين و هو جالس يركع و هو جالس و يسجد و هو قاعد جالس

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон хуфтон намозини ўқисалар, уйларига кириб, икки ракъат намоз ўқирдилар. Сўнг улардан узунроқ қилиб икки ракъат ўқирдилар. Кейин эса орасини (салом билан) ажратмасдан уч ракъат витр ўқир эдилар. Сўнг ўтирган ҳолда икки ракъат намоз ўқирдилар. Ўтирган кўйи рукуъ ва сажда қилардилар”. (Аҳмад, 42/25223).

7) Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳу бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга тунаганида, у зотнинг витр ўқишига гувоҳ бўлган экан. Унинг гапини Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ўзларининг саҳиҳ ҳадислар тўпламида келтирганлар:

عن ابن عباس أنّه رقد عند رسول الله صلى الله عليه و سلم فاستيقظ فتسوك و توضأ و هو يقول: «إنّ فى خلق السموات و الأرض» حتى ختم السورة ثمّ قام فصلى ركعتين فأطال فيهما القيام و الركوع و السجود، ثمّ انصرف فنام حتى نفخ ثمّ فعل ذلك ثلاث مرات ستّ ركعات كلّ ذلك يستاك و يتوضأ و يقرأ هؤلاء الآيات ثمّ أوتر بثلاث

“Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида тунаганлар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйғониб, мисвок қилиб, “инна фий холқи-с-самавоти ва-л-арзи” оятини суранинг охиригача ўқиган ҳолда (Оли Имрон, 190-200 оятлар) таҳорат олганлар. Сўнгра туриб икки ракъат ўқиганлар. Уларда қиём, рукуъ ва саждаларни узун қилганлар. Сўнгра (тўшакка) қайтиб то хуррак отгунча ухлаганлар. Сўнгра бу ишни уч марта такрорлаб, олти ракъат намоз ўқиганлар. Уларнинг ҳар бирида мисвок ишлатиб, таҳорат олганлар ва ана ўша оятларни қироат қилганлар. Сўнгра, уч ракъат витр ўқиганлар”. (Муслим, 1/191).

8)  Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга тунагандаги ривоят этган юқоридаги ҳадиси шарифлари саҳиҳ бўлиб, уни Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилганлар. Шунга ўхшаш яна бир саҳобадан Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳудан заиф ривоят ҳам мавжуд. Уни Ҳофиз Ибн Абдулбарр раҳимаҳуллоҳ ўзларининг саҳобалар тарихига бағишланган “ал-Истиъоб” номли асарларида келтирганлар. Уларни биз ҳам қўшимча далил сифатида келтиришга ҳақлимиз:

عن عبد الله قال: أرسلت أمّى ليلة لتبيت عند النبى صلى الله عليه و سلم فتنظر كيف يوتر. فصلى ما شاء الله أن يصلى، حتى إذا كان آخر الليل و أراد الوتر قرأ بسبح اسم ربك الأعلى فى الركعة الأولى و قرأ فى الثانية قل يا أيها الكافرون، ثمّ قعد ثمّ قام و لم يفصل بينهما بالسلام ثمّ قرأ بقل هو الله أحد، حتى إذا فرغ كبر ثمّ قنت فدعا بما شاء الله ثمّ كبر و ركع

“Онам мени Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қандай витр ўқишини кузатасан, деб туриб, тун ўтказишим учун юбордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тун охир бўлгунга қадар Аллоҳ хоҳлаганча намоз ўқидилар. Витрга киришганида эса биринчи ракъатда “Саббиҳисма раббика-л-аъло!”ни ўқидилар. Иккинчи ракъатда “Қул, ё аййуҳа-л-кофирун!”ни қироат қилдилар. Сўнгра ўтириб, турдилар. Орасида салом билан ажратмадилар. Сўнг “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқидилар. Тугатганидан кейин такбир айтдилар. Сўнг Аллоҳ хоҳлаганча “дуои қунут” ўқидилар. Сўнг такбир айтиб, рукуъга кетдилар”. (Ибн Абдулбарр. ал-Истиъоб фий маърифат ал-асҳоб. 2-жилд // ал-Мактабат аш-Шомила. Исдори солис, 2006. – Б. 132).  

9) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан доимо бирга бўлган улуғ саҳобаларнинг барчаси ва уларга шогирд бўлган тобеъинлар витрни уч ракъат қилиб ўқир эдилар. Буни муҳаддислардан Ибн Абу Шайба раҳимаҳуллоҳ бирма-бир зикр қилганлар. Жумладан, Ҳазрати Умар, Ҳазрати Али, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Анас ибн Молик, Абу Умома, Ойша онамиз каби саҳобалар ҳамда Жобир ибн Зайд, Алқама, Иброҳим ан-Нахаъий, Саид ибн Жубайр, Макҳул, Саид ибн ал-Мусайяб, Абу-л-Олия каби тобеъинлар уч ракъат қилиб витр ўқиганлар. (Ибн Абу Шайба, 2/6891-6911). Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин.

10) Шунинг учун ҳам, тобеъинларнинг улуғи Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан мусулмонларнинг бундай ижмоъси нақл қилинган:

أجمع المسلمون على أنّ الوتر ثلاثٌ لا يسلم إلا فى آخرهنّ

“Витрнинг уч ракъат экани ҳамда уларнинг охиридагина салом берилишига мусулмонлар ижмоъ қилганлар. (Ибн Абу Шайба, 2/6904).

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг ривоятини қувватлайдиган бошқа олимларнинг хабарлари ҳам бор:

Тобеъинларнинг улуғларидан бўлмиш Абу-л-Олия раҳимаҳуллоҳдан витр ҳақида сўралганда, у зот саҳобаи киромларнинг ижмоъсини бу тариқа зикр қилганлар:

علمنا أصحاب محمد صلى الله عليه و سلم او علمونا أنّ الوتر مثل صلاة المغرب غير أنّا نقرأ فى الثالثة فهذا وتر الليل و هذا وتر النهار

“Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари бизга ўргатганларига кўра витр шом намозига ўхшайди. Фақат фарқи учинчи ракъатда қироат қиламиз. Буниси кечанинг витри бўлса, униси кундузнинг витридир!”. (Таҳовий, 1/1743).

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ эса Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳунинг невараси тобеъин Қосим ибн Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг саҳоба ва катта ёшдаги тобеъинлардан кўрганини нақл қилганлар:

ورأينا أناسا منذ أدركنا يوترون بثلاث و إنّ كلا لواسع أرجو أن لا يكون بشئ منه بأس

“Биз ақл-идрокли бўлганимиздан бери одамларнинг уч ракъат витр ўқишганини кўрганмиз! Уларнинг ҳаммасида кенглик бор. Умид қиламанки, бирортасида зарар йўқ!”. (Бухорий, 993-рақамли ҳадисдан кейин таълиқан).

Бу ерда ўша давр одамларининг оммавий қилган ишлари витрни уч ракъат қилиб ўқиш бўлгани ойдинлашади.

Юқоридаги ривоятларга эътибор берилса, уларнинг кўпчилиги мўъминлар онаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севимли аёллари Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан ривоят қилинган. Витр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одатларига кўра уйда ўқилган намоз ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйдаги ибодатларини Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан бошқа яна ким яхшироқ билиши мумкин?! Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг витрларини уч ракъат бўлган, демоқдалар. Эътибор беринг! Ҳанафийлар кимга суянмоқдалар?!

Мўъминларнинг яна бир онаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари Умму Салама разийаллоҳу анҳодан ҳам витр борасида ривоят етиб келган. Жумладан, унда бундай дейилади:

كان النبىّ صلى الله عليه و سلم يوتر بخمس و بسبع لا يفصل بينها بسلام و لا بكلام

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам беш ёки етти ракъат витр ўқирдилар. Уларнинг орасини салом билан ҳам, калом билан ҳам ажратмасдилар”. (Насоий, 1/1714).

Умуман, шу хилдаги ҳадислар кўп. Улардан баъзисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни беш ракъат ўқиб орада умуман ўтирмадилар ҳам, салом ҳам бермадилар, охиридагина ўтирдилар, дейилса; бошқа ривоятларда ракъатлар сони кўпайиб, олти, етти, саккиз ва ҳатто тўққиз ракъатнинг энг охирида ўтирдилар, деб келтирилади.

Ҳадисшунос олимлар бу келтирилган ривоятларни “музтараб” деб белгилаганлар. Унда ровийлар номи турлича бўлиб, ҳадисшуносликка кўра “музтараб ал-иснод” ҳисобланади. Матнда ҳам турли хилликлар акс этган. Бу хилдаги ҳадислардан ҳужжатланиш тўғри эмас!

Агар тўғри деб топган тақдиримизда ҳам, “орада ўтирмадилар”, деган гапни узоқ қаъдада ўтирмадилар ёки ўтириб намоз ўқимадилар, деб, “салом бермадилар” деган гапни эса жаҳрий-ошкора салом бермадилар, деб таъвил қилишимиз мумкин. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари: “Ҳар икки ракъатда салом бор!”, “Тунги намозлар икки-икки ракъатдандир!”, “Ҳар икки ракъатда ўтирсангизлар, “Аттаҳийёту лиллаҳ…”ни айтинг!”, “Ҳар икки ракъатда ташаҳҳуд ўқи!”, деган каби кўрсатмалар берганлар (Муслим, 1/498; Насоий, 1/749; Термизий, 1/385, 437; Абу Довуд, 1/1298, 1328; Ибн Можа, 1/1318-1319; Доримий, 1/1510; Байҳақий, 2/4346).

Бошқа мазҳаблар фикри

Ҳанафийларнинг витр борасидаги далили бошқа масалалардаги далиллари каби иборалари жуда аниқ-тиниқ, таъвилга ёки тўғрилайдиган фикрга эҳтиёж йўқ. Бошқа мазҳабларнинг витрни бир ёки учдан ортиқ ракъат деб келтирадиган далилларининг барчаси – ҳаммаси таъвилга муҳтож. Буни ўша мазҳаб вакилларининг ўзлари ҳам биладилар. Жумладан, Умму Салама онамиз разийаллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг витрлари борасида бундай деганлар:

كان النبىّ صلى الله عليه و سلم يوتر بثلاث عشرة ركعة فلما كبر و ضعف أوتر بسبع

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн уч ракъат витр ўқир эдилар. Ёшлари улғайиб, заифлашиб қолганларида эса етти ракъат витр ўқийдиган бўлдилар”. (Термизий, 457).

Ислом оламида ҳеч бир инсон, ҳеч бир фақиҳ, ҳеч бир уламо витр намози ўн уч ракъат ёки етти ракъат бўлади, деган эмас. Витрни ният қилиб, бирданига ўн уч ракъат ёки етти ракъат ўқилади, деган эмас. Шунинг учун, Исҳоқ ибн Роҳвайҳ раҳимаҳуллоҳнинг витр борасида айтган мана бу гаплари диққатга сазовор:

معنى ما روى أنّ النبى صلى الله عليه و سلم كان يوتر بثلاث عشرة قال إنّما معناه أنّه كان يصلى من الليل ثلاث عشرة ركعة مع الوتر فنسبت صلاة الليل الى الوتر

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн уч ракъат витр ўқир эдилар, деган ривоятнинг маъноси шуки, витр билан бирга тунги намозни ўн уч ракъат қилиб ўқир эдилар. Демак, тунги намозни витрга нисбат қилинган”. (Термизий, 2/88).

Яъни, бу хилдаги ривоятларда витрнинг уч ракъатдан кўп қилиб тасвирланиши таҳажжуд билан қўшиб ҳисоблаган вақтдадир!

Витр бир ракъат эмас!

Юқорида айтганимиздек, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйдаги ибодатларини ҳаммадан кўра жуда яхши билар эдилар. Юқорида биз витрнинг уч ракъат экани ҳақидаги ривоятларни келтирган эдик. Уларни бошқа мазҳаб вакиллари таъвил қилиб, икки ракъатда салом берилиб, сўнг бир ракъат ўқиш ҳам мумкин-ку, деган фикрни билдиришлари мумкин. Бунга қарши Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг гаплари бор:

Имом Насоий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо: أنّ رسول الله صلى الله عليه و سلم كان لا يسلم فى ركعتى الوتر“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрнинг икки ракъатида салом бермас эдилар”, деган эдилар. (Насоий, 3/235; Байҳақий, 3/31; Ибн Абу Шайба, 2/295; Дорақутний, 2/32; Таҳовий, 1/280).

Мазкур ҳадиси шарифнинг саҳиҳ экани таъкидланган. Хусусан, Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ ривоятида бундай дейилган:

كان رسول الله صلى الله عليه و سلم لا يسلم فى الركعتين الأوليين من الوتر

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрнинг аввалги икки ракъатида салом бермас эдилар”. (Ҳоким, 1/204).

Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ: “Бу ҳадис Шайхайн (Бухорий ва Муслим) шартига кўра саҳиҳдир!”, деганлар. Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ яна бир гапни ривоят қилганлар:

كان رسول الله صلى الله عليه و سلم يوتر بثلاث، لا يسلم إلا فى آخرهنّ

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч ракъат витр ўқирдилар, фақат уларнинг охирида салом берардилар”. (Ҳоким, 1/306).

Витрни бир ракъат дегувчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Тунги намоз икки-икки ракъатдандир. Витр эса тун охирида бир ракъатдир”, “Агар тонг отиб қолишидан қўрқсанг, бир ракъат витр ўқиб ол!” каби маънолардаги ҳадиси шарифларни келтирадилар. Булар юқорида биз келтирган витрнинг уч ракъат экани, ўртада салом берилмаслиги ҳақидаги ривоятларга қарши бўла олмайди. Балки, ушбу ривоятларни қувватлаб келади. Чунки, “бир ракъат ўқиб ол”, “витр бир ракъат”, каби ибораларнинг маъноси шу бир ракъат икки ракъатга қўшиб ҳисобланади, деганидир. Чунки, юқорида ўтдики, витрни тўққиз, ўн бир, ўн уч ракъат дейилганда ҳам умумий эътибордан айтилган эди.

Ибн Умар розийаллоҳу анҳунинг витри

Витрни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо уйларида ўқиганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қандай қилиб витр ўқиганлигини аёлларидан бошқа ҳеч ким кўрмаган. Фақатгина шуни кўриш учун атайин бориб бирга тунаган Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу ва Ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу каби саҳобалар буни кўриб қолган бўлишлари мумкин. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг витрларини энг кўп билгувчироқ киши Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодирлар!

Тадқиқотчилар Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг витр ўқиганликларини кўрмаган деб ҳисоблайдилар. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айнан Ибн Умар разийаллоҳу анҳуга витрни шахсан ўргатганликлари ҳақида ҳам маълумот йўқ! Лекин, Ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг витрни бир ракъат қилиб ўқиганлиги нақл қилинган.

Таниқли саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳудан витрни икки ракъат ўқиб, салом бергандан кейин яна бир ракъат ўқиганлиги ривоят қилинган. Бу ривоят, зоҳиран қараганда, биз келтирган далилларга тескаридек кўринади. Уни Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилганлар:

و عن نافع أنّ عبد الله بن عمر كان يسلّم بين الركعة و الركعتين فى الوتر حتى يأمر ببعض حاجته

“Абдуллоҳ ибн Умар витрнинг икки ракъати билан бир ракъати орасида салом берар ва айрим ҳожатларини буюрар эдилар”. (Бухорий, 2/991; Молик, 2/406; Таҳовий, 1/1665).

Мазкур ривоятни олиб, витр бир ракъат бўлади, бир ракъатдан кўп витр ўқимоқчи бўлганлар, орада ўтириб, салом бермоқлари лозим, дейдиганлар топилади. Бироқ, таниқли ҳадисшунос олим Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ шофеъий мазҳабига мансуб бўлсалар ҳам, ўзларининг “Саҳиҳ ал-Бухорий”га битган “Фатҳ ал-Борий” номли шарҳларида ушбу фикрнинг тескарисини айтганлар:

ظاهره أنّه كان يصلى الوتر موصولا فإن عرضت له حاجة فصل ثمّ بنى على ما مضى. و فى هذا دفع لقول من قال لا يصحّ الوتر الا مفصولا

“Бу ривоятнинг зоҳири шуки, Ибн Умар витрни (уч ракъатини ҳам) қўшиб ўқир эдилар. Агар унга бирор ҳожат тушсагина орани ажратардилар, сўнгра ўтган ракъатларга бино қилиб қўшардилар. Бу ривоятда витрнинг фақатгина ажратиб (бир ракъатнинг фақат ўзини) ўқисагина тўғри бўлади, деган кимсалар учун раддия бор”. (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 3-жилд. – Риёз: Дору Таййиба, 2005. – Б. 327).

Бу ерда: “бино қилиб қўшардилар” деган иборани тушуниш керак. Намоз масалаларида “бино қилиш” масаласи ҳам бор. Унга кўра, масалан, таҳорати синган кимса, ўша заҳоти таҳоратхонага бориб, таҳорат қилиб келиб, намозни келган жойидан давом қилдириши мумкин. Буни ҳанафий мазҳабида бориш-келиш ва таҳорат асносида гапирмаса, давом қилдиришни жоиз дейилади. Худди ана шундай, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ фикрича, Ибн Умар разийаллоҳу анҳу намозни бино қилиб, келган жойидан давом қилдирар эдилар.

Чунки, Ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг фикрича (бу аҳли суннат ва жамоатнинг шофеъийлик ва ҳанбалийлик мазҳабларига кўра ҳам) озгина, бир оғиз сўз намозни бузмайди. Шунинг учун, Ибн Умар разийаллоҳу анҳу наздида сўзлашга ўта эҳтиёжи бор одам витрнинг ўртасида сўзлаб олиши мумкин. Буни биз бошқа бир ривоятдан билиб оламиз. Муҳаддислардан Саъид ибн Мансур раҳимаҳуллоҳ томонидан саҳиҳ ривоят нақл қилинган:

صلى إبن عمر ركعتين ثم قال يا غلام ارحل لنا ثم قام فأوتر بركعة

“Ибн Умар разийаллоҳу анҳу икки ракъат ўқидилар, сўнгра: “Эй, бола! Бизларга туяни ҳозирла!”, дедилар-да, кейин туриб бир ракъат витр ўқидилар”. (Иқтибос бундан: Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 3-жилд. – Риёз: Дору Таййиба, 2005. – Б. 327).

Лекин, бу уч ракъат витрнинг орасини ажратиш икки салом билан бўлмас эди. Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан бундай ривоятни келтирганлар:

أنّه كان يفصل بين شفعه و وتره بتسليمة و أخبر ابن عمر رضى الله عنه أنّ النبىّ صلى الله عليه و سلم كان يفعل ذلك

“Ибн Умар икки ракъат ва витрнинг орасини бир салом билан ажратар эди. Ибн Умарнинг хабар беришича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ана шундай қилар эдилар”. (Таҳовий, 1/1664).

Бу ерда икки ракъат – шафъ ҳамда витр деб айтилишидан уларнинг мажмуи витр намози эканини англатади. Лекин, бу ерда “салом билан ажратарди”, дегандаги саломдан “ташаҳҳуд” мақсад қилинган бўлиши ҳам мумкин. Чунки, айрим ҳадисларда “ташаҳҳуд”ни салом билан таъвил қилинган ўринлар мавжуд.

Демак, нима бўлганда ҳам Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан қилинган мазкур ривоятлардан витрнинг бир ракъат бўлиши ҳақида далил олиш мумкин эмас! Чунки, мазкур саҳоба витрнинг айнан уч ракъат бўлишини билар эдилар. Тобеъинлардан Уқба ибн Муслим раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг юқоридаги ривоятга ўхшаб, айрим заруриятлар юзасидан витрнинг орасини бир оғиз сўз билан ажратиб туришини эшитган кўринади. У Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг ўзидан буни сўраганлиги ҳам нақл қилинган:

عن عقبة بن مسلم قال سألت عبد الله بن عمر عن الوتر فقال أتعرف وتر النهار قلت نعم صلاة المغرب قال صدقت أو أحسنت

“Абдуллоҳ ибн Умардан витр ҳақида сўрадим. У зот: “Кундузнинг витрини биласанми?”, дедилар. Мен: “Ҳа, шом намози”, дедим. У зот: “Тўғри айтдинг!” ёки “Яхши гапирдинг!”, дедилар”. (Таҳовий, 1/1667).

Юқорида биз Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг витрлари уч ракъат бўлгани ҳақидаги ривоятларни келтирган эдик. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатларини энг билгувчи эдилар. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрни фақат уйларида – ичкарида ўқиганлар. Уни Ибн Умар разийаллоҳу анҳу каби саҳобалар кўриши мумкин эмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатларини кўпроқ биладиган ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга кўпроқ бўлган саҳобалар Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу ва Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу кабилар витрни уч ракъат қилиб ўқир эдилар. Ҳатто Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг оталари, чаҳориёри изомдан бири, хулафои рошидиндан бўлган ва жаннат башорати берилган зот – Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу ҳам витрни уч ракъат қилиб ўқир эдилар. Тобеъинларнинг энг машҳурларидан бўлмиш Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг икки ракъатда салом бериб, сўнг бир ракъат қилиб витрни ўқиши ҳақида сўралган:

قيل للحسن أن ابن عمر كان يسلم فى الركعتين من الوتر فقال كان عمر أفقه منه كان ينهض فى الثالثة بالتكبير

“Ҳасан Басрийдан Ибн Умарнинг витрнинг икки ракъатида салом бериши ҳақида сўралди. У: “Ҳазрати Умар ундан кўра фақиҳроқ эди. У зот учинчи ракъатга такбир айтиб туриб кетардилар”, деди”. (Ҳоким, 1/1141; Байҳақий, 3/4586).

Бу ерда Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳудан кўра отаси Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳунинг фақиҳроқ эканини таъкидлаб айтмоқдалар. Яъни, ўғил Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг ишидан кўра ота Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳунинг иши тўғрироқ эканини билдирмоқдалар. Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳунинг иши эса айнан ҳанафийлар қабул қилган витр ўқишдир!

Агар Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг қилган ишини тўғри деган тақдиримизда ҳам, уни витрнинг икки ракъатида салом бериш ва унга яна бир ракъат қўшишдан таъқиқ бўлганидан аввал содир бўлган дея оламиз. Ёки ана шу таъқиқлар ҳақида Ибн Умар разийаллоҳу анҳу каби кичик саҳобалар билмай қолган бўлиши ҳам мумкин. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: لا وتران فى ليلة – “Бир кечада икки витр йўқ!”, деб марҳамат қилганлар. (Абу Довуд, 1/1441; Термизий, 1/470; Насоий, 3/1679; Ибн Ҳиббон, 6/2449; Ибн Хузайма, 2/1101; Табароний, 8/8247; Байҳақий, 3/4622; Аҳмад, 4/16339; Ибн Абу Шайба, 2/6814; Таҳовий, 1/2013).

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ “Сунан ат-Термизий” асарларида юқоридаги: “Бир кечада икки витр йўқ!”, деган ҳадисни келтира туриб, саҳобаларнинг кечанинг аввалида витр ўқиб, кечанинг охирида нафл ўқимоқчи бўлсалар, иккита витр бўлиб қолмаслиги учун витрнинг ўртасини салом билан атайин бузиб, сўнгра бир ракъат ўқиб қўйишларини зикр қиладилар. Шунда, саҳобалар витрнинг бирини ҳанафийлар каби уч ракъат ўқир эдилар. Лекин, бу фикрга, яъни саҳобалар каби икки витр ўқимоқчи бўлган одам улардан бирини атайин икки ракъатида салом бериб, кейин унга бир ракъат қўшиб қўйиш услубига Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ва Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ каби мужтаҳидлар ҳам қўшилмаганларини Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ қайд қилганлар.

Демак, витрнинг ўртасини салом билан ажратиб, сўнг бир ракъат ўқишга ибтидода рухсат берилган бўлиши, кейин эса “Бир кечада икки витр йўқ!”, деб ҳукм қилинган бўлиши мумкин. Буни яна бир ҳадиси шариф тасдиқлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “бутайро” намозидан қайтарганлар. Буни уламоларимиз бир ракъатли намоз деганлар. Ёки буни аввалида суннати йўқ витрнинг ўзи деб тушунилган.

Бир ракъат витр ўқиганларга билдирилган эътирозлар

Юқорида биз Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ва бошқа тобеъинларнинг витрни уч ракъат қилиб ўқишни мусулмонлар ижмоъси эканлиги ҳақидаги гапларини келтириб ўтган эдик. Айрим саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг витрни бир ракъат қилиб ўқиш ҳақидаги гапларини нотўғри тушуниб олганлари ҳам бўлган эди. Буни, аслида, бир ракъатни аввалги икки ракъатга қўшиш деб тушуниш керак эди. Уларнинг бир ракъат ўқиганлигини кўриб, фақиҳ саҳобалар ва ҳатто фақиҳ тобеъинлар ўз эътирозларини билдириб ўтган эдилар. Бу хилдаги эътирозлар ҳам ҳанафийларнинг витрни уч ракъат қилиб белгилашларининг тўғри ва ҳаққоний эканини англатади, албатта.

Жумладан, Ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг шундай қилишини эшитиб, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ унинг отаси Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу ундай қилмасди, деб эътироз билдирганини ёзгандик.

Буюк саҳоба, муфассирлар султони Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳу бошқа бир саҳоба Муовия разийаллоҳу анҳуга жуда қаттиқ эътироз билдирганлар. Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу бир кечаси Муовия разийаллоҳу анҳу билан анча вақтгача гаплашиб ўтириб қолишибди. Шунда, Муовия разийаллоҳу анҳу туриб, витрини ўқиб олмоқчи бўлибдилар ва бир ракъат витр ўқибдилар. Буни кўриб, Ибн Аббос райзиаллоҳу анҳу: من أين ترى أخذها الحمار – “Эшак олган бу ишни қаердан топдинг?!”, деганлар. (Таҳовий, 1/1677-1678). 

Саъд ибн Абу Ваққос разийаллоҳу анҳунинг бир ракъат витр ўқишини эшитиб Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу: ما أجزأتُ ركعة قط“Мен ҳаргиз бир ракъатни жоиз демайман!”, дея эътироз билдирган эдилар. (Табароний, 1/9422; Молик, 2/264).

Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу саҳобаларнинг ичида энг фақиҳи ҳисобланади. Етти нафар фақиҳ саҳобанинг орасида ҳам энг фақиҳроғи эканлиги маълум. У зот Саъд разийаллоҳу анҳуни витрни бир ракъатли қилиб ўқиганлиги учун айблар эдилар (Таҳовий, 1/295-296). Албатта, бу хилдаги айблов – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган, билган, жаннат башорати берилган бир саҳобага нисбатан ўз-ўзидан, ўз фикрича бўлмайди. Демак, Ибн Масъуд разийаллоҳу анҳунинг бу борада шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олган аниқ ва ўта ишончли маълумоти мавжуд.

Саҳобалардан яна бири Абдураҳмон ат-Таймий разийаллоҳу анҳу бундай ҳикоя қилганлар: “Бир куни тун мени мағлуб қила олмади. Туриб намоз ўқий бошладим. Ногоҳ, орқамда бир кишининг ҳаракатларини сезиб қолдим. Қарасам, Усмон ибн Аффон разийаллоҳу анҳу эканлар. Унинг учун четландим. У зот олдинга ўтиб, Қуръон қироатини бошлади. Ҳатто уни тўлиқ тугатиб, рукуъ қилди ва сажда қилди. Мен ўзимча, “Ҳазрат адаштилар-ов!”, дедим. Намоз ўқиб бўлгандан кейин, “Эй, мўъминлар амири! Бир ракъат намоз ўқидингизми?!”, дедим. У зот: “Ҳа, бу менинг витрим”, дедилар (Таҳовий, 1/1750).

Бу ерда кичик ёшли саҳобанинг ҳеч кимда кўрмаган амални – бир ракъат витрни Ҳазрати Усмон разийаллоҳу анҳудан кўриб қолгандаги ҳайратомуз саволи эди. Албатта, бу ерда Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ айтишича, икки ракъатни ўқиб бўлиб, охирги ракъатни ўқиётганини кўриб қолган бўлиши ҳам мумкин. Нима бўлганда ҳам, Абдураҳмон ат-Таймий разийаллоҳу анҳунинг Ҳазрати Усмон разийаллоҳу анҳунинг ишини кўриб билдирган эътирози ва инкори бундан олдинги ва ҳаммада кўриб юрган одатга тескари ишни кўриб қолганидандир.

Бу хилдаги эътироз ва инкорлар аслида витр намози бир ракъат эмаслигини билдиради!

Витр шомга ўхшайдими ёки йўқми?!

Витр намози ҳанафийларга кўра вожиб, бошқа мазҳабларга кўра суннат бўлар экан, унинг ўхшаши фарзлардан топилиши керак. Чунки, одатда фарзларга ўхшаш қилиб, суннат ва нафллар шакллантирилган. Закот фарз, садақалар суннат; рамазон рўзаси фарз бошқа ойлар ва кунларда рўза тутмоқ суннат, ҳаж фарз, умра суннат; ҳатто қул озод қилишда каффоратлар фарз, унинг ихтиёрий озод қилиш суннати ҳам бор. Аслида, бир ракъатли ёки беш-етти ракъатли фарз намозлари бўлмагани каби бир ракъатли ва беш-етти ракъатли нафллар ҳам йўқ. Фарзлар фақат икки, уч ва тўрт ракъатлидир. Витрнинг икки ёки тўрт бўлиши мумкин эмас. Демак, фарзга ўхшаб уч ракъат бўлиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ракъат нафл ўқиганлари ёки бирданига беш-етти ракъат нафл ўқиганлари саҳиҳ, ишончли ва иборалари аниқ бўлган ривоятлар сақланиб қолмаган. Витр ҳам худди шундай бўлиши керак. Шунинг учун ҳам, ҳанафий олимлари витр борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги гапларини олганлар:

صلاة المغرب وتر النهار فأوتروا صلاة الليل

“Шом намози кундузнинг витридир. Тунги намозни ҳам витр қилинглар!”. (Аҳмад, 2/4847; Баззор, 2/5365; Ибн Абу Шайба, 2/6778).

Мазкур ҳадиснинг ровийларини Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг шартига кўра ишончли эканлиги таъкидланган.

Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ эса бундай ривоятни келтирганлар:

و المغرب فى الحضر و السفر ثلاث ركعات لا تنقص فى الحضر و لا فى السفر و هى وتر النهار

“Шом намози уйда ҳам, сафарда ҳам уч ракъатдир. У уйда ҳам, сафарда ҳам камайтирилмайди. У кундузнинг витридир!”. (Термизий, 1/552).

Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ ва Ибн Хузайма раҳимаҳуллоҳ каби муҳаддислар: و صلاة المغرب لأنها وتر النهار“Шом намози кундузнинг витридир!”, деган ҳадисни нақл қилганлар. (Ибн Ҳиббон, 6/2738; Ибн Хузайма, 1/305).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ташқари Ойша онамиз, Ибн Умар, Муҳаммад ибн Сирин, Мужоҳид каби саҳоба ва тобеъинлар ҳам “Шом намози кундузнинг витридир!”, деган гапни айтганлар. Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин! Ҳатто Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ: “Мен шомнинг кундузги намозларнинг витри эканига қарши чиққан бирорта олимни билмайман!”, деганлар. (Ибн Абу Шайба, 2/6776).

Шом кундузнинг витри бўлгандан кейин кечанинг витри ҳам унга ўхшаш бўлмоғи лозим! Лекин, ҳанафийларга мухолиф кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа бир ҳадисларини кўндаланг қўядилар. Унда бундай дейилган:

لا توتروا بثلاث تشبهوا بصلاة المغرب و لكن أوتروا بخمس او بسبع او بتسع او بأحدى عشرة ركعة او أكثر من ذلك

“Шом намозига ўхшатиб уч ракъат витр ўқиманглар! Лекин, беш, етти, тўққиз, ўн бир ёки ундан ҳам кўпроқ қилиб витр ўқинглар!”. (Ҳоким, 1/1137; Байҳақий, 3/4594; Дорақутний, 2/1669-1670; Ибн Ҳиббон, 6/2429).

Аввало, бу ерда мухолифларнинг ўзларига зид бўлган маъно бор: бу ерда витрнинг бир ракъат бўлиши инкор қилинмоқда. Бир ракъатли витр йўқ, уни ўқисанглар беш-етти-тўққиз-ўн бир қилиб ўқинглар, дейилмоқда. Ана энди, юқорида мужтаҳид олимлардан бўлмиш Исҳоқ ибн Роҳвайҳ раҳимаҳуллоҳнинг витрни нима сабабдан беш-етти-тўққиз-ўн бир дейилишини айтиб ўтган эдик. Унга кўра, нафлларни қўшиб ҳисоблаганда – мажмуъий эътибордан витр дейилаверар экан!

Мазкур ҳадисда фақатгина витрнинг ўзини ўқиб қўяверманглар, унинг ёнига бошқа суннат ёки нафллар қўшиб ўқинглар, агар уни тунда ўқисангизлар, таҳажжуд билан ўқинглар, унинг ўзинигина ўқиб қўяверманглар, деган маъно мужассамдир. Шунинг учун, ҳанафийлар бугунги кунгача ўзгаришсиз витрни икки ёки тўрт ракъат суннатдан кейин ўқиб келадилар.

Витрда қўл кўтариш

Ҳанафийларда витр намози уч ракъат бўлиб, охирги ракъатнинг рукуъсидан олдин “Аллоҳу акбар!”, деб икки қўлни худди “такбири таҳрима”даги каби кўтарилади ва қўл киндик остида қовуштириб, “дуои қунут” ўқилади. Бироқ, ҳанафийларга таъна қилувчилар “дуои қунут”ни дуо бўлганидан кейин намоздан ташқарида худди дуоларда қўл кўтарилганидек қўл кўтариб дуо қилиб ўқиш кераклигини айтишаверадилар. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “дуои қунут”ни бундай ўқиганлиги ҳақида аниқ ривоят мавжудми, ўзи?!

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Рафъ ул-ядайн” номли рисоласида (эътибор беринг: “Саҳиҳи Бухорий” асарида эмас) Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳудан қуйидагича нақл келтирганлар:

أنّه كان يقرأ فى آخر ركعة من الوتر قل هو الله أحد ثم يرفع يديه فيقنت قبل الركوع

“Ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу витрнинг охирги ракъатида “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни қироат қилдилар. Сўнгра иккала қўлини кўтариб, рукуъдан олдин қунут ўқидилар”. (“Рафъ ул-ядайн”, 163-рақам).

Бу ерда “витрнинг охирги ракъати” дейилишидан унинг уч ракъат бўлганини билиш мумкин. Ҳар қалай, витр бир ракъат бўлмаган. “Рукуъдан олдин” дейилишидан “дуои қунут” рукуъга кетишдан аввал ўқилишини билдиради.

Яна бу ерда “қўл кўтариш”дан мурод “такбири таҳрима”даги каби қўл кўтаришдир. Унда, “қунут” ўқишда худди дуодагидек қўл кўтариш қаердан пайдо бўлди? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ой давомида (ундан кўп эмас) айрим ҳаддан ошган мушрикларни дуои бад қилиб, бомдод намозида “қунут” ўқигандилар. Буни фиқҳда “қунути нозила” дейилади. Бу фақатгина бир ой давом этган эди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳи Бухорий” асарида бу ҳақида хабар етказганлар:

عن عاصم قال سألت أنس بن مالك عن القنوت فقال قد كان القنوت قلت قبل الركوع او بعده قال قبله قال فإنّ فلانا أخبرنى عنك أنّك قلت بعد الركوع فقال كذب (اى أخطأ) إنما قنت رسول الله صلى الله عليه و سلم بعد الركوع شهرا أراه بعث قوما يقال لهم القراء زهاء سبعين رجلا الى قوم من المشركين دون أولئك و كان بينهم و بين رسول الله صلى الله عليه و سلم عهد فقنت رسول الله صلى الله عليه و سلم شهرا يدعو عليهم

“Осим раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади:
“Мен Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳудан қунут ҳақида сўрадим. Қунут рукуъдан олдин бўладими ёки рукуъдан кейинми, деб сўрадим. У зот: “Рукуъдан олдин”, деб жавоб бердилар. Мен: “Фалончи хабар беришича, сиз қунутни рукуъдан кейин ўқилади, дебсиз”, дедим. У: “Ёлғон айтибди! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуъдан кейин фақатгина бир ой “қунут” ўқиганлар. Етмишга яқин қориларни мушриклардан бир қавмга юборган эдилар. Уларни ўлдириб юборгандилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу мушриклар билан битим тузиб қўйган эди. Шунга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ой давомида уларни дуои бад қилдилар”. (Бухорий, 1/1001; Муслим, 1/298).

Лекин, айрим саҳобалар ҳаддан ошган кофир ва мушрикларни дуои бад қилиш учун бомдодда ҳам дуои қунут ўқиб юришган. Жумладан, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳудан шундай иш нақл қилинган:

كنا نجئ و عمر يؤمّ الناس ثمّ يقنت بنا بعد الركوع يرفع يديه حتى تبدو كفّاه و يخرج ضبعاه

“Биз келганимизда, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу одамларга имом бўлаётган экан. Сўнгра, у рукуъдан кейин иккала қўлини кўтариб қунут ўқидилар. Кафтлари кўриниб, иккала билаги чиқиб турган эди”. (“Рафъ ул-ядайн”, 161-рақам).

Албатта, бомдодда қунут ўқиш ва қунутда дуодагидек қўл кўтариб туриш фақат вақтинчалик бўлган эди. Буни саҳобалар билишарди. Зарурат юзасидан қилинган ишни доимий қилиш мумкин эмас. Ибн Умар разийаллоҳу анҳу бундай деганлар:

عن ابن عمر قال أرأيتم قيامكم عند فراغ الإمام من السورة هذا القنوت و الله إنّه لبدعة ما فعله رسول الله صلى الله عليه و سلم غير شهر ثمّ تركه أرأيتم رفعكم أيديكم فى الصلاة و الله إنّه لبدعة ما زاد رسول الله على هذا قط فرفع يديه حيال منكبيه

“Имом сурани тугатганидан сўнг мана бу қунутда туришларингизни кўраяпсизларми?! Аллоҳга қасамки, бу ахир бидъат-ку! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бир ойдан ортиқ қилмаганлар. Уни тарк қилганлар. Яна намозда қўлларингизни кўтараётганингизни кўраяпсизларми?! Аллоҳга қасамки, бу ахир бидъат-ку! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини елка баробар кўтаришдан ортиғини асло қилмаганлар!”. (“Мажмаъ аз-завоид”, 2/2821).

Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган мазкур ҳадисда Бишр ибн Ҳарб деган ровий қатнашган бўлиб, уни муҳаддислар заиф деб баҳолашган. Лекин, “Мажмаъ аз-завоид” айтилишича, Айюб ас-Сахтиёний раҳимаҳуллоҳ ва Ибн Адий раҳимаҳуллоҳ унга ишонч билдирганлар. Демак, мазкур ривоятни ҳужжат сифатида қабул қилсак бўлади. Зотан, саҳиҳ ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атига бир ойгина бомдодда қунут ўқиганлиги нақл қилинган, холос. Унинг мусулмонлар кўнглини кўтариш маъносида вақтинчалик тадбир эканини ҳамма билган. Жумладан, Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳудан бундай ривоят қилганлар:

إنّ رسول الله صلى الله عليه و سلم قنت شهرا يدعو على أحياء من العرب ثمّ تركه

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ойгина араб қабилаларини дуо қилиш учун қунут ўқидилар, сўнг уни тарк қилдилар”. (Муслим, 1/677).

Демак, ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам, саҳобаларнинг ҳам витр намозидан бошқа фарз намозларда доимий равишда “қунут” ўқиганлигини айта олмайди! Зотан, бундай бўлган эмас!

Юқоридаги ривоятда қўл кўтаришнинг бидъат дейилгани мутлақ эмас. Чунки, қунут дуосини ўқишдан олдин “Аллоҳу акбар!” такбирини айтишда қўл кўтариш асло бидъат эмас. Бу ерда бидъат ўз-ўзидан узоқ муддат қўлни кўтариб туриш, яъни худди дуо қилгандек қўлни кўтариш тушунилади. Буни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларини “елка баробар кўтаришдан ортиғини” қилмаганлар, дейилганидан биламиз. Чунки, бундай кўтариш фақатгина “Аллоҳу акбар!” такбирини айтишдагина бўлиши мумкин. Дуо қилгандагидек қўл кўтаришда эса елка баробари эмас, кўкрак ёки юз баробари дейилиши керак бўларди. Демак, бу ерда қунут дуосини ўқишда дуодагидек қўл кўтаришнинг бидъат экани айтилмоқда. Шунинг учун ҳам, ҳанафийлар ва ҳатто моликийлар ҳам ундай қилмайдилар.

Хулоса

Аҳли суннат ва жамоат таълимотининг фиқҳий тўрт мазҳабининг ҳар бирининг ўзига яраша далил ва ҳужжатлари бор. Бирор мазҳабга қаттиқ боғланиш нажот йўлидир! Акс ҳолда, оят ва ҳадисларни ўзича тушуниш, ўзича ҳукм олиш адашиш, чалғиш, ҳайрон бўлишга олиб келади. Замонамиздаги бемазҳаблар ҳам шу хилда оят ва ҳадисларга ўзича чанг солиб, ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам ҳайрат ботқоғига ботириб келмоқдалар…

Ҳанафий мазҳабида барча масалалар каби витр масаласида ҳам энг мантиқий, энг соғлом ва энг ишончли йўл танланган! Ҳанафийлар иложи борича барча ҳадисларнинг орасини жамлаш, мувофиқлаштириш, татбиқ қилиш усулидан фойдаланиб келганлар. Уларнинг келтирган тавжиҳлари мантиққа ҳам жуда мос келади. Мақолада витр мавзусига оид келтирилмаган бошқа ҳадиси шарифлар ва мухолифларнинг бошқа далилларига ҳанафийлар жавоб бериб келишган. Биз эса мазкур мақоламизда, иложи борича, ҳанафийларнинг далил ва ҳужжатларини келтиришга ҳаракат қилдик. Аслида, ҳеч бир мазҳаб витр борасида келтирилган жами ҳужжат ва далилларни тўлиғича бирданига қабул қила олмайдилар, бир-бирига мувофиқлаштириб, татбиқ эта олмайдилар. Мантиқ эса бу борада ҳанафийларнинг тутган йўли қувватли ва тўғрироқ эканини кўрсатади.

Ҳанафийларда витр намози вожиб амал бўлиб, ўқилмай қолса, қазоси ўқилади. Витр намози уч ракъатдир. Бу уч ракъат бир ният билан ўқилади ва намоз охирида икки томонга салом берилади. У шу жиҳатдан шом намозига ўхшайди. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: Шом кундузнинг витри, тунда ҳам витр ўқинглар!”, деган маънода марҳамат қилганлар.

Ҳанафийларда Аллоҳнинг китоби ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати бирламчидир. Ҳанафийлар ҳар доимгидек Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашадилар!

Аллоҳ таоло ҳеч бир бандани адаштирмасин! Ҳанафийлик мазҳабига ҳасад қилувчиларга ва фитначи бемазҳабларга Аллоҳ инсоф берсин! Билганларимизга амал қилиш бахтини насиб қилсин! Аллоҳ ибодатларимизни қабул айласин!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *