ЎТМИШДАГИ УЛАМОЛАРНИ ҲУРМАТ ҚИЛИНГ!

9ecf2723138303.563Олимларни ҳурмат қилиш фарз амаллардан бири ҳисобланади. Зотан, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда билганлар билан билмаганлар асло тенг эмаслигини зикр қилган.

Ўтмишда яшаб ўтган уламоларнинг илмлари, тақволари не чоғлик бўлганлигини ҳозирги замоннинг айрим одамлари унчалик тасаввур қила олмайдилар. Ўзларининг давридаги олимларга, илм ҳосил қилаётганларга, толиби илмларга қараб қадимгилар ҳам шундай бўлган бўлса керак, деб ўйлайдилар. Шунинг натижасида, ўзларининг тез-тез хато ва камчиликларга йўл қўйишларига қараб, “Ўтган уламолар ҳам хато ва камчиликлардан холи эмас, “Беайб – Парвардигор!” бўлгандан кейин улар ҳам хато қилганлар”, деб туриб, бемалол ва айтиш мумкинки, беадабларча таъна-дашном қилаверадилар.

Ҳолбуки, ўтишдаги уламоларнинг илмлари бизнинг тасаввурларимиздан кўра анча юқоридир, уммон мисоли бепоён ва жуда чуқурдир. Бу борада озгина бўлса-да, тасаввур ҳосил қилиш учун битта мисолни тақдим қилсак, фойдадан холи бўлмайди.

Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад ал-Ифароиний (ваф. 418 ҳ./1027 м.) мутакаллим ва муҳаддис олимдир. Кўпроқ ашъария ақоидини ривожлантиришда беҳад ҳисса қўшганлар. Унинг номи зикр қилинганда, “Устоз” унвони қўшиб айтилади. Шунинг ўзидан унинг не чоғли устоз бўлганини билса бўлади. Муҳаддислардан Абу Бакр ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ унинг шогирди ҳисобланади. У зотнинг бидъатчиларга нисбатан аёвсиз эканига ишора қилиб, муҳаддис ал-Ҳоким раҳимаҳуллоҳ: “У куйдирувчи оловдир!” деганлар. Мўътазилийларнинг катта олими Қози Абдулжабборни мунозараларда енгиб, шармандасини чиқарганлар. Абу Исҳоқ ал-Ифароиний раҳимаҳуллоҳ мотуридийларга ўхшаб имонни зиёда ва кам бўлмайди, деганлар. У зот беш жилдлик “ал-Жомеъ” асарининг муаллифидир.

Хуллас, ана шу зот бундай деган эканлар:

“Менинг илмим Абулҳасан ал-Боҳилий раҳимаҳуллоҳнинг илми олдида денгиздан бир қатрадек эди! Абулҳасан ал-Боҳилий раҳимаҳуллоҳ эса: “Менинг илмим Абулҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳнинг илми олдида денгиздан бир қатрадек эди!”, дегувчи эди” (Имом аз-Заҳабий. Сийар аълом ан-нубало. 16/304-305).

Энди, Сиз Абулҳасан ал-Боҳилий (ваф. 370 ҳ./980 м.) раҳимаҳуллоҳнинг илми қанчалик бўлганини тасаввур қилаверинг! Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ уни “мутакаллимлар шайхи” деб мақтаганлар. Ибн ал-Боқиллоний раҳимаҳуллоҳ: “У зот ҳузурига ҳар жумъа дарсга қатнардик. У зот Аллоҳни шунчалик кўп ва шиддат билан зикр қилар эдиларки, уни кўрган киши жинни деб ўйларди!” деганлар. Абулҳасан ал-Боҳилий раҳимаҳуллоҳни каломчи ва ашъарий деб сўкаётганлар Аллоҳни ақалли бир кун у зотдек зикр қилиб кўрсинлар-чи?!

Энди, Сиз Абулҳасан ал-Ашъарий (260-324 ҳ./874-936 м.) раҳимаҳуллоҳнинг илми қанчалик бўлганини тасаввур қилаверинг! Ана энди Сиз бугунги кунда айрим бемазҳаб, бадкирдорларинг Имом ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳни сўкиб, адашган деб аташаётганига бир боқинг! Ибн Халликон раҳимаҳуллоҳ айтишича, у зот жуда оз еб-ичар, кўп китоб ёзиш билан шуғулланганлар.

Абулҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ умр бўйи мўътазилийлар, жаҳмийлар, мужассималар, мулҳидлар ва бошқа бидъат аҳлига қарши курашиб ўтганлар. Шунинг учун ҳам, бугунги кунгача уни ёмон кўрадиган бидаътчилар бор. Муҳаддис ва муаррих Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳнинг “Табйин кизб ал-муфтарий” (“Туҳматчининг ёлғонини очиқлаш”) номли асарида у зотга туҳмат қилганлар тўғрисида сўз юритилади.

Абулҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳ аҳли суннат ва жамоатнинг ашъария эътиқодий таълимотига асос солганлар. У зот яшаган даврда Самарқандда Абу Мансур ал-Мотуридий (вафоти 334 ҳ./945 м.) раҳимаҳуллоҳ ҳам мотуридия таълимотини яратаётган эди. Мазкур икки буюк таълимот бутун ислом оламида кенг тарқалди ва асрлар давомида мусулмонларни соф исломий эътиқодда бардавом бўлишига, ҳар хил эътиқодий оқимлар таъсирига тушиб қолмасликка, оят ва ҳадисларнинг маъноларини тўғри англаб, ҳаётга татбиқ этиб келишларига сабабчи бўлди. Ашъария билан мотуридия аҳли суннат ва жамоатнинг икки қаноти сифатида бугунгача соф исломий ақидани тарғиб ва ташвиқ қилиб келди. Уларга эргашганларни ёмонлаётганлар эса ана шу икки қанотдан айрилган ношуд мусулмонлардир.

Юқоридаги жумлаларда олимлар ўзларини денгиз олдидаги томчи мисоли кўрганлар, ўз устозларини эса денгизга қиёс қилганлар. Бу фақатгина ҳурмат ва ўз устозларини улуғлаш сифатида айтилган муболағали гап эмас, балки ҳақиқат эканлигини тушунишимиз лозим. Бу илмнинг қиёси бўлиб, ҳар қандай илм қалбларда мустаҳкам ўрнашган бўлади. Унутмангки, ўша илмнинг жуда озгина қисмигина ташқарига чиқади, озгинаси шогирдларга ўтади, китобларга кўчади. Китоблардаги илмларнинг ҳам калити устозлар қўлида сақланади. Китобларга кўчган илмларнинг ҳам аксари уруш-жанжаллар, жангу жадаллар ва бошқа сабаблар оқибатида кейинги авлодларга етиб келмайди. Абулҳасан ал-Ашъарий раҳимаҳуллоҳнинг 50 га яқин асарининг бир-иккитасигина, Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг қанчадан-қанча асарларидан фақат биттасигина, Ҳаким ат-Термизий қуддиса сирруҳунинг 400 асаридан 90 га яқинигина, Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳнинг 600 та асаридан 60 тачасигина, Абу Райҳон Беруний бобомизнинг 250 та асаридан 22 тасигина, Абу Али ибн Сино бобомизнинг 400 та асаридан 40 тачасигани бизнинг давримизга етиб келганининг сабаби шу. Натижада авлодлар алмашинуви ва даврлар ўтиши билан илмлар озайиб-озайиб, камайиб-камайиб бораверади, асло кўпайиб бормайди. Бахтга қарши, илмнинг кўтарилиб, жаҳолатнинг ортиши ҳам қиёматнинг аломатларидан ҳисобланади. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:

مِنْ أَشْرَاطِ السَّاعَةِ أَنْ يُرْفَعَ الْعِلْمُ وَ يُثْبَتَ الْجَهْلُ –

“Илмнинг кўтарилиши ва жаҳолатнинг мустаҳкам ўрнашиши қиёматнинг аломатларидандир”, деган башоратлари мавжуд (Бухорий, 1/80). Бошқа бир ҳадиси шарифларидан эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

“Албатта, Аллоҳ илмни бандалардан бирданига суғириб тортиб олмайди. Лекин, илмни уламоларни олиш (вафот қилдириш) билан олади. Ҳатто олим қолмаган вақтда одамлар жоҳилларни ўзларига бошчи қилиб оладилар. Улардан сўраганларида, улар билимсизлик билан фатво берадилар. Шундай қилиб, ўзлари ҳам адашадилар, ўзгаларни ҳам адаштирадилар” (Бухорий, 1/100).

Китоблардан ўзича ўрганиб, устозсиз мутахассис бўлган табиб қанча-қанча одамларни ўлдирибди. Ундан бунинг сабабини суриштирилса, мана бу:

اَلْحَبَّةُ السَّوْدَاءُ شِفَاءٌ مِنْ كُلِّ دَاءٍ –

“Қора ҳабба барча дардга шифодир!” мазмунидаги ҳадисни ўқиб қолгани айтибди (Бухорий, 7/5687). У “ҳабба” (حَبَّة) сўзини “ҳаййа” (حَيَّة) деб ўқиган экан. Араб ёзувида “ҳабба” сўзининг “бе” ҳарфи остида битта нуқта бўлади, “ҳаййа” сўзидаги “ёй”да эса ҳарф остида икки нуқта бўлади. “Ҳабба” донни билдиради, ундан қора седана тушунилади, “ҳаййа” эса илонни билдиради. Китобдаги хатони деб табиб бечора касалларга қора илонни едираверибди. Алишер Навоий бобомиз айтганидек, битта нуқтани деб “кўз” (كوز)ни “кўр” (كور) қилибди. Бизнинг давримизга келиб, ҳар хил таржималарни ҳамда қолган-қутган ва хато нашр этилган матнларни ўзича ўқиб-ўрганиб, ўтган уламоларга таъна қиладиганлар, ўтмиш уламоларининг илмларини камситадиганлар ана шу табиб сингари қаттоллардир!

Яъни, қиёмат яқинлашган сари уламолар, мутафаккирлар кетма-кет, изма-из вафот қилиб бораверади, улар билан бирга илм ҳам кетаверади. Сиз қанчалик қиёматга яқин эканингизни ўйланг-у, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларига яқин ўтган уламоларнинг илм-ирфонини тасаввур қилинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари бундай деб башорат қилганлар:

خَيْرُكُمْ قَرْنِي ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ –

“Сизларнинг яхшиларингиз менинг давримдагилар, сўнг улар ортидан келганлар, сўнг уларга эргашиб келганлардир” (Бухорий, 3/2651). Бу ҳадис олдин ўтган уламоларнинг кейингилардан ҳар жиҳатдан афзал бўлганини билдиради.

Аллоҳ таоло ўтмишдаги уламоларни ҳурмат қилиб, уларга эргашиб, соф исломий эътиқодда мустаҳкам туришимизга, уларнинг илм-ирфонларидан баҳраманд бўлиб яшашимизга тавфиқ берсин!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *