Мақолада қўшхотинликка тарғибот-ташвиқот маъноси ҳам мақсади ҳам йўқ! Шунчаки, тақдир тақозоси билан қўшхотинли бўлиб қолган эркаклар ва кундошли аёллар билиб олиши керак бўлган муҳим бир масала баён этилган холос! Нотўғри талқин қилинмасин!
Куни кеча масжидда бомдод намозидан кейин бир киши савол билан мурожаат қилиб хонамга кириб келди. Унинг сўзларига кўра, никоҳида аёли иккита бўлиб, у иккласини ҳам таъминотини тўлиқ қилар экан. Аммо, кўп оилаларда бўлгани каби унинг ҳам биринчи хотини эридан иккинчи хотинни талоқ қилишни кескин талаб қилибди. Иложсиз қолган эр: (ўша вақтда айтган сўзи билан уч талоқ воқе бўлмайди, деб ўйлаб) “уч талоқ қўйдим”— деган. Унинг саволи шундан иборатки: Менинг бу сўзимни иккинчи хотиним эшитмади. Орамизга талоқ тушдими ё йўқми?
Жавоб беришдан олдин бирга ўқиган икки нафар ҳамдарсим ва баъзи устозларим билан маслаҳатлашдим. Якуний жавоб: “орага уч талоқ воқе бўлган”—деган жавоб бўлди. Хулосани ўша эрга қўнғироқ қилиб билдириб, биздан кўра диний идора ходимлари талоқ масаласида мутахасисроқ бўлади, уларга ҳам учраб кўринг, деб қўйдим. Жавобни айтдиму шу мавзуда бир мақола ёзиш режаси пайдо бўлди.
Аслида бу воқеа фақат ўша савол билан кирган кишининг оиласида эмас, балки жуда кўпчиликда учрайдиган табиий, аммо, шаръан ножоиз (!) ҳолатдир!
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ саҳиҳ тўпламида (باب الشروط التي لا تحل في النكاح) “Никоҳда ҳалол бўлмаган шартлар” деган боб қўйган. Унинг аввалида энг машҳур олим саҳобалардан бири Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг:
لا تشترط المرأة طلاق اختها
Аёл (диндош, кундош) синглисининг талоғини шарт қўймайди! – деган фатвосини келтирган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бу фатвони ҳаводан олмаган балки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларига таяниб айтганлар:
عن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال لا يحل لامرأة تسأل طلاق أختها لتستفرغ صحفتها فإنما لها ما قدر لها
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, Ул зот айтдилар:
Бирорта ҳам аёлга синглисининг идишидаги нарсаларини ўзиникига қуйиб тўлдириб олиш мақсадида, унинг талоғини сўраши ҳалол бўлмайди. Чунки унга тақдир қилинган нарса албатта берилади! (Саҳиҳи Бухорий. 5152).
Бир эркакнинг никоҳида бўлган ҳалоласини арзирли сабабсиз талоқ қилишни талаб қилмоқ ҳаром бўлади. Ўшанинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисда (لا يحل) “ҳалол бўлмайди” сўзини қўлладилар.
Аммо талоқ қилишга арзирли сабаб бўлса, масалан: хотини эрига хиёнат қилар, ё бошқа шунга ўхшаш жиддий сабаблар бўлса, бу ҳолатда эркак кишига “хотинингни талоқ қил” деб насиҳат ё танбеҳ маъносида айтиши мумкин.
Муслима аёллар гарчи насаби бошқа бўлса ҳам дини бир бўлгани учун бир-бирларига опа-сингилдек яқин ҳисобланишади. Аллоҳ таоло Қуръонда «Мўминлар ака-укадир» деган. Шунга кўра, ҳадисда келтирилган (أختها) “синглиси” сўзи диндош опа-сингилларни ҳам қариндош опа-сингилларни ҳам ўз ичига қамрайди.
Хотинларнинг ақли ва дини эркакларникига нисбатан яримта бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўнгги ҳажда ўқиган хутбасида айтиб қўйган. Шунга биноан бўлса керак, улар кўпинча баъзи масалаларда эътиқоди заиф бўлади. Жумладан ризқ масаласи. Эрининг хотини иккита бўлса, “кундоши унинг ризқини қияди” деган ноқис тушунчаси туфайли эрдан хотинини талоқ қилишни талаб қилишади. Токи унга ажратилган насиба ўзига қолсин учун. Аслида эса Аллоҳ ҳар банданинг ризқини ўзига битиб қўйган. Бировнинг ризқини бошқаси асло ея олмайди. Ҳакимлар айтади, сен ризқингни излаб топа олмаслигинг мумкин. Аммо ризқинг сени ўз вақтида албатта топиб келади! Худди шу маъноларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирорта ҳам аёлга синглисининг идишидаги нарсаларини ўзиникига қуйиб тўлдириб олиш мақсадида, унинг талоғини сўраши ҳалол бўлмайди. Чунки унга тақдир қилинган нарса албатта берилади!”—деб ифода қилдилар.
Ҳадисга кўра, бирорта ҳам аёл бирор эркакка, бир муслима диндош ё қондош синглисининг насибасини ўзлаштириб олиш мақсадида “хотинингни талоқ қиласан, кейин сенга эрга тегаман”—деб, сўраши ҳаром бўлади!
Ҳадисга кўра, бирор аёл кундошининг насибасини ўзи тарафга йўналтириш ниятида эридан «нариги хотинингни талоқ қиласан», деб сўраши ё шарт қўйиши шаръан ҳаром бўлади!
Аввало эркак киши иккинчи хотинга уйланишдан олдин қўшхотинликнинг масъулиятларини обдон ўйлаши керак. Уйландими, энди охиригача сабр қилиши шарт. Яхши умид билан унга ўзини бағишлаган бир ожизани, ярим йўлда ноумид ташлаб кетиш ярамайди. Юқоридаги ҳадисга кўра, эркак киши қизғанчиқлик қилаётган аёлнинг талабига биноан ўз никоҳидаги завжасини талоқ қилиб юбориши ҳаром бўлади! Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Фатҳ ул-борий” асари асосида.
Б. ТОЖИБОЕВ
ТИИ биринчи босқич, сиртқи бўлим талабаси
Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид ноиб имоми