ИБН ОБИДИН (раҳимаҳуллоҳ) тавассул – васила қилганлар!

Lotin alifbosida

ibn_ukkoshaning_hokoyasi

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Ҳанафийларнинг энг таниқли фақиҳларидан бири, шубҳасиз, Саййид Муҳаммад Амин Ибн Обидин (1198-1252 ҳ./1784-1836 м.) раҳимаҳуллоҳ ҳисобланади. У ўзининг ҳанафийлик фиқҳига оид ўта муҳим бўлган бир қанча асарлари, айниқса, «РАДД АЛ-МУҲТОР» асари билан ном чиқарганлар. Мазкур фиқҳий манба ҳанафийлик фиқҳи ривожига буюк ҳисса бўлиб қўшилган. Асарнинг муқаддимасида муаллиф оламларга раҳмат бўлмиш Расулуллоҳ руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳамда ўтган жами тоат аҳли билан васила қилиб китобни бошлаганлар. Зотан, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи муаззам, Расулуллоҳ руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тавассул қилиш аҳли суннат ва жамоат таълимотига кўра мутлақо жоиз ва савобли ишлардандир!!!

Мазкур иқтибосда Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ нафақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга, балки ҳанафий мазҳабининг муассиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи билан ҳам тавассул – васила қилганлар:

وإني أسأله تعالى متوسلا إليه بنبيه المكرم (ص) وبأهل طاعته من كل ذي مقام علي معظم، وبقدوتنا الامام الاعظم، أن يسهل علي ذلك من إنعامه، ويعينني على إكماله وإتمامه، وأن يعفو عن زللي، ويتقبل مني عملي، ويجعل ذلك خالصا لوجهه الكريم

“Албатта мен Аллоҳ таолодан Унга Унинг мукаррам Набийси соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан, (шунингдек), Унинг улуғ мақомдаги ҳар бир тоат аҳли ва (хусусан) муқтадомиз Имоми Аъзам билан тавассул қилган ҳолда Ўз инъомини бу борада осон қилишини, менга асарни мукаммал қилиш ва тугатишда ёрдам беришини, менинг тойинишларимни авф қилишини, амалимни мендан қабул қилишини ва буни холис Ўзи учун қилишимни сўрайман!”. (Муҳаммад Амин ибн Обидин. Радд ал-муҳтор ъала Дурр ал-мухтор. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 71).

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ шарҳ қилган асар «ДУРР АЛ-МУХТОР» деб аталган бўлиб, унинг муаллифи ҳанафий фақиҳи Алоуддин Муҳаммад ибн Али ал-Ҳаскафий (1025-1088 ҳ./1616-1677 м.) раҳимаҳуллоҳдир. У мазкур асарининг муқаддимасини қуйидаги тавассул сўзлари билан тугатган эди:

فنسأل الله تعالى التوفيق و القبول بجاه الرسول كيف لا

“Бас, Аллоҳ таолодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадр ва манзилати ила сўраймиз. Бу қандай ҳам бўлмасин?!”.

Ҳа, тавассул – васила қандай ҳам жоиз бўлмасин?! Албатта, жоиздир!

Демак, “ДУРР АЛ-МУХТОР” соҳиби ҳам тавассул – василани жоиз деб билганлар. Зотан, аҳли суннат ва жамоатнинг барча раббоний уламолари уни жоиз санаганлар. Ушбу ва шунга ўхшаш гапларни шарҳлаганидан сўнг Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ ҳам яна бир бор тавассул қилиб оладилар:

وكذا يقول أسير الذنوب جامع هذه الاوراق راجيا من مولاه الكريم، متوسلا بنبيه العظيم وبكل ذي جاه عنده تعالى أن يمن عليه كرما وفضلا بقبول هذا السعي والنفع له للعباد، في عامة البلاد، وبلوغ المرام، بحسن الختام، والاختتام

“Шунингдек, гуноҳларга асир, ушбу варақларнинг жамловчиси карамли Эгасидан умид қилиб, улуғ Пайғамбарига ва Аллоҳ таоло наздида қадрга эга ҳар бир зотга тавассул қилиб айтади: Ўз карами ва фазлини ушбу саъй-ҳаракатнинг қабулида ва барча шаҳарлардаги бандаларга фойдали бўлишида дариғ тутмагай, маромига етказгай, гўзал хотимали ва тугалланишга сазовор айлагай!”. (Муҳаммад Амин ибн Обидин. Радд ал-муҳтор ъала Дурр ал-мухтор. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 181-182).

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ ҳанафийликнинг машҳур манбаларидан бири “Баҳр ар-роиқ” китобига битган шарҳ-ҳошияси “МИНҲАТ АЛ-ХОЛИҚ” номли асарини жаноби пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан тавассул қилиб бошлаганлар:

و أسأله سبحانه و تعالى متوسلا اليه بمن صلاته عليه تتوالى أن يلهمنى الصواب، و أن يسلك بى سبيل السداد، و أن يجعل ذلك خالصا لوجهه الكريم موجبا للفوز العظيم، نافعا به جل العباد، و أن يمنّ علىّ و على والدىّ و أشياخى بالعفو التام. و كما أحسن لى المبدأ يحسن لى الختام بحرمة نبيّه عليه الصلاة و السلام

“Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан саловатлари пайдар-пай бўлганида менга ростликни илҳом қилиб турадиган Зоти шарифни тавассул қилган ҳолда мени тўғри йўлга йўллаб туришини сўрайман! Бу китобни мукаррам зотидан улуғ файзга сабаб бўладиган қилиб холис айласин. У билан бандаларнинг кўпини манфаатлантирсин. Менга, ота-онамга, шайхларимга тўлиқ авфни инъом қилсин. Гўзал суратда бошлаётганим каби тугалланишини ҳам чиройли қилсин. Ўзининг Набийси алайҳиссалоту вассаломнинг ҳурмати ила сўрайман!”. (Ибн Обидин. Минҳат ал-Холиқ ъала ал-Баҳр ар-роиқ. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1997. – Б. 10-11). 

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ ўзларининг ҳижрий 1238 (мелодий 1822) йилда ёзган яна бир асари «АЛ-УҚУД АД-ДУРРИЯ ФИЙ ТАНҚИҲ АЛ-ФАТОВО АЛ-ҲОМИДИЯ» асари хотимасида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ила тавассул қилганлар:

و إنى ألجأ الى الله تعالى الذى امتنّ علىّ بذلك و تفضّل و من فيض فضله أطلب و أسأل و بنبيّه الوجيه النبيه أتوسّل أن يجعله خالصا لوجهه الكريم موجبا للفوز لديه فى جنّات النعيم و أن ينفع به كلّ قاص و دان

“Албатта мен, Аллоҳ таолога мана шуни (яъни, китобни тугатишни) менга дариғ тутмаслигини ва фазл беришини илтижо қиламан, унинг фазлининг файзидан талаб қиламан ва сўрайман. Юзли, огоҳ Пайғамбари ила тавассул қиламанки, уни (китобни) ҳузуридаги жаннати наимдаги файздан умид қилган ҳолда карамли Зот учун холис қилдиргай, китоб билан узоқ ва яқиндаги барчани манфаатлантиргай!”. (Ибн Обидин. Ал-Уқуд ад-дуррия фий танқиҳ ал-фатово ал-ҳомидия. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2008. – Б. 579).

Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳнинг ўғли Муҳаммад Алоуддин ал-Ҳанафий (1244-1306 ҳ./1828-1889 м.) раҳимаҳуллоҳ ҳам таниқли фақиҳ бўлиб, Истанбулда исломий қонунлар мажмуаси (конституция) ўлароқ ташкил қилинган «Мажаллату аҳком ал-адлия» тузувчиларидан биридир. У отаси қаламига мансуб, машҳур фиқҳий манбалардан бири «РАДД АЛ-МУҲТОР» асарига битган ТАКМИЛА (тўлдирма)га муқаддима ёзар экан, қуйидаги тавассулий гапларни худди отаси Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ каби – айни ўзидек битиб қолдирган:

استخرت الله تعالى المرة بعد المرة، و الكرة بعد الكرة، في تكملة الحزم، معتمدا على الله تعالى فى الحزم ومتوكلا عليه في سائر الامور في أن يحفظني من الخطأ والخلل، والهفوات والزلل، ومتوسلا إليه بنبيه النبيه المكرم، صلى الله تعالى عليه وسلم، وبأهل طاعته من كل مقام علىّ معظم، وبقدوتنا الامام الاعظم، أن يسهل على ذلك من إنعامه، ويعينني على إكماله وإتمامه، و أن يعفو عن زللي، ويتقبل مني عملي، ويجعل ذلك خالصا لوجهه الكريم

“Аллоҳ таолога қатъиятимни мустаҳкам қилиш борасида бир неча марта, такрор-такрор истихора қилдим. Қатъиятда Аллоҳ таолога суянган ҳолда, бошқа ишларда мени хато ва халалдан, янглишув ва адашувлардан асраши борасида Унга таваккул қилган ҳолда ҳамда Унга Унинг мукаррам Набийси соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан, (шунингдек), Унинг улуғ мақомдаги барча тоат аҳли ва (хусусан) муқтадомиз Имоми Аъзам билан тавассул қилган ҳолда Ўз инъомини осон қилишини, менга асарни мукаммал қилиш ва тугатишда ёрдам беришини, менинг тойинишларимни авф қилишини, амалимни мендан қабул қилишини ва буни холис ўзи учун қилишини (сўрадим)”. (Муҳаммад Алоуддин ал-Ҳанафий. Ҳошияту Қуррату уйун ал-ахёр такмилату Радд ал-муҳтор ъала ад-Дурр ал-мухтор шарҳ Танвир ал-абсор. 11-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2003. – Б. 4-5).

 Хулоса

Тавассул – васила қилиш аҳли суннат ва жамоат мусулмонлари ва уламолари иттифоқи билан жоиздир. Ибн Таймия (р.ҳ.) ва унга сўзсиз тақлид билан эргашувчи ваҳҳобий ва «салафий»лар тавассул – василани жоиз эмас дейдилар. Хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан (вафот этганларини пеш қилишиб) ҳамда дунёдан ўтиб кетган уламо, машойихлар билан тавассул – васила қилишни жоиз эмас, деган қарашни илгари сурадилар. Ҳатто улар тавассул – василани ширк ва ширки акбар деб сафсата сотадилар. Агар ундай бўлса, ҳанафийлик мазҳабининг энг таниқли фиқҳий манбаси «РАДД АЛ-МУҲТОР» асарини битган Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ, унинг “ДУРР АЛ-МУХТОР” деган матнини битган Имом ал-Ҳаскафий раҳимаҳуллоҳ ҳамда Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳнинг ўғли Муҳаммад Алоуддин ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ тавассул – васила қилганлари учун ширк ишни қилган бўладиларми?! Мазкур асарларни севиб ўқиб келаётган мусулмонлар, уламолар ва аҳли илмлар ушбу тавассул – васила қилинган сатрларни инкор қилмаганлари учун гуноҳкор бўладиларми?! Бундай дейиш жуда катта адашув ва ҳаддан ошган таассуб бўлган бўларди!

Аҳли суннат ва жамоатнинг барча мусулмон ва уламолари каби, хусусан, ҳанафий мазҳаби олими ИБН ОБИДИН раҳимаҳуллоҳ каби биз – тавассулни жоиз, василани мумкин деймиз!

Тавассул ва василани ширк деб баҳолаб, ҳаддан ошган ваҳҳобий ва «салафий»ларга Аллоҳ таолонинг Ўзи инсоф берсин!

Ҳамидуллоҳ Беруний 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *